Эрта қайтган турналар (қисса)-18

Ўн биринчи боб

Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ милтиқнинг нишони бўйлаб турналар томон елиб бораётган болаларни мўлжалга олар эди. Прицелдан ташқаридаги ер бепоён, улар эса чайқалиб турган мушка қаршисида шундай зарралар эдилар-ки… Уларнинг тепасидаги осмон прицелда нақадар катта, болалар эса мушка учида шунчалик кичкина кўринардики… Тепкини боссанг, вассалом, улар йўқ бўлади… Буларнинг ҳаммаси бир дақиқада йўқ бўлиши мумкин ва улар прицелда милт-милт этмай қўярди, фақат бунинг учун тепкини босилса бўлди эди.

— Эҳ, ҳозир уларни ер тишлатиб, бирваракайига тутдай тўкиб қўярдим, ҳатто овоз чиқаришга ҳам улгуролмай қолишарди, — нафасини ичига ютиб, ғўлдиради мўлжал олиб турган одам.
— Бас қил, тентак! Ўқ билан ўйнашиб бўладими, бекорга мўлжалга олма, — деди унга ўсиб тўқай бўлиб кетган, худди бўрининг инини эслатувчи тепалик остидаги кўрайлар ичида отларни жиловидан тутиб турган иккинчи овчи.
Мўлжалга олувчи киши ҳамон милтиқни мўлжалдан олмай, лунжини шиширганча жимиб қолди.
— Ҳаддингдан ошма, деяпман сенга, — буйруқ берди унга отларни ушлаб тургани. — Чопишиб-чопишиб қайтиб кетишади. Сенга нима?
У қулоқ солмади. Дағал соқолли даҳанини милтиқ қўндоғига қўйиб, прицел орасидан турналарнинг қичқириқларидан маст бўлиб югураётган беақл болаларни таъқиб этишдан маза қиларди. Унинг жаҳли чиқа бошлади. Болаларнинг чопишиб кулишини-чи! Суюнишларини кўр. Учта ўқ билан қийратиб ташласа, қимир этмай қолишарди. Чопишади — кулишади! Бирон сабаби борми десанг. Чопишади — кулишади…
Плугчилар ҳаллослаб адирга яқинлашганларида турналарнинг яна тепага кўтарилашаётганини кўриб қолишди… Демак, ниятлари ўзгарибди. Балки уларга турналар қўнаётгандай туюлгандир?
Болалар нафасларини ростлаб тўхтаб қолишди. Уларнинг ҳафсалалари пир бўлди. Султонмурот эса яна анча ергача чопиб борди ва турналар галасини кўзлари ёшланиб кузатганча тўхтаб қолди…
Сўнгра улар ортларига қайтишиб, яна Оқсой ерларини шудгор қила бошлашди. Бугун кун жуда яхши бўлди. Тушга яқин отларга хашак олиб колхоз араваси келиб қолди. Аравакаш уларга картошка, гўшт, ун, ўтин олиб келибди. У Чекиш бригадирнинг ўзи эртага Эргаш, Қуббатқулларни улови билан олиб келишлигини айтди. Чекиш бригадир, болаларга айт, жаҳллари чиқмасин, ҳаммаси ҳал бўлган, эртага десант тўлиқ составда бўлади, дебди. Албатта бўлади, деб яна ваъда берибди. Бир-икки кундан кейин уларнинг олдига, Оқсойга раис Тиналиев ҳам келаркан. Аравакаш мана шундай хабарлар олиб келди. Тушда ҳаммалари бирга овқатланишди, сўнг яна шудгорлашга жўнаётганларида ошпаз кампир Султонмуротга овулга бормоқчи эканлигини, эртага Чекиш бригадир билан бирга қайтиб келишини айтиб қолди. Овулда унинг қандайдир зарур иши бор эмиш ва яна кир ювиш учун совун олиб келиши керак эмиш. Болаларнинг оч қолмаслиги учун кун бўйи етадиган нон ёпиб ва яна гўжа пишириб қўйганмиш, уни иситиб ичишлари ҳам мумкинмиш. Султонмурот кампирнинг кетишини ҳеч хоҳламаса ҳам чор-ночор рози бўлди, кекса одамнинг йўлини тўсиб, тортишиб ўтирармиди.
Шундан сўнг қўшчилар яна ўз плуглари томон жўнашиб, кун ботгунча ишлашди. Кеч бўлганда шудгорни тамомлашди. Энди бемалол томоша қилса арзийди — катта бир майдонни шудгордан чиқариб қўйдилар. Бу эндигина биринчи майдон, э-ҳе, яна ҳали қанчаси бор. Бошламаси тайёр. Демак, охири ҳам бўлади.
Охирги пайкални ғира-шира қоронғида ҳайдаб битиришди, қайрилишларда қолиб кетган ерларни шудгорлашиб узоқ ивирсимай, эртасига саҳардан янги майдонда иш бошлаш учун плугларни у ерга олиб бориб қўйишди.
Отларни чиқариб, шийпонга келгунларича қош қорайиб қолди. Шийпон ҳувиллаб ётибди. Кампир аллақачон кетган. Ҳа, майли, эртага келади-ку.
Кун бўйи роса чарчашди. Шошилмай бўйинтуруқларни бўшатиб, уларни отларнинг бўйнидан олишиб, жабдуқларни ечишди-да, ҳар ким ўз жойига ўтовга олиб киришди. Ўн икки бош отларнинг барини ҳам ўз жойларига, шийпонга, охур вазифасини ўташ учун келтирилган ғилдираклари йўқ эски аравага боғлашди. Ҳа, ҳар бир отни жой-жойига арава ичидаги хашакка тўғрилаб боғлаб қўйишди. Эрталаб отларнинг қотиб қолган терларини тозалаш учун барвақтроқ туришга қарор қилишди. Қоронғида ювинишиб, кейин ўтовда гулхан ёқишди-да, унинг ёруғида гўжани иситишга эриниб совуқлигича ичишди.
Ухлашга ётишди. Султонмурот ҳаммадан кейин ухлади. Уйқу олдидан у яна бир бор отларни кўздан кечиргани ўтовдан чикди. Отлар тумшуқлари хашакда, қуруқ бедани қурт-қурт чайнаб, пишқирганларича жимгина туришарди. Ҳа, бошма-бош, олтитадан от араванинг ҳар тарафида жимгина туришарди.
Ҳаво очиқ бўладиганга ўхшарди. Ой борган сари кичрайиб бормоқда эди…
Султонмурот негадир бир нимадан чўчиб, озгина айланди. Кимсасиз сокинлик, чексиз зим-зиё кеча.
Иш билан, ташвишлар билан бўлиб, кимсасиз чўл бағри шунчалик қўрқинчли эканлигини сезмаган экан. У ўтовга қайтишга шошилди. Жойига ётиб узоқ пайтгача ухлаёлмади. Бирдан уйини соғиниб, юраги ғаш бўлиб қолди. Усиз онасининг уёқда ҳоли қандай кеча-ётган экан? Отасидан ҳанузгача ҳеч қандай дарак йўқ. Агар бирор хабар бўлганида бугун аравакаш унга етказиб суюнчи сўраган бўлармиди. Нимани сўраса, берарди. Бироқ нимани берарди. Бу ерда ҳеч вақоси йўқ. Ярим қоп буғдой ваъда қиларди, ахир кузда колхоз уларга буғдой беради-ку, ана шуни берардида унга. Шуларни ўйлаб у оғир хўрсинди. Ажимурот ундан: агар отам урушдан қайтса, иккаламиз Чопдорга миниб уни кутиб олгани станцияга чопамиз, Султонмурот катталиги учун олдинда, Ажимурот эса орқасига мин-гашиб бориши ҳақида ундан ваъда олганини эслади. Отасини кутиб олгач, унга Чопдорни бериб, ўзлари эса отаси билан ёнма-ён югуришларини, онаси ва бошқа узоқ-яқин кишилар уларга пешвоз чиқишини тасаввур қилди… Эҳ, қани эди шундай бахтга муяссар бўлганида эди, у Чопдорни плугдан чиқариб чоптириб кетарди… Кейин эвазига юз ҳисса кўпроқ ишлаб берарди.
Султонмурот аста йиғлай бошлади, чунки бундай бахт, эҳтимол, ҳеч қачон рўй бериши мумкин эмаслигини ғира-шира англарди…
Сўнгра у Мирзагул билан сой бўйида учрашганини эслаб қоронғида жилмайди. Ҳатто ҳозир ҳам қизнинг қўллари тафтини, гўё ўша қўлларнинг унга: «Мен хурсандман! Мен жуда бахтиёрман! Менинг қанчалик бахтиёр эканлигимни наҳот сезмаётган бўлсанг!» — деганини эслади. Қизга тикиларкан, унинг қиёфасида ўзини кўрганлигини ҳам ва Мирзагул ўзи эканлигини сезиб қолиб ҳайратланганини ҳам ёдга одди. Мирзагул ҳозир ухлаётган бўлса керак. Эҳтимол, мана шу дақиқаларда Мирзагул ҳам у ҳақда ўйлаётгандир. Ахир Мирзагул бу — Султонмуротку. Султонмурот гимнастёркаси чўнтагидаги Мирзагулнинг рўмолчасини пайпаслаб, силаб қўйди…
Шундай ўйлар билан уни мудроқ босиб уйқуга кетди. Қаттиқ ухлаб қолди. Сўнг тўсатдан уни қандайдир ёмон туш чулғаб олди. Кимдир уни бўғганича қўлини қайирарди. У шунда уйғониб кетди, қўрққанидан бақиришга ҳам улгуролмади. Кимнингдир аччиқ махорка ҳиди анқиб турган катта — қаттиқ кафти унинг оғзини беркитди.
— Жонингдан умидинг бўлса жим бўл! — деди хириллаб унинг қулоғи остида махорка ҳидини анқитиб, пишиллаганча қўпол бир одам. У одам темирдай панжалари билан Султонмуротнинг жағини синдиргудай пастга босиб, оғзига латта тиқди. Султонмурот ўзига келганда қўллари арқон билан орқасига боғлаб қўйилган эди. Уни совуқ тер босиб ўзидан ўзи титрай бошлади. Ўтовдаги бу икки одам ким, нега уни боғлаб қўйишди?
— Буниси тайёр, — шивирлади бири иккинчисига. — Наригиларига кетдик.
Улар Онатой ётган томонда қоронғиликда пайпасланишди. Онатой қичқириб типирчилади-ю, аммо уни ҳам чандиб ташладилар.
Эркинбекнинг эса бошига туширишди шекилли, у бир инграб жимиб қолди.
Султонмурот ҳамон нима бўлаётганини тушунмасди. Латта оғзини беркитиб қўйганидан у бўғилар, қўллари арқонда қисилиб оғрирди. Ўтов зулмат оғушида эди. Бироқ бу одамлар кимлар, нега улар бу ерга қелишди. Улар нима учун бундай қилишяпти, ниятлари нима, балки уларни ўлдиришмоқчидирлар? Нега?
Султонмурот қутулмоқчи бўлиб типирчиларди. Шунда бу одамлардан бири уни тиззаси билан босиб, темирдай бармоқлари билан калласига ниқтаганча секин дона-дона қилиб деди:
— Кўпам шатталайверма. Эшитяпсанми? Сен бу ердагиларнинг каттасига ўхшайсан. Биз жавобга тортилмаслигингиз учун сизларни боғлаб ташладик, сизларнинг бу ерда дахлингиз йўқ. Уқдингми? — деди у ҳамон темирдай бармоқлари билан унинг калласига чертиб. — Ақл ишлатсаларингиз ҳаммаси жойида бўлади. Сизларни бу ердан топишганда воқеа қандай юз берган бўлса, ҳаммасини шундай айтиб берасизлар. Сизларни қандай қилиб сўроқ қилишлари мумкин? Аммо кимки ҳозирдан ҳаммадан бурун бирор ҳаракат қилиб типирчилайдиган бўлса, итдай савалаб ташлайман. Ўлдираман! Жим ётинглар. Ўлиб қолмайсизлар.
Улар қаттиқ ҳансирашиб, сўкинишиб, тупуришган-ча ўтовдан чиқиб кетишди. Султонмурот уларнинг отлар боғлоғлиқ турган жойда нимадир қилишиб, пайпасланаётганларини, отларнинг қўрқувда типирчилаётганларини эшитди. Бир оздан сўнг кўплаб туёкларнинг тақиллаши, қамчи овозлари аралаш яна қандайдир сўкинишлар эшитилди-ю, туёқларнинг овози узоқлашиб, тез орада бутунлай эшитилмай қолди.
Фақат шундагина Султонмурот содир бўлган воқеанинг даҳшатини тушуниб етди. Ўғрилар уларнинг қўшчи отларини ҳайдаб кетишганди! Алам ва ғазаб юрагини ўртаб юборди. У қўлларини бўшатишга уринди-ю, аммо ҳеч нарса қилолмади. Нафаси қисилиб, бошини у ёқ-бу ёққа буриб, тили билан оғзидаги латтани итара бошлади. Оғзига худди ўт солиб қўйилгандай аланга олиб, нафаси қайтиб, қон оқа бошлади. Ниҳоят оғзидаги лаънати латтани тупуриб ташлашга муваффақ бўлди. Гўёки озодликка чиққандай бўлди. Ўпкасини тўлдирган ҳаводан боши айланиб кетди.
— Болалар, бу менман! — қичқирди у калласини кўтариб. — Менман! Мен гапиряпман!
Бироқ ҳеч ким унга жавоб қайтармади. У Онатой, Эркинбек жойларида қимирлаб қўйганларини эшитди.
— Болалар, — деди у шунда, — қўрқманглар. Мен ҳозир. Ҳозир бирон нарса ўйлаб топаман.
Фақат менга қулоқ солинглар. Онатой, қимирлагин, қаердасан?
Онатой инқиллаб, типирчилаб ўрнидан тура бошлади.
— Шошма, Онатой! Жойингда тур! — Султонмурот кийимлар ва жабдуқлар устидан у томонга отилди. — Энди орқанг билан менга суян, қўлларингни қўй. Эшитяпсанми, қўлларингни қўй…
Улар орқама-орқа ётишди. Султонмурот дўстининг қўлидаги арқонни пайпаслаб топди. Онатойга қандай ётиш, ўгирилишни айтиб, ўзи арқоннинг тутунларини топишга тутинди. Онатойни оғриққа чидашга ундаб, ўзи охири қандайдир тугунни топиб, уни тортиб юборган эди, арқон бўшади. Энди Онатой қўлларини ўзи бўшатиб олди…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бўтакўз (тўртинчи боб)

Ҳаётимизда баъзи ўзгаришлар бўлиб ўтди. Уруғлик ташиш учун бизга қўш оти билан арава беришди. Яна бир киши ҳам келди. Энди сув ташувчи учун ҳам анча енгиллик туғилган эди. ...

Эски жанг майдони

Замбараклар музейда қолди, саркардалар кирди тарихга, гавдалардан бўшатиб қонни, аскар кирди замин қаърига. Қалин майса қоплади қадим кунда каби жанг майдонини, энди эркин ...

Чингиз айтматов:қиёмат 2-қисм

Вужуди ичра яна бир вужуд битганини сезган Акбара тинчини йўқотди. Юраги гурсиллаб ура бошлади. Кўкраги остида вояга етаётган болаларини хавфу хатарлардан асраш ва қўриш ...