«Блогерлар ҳам одамми, ака» деган гаплар ўтмишда қолди

Сўнгги йилларда менга энг кўп айтилган гаплар рўйхати билан танишинг:

– Сиёсатга қарши чиқма!
– Оқимга қарши сузма!
– Ҳукуматни танқид қилма!
– Бу кетишда тепадагилар сени аниқ “синдиришади”!
– Нима қиласан раҳбарларнинг кўзига ёмон кўриниб?
– Қамаб қўйишмаса гўрга эди…
– ва ҳ.к.

Мана, мисол учун яқиндагина кундузи чироқ ёқиб юриш масаласига оид мақоламдан кейин бир ҳурматли акамиз қуйидагича шахсий хабар юборибдилар (сўзма-сўз келтираман):

«Одамларни исёнга даъват этиш, давлатнинг қонун-қоидаларига ишончсизлик кайфиятини уйғотиш каби айблар қўйилиши мумкин сизга. Ёшлик қилиб, истиқболингизни куйдириб қўйманг».

Баъзан шайтон юрагимга қутқу солганидан, “ростдан ҳаммага ёмон кўриниб зарилми менга?” деб ўйлаб қолардим. Ҳукумат вакилларию, вазирлар, ҳокимлару ташкилот раҳбарларини кўргани кўзи, отгани ўқи бўлмаса керак, келажагимни барбод қилишга арзийдими шу блогерлигим дердим.

2014-2017 йилларда битта танқидим туфайли ТВдаги айрим раҳбарлар мени баъзи телеканалларнинг “қора рўйхатига” киритиб қўйишганини ҳам яхши эслайман (товба, худди ТВга чиқмасам ўлиб қоладигандай, менга “запрет” қўйишганига бало борми?).

Лекин бугун амин бўлдимки, буларнинг барчаси ички қўрқувимиз холос. Цензурани ўзимиз ўйлаб топганмиз, ўзимиз кучайтирганмиз ва ўзимиз уни энг юқори чўққига олиб чиққанмиз. Чунки ҳаммага ҳадик билан қараймиз, ҳаммадан қўрқамиз, овозимизни бировлар эмас, биринчи бўлиб айнан ўзимиз бўғамиз!

Бугун тарихда илк бор 2 нафар блогер давлат мукофотлари билан тақдирланди: мен ҳамда @davletovuz канали муаллифи. Бир қарашда Телеграмдаги энг “ғаламис”, Ҳукуматни энг кўп танқид қиладиган, бировлар кўзи билан қараганда “халқни энг кўп гиж-гижлайдиган” икки нафар блогер. Аммо тасаввурларимиз яна бизни алдади, “юқоридагилар” блогерларга умуман бошқача, хайрихоҳлик кўзи билан қарашар экан.

Менинг ўта шахсий фикримча, Президент ушбу Фармонга имзо чекар экан, мамлакатдаги сўз эркинлигининг янги босқичига старт берди. Сиз ўйлашингиз мумкин, шу иккала блогер давлат мукофоти олдими, демак бўлди, ютуқ уларники, фақат уларга мазза, деб. Аслида ундай эмас.

Агар масалага кенгроқ қарасак, бу Фармон билан Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаро, у қайси соҳада, ким бўлиб ишлашидан қатъи назар, эркин ва мустақил фикр айта олса, ўз сўзига ва фуқаролик позициясига эга бўлса, биз ўйлагандай, Ҳукумат уларни ёмон кўрмаслиги, аксинча уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилмоқчи.

Бу Фармон билан, фуқаролик журналистикасининг ҳар бир вакили, ҳар бир блогер энг юқори даражада тан олиниши мумкинлигига ишора қилишмоқчи.

Давлат мукофоти берилгандан кейин мен ёки Давлетов.уз дарров “бизда ҳаммаси яхши, ҳаммаси зўр, яшасин мусаффо осмон” деган позицияга ўтмаслигимизни, аксинча бундан илҳомланиб, янада ўткирроқ мавзуларда таҳлилий ва танқидий қалам тебратишда давом этишимизни раҳбарлар ҳам жуда яхши билишади. Аслида уларга айнан шу керак.

Бу мукофот овозни ўчириш эмас, аксинча уни янада баландроқ кўтариш, қолган фуқароларни ҳам қўрқмасдан “гапиришга” ундаш эканлигини яхши англашимиз керак.

Давлат раҳбари мазкур Фармон орқали биздан айнан шуни сўрамоқда, шу жамият ривожи учун эркин ва ҳур фикрли, нияти холис бўлган инсонларнинг кўпайишини хоҳламоқда.

Хўш, биз бу чақириққа тайёрмизми? Шу жамият ва юрт ривожи учун керак жойида мақтаб, керак жойида раҳбарларнинг жон-жонидан ўтказиб юборадиган аччиқ танқидларимиз билан уларга кўзгу тутишга тайёрмизми? Ҳеч қайси бир гуруҳларнинг ноғорасига ўйнамасдан, холис ва асосли, энг асосийси эркин фикрларимиз билан олис сафарга чиққан давлатга ёрдам беришга тайёрмизми?

Сизчи, сиз бунга тайёрмисиз?

Хушнудбек Худойбердиев

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Савол кўндаланг қўйилади: ҳокимият “дахлсиз объект”ми?

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўришни мен ўзим учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб ...

Beeline компаниясини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган фуқаро ушланди

2019 йил 4 апрель куни номаълум шахс “Beeline” уяли алоқа компаниясига қўнғироқ қилиб, ҳисоби тўлдирилган бўлса ҳам қўнғироқ қилолмаётганини, агар 5 дақиқада ҳисоб рақамини ...

Самарқандда кон остида қолган 30 олтин изловчи қутқарилди, фвв шахтани ёпиб ташлади

Самарқанд вилоят, Пахтачи туманидаги Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Қорақўтан конида ғайриқонуний 30 нафар олтин изловчи қутқарилди, ФВВ шахтани ёпиб ташлади. ...