От кишнаган оқшом (қисса) 38-39-қисм

38

Ора совиди. Қишлоқ тинчиди.
Ана шунда Тарлонни уйга олиб келдим.
Чавандозлар белига пул ўраб, Обоқлига йўл олди. Обоқлидан от олиб келди.
От билан ажаб гапларни-да топиб келди.
Гўштга от олиш кўпга келган тўй эмас эмиш. Обоқли тарафларда отлар бус-бутун эмиш, тус-тугал эмиш…

39

Бу гап қишлоқдаги беш-олти аризабоз қулоғига етди.
Аризабозлар қулоғи динг бўлди. Аризабозлар кечалари уйма-уй юрди, ариза тўплади.
Бир кеча бизникига келди. Аризабозлар султони бўлмиш Ботир мироб сирли овозда тайинлади:
— Дарвоза ичкаридан тамбалансин. Ҳовли чироғи ўчирилсин. Бола-чақа бу уйга яқин йўлатилмасин. Ичкари эшик зичлаб ёпилсин. Дераза пардалари туширилсин. Сўнг, қаршимизга келиб ўтирилсин!
Ботир мироб айтганларини бажариб келдим. Даврага қўшилиб ўтирдим.
Аризабозлар бошимдан кечган савдони гапириб беришимни сўради.
Мен сир бермадим, талмовсирадим. Боиси, ўшанда ўн кун ётганим элга достон бўлди. Эл орасида юрувсиз бўлдим. Мана, достоним деярли унут бўлди. Кўнгилсиз достонимни яна қўзғагим келмади.
— Ботир ака, бўлган иш бўлди, буёғи синди. Қўйинг, шу аризабозликни, — дедим.
— Ия-ия! Ҳей, оғизга қараб гапирилсин! Ким аризабоз? Бизми? Биз ёзувчимиз, билиб қўй, ёзувчи! Халқ йўлидаги, ҳақиқат йўлидаги ёзувчилармиз! Анави ғазал, роман… ёзувчилар яна нима ёзади, ўртоқ Ҳамидов?
Қабатидаги адабиёт муаллими ўз улушини қўшди:

— Ҳа-ҳа! Поема, баллада ёзувчиларинг ёзувчи эмас, биз ёзувчи! Мана, биз! Ёзувчиларингнинг асарларида факт йўқ, адрес йўқ! Масалан, мана ўзимизнинг Тоғай! Бўри бечоранинг ўғли!
Ўлишни китоб қилиб ёзди. Энди кўпкариниям китоб қилаётган эмиш. Ёзишга ёзди, лекин текширтирмади, чора кўрдирмади. Халққа нафи тегмади. Халқ ёзувчиларнинг китобини пул сарф қилиб олади. Вақтини исроф қилиб, эринмай ўқийди. Кейин… қайғули асарни нима дейди, ўртоқ Ҳамидов? Ҳа-ҳа, трагедия! Трагедия бўлса таъсирланиб йиғлайди. Агар… ўртоқ Ҳамидов? Во-во-во, сатирик бўлса, қаҳ-қаҳ уриб кулади. Бари қуруқ сафсата! Халқнинг бирон-бир ишини битказиб бермайди. Халқнинг кам-кўсти эса ачиб ётибди. Халққа ким амалий ёрдам беради? Биз! Демак, асл ёзувчи биз! Тўғри, ёзганларимизни китоб қилиб чиқармаймиз.
Асарларимиз турли идораларда қолиб кетади. Лекин китоб қилиб чиқарамиз десак, чиқарамиз.
Ана, сандиқда юзлаб шикоят асарларимиз нусхаси тахланиб ётибди. Иккинчи марта оғиздан аризабоз деган гап чиқарилмасин, ҳа!
— Тавба қилдим ака, тавба қилдим.
— Шундай бўлсин! Энди гапирилсин. Бошидан бошлансин.
— Шу, бир кечаси мендан бешбаттар ийиғи чиққан бир кал келди. Ёнида иккита шапка-да бор…
— Менга қаралсин, нима, дунёнинг иши кўпкарими? Кал дейилмасин! Ўртоқ Фалончиев деб айтилсин! Шапканг ким? Милитсионер? Менга қаралсин, шапка инсон эмас! Шапка — латта!
Шапка— картон қоғоз! Шапкани жавобгарликка тортиб бўлмайди! Лейтенант Фалончиев, сержант Фалончиев деб айтилсин!
— Хўп. Ой ҳамсоямиз Қулмат полвоннинг тераклари учига осилиб қолган-да…
— Уф-ф, мабодо шоир-поир эмасмисан? Бўлмаса нега ойдан, юлдуздан гапирасан? Ойдан пастга тушилсин! Ердан гапирилсин! Лирика сувга бориб айтилсин! Бизнинг ишимиз жиддий, халқ аҳамиятига молик иш! Судларда қатнашилганми? Йўқ? Унда, колхоз ҳисобот мажлисида каминанинг нутқ сўзлагани кўрилганми? Ана, камина мажлисда қандай гапирган бўлса, ана шундай гапирилсин!
Ботир миробнинг колхоз умумий мажлисида гапиришини ёдладим. Худди миробдай қўлларимни қорнимга қовуштирдим. Бошимни тик тутдим. Киприк қоқмадим. Дона-дона қилиб айтиб бердим.
Мироб олдимга қоғоз билан қалам қўйди.
— Энди қандай айтилган бўлса шундай ёзилсин. Нимага? Бешинчи синф? Маълумотинг мендан бир синф юқори бўлатуриб ёзолмайсанми? Ҳа, майли. Ўртоқ Ҳамидов, сиз ёзинг, бу киши қўл қўйиб беради.
Биродарлар, аризабозлардан Денов қолмади, Термиз қолмади, Тошкент қолмади. Идорама-идора чопди.
Аризабоз дегани ажабтовур эл бўлди. Бўлмаса, аризабозларнинг отини олмади. Аризабозларга ел-югур, деб, биров бир чақа бермади. Аризабозлар ўзлари ёнидан ўзлари чопди.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-йигит!

Маълумки,  кеча  Султонали  мирзо  қул  болаға  Гулшанни  чақиришни  таъйинлаб,  ўрдадан чиққан эди. Шу чиқишда ўрда атрофидан силжимай, кечгача Гулшанни кутди. Аср намозидан ...

Устозим рауф парфи – устозга шеърий эҳтиром

Бошқа шоирларда қандоқ, билмадим, аммо мен ёзган шеърларимни ўз танқидимдан бир неча бор ўтказмагунча эълон қилишни истамайман. Баъзи шеърлар эса  умуман нашр этилишига ...

Юлдузли тунлар-9

2 Саҳарликни еб, йўлга тушган ёв қўшинининг олдинги тўпи кўприкка чиқа бошлаганда тонг қоронғиси ҳали тарқалмаган эди. Ёмғир тоғларда қаттиқ қуяётганлиги учун Қувасойнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400