Эрта қайтган турналар (қисса)-12

Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики, ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига роса афсусланди.


— Хўп, Ажике, йиғлама энди… Икковимиз Чопдорда чопиб борамиз, фақат отамиз омон қайтса бўлгани…
Ўрилган ҳамма кўрайни тўплаб боғлаганларида учта каттагина боғлам бўлди. Султонмурот ўтинни боғлашга уста эди. Аввалига уюмлар уларнинг кўзига худди тоғдай салобатли кўриниб, ҳатто олиб кетолмаймиз, деб ҳам қўрқишганди. Кейин эса арқон усталик билан ишга солингач, уюм аввалгисидан уч марта кичрайди. Яхши тортилган боғлам елкада маҳкам ва текис туради, олиб кетиш ҳам қулай. Бунисини улар иккита боғлам қилишди. Ахир Қораёлни мана шунинг учун ҳам олиб келишганда. Битта қўшимча боғламни Султонмурот ўзи кўтариб кетмоқчи бўлди. Йўл узоқ эди, аммо уйга бир йўла кўпроқ ўтин олиб борган яхши. Шундай кўрайни қолдириб кетиб ҳам бўлмайди. Туюқжар дарасидан антиқа шох-шабба йиғишдида, ўзлариям.
Қораёлнинг устига ўтинни шундай ортишдики, қулоғиям, думи ҳам кўринмай қолди. Ажимурот тизгиндан тутиб етаклади. Унинг ортидан Султонмурот ўтин боғламининг оғирлигидан эгилиб изма-из жўнади. Боғлам елкага алоҳида усулда: арқон чап қўлтикдан туширилиб кўкраги орқали ўнг елкага тортиб ўтказилган, гарданнинг ўнг томонидан арқонга илмоқ солиниб боғланган бўлиши ва юк ташувчи илмоқнинг учидан ушлаб олиши керак эди. Бундай ҳолда ўтинни кўтариб бораётган одам боғлам тугунининг бўшаб қолган жойини йўл-йўлакай тортиб олиши мумкин.
Улар шундай, олдинда Қораёлнинг тизгинидан тутиб олган Ажимурот, орқада елкасида юки билан Султонмурот, уларнинг ортидан эса ҳолдан тойиб судралганча Оқтош келарди.
Кўрай олиб кетаётганда узоқ вақт дам олмай юриш керак. Биринчи довондан ўтгач, босиб ўтиладиган йўлларнинг оралиғи қисқаради, иккинчи довон биринчисининг ярмига, учинчиси иккинчисининг ярмига камайиб бораверади. Султонмурот буни яхши биларди, шунинг учун ҳам кучини тежаб бир маромда, оёқларини кенг ёйиб қадам босарди. Энди у атрофда ҳеч нимани кўрмас, фақат олдинга, оёқлари остига қараб борарди. Боғламни кўтариб кетаётганингда узоқ вақт чарчаб қолмаслик ва тез-тез дам олмаслик учун, яхшиси, бирор нарса ҳақида ўйлаш керак.
У эртага эрталабдан отхонага қандай бориши ва яна десант командири вазифаларини бажаришга киришиши ҳақида ўйлаб борарди. Шошилиш керак. Оқсойга жўнаш учун саноқли кунлар қолди. Яхшилаб парваришланган отлар қадларини анча тутиб олишди. Плуглар ҳам, унинг запас қисмлари ҳам эгар-у жабдуқлар шай қилиб қўйилди-ю, аммо барибир, далага чиқиш биланоқ нимадир етишмаслиги аниқланади, мири кам дунё деганлар. Бу бригадир Чекишнинг сўзлари эди. У шундоқ деганди: кўз — қўрқоқ, қўл — ботир, далага қўрқмай чиқиш керак, иш давомида қолганлари аниқланаверади, ҳаммаси бирдан бўлмайди-ку ахир.
Султонмурот қандай қилиб онасининг меҳнатини енгиллатишни ўйларди. Онасининг жудаям тинка-мадори қуриди. Фермада сигир соғади, молларга қарайди, яна уйда тиним йўқ. Ҳаммасига балогардон ўзи. Пишир-куйдир, кир юв… Қизлари бўлса ҳали ёш, Ажимуротнинг ҳам ҳали қўлидан бир иш келмайди. Ўзи бўлса оилага бегонадай бўлиб қолган, бугун-эрта Оқсойга жўнайди, ким билсин, шу билан қачон қайтади. Қанча ерни ҳайдаб шудгор қилиш, бороналаш керак… Унда эса бор-йўғи бешта улов бор. Қолган от-улов ва плугларнинг ҳаммаси эски ерларда ишлатилади. У ерларда иш яна ҳам кўпроқ. Бироқ бу ерлар ҳарҳолда овулга яқин. Бирор нима бўлса, хотинлар чопиққа тушишади. Эркаклар қиладиган иш аёллар зиммасига тушган. Энди улар бел баравар ариқлар қазишяпти, далаларга сув тарашяпти, тўғонлар қуришяпти…
Нима қилиб, қандай қилиб онасининг юмушини енгиллатса экан-а? Ўйлаб ўйминг охирига етолмасди…
Аммо ҳаммадан кўра у эртага хатни бериши ҳақида, фақат «Оқ кабутар» қўшиғи сўзларини қўшиб қўйиши кераклиги тўғрисида ўйларди. Мирзагул унинг хатини ўқиётгани, ўқиб нималарни ўйлаётганини тасаввур қилишга уринди. Эҳ, севги ҳақида хат ёзиш шундай қийин эканки! Нимани изҳор этишни истаган бўлсанг тамом акси бўлиб чиқар экан. Ҳеч қандай қоғоз юракдаги туйғуларни ўзига сингдиролмас экан. Қизиқ, нима дер экан у? У ҳам жавоб хати ёзиши керак. Бошқа нима ҳам қиларди? Қиз унинг севгисига қандай қараркин? Унинг рози ёки норози эканлигини Султонмурот қаёқдан билсайкин? Ҳамма гап шунда. Агар қиз унинг севгисини рад этса нима бўлади?.. Унда нима қилади?..
Туюқжар аллақачон ортда қолиб кетди. Ботаётган қуёш энди унинг фақат бир томонидагина нур сочиб турарди. Замин ҳамон ўша қиш сукунати ва салобати-ни сақлаб ётарди. Одатда бўрон олдидан бор нарсани қўпориб парчалаб ташлаш учун шундай сокинлик, осойишталик ҳукм суради. Бунақа пайтларда ёвуз кучларни қайтариш учун «Яхшиликка кўринсин!» деб қўйиш керак. Бу баъзида ёрдам беради. «Яхшиликка кўринсин!» — деб қўйди ичида Султонмурот олдинги биринчи манзил учун қулай жойни кўздан кечираркан.
Шундай жой танлаш керакки, сўнгра қийналмай оёққа туриш керак бўлсин. Кўрай олиб кетаётган одам аввал боғламга елкасини қўйиб тебранганча туришга чоғланади, чоғланганда ҳам боғлам билан биргаликда тебраниб секин орқалаб олади. Агар ортиқча куч билан турмоқчи бўлса, боғлам боши устига сурилиб кетиб бақадай ялпайиб қолиши мумкин: тебрана туриб тиззалаш керак, кейин оёққа туриб олгач, «Ё пирим!» деб, иложи борича қад ростлаб олинади. Аввал яхшилаб нафас олиш керак бўлади.
Султонмурот боғлам устида чалқанча ётиб, бир дақиқа кўзларини юмди. Эҳ, арқонни кўкракка ташлаб ётиш қандай яхши-я! У кейинги манзил қаерда бўлишини чамалаганча оғир йўл азобидан кейин маза қилиб чалқанчасига чўзилган эди. Шундай ҳолда қандай қилиб фақат қизни ўйлоляпти-я?
— Фақат жавобни кечиктирмай ёзгин, эшитяпсанми? — унсиз пичирлади ўз-ўзича жилмайганча. Сўнг атрофга қулоқ тутди.
Ғира-шира қоронғилик чўкаётган бу оқшомда атроф улуғвор ва ажиб бир сукунат қўйнида эди.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 48-қисм

48 Улоқ келди. Тарлонни гижинглатиб-гижинглатиб бордим. Улоқни искатиб-искатиб олдим. Улоқ бутидан кўтариб-кўтариб кўрдим. Улоқ бир тана бўлди. Эллик-олтмиш килолар келди. ...

Мeҳробдан чаён-ёрлиғ бериш маросими

 Ёрлиғнинг  кимнин  исмига  ёзилғанлиғини  эрталабданоқ  ўрдада  ҳар  ким  сезиб  қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ...

Кутилмаган бахт

11. КУТИЛМАГАН БАХТ Кумушбибидан ваколат олиш ҳам жуда қийин бўлди. Домланинг: Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400