Эрта қайтган турналар (қисса)-14

Кеча отхонада раис Тиналиев билан Чекиш бригадир Оқсой десантини синовдан ўтказишди. Ҳамма плуглар номерлаб қўйилиб, қўшчиларга биркитилди. Султонмуротга биринчи номерли плуг тегди. Кейин ҳар бирлари ўз отларига жабдуқ урдилар. Бу ишни қанчалик уддалай олишларини кўрсатишди, отларни қандай плугга қўшишларини намойиш қилишди. Бешта уловнинг ҳаммасини бир қаторга тиздилар. Умуман, буларнинг ҳаммаси четдан қараганда ажойиб, салобатли кўринарди! Худди тачанкаларга ўхшарди-ю, фақат уларнинг ўрнида плуглар бор эди, холос. Отлар бақувват, жабдуқлар созлаб тортилган, плуглар эса мойдай ялтирамоқда эди. Раис Тиналиев худди армия қўмондони сингари салобат билан десант олдида юрибди. Ҳар бир боланинг қаршисига келиб:


— Тайёргарлигинг ҳақида ахборот бер! — дейди.
— Ахборот бераман. Қўл остимда тўртта тақаланган от, тўртта яхши бўйинтуруқ, тўртта абзал, саккизта қайиш, битта эгар, битта қамчи, уч жуфт запас тишлари билан битта икки тишли плуг бор.
Худди армиядагидай. Фақат Чекиш бригадирнинг қовоғи солиқ. Албатта, у кекса одам, буларни қаердан тушунсин!
Текширув яхши ўтди. Бироқ иккита сўроқда десантчилар барибир ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Раис Тиналиев ҳаммаларини Эргашнинг плуг қўшилган отлари ёнига чақирди.
— Қани, жабдуқдаги камчиликни топинглар-чи, — деб қолди у.
Ҳаммаёғини қараб чиқишди, пайпаслаб кўришди ҳамки, бироқ ҳеч нима топиша олишмади.
Шунда буни раис Тиналиевнинг ўзи кўрсатди:
— Бу нима? Наҳотки тўриқ отнинг айили ёнбошида буралиб қолганини кўрмаётган бўлсаларинг? Мана қаранглар! Буралиб қолган айил отнинг ёнбошини шилиб юборадику. От бояқиш буни қандай айтади. Тортаверади, эртасига эса ёнбоши шишиб кетади, кейин отни қўшга қўшиб бўлмайди. Мен запас отларни қаердан топаман сизларга? Запас отлар йўқ менда! Демак, абзалга бефарқ қараш натижасида плуг тўхтаб қолади! Қани, ўйлаб кўрингларчи, бизнинг шундай ишга йўл қўйишга ҳақимиз бормикин? Биз қиш бўйи нимага тайёрландик ахир?..
Ҳаммалари уялиб кетишди. Бундоқ қараганда жўнгина нарса-ку…
— Султонмурот, десант командири сифатида сен доим иш бошлашдан аввал отларни ким қандай қўшганлигини текширишга мажбурсан. Тушунарлими! — деб тайинлади раис Тиналиев.
— Тушунарли, ўртоқ раис!
Десантчиларни доғда қолдирган иккинчи масала янада мушкул эди. Энди бу гал десант командирининг ўзи ноқулай аҳволда қолди. Раис Тиналиев уларни саволга тутарди:
— Қани айтинглар-чи, абзалларни кечқурун, иш тугаганидан сўнг қаерда қолдирасизлар?
Улар ўйланиб қолишиб, бунга ҳар хил жавоб қайтаришди. Сўнгра абзални далада, плуглар ёнида қолдиришга келишишди.
— Командир, сенинг фикринг қандай?
— Мен ҳам шу фикрдаман. Абзалларни ҳам отларни қўшдан чиқарган жойимизда, плуглар ёнида қолдирамиз. Кўтариб юрмаймиз-ку, ахир!
— Йўқ, бу нотўғри. Абзалларни кечаси далада қолдириб бўлмайди. Биров олиб кетмаслиги учун эмас.
Оқсойда ўғирлаб кетадиган ҳеч ким ҳам йўқ. Кечаси ёмғир ё қор ёғиб қолиши мумкинлиги учун ҳам қолдириб бўлмайди. Абзаллар ивиб кетади. Абзаллар хом терику ахир. Далада уни тулки ёки бўлмаса суғур ғажиб кетиши мумкин. Гап нима ҳақида бораётгани тушунарлими? Демак, нима қилиш керак? Плуглар далада қолади. Қўшдан чиқарилган отларни абзаллари билан шийпонга олиб келасизлар. Сизларга ўтов берилади, ўшанда яшайсизлар. Ўтов битта, холос. Менда бошқа ўтов йўқ. Ҳар бир киши жабдуқни ўтовга олиб келиб, ўзи ётадиган жойга яхшилаб тахлаб қўяди. Тушунарлими? Жабдуқларни бошингизга қўйиб ётасиз! Қонун шундай! Бу сизларнинг қуролингиз! Ҳар бир солдат эса энг аввал қуролини асрайди!
Ўша куни Оқсой отряди тўлиқ жанговар тайёргарликни намойиш этиш учун сафланганда раис Тиналиев шундай деганди.
Бу кунлар яқинлашмокда эди… Ҳамма нарса шунга қаратилган эди…
Худди шундай…
Ҳа, уч-тўрт кундан кейин, агар ҳаво айниб қолмаса, улар Оқсойга жўнашлари аниқ эди. Бу ҳолда Мирзагул билан ёзгача кўришмаслиги турган гап. Султонмурот шуни ўйлаб қўрқиб кетди. Узоқдан бўлса ҳам уни шунча вақтгача кўриб туришдан маҳрум бўлишни тасаввур қилиш қийин, ҳечам мумкин эмас эди! У яна қиздан бугун аниғини билиб олишга қарор қилди. Агар йўқ деса, бу унчалик катта фалокат эмас, кутишга ҳам вақти йўқ, бундан Оқсойдаги ишлар муҳимроқ…
Султонмурот қирғоқ бўйлаб бораркан, ҳеч кўзини йўлдан узолмади. У хавотирлана бошлади. Вақт эса ўтмоқда эди. Бироқ, мана, қизлар ҳам келишяпти! Улар орасида Мирзагул йўқ эди. Дугоналари келишар, у бўлса йўқ эди. Султонмурот ранжиди. Шундай бўлгач, нима ҳам қилсин. Кўнгли бузилиб отхонага қайтди. Аммо балки қиз касалдир ёки бошқа бирор ҳодиса содир бўлгандир, дея йўл-йўлакай хавотирланиб кетди. Бу хавотир борган сари кучая боргани туфайли, буни билмагунча тинчланмаслигини ҳис этди. У қизлардан сўрашга аҳд қилди. Чопдорнинг бошини улар томонга бурди. Шунда бирдан унинг кўзи қизга тушиб қолди. Мирзагул ёлғиз ўзи келарди. У сойдан ўтадиган жойга яқинлашиб қолган эди. Султонмурот қиз билан кечувда учрашиш учун Чопдорнинг жиловини бўшатди. У шундай ҳаяжонланган эдики, охирги дақиқаларда беихтиёр ўз-ўзидан «Жонгинам!» — деб юборганини ҳам сезмай қолди.
Султонмурот қизни кечувда қарши олди. У отдан ирғиб тушиб жиловидан тутганча қизнинг қирғоққа чиқишини кутиб турди.
Мирзагул унга қараб жилмайганча келарди.
— Йиқилиб кетма яна! — у қизга шундай кенг чим ётқизилган сойнинг кечувидан йиқилиш хавфи бўлмасада, қичқирди. Қизнинг чимлар устидан юриб келаётгани қандай яхши! Мана бу ўжар сойга ҳар қандай кўприк ва кўприкчаларнинг бардош беролмагани қандай яхши!
У қўлини узатганча қизни кутиб турар, Мирзагул эса ҳамон ундан кўзини узмай, жилмайиб пешвоз келарди.
— Йиқилиб кетма яна! — деди у қайта.
Қиз ҳеч нима деб жавоб қайтармади. У фақат жилмайиб турарди. Қизнинг нигоҳиданоқ Султонмурот ҳамма саволларига жавоб олди. Роса тентак эканда ўзиям, хат ёзиб, жавоб кутиб бекорга азобланиб юрганини-чи…
Мирзагулнинг узатган қўлини кафтига олди. Шунча йил бир синфда ўқиб юриб унинг шунчалик меҳрибон, зийрак қўлларини билмас экан. «Мана мен келдим! — дерди қизнинг қўли.
— Шундай шодманки! Наҳотки хурсанд эканлигимни сезмаётган бўлсанг?» Султонмурот Мирзагулнинг юзига бокди. Қараб ҳайратга тушди — у қизда ўзини кўрди! Худди у каби Мирзагул ҳам вақт ўтиши билан тамом бошқача бўлиб қолган, бўйи чўзилиб, улғайиб, худди касалдан турган кишиникидай кўзлари маъюс, ўзи паришон бўлиб қолган эди. Мирзагул ҳам доим уни ўйлаб кечалари ухламай чиққани, севгани учун ҳам ана шу муҳаббат қизни Султонмуротга ўхшатиб қўйганди. Мана шунинг учун ҳам Мирзагул янаям гўзалроқ, қадрдонроқ бўлиб кўринарди. Қиз ўзининг шу туриши билан гўё бахт ваъда қилиб турарди.
Султонмурот буларнинг ҳаммасини бир дақиқанинг ўзидаёқ тушуниб, ҳис этди.
— Мен сени касал бўлиб қолдими деб ўйлагандим, — деди у титроқ товушда.
Мирзагул бу сўзларга ҳеч нима деб жавоб қайтармай, деди:
— Мана, — у Султонмуротга аталган рўмолчани узатди. — Бу сенга! — деди-ю, юриб кетди.
Кейинчалик у бу шоҳи рўмолчани неча марталаб қайта-қайта томоша қилди. У рўмолчани чўнтагидан олиб, солиб қўяр ва яна оларди. Бир варақ дафтар қоғози ҳажмида келадиган рўмолча четлари чиройли гул ва япроқлар шакли билан безаб тикилган, бир чеккасига, безаклар орасига иккита катта ва битта кичкина ҳарфлар билан қизил ипда: «С. ж. М» деб тикилган, бунинг маъноси «Султонмурот жана Мирзагул», яъни Султонмурот билан Мирзагул дегани эди. Улар мактабда қирғиз алфавити реформа қилинмасдан олдин ўрганган мана шу лотинча ҳарфлар Султонмуротнинг узундан узоқ мактублари ва шеърларига жаврб эди.
Султонмурот отхонага шодлигини базўр босганича қайтиб келди. У буни бировлар билан баҳам кўрадиган бахт эмаслигини, бу фақат унинг ўзигагина аталганлигини ва бошқа ҳеч ким ўзидай бахтиёр бўлолмаслигини ҳис қиларди.
Бироқ бугунги учрашув ҳақида болаларга жудаям айтгиси, ўзига совға қилинган рўмолчани уларга кўз-кўз қилгиси келарди…
Иши юришиб кетди. Болалар отларини суғориб, тагларини тозалашди, челакларда сули олиб келиб, охурларга хашак солишди. У бирпасда ишга киришиб кетди. Қашлоғич билан отларининг таранг, бақувват яғрин ва ёнбошларини тез-тез қашлаб, хашак олиб келгани югурди. Югураркан, ҳамиша солдатча гимнастёркасининг кўкрак чўнтагига тикиб қўйилган рўмолчасини туярди. Гўё кўкрагида кўзга кўринмас чўғ ёниб тургандай эди. Шу туфайли ҳам у хурсанд, ҳаяжонда эди. Бахтиёрлиги — Мирзагул унинг муҳаббатини қабул этганлигидан, ҳаяжонланиши сабаби эса аллақандай англашилмас туйғуларнинг пайдо бўлаётганидан эди…
У беда келтириш учун отхона ортидаги беда ғарами томон югурди. Бу ер жимжит ва ёруққина бўлиб, қуриган ўтларнинг ҳиди анқиб турарди. Унинг яна рўмолчага жудаям қарагиси келиб кетди. Чўнтагидан рўмолчани олиб, ўтларнинг ислари орасидан унинг ўзига хос ҳидини ажратиб, томоша қила бошлади. Рўмолчадан хушбўй атирсовун ҳидига ўхшаш ҳид келарди. У бир куни мактабда Мирзагулнинг сочларидан шундай бир ҳидни туйганди. Ҳозир ёдига тушди, бу ўша ҳид эди. У рўмолчани қўлларида тутиб тураркан, кимдир бирдан рўмолчага чанг солди. Бурилиб қараса, Онатой!
— Ия, ҳали сен ундан рўмолча олиб тураман дегин?
Султонмурот лавлагидай қизариб кетди:
— Бу ёққа чўз!
— Шошма. Бир кўрай-чи.
— Сенга айтяпман, бу ёққа бер.
— Бақираверма, бераман. Бошимга ураманми буни!
— Берасанми, бермайсанми?

— Қаттиқроқ бақир, қаттиқроқ! Совғага берилган рўмолчамни тортиб олди, деб бақирмайсанми! — де-ди-да, рўмолчани чўнтагига солиб қўйди.
Кейин нима бўлганини Султонмурот билмай қолди. Фақат кўз олдида Онатойнинг ғазабдан ва қўрқувдан ранги қув ўчиб кетган юзи лип-лип қилди-ю, сўнгра у бор кучи билан рақибини бир туширди ва бирдан қорнига қаттиқ тепки тушиб ўзи бир чеккага учиб кетди. Энгашиб йиқилаёзди-да, аранг оёқларида туриб олди ва ғарам ёнида янада ғазабга миниб, жон-жаҳди билан Онатойга ташланди. Болалар югуриб келишди. Улар ёқалашиб кетишди. Уч кишилашиб уларни ажрата бошлашди. Болалар, қўйинглар энди, дея ёлвориб, уларнинг қўлларига осилиб олишар, Султонмурот билан Онатой қонлари қайнаб бир-бирларини аямай муштлашар ва тинмай бир-бирига ташланишарди. Оқибат нима билан тугашини — ё ўлиш, ёки рўмолчани қайтариб олиш эканлигини ҳис этган Султонмурот фақатгина: «Бер! Бер дейман!» сўзларини такрорларди. Онатой бақувват бўлиб, совуққонлик билан ҳара-кат қиларди. Аммо адолат ва ҳақиқат Султонмурот томонида эди. У тез-тез йиқилса ҳам орқа-олдига қарамай ҳужум қиларди. Сўнгги марта у ғарам ёнида ётган паншахага йиқилди. Қўллари шу онда ўз-ўзидан паншахага ёпишди. У паншахани ўқталганча ўрнидан сакраб турди. Болалар ҳар тарафга қочганларича бақириб юборишди:
— Қўй!
— Тўхта!
— Эсингни йиғ!
Онатой унинг рўпарасида, қаёққа қочсам экан, дея аланглаб, оғир нафас олганча, қўллари, оёқларини ёйиб турар, бироқ ҳеч қаёққа қочиб кетолмасди. Бир томонда ғарам, иккинчи тарафда отхона девори ғов бўлиб турарди. Худди шу дақиқада Султонмурот ўзини қўлга ололди. Бу охиргиси эканини, бундан бошқа чораси ҳам йўқлигини у тушуниб турарди.
— Бу ёққа бер, — деди у Онатойга, — бўлмасам ёмон бўлади!
— Ма, ол! Ма! — ҳазилга айлантиришга уриниб шошиб қолди Онатой. — Сени қара-ю! Ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими! Тентак! — деди унга рўмолчани ирғитар экан.
Султонмурот рўмолчани кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Қўрқувлари ўтиб кетди. Болалар енгил нафас олишиб, ғала-ғовур бошлангандан сўнггина Султонмурот боши айланаётгани, оёқ ва қўллари қалтираётганини сезди. Ёрилган лабидан қонни туфлаб, худди маст одамдай гандираклаб ғарам ортига ўтдида, ўзини пичан устига ташлади, чалқанча ётганича нафасини ростлаб, ўзига келди…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 9-қисм

9 Тарлонни идора олдига боғладим. Дўмбира, тушлик солинган хуржунни елкамга ташладим. Аста-аста ичкариладим. — Ассалому алайкум! — дедим. — Аҳа, келинг ука, келинг. Гиламдан ...

Чингиз айтматов:қиёмат 36-қисм

УЧИНЧИ БЎЛИМ I Одамлар — тақдирни,  тақдир — одамларни  излаб  юради...  Ҳаётнинг  азал  айланиши шундай... Тақдир мудом ўз нишонини мўлжаллаб туради, деган гап рост бўлса, ...

Бўтакўз (иккинчи боб)

Эртаси куни одатдагидан барвақтроқ, тонготарда турдим. Кеча ўтовда ётиб ўзимча шундай аҳд қилган эдим: бор кучимни ишга солиб шундай ишлайинки, бирон киши койишигина эмас, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400