30
Eндиги улоқни мен олиб чиқдим. Отлар олдимни олди. Йўлимни ёпиб чопди, ёнларимни ёпиб чопди. Отлар мени қораликка йўлатмади.
Биродарлар, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса-да, донғи чиқмайди!
Аламимдан хуноб бўлдим. Ўзимизнинг чавандозларга бақирдим:
— Жонларинг борми?! Келинглар-да энди!
Шундагина бизнинг чавандозлар ўзига келди. Гапни бир ерга қўйди.
Мен яна улоққа кирдим. Узалиб, улоқни ердан уздим. Жўра бобонинг тўриғи олға юрди.
Баковул жар солди:
— Улоқни жўра бобонинг оти кўтараяпти, Жўра бобонинг!
Беш-олти қўл улоққа узалди. Аммо мен куч бермадим. Улоқни бор кучим билан ушлаб олдим.
Тўдадан суғурилиб чиқдим.
— Улоқ Жўра бобонинг отида! Эшитмадим деманглар, Жўра бобонинг отида!
Узанги йўлдошларим теварагимни олиб чопди. Ўзга отларга йўл бермади. Жўра бобонинг Тўриғини қамчиладим, ҳайбаракалла қилдим.
— Ҳа, бос, Жўра бобонинг оти!
— Ҳа, селкиллаган ёлингдан айланайин! Ҳайда-я, Жўра бобонинг оти!
— Ий-ий-ий, ий-ий-ий!..
Дупур-дупур-дупур… Отлар пишқирди, отлар кишнади. Ёллар селкиллади. Думлар товус пати мисол ёйилди. Туёқлар остидан чанг ўрлади. Дупур-дупур-дупур…
Жўра бобонинг оти қораликка забт билан келди. Чуқурдан сапчиб ўтди. Шунда улоқни қўйиб юбордим.
— Ҳал-о-ол! Жўра бобонинг тўриғиники ҳалол! Жўра бобонинг тўриғи, кел, ҳақингни ол!
Ҳақни олиб, Жўра бобонинг олдига бордим. Жўра бобо жилмайиб, бош ирғади. Теваракка ғолибона ҳам хушвақт қаради. Кўрдиларингми, улоқни бизнинг отимиз олди, деган бўлди.
Тоғай Мурод
От кишнаган оқшом (қисса)