ҲАР БИР ИШНИ АДОЛАТЛИ ҲАЛ ЭТСА БЎЛАДИ

Бугун Ўзбекистоннинг турли ерларидаги бузди-бузалоқлар, минг хайрли ниятда бўлмасин, ижтимоий адолат кескин бузилишига сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан икки воқеа эсимга келади. Иккиси ҳам Туркияга алоқали.

1997 йил эди. Кўняда катта бир кўча бўйига қаторасига ўн қаватли замонавий уйлар тушиши керак бўлган. Эски уйлар эгалари рози қилиниб, бузиш бошланган. Битта кампир уйини сотмаган ҳам, бузишларига рози бўлмаган ҳам. Лойиҳа бўйича охирги уй ўша ҳовли ўрнига тушиши керак экан.

Аммо, ажаб, давлат “Уйни бўшат!” деб уни мажбурламаган, уйидан ҳайдаб чиқармаган, битта чўпини ҳам жойидан силжитмаган.

Нима қилган?

Эски чолдевор ҳовлини бус-бутун қолдириб, теварагига тўртта кучли устун қўйиб, ҳовли устидан кўпқаватли уйининг бир қанотини учинчи қаватидан бошлаб қуриб кетаверган.

Шахсан ўз кўзим билан кўрганман ўша уйни.

Айтишларича, қурилиш чоғи ҳам кампирнинг уйига зарар етказишмаган! Қайтага, ихтиёрсиз қўзғаладиган чанг-тўзон учун кампирни алоҳида рози қилишган!

Мана, адолат! Мана, шахсий мулк дахлсизлиги! Мана, одамнинг давлат олдидаги ҳурмати!

Иккинчи ҳодисага Истанбулда 2016 -2017 йиллари гувоҳ бўлдим.

Давлат агар бир ҳудудда янги қурилиш қилмоқчи бўлса, ўша ҳудуд аҳолисини камида уч йил олдиндан огоҳлантирар экан. Сўнгра, мана, нима қиларкан:

Биринчидан, уйлари бузилишга тушган ҳудуд аҳолисига айни ўзи яшаб турган ердан янги уй ажратиларкан!

Иккинчидан, янги уйлар бир йилда битадими, уч йилга чўзиладими, унгача яшаб туриш учун собиқ жой эгаларига қулай ерлардан ижарага уй топиларкан ёки ўзлари топган тақдирда то янги уйлари битгунича уларга ижара ҳақи бериб туриларкан!

Яшаб турган апартмани (“дўм”и) бузилишга тушган одамларнинг норози бўлганини мен кўрмадим. Қайтага ўзининг маҳалласида, эски уйи ўрнига яп-янги уйли бўлиб қолаётгани улар учун совғадай гап! Ахир, бу одамлар беганамас, шу давлатнинг одами, шу мамлакатнинг ватандоши, шу юртнинг эгаси! Ютса, шулар ютади!

Яқин-яқингача капиталистик давлатларни “Уларда одамнинг қиймати йўқ, ҳамма нарса пул билан ўлчанади” деб сўкиб келганмиз. Ҳолбуки, улардаги ОДАМга, бировнинг МУЛКига муносабат нақадар инсоний! Нақадар адолатли!

Бизда нима бўляпти?

Совет ўлганига ўттиз йил бўпти, ишлар ҳали ҳам ўша советчасига қилиняпти: қайсидир калладан бир аҳмоқона фикр чиқади, йўлакай шартта айтилади, тўртта аҳмоқ уни ўйлаб-нетиб ўтирмай ижросига киришади!

Халқининг пойдасига ишлайдиган қонун йўқ! Халқининг ҳузур-ҳаловатини, манфаатини ўйлайдиган амалдор йўқ! Мамлакат ўрмон қоидасига кўра, ёввойиларча бошқариляпти гўё!

Кети ўйланмасдан қарсиллатиб битта буйруқ бериляпти, ўша заҳоти ҳайя-ҳайя бошланяпти – уйи бузилишга тушган одамларга олдин яшашга шароит яратиб қўймасдан, бутун бошли оилаларни бола-чақаси билан кўчага ҳайдаб солиб, изиллатиб, уйларга булдизир солиб юбориляпти! Одамлар одам ўрнида кўрилмаяпти!

Уй эгасини рози қилиш деган гап-ку, эскилик сарқити!

Биринчидан, гап-сўзларга қараганда, бузилаётган уй ва жой эвазига берилаётган ҳақ оз, кўнгилдагидай эмас.

Иккинчидан, янги жой ёки янги уй одамларга ўзи яшаб келган ерлардан ажратилмаяпти!

Масалан, Тошкентнинг қоқ марказида Ўқчи маҳалласи ва ёндош маҳаллалар тўла йўқ қилиниб, ўрнига “Тошкент сити” қурила бошланди. Шу ерликларга шу ернинг ўзидан текинга уй ажратилдими?

Йўқ!

Ҳолбуки, бутун маҳалла аҳолиси жуда нари борса битта баланд бинога жойлашиб кетарди. Давлатга ё шаҳар ҳокимиятига гектарлаб бўш ер қоларди. Бўшаган ўша қисмидан топган фойдасининг юздан бири билан маҳаллий аҳолининг кўнглини олса, ижтимоий адолатга риоя этилса бўлади, ахир!

Ҳозир нима қилиняпти?

Бировларнинг маҳалласи “тортиб олиниб” бошқа бировларга – асосан бойларга сотиляпти! Асрлардан бери бу маконда бирга-бирга яшаб келганлар тирақайлатиб шаҳарнинг бошқа, ҳатто чекка ҳудудларига сочиб юбориляпти!

Совет даврида шундай қилинарди – марказларда дўмлар қуриб шаҳар асосан ўрислаштириларди, маҳаллий халқни “дўмни истамади” деган баҳона билан чеккаларга чиқариб ташланарди. Ўша анъана давом этяпти гўё!

Бугун совет йўқ. Бугун ўзимиз ўз халқимизга жавр қиляпмиз.

Пойтахтдаки аҳвол шундай, чекка шаҳар ва туманлардаги ҳақсизликларни ўзингиз тахмин қилаверинг. Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, деб бекорга айтмаган халқимиз.

Ҳеч бир хайрли иш битта мазлумнинг кўзёшига арзимайди. Бошқача айтганда, халқнинг кўзидан ёш оқиздириб қилинган “хайрли ишлар” татимайди, буюрмайди!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Самарқандда 4376 нафар ўқитувчининг тоифаси олиб қўйилди

2018 йилда ўтказилган аттестация натижаларига кўра, Самарқанддаги педагогларнинг 364  нафарига олий, 1286 нафарига биринчи ва 3603  нафарига иккинчи ҳамда 3030 нафарига ...

Замонавий “қулоқлар” эркка рахна солмоқда

Замон тескари айланиб, мулозимларнинг югурдаклари жамият муаммолари эмас, балки амалдорни танқид қилганлик ҳолатлари ҳақида хабардор қилишга одатланишди. Фалончи блогер сизни ...

Хўжайлида ҳамшира икки кунлик чақалоқни 8 млн. сўмга сотаётган пайтда қўлга тушди

Бундан бир ой олдин “Хўжайли туман ҳокимига электрон мурожаат” группасига туман тиббиёт бирлашмаси туғриқхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида мурожаат келиб тушган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400