Сиёсатчилар отбоқарлардир

Фурсатдан ва яхши мавзу кўтарилиб қолганидан фойдаланиб, мавзуни яна тилшуносликка бурсам. Сиёсат сўзининг келиб чиқишини биласизми?

Ўзи дунёнинг аксарият тилларида бу тушунчани англатадиган туб сўз йўқ. Кўпчилик мусулмон тилларида тарқалган “сиёсат” сўзи арабча, кўпчилик Европа тилларида тарқалган “политика” эса юнонча. Биз арабча сўзнинг келиб чиқишига тўхталамиз.

Араб тили семит тиллари оиласига киради. Семитлар қадимда Месопотамияда (Икки дарё оралиғи, бугунги Ироқнинг маркази) истиқомат қилган. Мана шу ҳудудга милоддан аввалги 3-минг йиллик охири — 2-минг йиллик бошларида ҳинд-европа тилларида гапирувчи кўчманчилар — митаннилар, касситлар ва бошқалар бостириб кирган. У пайти ҳинд-европа тилларида гапирувчи қабилалар ҳали кўчманчи ҳолда бўлиб, анча жанговар бўлган ва семитларни бўйсундиришига эришган (семитлар орасида гарчи у пайти кўчманчилар ҳали кўп бўлса ҳам, лекин Месопотамияда асосан ўтроқ шаҳарлик аҳоли яшарди).

Ҳинд-европа тилларида гапирувчи қабилаларнинг ҳарбий устунлигини таъминлаб берган нарса отлар эди. Дунёда биринчи бўлиб отларни доместикация қилган (хонакилаштирган) бу қабилалар ундан унумли фойдаланиб, қисқа муддатда катта ҳудудларга кўчишни ҳамда жангларда отлиқ қўшинлар ёрдамида устунликка эришишни ўрганган.

Архаик ҳинд-европа тилида от s’s деб юритилган. Бу сўзнинг аниқ ўқилиши номаълум, тахминан “сайаса” бўлса керак. Бу сўз семит тилларига, хусусан, ўша пайтда Месопотамияда тарқалган аккад тилига ўтган. Ҳинд-европа тилли қабилалар улар томонидан “сийаса”, яъни “отбоқарлар” деб юритилган.

Аккад тилида гапирувчи аҳолининг хўжайинлари, яъни уларни бўйсундириб, бошқараётган элита отлиқ кўчманчи бўлгани боис секинлик билан бу ном айнан ҳукмрон табақага нисбатан ишлатила бошланган, асрлар ўтиши билан сўзнинг асл маъноси унутилиб, умуман “ҳукмронлик”ни англата бошлаган. Замонлар ўтиши билан бугунги “сиёсат” тушунчаси вужудга келган ва “ҳукмдорлар” энди “сиёсатчилар”га айланган. Бу сўз аккад тилидан бошқа семит тилларига, хусусан, араб тилига ўтган.

Буни текшириш қийин эмас. Худди шу ўзакдан келиб чиққан яна бир сўз араб тилида отбоқар маъносини англатади — “сайис”. Бу сўз ўзбекларга ҳам таниш, негаки у ўзбек тилида ишлатилади. Масалан, Самарқанд қишлоқларида ёзги отхона “сайисхона” деб юритилади.

Шундай қилиб, дастлаб “отбоқар” маъносини берган “сийаса” сўзи “ҳукмдор”га, сўнг замон ўтиши билан биз билган “сиёсат”га ва “сиёсатчи”га айланган. “Сиёсатчи”, агар туб илдизини кавласанг, “отбоқар” дегани. Фақат буни сиёсатчилар билиб қолмасин.

Муаллиф:Эльдар Асанов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда янги автомашина сотиб олганлар 3% ли йиғимни тўламайдиган бўлди

UzAuto Motors Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб ...

Ўзбекистон республикасининг жиноят кодексига тиланчилик тўғрисида модда киритилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва ...

Тожикистон афғонистон билан чегарани ёпиб қўйиши ортида нима бор?

Охирги бир ҳафта – ўн кун давомида Тожикистон Ҳукумати Афғонистон билан ўтиш текширув нуқталарини ёпиб қўйди. Бундан асосий мақсад, хавфсизлик эканлиги таъкидланмоқда. ...