Эрта қайтган турналар (қисса)-21

Ўн тўртинчи боб

— Қувишяпти! — қўрқув аралаш қичқирди яқин-лашиб келаётган от дупурини эшитган ўғрилардан бири.

Сўнг улар жиловни бўш қўйишиб, аввалига отларни йўрғалатиб, кейин чоптириб кетишди. Энди салқинлашга вақт йўқ. Таваккал, бўлганича бўлар. Энди қочиш керак, орқа-олдга қарамай қочиш керак.
Олдиндагиси олиб кетаётган отларнинг юганини ўзига тортиб эгарга энгашди. Орқадаги шериги эса кучининг борича қамчилаб отларни шоширарди. Чопиб бораётган отлар туёқлари дукуридан ер ларзага келди. Қулоқлар остида шамол ҳуштак чаларди. Тун чексиз, қоп-қора пишқириб оқаётган тўлқинли дарё сингари шитоб билан уларга пешвоз еларди.
— Тўхта! Қочиб қутулолмайсанлар, тўхта! — дея қичқирарди Султонмурот уларга борган сари яқинлашиб бораркан. Лекин унинг товуши қутуриб чопиб бораётган отлар шовқин-суронидан узуқ-юлуқ эшитиларди, холос.
Чопдор! Отларнинг асили Чопдор! Отасининг Чопдори! Қандай елди у! Худли қувиб етмаслиги мумкин эмаслигини аниқ сезгандай, Оқсойдаги бу тунги пойгада йиқилишига ҳақи йўқлигини тушунгандай эди.
Султонмурот от ўғриларига тезда ён томондан етиб олди, отларни жиловидан ушлаб бораётганликлари учун қочиб қутулиш уларга унчалик осон эмасди.
— Отларимизни қайтариб беринглар! Беринглар! Биз улар билан ер ҳайдаймиз! — бақирарди Султонмурот.
Ўғриларнинг бири чопиб бораётиб отни четга бурди, отдан ағдармоқчи бўлиб йиртқичдай унга ташланди. Аммо Чопдор чап бериб қолди. Баракалла, Чопдор, баракалла! Ўзини таъқиб қилаётган от ўғрисидан қочиб Султонмурот олдинга ўтиб олди, ёнбошидан бориб, олдингисини қисиб, отни қайиришга интила бошлади:
— Қайт орқага! — бақирди у.
— Қоч, ўлдираман! — қичқирди униси отини буриб, аммо Султонмурот яна ўғрининг олдини кесиб чиқар ва уни қисиб бориб, тўғри кетишга халақит берарди.
Улар шу зайлда боришарди. Шериги ҳар гал уни қувиб юборар, Султонмурот эса гоҳ у, гоҳ бу томондан ўтиб йўлни кесганча уларнинг қочишига халақит берарди.
Шундан сўнг бирдан ўқ овози эшитилди. Султонмурот уни эшитмади, фақат ярқ этган ўтни ва бир дақиқа ёришиб кетган бепоён Оқсой бўшлиқларини, ёнидан ваҳшийларча чопиб ўтаётган қоп-қора отларни ва одамларни кўриб ҳайратланишга улгурди, холос.
Ўзи эса бир чеккага отилиб кетди ва тошдай ерга урилиб умбалоқ ошиб тушди, сўнг оёққа туриб, шу заҳотиёқ тагидаги оти қоқилиб кетмаганлигини тушунди. От калласи билан ерга урилиб ёнбошлаганча хириллар, гўё ҳамон чопишга интилаётгандай жон-ҳолатда туёқларини кўтаришга уринарди…
Султонмурот оғриқ ва ғазабдан жони борича бақириб, нима қилаётганини ўзи ҳам билмай от ўғрилари изидан чопди:
— Тўхта! Қочиб қутулолмайсанлар! Етиб оламан! Сизлар Чопдорни ўлдирдинглар! Отамнинг оти Чопдорни нимага ўлдирасанлар!
У ўзини билмай ғазаб ва жон-жаҳди билан югурар, уларнинг ортидан худди етиб оладигандай, тўхтатиб орқага қайтариб қола оладигандай қувиб борар эди. Ўғрилар қочмоқда, от туёқлари қоронғида тақиллаб, борган сайин узоқлашмоқда, у бўлса жаҳл устида муроса қилишни ҳоҳламай, ҳамон қувиб бормоқда эди. У елдек учиб борар, бутун вужуди қизишиб, баданлари ачишиб, айниқса қип-қизил қонга ботган қўллари ловиллаб қувиб бораётгандай туюларди. У шунча тез, шунча кўп югургани сайин юзи ва қўллари шунчалик ёнар эди…
Охири у йиқилиб тушди, бўғилиб энтикканича юмалаб кета бошлади. Чидаб бўлмас даражада оғриётган юзи, қўлларини қўйгани. жой тополмасди. Унинг ғазаби қайнаб, бу тунни лаънатлар, кўзларида чексиз аламли аланга билан инграб, фиғон чекарди.
У отларнинг туёқ товушлари аста-секин узоқлашиб бораётганини эшитиб турарди. Ер борган сайин узокдагй туёқ товушини ютганича заифлик билан секин титрарди. Тез орада атрофдаги ҳамма нарса тинчиб, жимиб қолди…
Шунда у ўрнидан туриб, орқага тисарилганча, алам билан ҳўнграб йиғлаб юборди. Энди ўзини ҳеч нима ва ҳеч қандай йўл билан овутолмас, кимсасиз тунги Оқсойда эса уни юпатадиган ҳеч зоғ йўқ эди. У йиғи аралаш Ажимуротни ўзи билан отаси урушдан қайтганда кутиб олгани бирга чиқамиз, деб ваъда берганини эслади. Йўқ, энди ҳеч қачон Ажимурот билан отаси фронтдан қайтганида Чопдорга миниб, отни чоптириб уни станцияда кутиб олишолмайди. Улар энди Оқсой ерларига мўлжалдаги донни эка олишмайди. Энди улар тишлари ойнадай ялтираган плугларни судраб Оқсой далаларидан қайтганларида тантанали, қувончли кун бўлмайди. Мирзагул ҳам шоду хуррам бўлиб кўчага чиқмайди, унинг овулга кириб боришини кўрмайди ҳам, ҳайратланмайди ҳам. Умидлари чил-чил бўлди. У шунинг учун йиғламокда эди…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-44

3 Куз илиқ келгани учунми, Ҳирот тождорлари ҳали ҳам қалъа ташқарисидаги боғларда яшамоқда эдилар. Шаҳарнинг шимол-шарқидаги Қипчоқ дарвозасидан нарида Шоҳруҳ мирзо даврида ...

Тошканд устида қонлиқ булутлар

6. ТОШКАНД УСТИДА ҚОНЛИҚ БУЛУТЛАР Бу кунларда Марғилонда шундай хабар чиқиб қолди. «Тошканд ҳокими бўлған Азизбек Қўқонға қарши бош кўтарган. Хон томонидан хирож (закот, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 34-қисм

34 Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим. Йўқ, эртаси куни тағин келди. Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради. Катталар қилиғи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400