Бутун аҳолиси “фақир” бўлган биздан бошқа давлат йўқ

Бир гуруҳ зиёлилар “фуқаро” сўзидан воз кечишни таклиф қилмоқда 

Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди, кўплаб давлатлар билан ўзаро тенглик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилди ва ривожланмоқда. Бироқ “тенглик” деганда, бир хатоимиз кўнгилни хира қилади. Бу одамларимизни фуқаро деб аташимиздир.

“Фуқаро” кўплик шаклидаги арабча сўз бўлиб, унинг бирлиги фақир, бировнинг ҳисобига яшайдиган, бир кунлик емишини ҳам топа олмайдиган шахс маъносини беради. Унинг луғавий маъноси ўзгаргани йўқ ва бу ҳолат биздек дунёга дарс бериб келган миллат учун кечирилмас хато ва уни тўғрилаш керак.

Масала турли даврларда ҳар хил одамлар томонидан кўтарилган, лекин ҳамон эътиборсиз қолиб келмоқда.

“Фуқаро” атамаси билимсизлик, шошмашошарлик туфайли мустақиллигимизнинг бошларида қатор бошқа ажнабий ва ярим-ясама (тайёра, тайёрагоҳ, нафақахўр) сўзлар каби ҳеч қандай илмий асоссиз қўлланила бошлади. Унинг энг ашаддий тарафдорлари ҳам ҳеч қандай далил кўрсата олмади. Ҳатто “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам “фуқаро” бутун дунё тилшуносларининг фикрларига зид ва хато таърифланди. Бу атамани ўзгартириш зарур. “Фуқаро”нинг халқимизга нолойиқлиги илмий асосланган.

Бу атама XVII асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлиги ва Афғонистонда бир тўда лаганбардорлар томонидан оддий одамлар бой-бадавлат кишилардан паст табақа ҳисобланишини билдириш учун ўйлаб топилган. Кейинчалик Афғонистонда у “мардум” сўзига алмаштирилган.

Биздан бошқа бутун аҳолиси фақир бўлган давлат йўқ. Ҳолатимиз аянчли эртакка ўхшайди – “камбағаллар давлатида” яшамоқдамиз.

Баъзи бир тилшунослар халқимиз “фуқаро” сўзига кўникиб қолганини таъкидлашади. Айтиш керакки, бундай кўникиш бангилик ва пиёнисталикка кўникишдан оғирроқ ва уни даволаш усули хозирча маълум эмас.

Гап луғатимизга нима деб ёзганимизда эмас, балки бутун дунё “фуқаро” деганда нимани тушунишида, бу сўзга муносабатда. Луғатимизни четдан келган ҳеч бир кимса варақлаб кўрмайди, чунки бу сўз тўғрисида ўз тушунчаси бор. Биз “фуқароман” деб бошни баланд кўтармоқчи бўлганда, уларда истеҳзо пайдо қилмаймизми?

Маънавий зарар моддий йўқотишдан оғирроқ. Мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилган моддий бойликларнинг ўрнини вақти келиб тўлдирармиз, лекин “фуқаро” сўзидан келган маънавий зарарнинг асоратини қачон батамом йўқ қила оламиз?

Сўз – буюк куч! Албатта, агар тўғри ишлатилса. Акси бўлса, у ёвуз кучга айланиб, мияни заҳарлайди. Ҳақоратли сўз инсон миясида шундай доминант ўчоқ пайдо қиладики, уни фақат гипноз ёки бошқа психотерапевтик усул билан йўқотиш мумкин, холос. “Фуқаро” сўзи ҳам кишини шундай таҳқирлайди, юракка тиғдек ботади.

Устига устак, бу атама негизида бошқа сўзлар ҳам пайдо бўлган, Масалан, “фуқаропарвар” нима дегани? Барчамиз фуқаро бўлсак, фуқаропарвар осмондан тушадими? У бизни кимдан ҳимоя қилади? Бу сўзда ҳеч қандай маъно йўқ.

“Фуқаролик жамияти” деганлари нима бўлди? Биз аввал нима қурмоқчи эканимизни аниқлаб олишимиз керак – “фуқаролик жамияти”ми ёки “келажаги буюк давлат”ми? Бу икка атама бир-бирига зид-ку. Биттасини танлаш керак. Моҳиятан олганда, фақир одамлар келажаги буюк давлат барпо қилиш қобилиятига эга эмас. Демак, “фуқаро”дан озод бўлмас эканмиз, буюк келажак тўғрисида орзу қилмасак ҳам бўлади.

Академиклар Азиз Қаюмов ва Алибек Рустамий каби мустақилликнинг бошидаёқ бу сўзга қарши бўлган олимларимизнинг шогирдлари борми бугун? Қани улар? Нега жим?

Атамани ўзгартириш ҳақида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат персоналлаштириш маркази ходимлари билан муҳокама ўтказилганда, бунинг учун жуда катта маблағ шарт эмаслиги таъкидланди.

Биз “фуқаро” ўрнига ишлатилиши мумкин бўлган, тилимиз ва Конституциямизга мос келадиган вариантни таклиф қиламиз. Бу “бек ва бека”, яъни “Ўзбекистон беки” ва “Ўзбекистон бекаси” атамаларидир! Бу атама Ўзбекистон фарзанди, шу замин эгаси, мулкдори, ҳимоячиси деган маънони беради. Шу сўз “фуқаро”дан қолган маънавий зарарни бартараф этишда қўл келади.

Ҳақоратли атаманинг чин маъносидан кўпчилик бехабар, лекин вақт ўтиб, уни биладиганлар сони кенгаяверади. Бугунги дистанцион алоқалар даврида бу жараённи тўхтатиб бўлмайди. Шу боис ҳам “бек” ва “бека”ни ишлатиш керак. Дунёга тенгсиз аллома ва мутафаккирларни етиштириб берган биздек халққа шу тўғри келади.

Бизнингча, бу энг мақбул вариант. Биринчидан, эркакни “бек”, аёлни “бека” тарзида аташда гендер нуқтаи назаридан фарқланиш бор. Иккинчидан, Ўзбекистон паспортига эга одамлар ўзига нисбатан “фуқаро” ўрнига “бек” ё “бека” деган мурожаат туфайли маънан ва руҳан ўзгаради. Ғурур-ифтихори кучаяди.

Деярли барча халқлар “ўз номи билан туғилган” болаларга (ҳол, нор, ортиқ ва бошқа) мос исм қўйишни маъқул кўради. Ўзбекистон заминида дунёга келган ҳар бир инсон ўз номи билан, яъни бек ё бека бўлиб туғилади. Шу боис “бек(а)” атамаси ҳозирги кунда таклиф қилинаётган барча вариантларни ўз ичига олувчи ягона вариантдир.

Масаланинг ечимини чўзиб бўлмайди, уни имкон қадар тез ҳал қилиш керак. “Фуқаро” сўзи буюк келажак қуришга бел боғлаган халқимизга асло тўғри келмайди.

XX асрнинг биринчи чорагига қадар “бек(а)” сўзи ҳукмдорлар ва бой-бадавлат одамларнинг аҳли фарзандлари ва аёлларига нисбатан нотўғри қўлланган. Оқибатда халқ онгида нотўғри тушунча шаклланиб қолган.

Яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиш керак – “бек” сўзи шу шаклида инсон руҳиятига кўпроқ ижобий таъсир қилишини эътиборга олиб, уни турламасдан (яъни “беги” деб ўзгартирмасдан) истисно тарзида “беки” деб қолдириш лозим.

Шу билан бирга, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи (ФҲДЁ) ўрнига Оилавий ҳолатни қайд қилиш бўлими (ОҲҚҚБ), Оила далолатномаларини бериш бўлими (ОДББ) ёки Аҳолининг оилавий ҳолатини қайд қилиш бўлими (АОҲҚҚБ) дейиш тўғрироқ бўлади. Қозоғистонда буни оддийгина қилиб “никоҳга тирков бўлими” деб аташади. Маҳалла (қишлоқ) фуқаролар йиғини (МФЙ, ҚФЙ) ўрнига маҳалла (қишлоқ) беклари йиғини (МБИ, ҚБЙ) деб ишлатишни таклиф қиламиз. Паспортнинг 2-бетидаги фуқаролиги/nationality қаторидаги “фуқаролиги” сўзи ўрнига қуйидаги вариантлардан бирини қўллаш мумкин: “Бек (а) лиги”, “кишиси”, “юрти”, “ватани”, “маскани”.

Р.ТОЖИМУРАТОВ,

Тиббиёт фанлари номзоди,

А.АҲМЕДОВ,

Тарих фанлари доктори, профессор,

Биринчи даражали Давлат мукофоти лауреати,

А.ИБРОҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор.

Манба:ЎзА

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистонлик эркак 2 йил давомида 15 ёшли ўзбекистонлик қизни зўрлаб келмоқда

Россиянинг Уфа шаҳрида 44 ёшли тожикистонлик эркак онасининг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммоларини рўкач қилиб 15 ёшли ўзбекистонлик қизни зўрлаб келгани аниқланди. Маълум ...

Afrosiyob поезди чипталари қимматлашади

«Ўзбекистон темир йўллари» 1 ноябрдан Afrosiyob тезюрар  поезди чипталари нархини ўртача 35 фоизга оширади. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ...

3 ойда 900 минг ўзбек чет элга ишлаш учун чиқиб кетди

2019 йил январь-март ойларида 1,6 млн киши Ўзбекистон Республикасига келган. Ушбу рақам 2018 йил январь-март ойларига нисбатан 1,5 мартага ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400