Кейинги пайтда «самосуд»лар кўпайиб кетгандай. Ё менга шундай туюляптимикан? Аслидаям, шундай.
Ҳар икки куннинг бирида ашаддий «жиноятчи»га антиқа усулда «ҳукм» чиқарилганига гувоҳ бўляпмиз. Ахир, адолатпешалар ўзининг одилона ишини бошидан охирига видеога ҳам олишмоқда. (Яхшиям, шундай йўл тутишаётган экан. Агар биз бу ҳақда қаердан хабар топардик).
Шу кунларда Тошкентдаги «Қўйлиқ» бозорида бир нечта фуқаролар томонидан икки кишининг калтакланаётгани акс этган видео хитга айланди. Айтилишича, уларни ўғирлик устида қўлга туширишган. Шу заҳоти муштумзўрлар билагига зўр беришади…
Биз қайси даврда, қандай жамият яшаяпмиз ўзи? Нега бунчалик оломонлашиб кетяпмиз?
Тўғри, ўғирлик гуноҳ. Мол аччиғи эса ёмон. Аммо нега қонуний чора кўриш ўрнига жунгли қоидасини ишга соламиз? Нима одамлар қонундан қўрқмай қўйдими?
Билмадим. Билганим, одамларда қонунлар ижросига ишончсизлик кучайса, адолат танатана қилишига умид йўқолса, кўча қоидалари ишга солинаверади.