Эрта қайтган турналар (қисса)-16

Тўққизинчи боб

Оқсой ерларида плуглар ишлаётганига уч кун бўлди. Уч кундирки, қўшчилар ўз отларини тўхтовсиз чучулашиб ҳайдашарди. Ерда Оқсой десантчиларининг илк меҳнатлари маҳсули бўлган қорамтир жўяк ҳосил бўлди. Жўяк соз олинган, кўриб кўз қувонарди. Энди ҳамма иш об-ҳавога қараб кетаверади.


Улуғ Манас чўққилари пойидаги бу бепоён тоғ этагида қадим-қадимдан ҳеч ким бузолмаган осудалик ҳоким эди. Чимкент ва Тошкентнинг сувсиз ерларига қараб чўзилган Оқсой дашти шу ердан бошланарди. Чўлнинг бу оёқ тегмаган бош қисмида плуг қўшилган уловлар орқаларидан узун из қолдириб, тепалик томон ўрмалаб кетаётган майда қўнғизларни эслатарди.
Ҳозирча учта плуг ишламоқда эди. Эргаш ва Қуббатқулни овулда, кузги экинларни бороналаб, илдиздаги намни йўқотишга ёрдамлашишлари учун бир неча кунга олиб қолишди. Бу ишнинг кечиктириб бўлмаслиги аниғу, бироқ Оқсойда ҳам вақт кутиб турмайди-да: уларнинг мўлжалича, ерни ҳайдашга улгуриш учун ҳамма десант плуглари эрталабдан кечгача ишлаши керак, бўлмаса улгуришолмай, бутун меҳнатлари чиппакка чиқади. Султонмурот қолган икки уловнинг шу кунларда келиб қолишини кутиб безовта бўлмокда эди. Ваъда беришганлари туфайли ҳам у Чекиш бригадир билан қаттиқ айтишиб қолди.
— Бориб айтинг, оқсоқол, — деди у, — раис Тиналиевнинг ўзи келиб, ҳал қилиб кетсин. Учта плуг билан бу ерда ҳеч нима қилиб бўлмайди. Топшириқни бажара олмаймиз…

Чекиш чол нима ҳам дерди? Унинг ҳам қўли қисқа. Султонмурот ақлли, тадбиркор бригадирга колхозда ишлаш қанчалик қийин эканлигини тушунади. Унинг ҳам ҳаммасини ўз вақтида, тартиб билан саранжом-саришта қилгиси келади-ю, аммо худди тагингдан чиққан оловдай ташвиш оёғингдан олади, бунинг устига, баҳоргача уни-буни қилиб олишни кўзлайди-ю, одам йўқ, ишчи кучи йўқ, озиқ-овқат йўқ. Унисини қилсанг, буниси қолиб кетади. Кеча у ўтириб бош қотирди. Овулда қаҳатчилик. Запаслари тугай деб қолибди, янги ҳосилгача эса ҳали қайда. Ҳайвонлар қоқсуяк бўлиб қолган, емиш бўлмаса очдан ўлиши турган гап, уларни сўйишдан эса наф йўқ. Касал учун бир кило гўшт сотиб олгани от-улов қилиб бозорга боришади. Бир кило гўштнинг нархи илгариги бутун бир молнинг нархидан қиммат. Бироқ барибир керак-да, боришяпти. Ҳатто от-уловдагина эмас, пиёда бир парча эт деб ўттиз-қирқ километрлаб йўл босиб боришяпти. Салт отлар оёкларини аранг кўтариб босади. Йўлга чиқсанг, оралиқда қолиб кетасан. Қўш қўшиладиган отларни эса зўрға экиш мавсумигагина тайёрлашга улгуришди. Уловлар парвариш қилингану, аммо улар ҳам кўп юк кўтаришга узоқ дош беролмайди.
Агар буларнинг ҳаммасини ўйласанг ваҳима босиб кетади. Аммо ҳаммасидан ҳам ёмони уруш бўлиб, унинг ниҳояси кўринай демасди.
Биргина тасалли, биргина умид бахш этадиган нарса — немисларнинг мағлуб этила бошлагани, уларнинг ҳамма жойдан сиқиб чиқарилаётгани эди…
Бугун эрталабдан ҳаво жўнашиб кетгандай бўлганди. Ҳаво булутли бўлиб, тоғ тепасида гоҳо қуёш кўриниб қоларди, гоҳ осмон бошинг устида сайр эта бошларди-ю, бирдан ҳаво айниб, кўкка яна булут чиқиб қоларди. Тушга яқин бирдан ҳаво совиб, атроф қоронғилашиб кетди.
Қорми, ёмғирми ёғиши аниқ эди… Атрофга бутунлай қоронғи чўкди. Тушдан кейин плугчилар бошларини қор ё ёмғирдан беркитиш учун далага қопларни олиб кетишга мажбур бўлдилар.
Аввалги ҳайдаб қўйилган жойдан бошлашиб жўякни ичкари томонга ағдариб боришарди. Биринчи бўлиб Султонмурот, ундан икки юз қадамлар орқада Онатой, ярим чақиримча нарида эса Эркинбек борарди. Бутун плугчилар далада ёлғиз эдилар. Уч плугчи-ю олдинда салобатли чўққилар. Уч плугчи-ю ортда бепоён дашт. Раис Тиналиев бу ерда иш бошланган кунларигина бўлди. Иши кўп эмасми, у Чекиш бригадирни шудгорга кўз-қулоқ қилиб қўйиб, ўзи тезда қайтиб кетди. Бугун Чекишнинг ўзи ҳам овудда қолган Эргаш ва Қуббатқулни уловлари билан бу ерга олиб келиш учун жўнаб кетди. Шундай қилиб, учинчи кундир-ки, плугчилар ўз ҳолларича — плуглар, отлар, ҳосилини йиғиб-териб олиб, одамларни тўйдириш учун қайта-қайта ҳайдайвериш лозим бўлган ер билан рўбарў қолишди…
Майдон дала шийпонидан узоқда эди. Ўзлари яшаётган ўтовдан, беда ғарамларидан, қоплардаги емлардан, энди уларнинг уйларида нималар бўлса, ҳаммасидан йироқда эдилар. Дала шийпонида фақат кекса ошпаз кампир қоларди. Вақтида овқатни тайёрлаш ўрнига доим ўтин ҳўл, у йўқ-бу йўқ деб зорланиб юрарди. Даладагиларга бир бурда нон билан иссиқ атала бўлса етади-ю, кампир бўлса вайсагани-вайсаган, гўё биров ундан бир нима деб гина қилаётгандай ҳаётдан нолийверади. Овулда кампирни унча билишмасди. Қаерлардандир келиб қолган аёл зди у. Бошқалар уйини, болалари, рўзғор ишларини ташлаб келолмади, у бўлса плугчилар ёнида кун кўришни кўзлаб Оқсойга келишга розилик берди. Майли, еганича есин-у фақат овқатни ўз вақтида тайёрласа бўлгани. Кампир ҳамиша беҳудага елиб-югуради-ю, ҳеч нарсага улгуролмайди. Унга ёрдам қилишга эса плугчиларнинг вақти бормиди. От, бу ўт олдириб қўйсанг ўзи кетаверадиган машина ҳам эмас, бакини тўлдириб миниб кетаверадиган трактор ҳам эмас. Ишчининг ўзи далада худди отдай ишлагач, кейин плугда-ги отларнинг қорнини тўйдиради, суғориб парвариш қилади-да, сўнг ўтовга базўр етиб бориб, ўзини таппа ерга ташлайди… Тонг саҳардан яна ишга… ҳаммадан қийини эрта саҳарда уйқудан туриш…
Плугнинг юриб туриши, отлар вазнини йўқотмай, қуввати баҳорнинг охиригача етиши плугчининг катта вазифасидир. Бу муҳим. Жудаям муҳим. Биринчи кунлари, шудгорлашни бошлаганларида, отлар ҳар ўн-ўн беш қадамда тўхтаб дам оларди, ҳансираб қолишарди. Шунда тишни сал кўтаришга, ерни саёзроқ ҳайдашга тўғри келарди. Бироқ бу вақтинча, отлар бўйинтуруққа ўргангунларича қўлланилди.
Бугун иш сезиларли даражада яхши кетди. Отлар энди кўникиб қолишганларидан плугни баравар тортишарди, тўрталови бир-бирларига яқин туриб олиб ерга энкайишиб, худди дарсликдаги бурлакларга ўхшаб жон-жаҳдлари билан олдинга интилиб боришарди. Қадам-бақадам, қадам-бақадам ер бағрини ёриб бораётган плугни итариб боришарди.
Бироқ об-ҳаво панд беряпти-да. Мана, қор ҳиди келиб, учқунлар пайдо бўла бошлади… Демак, қиш ҳали ҳунарини кўрсатиб улгурмай кетиш олдидан яна бир бор ўзини эслатиб қўймоқчига ўхшайди. Бекорга бундай қиляпти. Айниқса, бу қўшчилар учун жуда ёмон бўлди…
Султонмурот бошига қоп ёпиниб олди, бироқ барибир қордан сақлана олмади. Ерни ағдариб бораётган отга миниб олиб, боши узра қамчи ўйнатиб бораркан, шамол унинг ёнларини очиб юборарди. Қалин ёғаётган ҳўл қор тезда эриб кетар, атроф живир-живир қиларди. Тоғлар қор пардасига чулғанган эди. Фақат бу сукунатда ёғингарчилик домида қолиб қий-чув кўтараётган қушлар қийқириғини эслатувчи плугчиларнинг отларни қичаб бақириб-чақираётганликлари қулоққа чалинарди. Плуглар тинмай ишларди. Қоп-қора плуглар худди тўлқин устида жавлон ургандек гоҳ тепаликлар узра пайдо бўлиб қолар, гоҳ пастликларга шўнғиб ғойиб бўларди.
Унга қўшилган отлар энгашиб, худди тупроқ остидан чиқаётгандай, чуқур-чуқур нафас олиб, ўрмалаб боришарди. Қор уларнинг иссиқ, таранглашган елкаларидан бир онда иккала ёнига оқиб тушарди. Ер бўкиб кетган, туёқлар ости сирпанчиқ, жабдуқлар ҳўллигидан зилдай оғир плуг тишларига ернинг ёпишқоқ қатлами ботиб қолганидан отларга жудаям қийин эди. Бироқ плугларни тўхтатиб бўлармиди. Ҳайдашни давом эттиравериш керак. Эртага қуёш чиққач бу жўякларга шабада тегиб, шудгор тайёр бўлади. Вақтни бой бермаслик зарур.
Плуг ерга тиқилиб қола бошлади. Султонмурот тез-тез эгардан тушиб қамчи дастаси билан тишларни лой парчаларидан тозалар, орқада келаётган Онатой ва Эркинбекларни чақирар, улардан жавоб овози келгач, яна ҳўл жабдуқли ва бутун баданлари шалаббо бўлган отлар орасидан жўяк тортаётган отга яқинлашиб, эгарга тирмашиб чиқар ва яна олға интиларди.
Қор эса ҳамон ёғишдан тўхтамасди. Қоп-қора плуг қўшилган отлар худди оппоқ туманда сузиб бораётган кемани эслатарди. Барча товушларни ютиб юбораётган қор сукунатида дала бўйлаб биргина плугчиларнинг ҳайқириғи янграрди.
— Она-то-ой!
— Эркин-бе-бек!
— Султонмуро-о-от!
Юзлардан сув оқар, бу эриган қорми, терми, билиб бўлмас, юган тутган қўллар шишиб, совукдан муздек қор томавериб кўкариб кетган. Бир-бирига суйканишиб кетаётган отлар орасидаги оёқлар икки томондан қисилиб оғрир, уларни қаёққадир силжитгинг келади-ю, аммо жой йўқ. Бунинг устига, Султонмурот ортидан Онатой ва Эркинбек келаётганини, улар учаласи — олтита плуг тиши эканлигини, куппа-кундуз куни Оқсой ерларини ҳайдаётган бу тишларни тўхтатиб қўйишга ҳаққи йўқ эканлигини тушунарди. Фақат отлар чидаб берса, ҳолдан тойиб қолмаса бўлгани. Шунинг учун ҳам у хаёлан отларга мурожаат қилар, ўгит берарди:
«Сабр қилинг, Қамбар отадан3 тарқаган зотлар, аҳиллик билан баравар тортинглар. Ахир ҳар доим пгундай қийналмайсизлар-ку. Бугун қор ёққан бўлса, эртага эриб кетади. Олға, ҳа, олға, чу, жониворлар! Сабр қилинг, Чўлпон ота насллари, ҳув, ана, олдинда пайкал охирлаяпти. Ҳозир ўша ердан бурилиб орқага қайтамиз. Сабр қилинглар, қадамларни бўшаштирманглар. Сизларни плугдан чиқаришга менинг ҳақим йўқ. Биз шунинг учун ҳам сизларни қиш бўйи парвариш қилдик. Бошқа йўл йўқ. Мен сизларни юмшоқг қаттиқ ерни ҳайдашга ундаяпман, биламан, сизларга оғир, бироқ шундай қилмасак нонсиз қоламизда. Чекиш чол шундай деган ва
умрбод шундай бўлиб қолаверади, дейди. Нон, унинг ҳар бир бурдаси пешона терига йўғрилади-ю, фақат буни ҳамма ҳам билавермайди ва ҳамма ҳам нон тишлаганда бу ҳақда ўйлаб ўтирмайди. Бизга эса нон жуда керак. Жудаям керак. Мана шунинг учун ҳам биз сизлар билан Оқсойда юрибмиз.
Чопдор, сен менинг инимсан, сен менинг қўшчи отимсан. Сен ҳам плутни тортасан, ҳам мени устингда олиб юрасан. Сенга қамчи ураётганим учун мени кечир. Шу керак бўлиб қолди. Хафа бўлма, Чопдор.
Чонтор, сен чап томонда, ҳайдалган ердан юрасан, ҳаммасидан ҳам сенга қийинроқ, бироқ сен Чопдордан кейинги энг кучли отсан. Чонтор, сени отам Бекбой доим мақтар эди. Ёдингдами? Биз ҳаммамиз шаҳарга борганимиз ҳам эсингдами? Отамдан ҳануз хат-хабар йўқ, бундан жуда қўрқаман, сиз отлар буни тушунмайсизлар. Урушдаги одамлар узоқ вақт хат ёзишмаса бу жуда ёмон. Онам соғиниб, хавотирланаверганидан жудаям озиб кетган. Онатой отасининг азасида ҳаммадан кўп йиғлаган, қайғурган Инкамол опа билан онам бўлди. Улар бир нимани билишади, қандайдир кўнгилсизликни сезишади-ю, аммо айтишмайди. Улар бир нимадан хабардор… Чу, чу, Чонтор, сенинг бўшашишингга йўл қўймайман. Олға, Чонтор! Бўш келма!
Сен ҳам, Оққуйруқ, сен ҳам менинг инимсан. Сен менинг ўнг томонимда, отларнинг ўртасида борасан. Сен жон-жаҳдинг билан плутни тортишинг керак, чунки Чопдор билан икковингиз кучли отларсиз. Сен ажойиб, оқ думли чиройли отсан. Бироқ бўш келма, руҳинг чўкмасин, сенинг чарчашингга йўл қўймайман. Чу, чу, Оққуйруқ! Мени уятга қўйма!

Қоратўриқ тулпорим, сен оддийгина яхши отсан. Мен сени қўшга танлаётганимда сенга жуда ишонганман. Сен меҳнаткаш ва ювош отсан. Мен сени жуда ҳам ҳурмат қиламан. Сен энг чеккада юрганингдан доим кўзга ташланиб турасан. Сенга қараб ишимиз қандай кетаётганини аниқлаш мумкин, Қоратўриқ. Мен сени ҳам хафа қилмайман, фақат бўшашмай тортавер. Мен сенга сўз бераман: Оқсойда шудгорлаш, экишни тугаллаганимиздан кейин, овулга қайтаётганимизда ҳамма сени кўриши учун худди ҳозиргидай энг чеккада борасан. Биз Мирзагулнинг уйи ёнидан ўтаётганимизда у кўчага чопиб чиқиб энг аввало сени кўради, Қоратўриқ. Шунча ҳаракат қилмай, жўнаш олдидан у билан кўришолмадим. Унинг рўмолчаси ёнимда, шундоқ бағримда турибди. Унга қор ва ёмғир тегмайди. Мен Мирзагул ҳақида ҳамиша ўйлайман. Уни ўйламай туролмайман. Агар уни ўйламай қўйсам ҳаммаёқ ҳувиллаб қолади ва менга ҳаётнинг қизиғи қолмайди.
Чу, чу, Қамбар отадан тарқаган зотлар! Аҳиллик билан тортинглар, қани олға, олға! Чу! Чу!.. Қор ҳамон ёғяпти-я. Қандай намхуш қор. Ҳаммамиз бошдан-оёқ шилтайи шалаббо бўлдик. Шамол ҳам қўймаяпти. Агар ошпаз кампиримиз хашакни жуллар билан ёпиб қўйса яхши бўларди-я. Аммо бунга ақли етмаса, хашак ивиб исроф бўлади-да. Биз — ўн икки бош отни нима билан боқамиз ахир! Ишга жўнаш олдидан унга айтиб қўйиш керак эди-ю, эсимдан чиқибди, қор ёғиши хаёлимга келмабди.
У ғалатироқ кампир, кўзи суқ. Отларимизни мақтагани мақтаган, боқиб тўймайди. Қандай семиз отлар, яхши боқилган, дейди. Ёнбошларидаги ёғ икки энлидир, дейдй. Эски вақтларда
бунақа отлар катта маъракаларда сўйилар эмиш. Айтишича, ўша пайтларда гўштни тўйгунча ейишар экан. От гўштини қирқ челакли қозонларда пиширишганларида унинг юзига йиғилган ёғ-сардагини (топган гапини-чи!) сузиб, олиб ҳаммасини чўмич билан касал одамларга сузиб бериларди, дейди. Ўша ёғ бетоб одамга ичирилса дарров оёққа туриб кетарди, дейди. Мечкай, фақат ёғни ўйлайди, холос. Отларга кўзи тегмаса эди ишқилиб. Ўргилдим ундан! Мактабда кўз тегиш ёлғонлигини айтишган-ку. Нима деса деяверсин. Фақат овқатни ўз вақтида тайёрлаб турса бўлгани. Кеча ёввойи эчкини пишириб бизни роса ҳайратга солди. Ваҳоланки, эчки жуда ориқ эди. Ўтиб кетаётган қандайдир икки овчи ўтов томонда олов кўриб шу ёққа келишиб, ўлжасининг бир қисмини ташлаб кетишди, дейди. Раҳмат ўша овчиларга, урф-у одатни билишар экан. Биринчи учратган кишисига тегишли ўлжа қолдирибдими, демак, кейинги сафар ҳам овлари юришишини ният қилишган. Агар улар тоғдан тушган бўлишса, биз биринчи учраган кишиларимиз, албатта. Атрофда эса бошқа ҳеч ким йўқ. Тоққа чопсанг, даштга от қўйсанг ҳам ҳеч жонзотни тополмайсан. Қор ҳалиям ёғяпти. Роса ёғди-да… Тинкалар ҳам қуриб кетди…»
Отлар жиққа ҳўл бўлиб тўхтаб қолишди… Султонмурот эгардан тушди-да, шишиб эзилиб кетган оёкларида базўр туриб худди маст одамдай гандираклаб отларнинг орасидан ўтди. Қора терга ботиб, қалтираётган, қулоқларидан туёғигача ҳўл бўлиб, силласи қуриб зўрға нафас олаётган отларни кўриб шундай ичи ачишиб кетдики, беихтиёр инграб юборди.
Қор эса ҳамон ёғар, отларнинг ҳовур кўтарилиб турган яғринларига тушиб эриб кетмоқда эди. Султонмурот ҳўл бўлиб оғирлашиб кетған қопни бошидан олиб ташлади. Ўзига итоат қилмаётган, музлаб қолган бармокдари билан абзалларни еча бошларкан, беихтиёр ўзини тутолмай Чопдорнинг яғринини қучоқлаб туриб ҳўнграб йиғлаб юборди. Йиғи орасида лаблари отнинг терисидаги иссиқ тахир таъмни туйиб: «Кечиринглар, кечиринглар мени!» — деб пичирларди.
— Ҳа, Султонмурот! Нима гап? — эгат бўйлаб яқинлашиб келаётган Онатойнинг товуши эшитилди.
— Отларни бўшат! — бақирди унга жавобан Сул-тонмурот.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Қамбар ота – отларнинг афсонавий ҳимоячиси.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тест: чингиз айтматов бўйича билимингизни текшириб кўринг

Эсини киргизди

15. ЭСИНИ КИРГИЗДИ «Кундашлик уйда кунда жанжал» деганлар. Албатта буни айткучи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмағанда ҳам ҳафтада, ўн ...

От кишнаган оқшом (қисса) 10-қисм

10 Тарлонни бойловга ташладим. Отхонадаги баланд охурга боғладим. Гўнг чиқариладиган тешикни жанда билан кечалари ёпиб қўйдим, кундузлари очиб қўйдим. Тарлонга арпа ем бериб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400