Эрта қайтган турналар (қисса)-15

Саккизинчи боб

Кечга бориб у Онатой билан ярашмаган бўлсада, бироқ орадаги умумий ишлар уларни бир-бирига мурожаат этишга мажбур қилди. Барибир кўнгилда доғ қолди, воқеанинг бунақа аҳмоқона содир бўлгани уят эди. Аммо Султонмурот битта муҳим синовдан ўтганини тушунар, агар салгина юраксизлик қилганида эди, ўзини ўзи ҳурмат қилмай қўйишини биларди. Бундай одам эса десант командири бўлиши мумкин эмас эди.


Бунга у ўша куниёқ, кечга яқин отхонага раис Тиналиев билан Чекиш бригадир келганларида амин бўлди. Уларнинг отлари узоқ йўл юриб чарчаган, лойга ботганди. Тиналиев билан Чекиш чол тонгда Оқсой томон чиқиб кетишиб эндигина қайтиб келишганди. У ёқдан мамнун қайтишди. Энди уч-тўрт кундан кейин Оқсойга жўнашса бўлавераркан. Дашт ерлари лорсиллаб ётганмиш. Экишга қулай ерлар кўп бўлиб, кучинг етгунча ҳайдайверишинг мумкин экан. Қўраларга жой белгилашибди. Дашт уйғонибди. Шийпон учун жой танлашибди. У ерга жойлашиб олиш ва қиш бўйи тайёргарлик кўрган нарсаларини бошлаш қолган эди, хо-лос.
— Хўш, ишлар қалай, болалар? — уларга юзланди Тиналиев. — Кайфиятлар қалай? Қандай таклиф ва мулоҳазалар бор? Кейин типирчилаб қолмаслик учун овулдан узоқлашиб кетмасданоқ гапириб қолинглар.
Болалар жим эдилар. Гўё фавқулодда ҳал қилиниши лозим бўлган нарса йўқдай эди. Барибир, ҳеч ким сўнгги сўзни айтишга журъат қилолмасди.
— Командиримиз бор, — деди Эргаш. — У ҳаммасини билади, ўзи айта қолсин.
Шунда Султонмурот ҳозирча ҳеч қандай камчилик ва муҳтожлик йўкдигини, ҳаммаси режалаб қўйилганлиги, пойабзаллар бус-бутун қилинганини ҳамда уст-бошлар ямаб-ясқалганлигини, ёпинишга эса пўстинлар олишлигини, қисқаси, ўзлари, уларнинг плуглари ва отлари ер етилиши билан истаган вақтда ишга киришишлари мумкинлигини айтди.
Кейин ҳар хил майда-чуйда ишларни — қозон-товоқ, ўтин, ўтовларни муҳокама қилишиб, умумий хулосага келишди: агар ҳаво айниб, қор ёғиб қолмаса, икки-уч кун ичида далага чиқишадиган бўлишди.
Ҳаво дуруст эди, кўк юзини булут қоплаган бўлса-да, қуёш гоҳ чиқиб, гоҳ беркинар, ернинг ҳовури кўтарилиб, қордан халос бўлаётган ердан нам ҳид анқирди…
Шундай кунлар яқинлашмокда эди… Ҳамманинг фикр-хаёли шунга қаратилган эди…
Қанчалик тайёрланишмасин, барибир, жўнаш олдидан яна анчагина ишлар қилинмаганлиги аён бўлиб қолди. Иккита отнинг ёпиғи етишмас экан, борлари эса жуда эскириб, увадаси чиқиб кетган, уларни Оқсойга олиб боришнинг ҳожати йўқ эди. Илк баҳор тунлари совуқ, деярли қиш тунини эслатади, айниқса, шудгорлашнинг биринчи кунларида… Чекишнинг айтишича, авваллари ерни омоч билан ҳайдашган вақтларида, биринчи кунлар гоҳо тушгача кечаси совуқ музлатган ернинг эришини кутишаркан… Туни билан ёпиғи ёпилмай совуқ еб чиққан от эса улов бўлишга ярамай қолади.
Султонмуротнинг яна иккита яхши ёпиқ сотиб олишгунларича ҳали идорага, ҳали раисга, ҳали бригадирга, овулга, колхозга чопишига тўғри келди…
Мана шу югур-югур ва ташвишлар ичида у ҳаммадан кўпроқ отларни суғориш вақтини кутарди. Жўнаш олдидан худди ўшандагидай сойдан ўтиладиган жойда Мирзагулни кўргиси келарди… Ҳар гал умид қиларди-ю, аммо қизни учратолмасди. Султонмурот шошилар, кутишга сира вақти йўқ эди. Шунинг учун ҳам Мирзагул билан унинг орасида доимо айтилмаган қандайдир гап борлигини, айниқса, жўнаш олдидан улар учрашмаслиги ҳам мумкинлиги туфайли ўзини қандайдир гуноҳкордай ҳис этарди. Султонмурот Мирзагулнинг ҳам ўзи ҳақида ўйлашини билар ва бунга у қизнинг ўшандаги илк нигоҳ ташлаганидаёқ, Мирзагулда ўз аксини кўрган пайтдаёқ амин бўлган эди. Бироқ Мирзагулнинг ўзи учрашишга интилади, деб хаёлига ҳам келтирмасди. Қизлик ғурури, номуси бунга йўл қўймасди. Қиз унга тўқилган рўмолча такдим этиб, нима демоқчилигини изҳор қилди, қолгани эса унинг иши, эркакларча…
Албатта, у жўнаш олдидан қиз билан учрашиши мумкин эди. Мана, яна бир кўнгилсизлик рўй бермаганида у шундай қилмоқчи эди. Оқсойга жўнаш арафасида, десантчилар ўз отларини охирги марта суғоргани олиб боришга ҳозирланишаркан, Султонмурот охирида қолиб Мирзагулни кутмоқчи бўлганди. Шунда улар сувлоққа томон йўл олиб энди дарвозадан чиққан эдилар ҳамки, Чекиш бригадир келиб қолди. Унинг қовоғи солиқ ва тунд эди. Малла соқоли титрар, тумоғини кўзларигача бостириб кийиб олганди.
— Қаёққа кетяпсизлар?
— Отларни суғоришга.
— Тўхтанглар. Гап бундай, Онатой, сен уйингга бор. Онанг касал бўлиб қолибди. Отдан туш. Сизлар эса, болалар, тезда сувлоққа бориб отларни тез суғориб орқангларга қайтинглар. Мен сизларни шу ерда кутиб тураман!
Сой томон отларни йўрттириб боришаркан, Султонмурот боришда ҳам, келишда ҳам йўлдан кўзини узмай келди-ю, аммо Мирзагулни кўрмади. Ҳали мактабдан қайтиш вақти бўлмаган эди. Нега Чекиш чол уларни бунчалик шоширди экан-а? Нима бўлдийкин? Агар шундай бўлиб қолмаганида эди, Мирзагулни албатта бугун кутиб олган бўларди! Сойнинг кечувида уни яна шундай кўргиси келардики…
Улар отхонага қайтишиб отларни жойларига боғлашгач, Чекиш чол тўртовларини бир четга чақирди.
— Гап бор, — деб минғиллади у.
Сўнгра ўтиринглар, деди. Ҳаммалари елкаларини деворга тираганларича чўнқайишди. Раис Тиналиев тик туриб гаплашишни яхши кўрар, бошқалар ҳам тикка тургани учун ўзи ҳам тик турарди. Чекиш бригадир эса, аксинча, шошилмасдан, бамайлихотир ўтириб гаплашишни ёқтирарди. Қария-да, Чекиш чол ўйчанлик билан ҳурпайган малла соқолини силаркан, гап бошлади:
— Йигитлар, сизлар энди ёш бола эмасликларингизни айтиб қўймоқчиман. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиш эрта бошларингга тушди. Жазирама тупроқда юриб, муздай ерда ётиш… Демак, такдир шундай экан. Мана, бугун бирингизнинг бошингизга катта кулфат тушди — Онатойнинг отаси, Сатторқул фронтда ҳалок бўлибди. Сизлар энди ёш бола эмассизлар, агар бирингизнинг
бошингизга кулфат тушса, иккинчингиз унга суянчиқ бўлмоғингиз лозим. Тайёрланиб туринглар. Одамларни қаршилаб турасизлар. Отларни боғлаб турасиз. Ҳозир раҳматли Сатторқулникида одамлар тўпланишади, сизлар ҳам ўша ерда бўлишларинг керак. Ёш болаларга ўхшаб Онатойнинг ёнида ҳиқилламанглар, ҳамонки йиғлар экансизлар, чинакамига қаттиқ овоз чиқариб эркакчасига йиғлангларки, бундан Онатойнинг содиқ дўстлари йиғлаётгани аниқ билиниб турсин. Мен билан ҳозир бирга борасизлар, шунинг учун ҳам сизларни шоширган эдим…
Улар сўқмоқ бўйлаб олдинма-кетин кўча охирида жойлашган Онатойларнинг уйи томон кетишди. Одамлар шундай сукут сақлаганларича отлиқ ва пиёда, турли томондан тўп-тўп бўлиб оқиб келишарди. Ҳаво айниб турарди. Гоҳ қуёш чиқиб, гоҳ яна кўк булут билан қопланар, гоҳ бирдан ер қучиб болдирларни ачиштирувчи шимол шамоли эсиб қоларди. Султонмурот Онатойлар хонадонига қўрқувдан, надоматдан оғир изтиробга тушиб бормоқда эди. Яна бир-икки минутдан сўнг овул узра худди уйга ўт тушгани каби даҳшатли йиғи-сиғи садолари кўтарилади, мана шу бобокалонлари туғилиб ўсган тоғларда яна бир одамнинг азаси бошланади, энди у одам урушдан қайтмайди, ҳеч қачон, ҳеч ким уни кўрмайди, бу, албатта, қўрқинчли эди. «Кўпдан бери хат-хабар йўқ, отамга нима бўлди экан-а? Омонмикин? Онам бўлса ваҳимага тушиб ақлдан озаёзди. Ишқилиб, бундай бўлмасин, ҳеч бундай бўлмасин!»
Улар ҳовлига яқинлашиб қолганларида Онатойларнинг уйидан даҳшатли фарёд кўтарилди ва бу ўкирик кучайиб, одамлар тўпланиб турган ҳовли ва кўча бўйлаб ёйилди…
Десантчилар Чекишнинг орқасидан борарканлар, бор овозлари билан ўкиришар, чол ўргатгандай бир оҳангда:
— Ўв, Сатторқул отажон, топилмас Сагторқул отажонимиз, энди сени қайдан топамиз-а, азиз бошинг қайси тупрокда қолди? — деб расмана ҳўнграб йиғлашарди.
Шу дақиқада, бу қайғу умумнинг қайғусига айланган шу дақиқада, Онатойнинг отаси Сатторқул ҳақиқатан ҳам уларнинг ўз отасидай, шуҳрати кетган энг яқин кишисидай туюлиб кетди, чунки ҳар бир кишининг улуғлиги унинг яқинлари томонидан фақат ундан жудо бўлганларидагина билинади… Ҳамма вақт шундай бўлган ва доимо шундай бўлиб қолаверади.
— Ўв, Сатторқул отажон, топилмас Сатторқул отажонимиз, энди сени қаердан топамиз, азиз бошингни қайси тупроққа қўйдинг?
Десантчилар йиғлаб, Чекиш билан одамлар орасидан ўтиб ҳовлига киришлари билан эшик олдида турган Онатойни кўришди. Ғам одамни чўктириб қўяди. Уларнинг орасида энг каттаси, кучли ва барвастароғи Онатой ҳам ёш боладай бўлиб қолганди. У бошига тушган бу оғир кулфатдан эзилиб, ёш боладай нола билан худди ёмғирда қолган тойчоқ сингари мунғайиб деворга суяниб йиғларди. Юзлари йиғидан шишиб кетибди. Ёнида ўзидан кичик ука ва сингиллари ўкиришарди.
Онатойнинг дўстлари унинг олдига боришди. Онатой дўстларини кўриб бошига тушган қайғудан зорланиб, бошига тушган кулфатини уларга тўкиб-солиб янада қаттиқроқ йиғлай бошлади. Бу билан у гўё мадад сўраб, ёрдам кутаётгандай эди. Онатойнинг бу ёрдамга муҳтож ҳолати ҳаммадан кўпроқ Султонмуротга қаттиқ таъсир қилди. Болалар ўзларини йўқотишиб, унинг атрофида айланишар, нима қилишни, қандай қилиб уни овутишни билишмасди. Ҳеч ким унга ёрдам беролмайди. Бу пайт ҳеч ким Султонмуротнинг қўлига автомат олиб ҳовлидан отилиб чиқиб кетганини ва автомати билан тўппа-тўғри ўша ёққа — уруш кетаётган томонга югуриб кетганини хаёлига ҳам келтирмас эди. Унинг бир нафас тўхтамай тўғри фронтга борганини ва у ерда қаҳр-ғазаб билан наъра тортиб, қичқириб, фашистларни қийратаётганини, автоматдан тинимсиз ўт сочиб, дўсти Онатойнинг ўлдирилган отаси, овулга келтирилган қайғу ва кулфатлар учун ўч олаётганини билишмас эди…
Эсиз, автомати йўқ-да!
Десант командири эмасми, Султонмурот Онатойга шундай деди:
— Йиғлама, Онатой. Нима қилардик. Мана, Эркинбек ва Қуббатқулнинг оталари ҳам фронтда ҳалок бўлишди. Ўзинг биласан, менинг отамдан ҳам анчадан буён хат йўқ. Уруш.
Тушунасан-ку. Сен фақат бир оғиз айтсанг бас, биз сенга ёрдам берамиз. Сен фақат ўзингга бир оз енгил бўлиши учун нима қилишимиз кераклигини айтгин…
Аммо Онатой деворга суяниб, елкаларини силкитганича энтикиб-энтикиб йиғлар ва ҳеч нарса деёлмасди. Бу сўзлар уни овутиш ўрнига, аксинча, ярасига туз сепгандай бўлди ва у дувиллаб оқаётган кўз ёшлардан бўғилиб, нафаси қисилиб, кўкариб кетди. Султонмурот чопиб бориб унга чўмичда сув келтирди.
Шу дақиқадан бошлаб у ўзини бу ерда содир бўлаётган воқеага жавобгардай ҳис эта бошлади. Одамларга қандайдир ёрдам қилиш зарурлигини тушунди. Тўрталови сойдан пақирларда сув ташишди, ўтин ёришиб, самоварларга ўт қўйишди, тўпланган қўни-қўшниларни кутишди, отлиқ чолларни уловга мингизиб юборишди.
Одамларнинг оёғи узилмасди. Бировлар марҳум оиласига таъзияга келишар, бошқалари эса таъзиядан ўз бурчларини ўтаб қайтишарди. Десантчилар кун бўйи Онатойларникида бўлишди.
Султонмурот муаллима Инкамол опа еттинчи синф қизлари, уларнинг орасида Мирзагул билан келиб қолишганларида жуда оғир дақиқаларни бошидан кечирди. Инкамол опа Онатойни қучоқлаб олганича шунчалик бўзлаб йиғладики, унга кўз ёшисиз қараб бўлмас эди. Машҳур фолбиннинг муаллиманинг ўғли ҳақидаги каромати тўғри чиқмади, зотан унга опанинг ўзиям ишонмаган эди. Дилидаги хавотирликни, ғамни тарқатиш, қайғу-ҳасратга тўлиб кетган юрагини бўшатиш учун у кўз ёшларига эрк бериб юборди. Қизлар ҳам муаллималари ёнида йиғлаб туришарди. Мирзагулнинг боши эгик, унсиз кўз ёш тўкар, балки шу пайт у отаси ва акасини эслаб эзилаётгандир. У Султонмурот томонга бирон марта ҳам қайрилиб қарамади. Мана шу ҳолатда ҳам, изтироб ва кулфат оғушида ҳам у ҳаммадан гўзал эди. Султонмуротда энг олий ҳамдардлик фахр ҳиссини уйғотди. У қизнинг ёнига боргиси, уни қучоқлаб йиғлагиси, қайғусига шерик бўлгиси келарди…

…Эҳ, Мирзагул, Мирзагул бекач,
Оцқ каптар сен кўкдаги,
Мен туйғун қуш тўпдаги…

Шундан сўнг ҳовлида қуръон ўқилгач, ҳамма ҳозир бўлганлар ўзлари билан ўзлари ёлғиз қолишиб, жимгина кафтларини очиб, худди тақдир китобига қарагандай унга термилганларича бундан минг йиллар муқаддам йироқ Арабистондан келиб қолган, туғилганда ва ўлганда дунё мангу деб эълон қилган Қуръоннинг тантанавор ва қироатли оҳангини тинглаб туришарди. Бу гал қуръон Онатойнинг отаси — урушда шаҳид бўлган Сатторқулга бағишланиб ўқилмоқда эди. Султонмурот ўша ибодат маҳалида ҳам кафтлари устидан кўзини очиб қизга қаради. Ҳамма қатори диққат билан разм солиб турган ёш Мирзагул ғоят гўзал эди. Қизнинг юзида чуқур ўйчанлик мавжуд. У Султонмурот томонга қарамади.
Шундай, қиз лоақал бир сўз қотмай кетди. Фақат у кетаётиб Султонмуротга қайғули нигоҳ ташларкан, бошини тебратиб қўйди. Эҳ, Мирзагул, эҳ, Мирзагул бекач…
Марҳум Сатторқул уйидаги фарёд бир оз пасайди. Атрофга жудоликка кўникишга даъват қилувчи даҳшатли сукунат чўкди. Йиғи — бу норозилик, ғалаён, туғённинг белгисидир, яқиндагина бўлиб ўтган воқеани қайтариб бўлмаслигига тушуниб етиш эса энг даҳшатлиси. Шундай дақиқаларда одамни энг қайғули фикрлар чулғайди.
Онатой девор тагида бошини хам қилиб ўтирарди. Султонмурот унга қарашга юраги бетламасди. Қўпол, кучли, баджаҳл Онатойни кулфат букиб қўйганди. Бундан кўра унинг бақириб йиғлагани, уст-бошини йиртиб, ўзини ҳар ёққа ургани яхшироқ эди.
Султонмурот қандай қилиб уни бу қайғули, ночор аҳволдан қутқаришни билмасди. Аммо у Онатойга ёрдам қилиши керак эди, қандай йўл билан бўлмасин, унинг ёлғиз эмаслигини, ёнида одамлар, унинг учун жонларини фидо этишга тайёр одамлар борлигини билдириши керак эди.
— Онатой, юр, сенга бир гапим бор, — деди унга Султонмурот.
Онатой ўрнидан турди ва улар бир чеккага ўтишди.
— Хаёлингга бошқа нарса келмасин тағин, Онатой, — деб сўз бошлади Султонмурот жуда ҳаяжонланганидан зўрға сўзлаб. — Ахир мен, ўша… Хоҳласанг ўша рўмолчани сенга бутунлай бераман.
Онатой маъюс жилмайди.
— Нималар деяпсан, Султон! Керак эмас, — деди у. — Рўмолча сеники, уни ҳеч кимга берма. Мен бўлсам… Сен мени кечир, кечир мени, унут ҳаммасини. Мен энди ҳеч қачон бундай қилмайман, Султон. Энди менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ… Менинг отам, у шундай эдики… Биз уни шундай кутаётгандик-ки…— Онатойнинг ўпкаси тўлиб яна ҳўнграб йиғлаб юборди.
Энди улар икковлашиб ўзлари туғилган ва яшаётган шу даврлари билан холи қолиб йиғлашарди…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – устозга шеърий эҳтиром

Бошқа шоирларда қандоқ, билмадим, аммо мен ёзган шеърларимни ўз танқидимдан бир неча бор ўтказмагунча эълон қилишни истамайман. Баъзи шеърлар эса  умуман нашр этилишига ...

Юлдузли тунлар-10

3 Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», ...

Юлдузли тунлар-68

2 Куз ва қиш ўтиб бораётган бўлса ҳам, дарахтлар яшил либосини ечмас, «дун» деб аталадиган бағри кенг, сайҳон Ҳинд водийлари йил бўйи баҳордагидай кўкалам бўлиб турар эди. ...