Паолага кўрсатилган мулозамат ўзбекларга қачон кўрсатилади?

24 ёшли атлет, мексикалик қиличбоз Паола Плиегога Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги тўғрисидаги хабарни ўқиб, рости хўрлигим келиб кетди.  Олдиндан айтиб қўяй, менда кўролмаслик, ичиқоралик каби салбий одатлар йўқ. Буни ўзимни оппоқ қилиб кўрсатиш учун эмас, балки дунёқарашларимиз ва фикрларимиз бир-биримизга унчалик тўғри келмайдиган дўсту бирадорларимга жавоб сифатида айтаётирман.

Мени Ўзбекистоним, шу азиз юртим, табаррук ватанимнинг тараққиёти, равнақи учун тер тўкиб меҳнат қилган, қилаётган, меҳнатлари эвазига ютуқларга эришган, эришаётган ҳар бир юртдошимнинг муваффақияти, ғалабаси, у ким бўлишидан қатъи назар, фақат қувонтиради, фахрлантиради, меҳнати қадр топмаган, эъзозланмаган, ҳуқуқлари поймол бўлган ватандошларимга нисбатан  эътиборсизликлар, беписандликлар эса том маънода нафратлантиради.

Хулласи калом, мексикалик қиличбоз Паола Плиегога Ўзбекистон фуқаролиги берилгани туфайли хўрликларим келиши замирида ҳеч қандай ғаразгўйлик аломатлари йўқ. Мени кимлардир юртимизда 30 соат яшамай туриб, фуқаролик олган бир пайтда Ўзбекистонда 30 йиллаб яшаган ҳолда фуқаролик ололмаётган шахслар борлиги, юртимизда уларга нисбатан адолатсизликлар ҳамон давом этаётгани қаттиқ ташвишлантиради.

Энг ачинарлиси, шу кунга қадар Ўзбекистон фуқароси бўлолмаётган шахсларнинг деярли 97-98 фоизини Ўзбекистонда доимий яшовчи, уни ўз она Ватаним деб ҳисобловчи, собиқ СССР парчаланиши натижасида прописка деган қусур туфайли Ўзбекистон фуқароси бўла олмаган ўзбек миллатига мансуб, Ўзбекистондан ташқарида туғилган ўзбеклар ва ҳатто уларнинг Ўзбекистонда туғилган фарзандлари ташкил этади.

Ундан ҳам ачинарлиси шуки, улар орасида Ўзбекистонга Паоладан кўра кўп шараф келтирадиган, ўқимишли, зиёли, илмли, бир неча китоб ёзган олимлар, имконсизликлар туфайли Ўзбекистон довруғини оламга ёйишдан маҳрум бўлган шахслар бор.

Бироқ, афсуски, ўзбек деганда тепа сочи тик турадиган Каримов ҳукумати ўзлари яратган Конституцияга, қонунларга хилоф ҳаракатлари орқали улардан аксариятининг энг гуллаган ёшлик чоғларини ҳавога совурди. Буни Мирзиёев баҳоли қудрат давом эттиряпди. Агар ундай бўлмаганда эди, Шавкат Миромонович ҳар қандай қоғозбозликларни бир чеккага йиғиштириб, кутилмаганда, бемаврид фуқаролиги бўлмаган шахсларга, айбсиз айбдорларга айланиб қолган минг-минглаб жабрдийдаларга зудлик билан фуқаролик берган бўларди! Плиегога ўхшаган қиличбозларга ўйламай-нетмай, қонунга биноан Ўзбекистон ҳудудида доимий беш йил яшашини кутмай фуқаролик беришга қарор қилишда, Илтимосномаси, аризасига (агар ёзган бўлса) имзо қўйишда озгина бўлса ҳам виждони қийналган бўларди?!

Мексика Олимпия Қўмитасидаги коррупция ҳолатидан безор бўлган етти ёт бегона шахснинг эмас, шу юрт, шу заминнинг асл эгаси бўлмиш  ўзбекларнинг, йиллар давомида фуқаролик ололмаётган шахсларнинг оғирини енгил қилишга астойдил чоғланган бўларди!

Паола Плиегога ўхшаганлар Ўзбекистон шарафини фақат қиличбозлар мусобақасида, бунинг орқасидан катта пулга эга бўлиш мақсадида ҳимоя қилишини, Ўзбекистонда яшаб туриб фуқаро бўлолмаётган шахслар эса она-Ватанимизни ҳеч қандай таъмаларсиз, сидқидилдан ҳимоя қилишини теран англаган бўларди!

Рости, кейинги пайтларда Ўзбекистонимизни ким бошқараётганини билолмай қолдик. Паола Плиегога оппа-осон йўл билан фуқаролик берилишига қараганда бизни асли ўзбекистонлик миллиардер, 2008 йилдан буён Халқаро Қиличбозлик Федерацияси (FIE) президенти лавозимида ишлаб келаётган Алишер Усмонов ҳам бошқараётирмикан, деган хаёлларга боради киши. Э-воҳ, мексикалик қиличбозга кўрсатилган мулозаматлар Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга қачон кўрсатиларкан?

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сурхондарёнинг сариосиё тумани ҳокимлиги диққатига!!!  мактаб юзини кўрмаётган бола

Биз мақтанишни, умуман бошқаларга яхши кўринишдек иллатни қаердан бунча юқтириб олганмиз, билмайман. Аслида, бошқаларга яхши кўриниш иллат эмас. Лекин мақтовлари оширилиб ...

4 яшар қизини калтаклаган милиционер ота устидан жиноят иши очилди

Яқинда ижтимоий тармоқларни 4 яшар қизчанинг ўз отаси томонидан калтаклангани ларзага солди. Воқеа Тошкент шаҳри Чилонзор туманида содир бўлган; қизчанинг отаси милиция ...

Ўзбекистон аҳолисининг бор-йўғи 5,8 миллиони расман иш билан банд

Давлат солиқ қўмитаси олиб борган таҳлил натижасида Ўзбекистоннинг 13,2 миллион фаол аҳолисининг бор-йўғи 5,8 миллиони (44 фоизи) расман иш билан банд эканлиги маълум ...