Бутунжаҳон бокс ассоциацияси WBA профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унда ўзбекистонлик боксчиси Шаҳрам Ғиёсов (8-0, 6 КО) юқорилашга муваффақ бўлди, дея хабар бермоқда GoSport.uz интернет-нашри.
Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов июнь ойи учун чиқарилган рейтингда олдинги ойга нисбатан икки поғона юқорилаб, 11-ўринга жойлашди. Шаҳрам апрель ойи сўнгида америкалик Эммануэль Тэйлорни очколар ҳисобида мағлубиятга учратиб, WBA International чемпионлик камарини қўлга киритганди.
Янгиланган рейтингда супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (3-0, 3 КО) май ойида бўлгани каби 6-поғонада, иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6-0, 5 КО) ўтган ойдаги каби иккинчи ўринда қолди.
Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) эса бу сафар рейтингда пастлаб 5-ўринга жойлашди.
Рейтингда ўзбекистонлик бошқа спортчилар ўрин олмаган.