От кишнаган оқшом (қисса) 40-қисм

40


Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади.
— Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди.
— Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим.
Ботир мироб шаҳодат бармоғини лабига босди.
— Тиш-ш-ш! — деди.
Аризабозларга эргашдим. Душанбега йўл олдим. Йўлда автобус деразасидан икки марта қусдим.
Душанбедан Москвага учдим.
Умримда биринчи марта самолётда учдим. Қани, кўрайин, қани, самолёт деган улов қандайчикин экан, дедим.

Самолёт бир пасайди, бир кўтарилди. Юрагим товонимга тушиб кетгандай бўлди.
Кейин, жойида туриб қолди. Нағмаси кўп бўлди. Одамнинг юрагини ёрди. Улов бўлсанг, сидирға юр, уккағарнинг самолёти, дедим.
Самолётдан кўнглим қолди. Уловлиги йўқ экан, ҳа, демадим.
Самолёт деразасидан қараб ҳайрон бўлдим. Шундайгина остимизда пахта уюлиб ётибди!
Самолёт тегайин-тегайин дейди.
Қабатимдаги Ҳамидов муаллимга юзландим.
— Эҳ-ҳе, пахтани қаранг, пахтани! — дедим.
Ҳамидов қаради. Кейин, кетига чалқайиб кулди. Телпагимни юлиб олди. Тақир калламга шапатилади! Калламга шапатилаб-шапатилаб кулди.
Калламни елкаларим орасига олдим. Кафтим билан бекитдим. Телпагимни тортиб олиб кийдим.
Тағин деразадан қарадим. Ана энди билдим. Кўринаётган пахта эмас, оппоқ булутлар бўлди.
Москвада тушдим, аризабозлар кетидан эргашдим.
Москвада нима кўп, машина кўп бўлди. Битта-да от бўлмади!
Автобусда юрдим-юрдим, бир жойга келдим. Йўл четида турдим, ўткинчи-кеткинчи машиналарга қўл кўтардим. Ғуж-ғуж машиналардан бирови-да тўхтамади. Кўтарабериб, қўлларим чарчади. Турабериб, оёқларим толди. Қорним қур-қур қилди. Тоқатим тоқ бўлди.
Шунда узун бир машина жиринг-жиринг этиб келаберди. Тезлаб келаяпти-да, деб бўлмайди, оҳисталаб келаяпти-да деб бўлмайди. Яқин келиб, янада оҳисталади. Фаросат қилдим, қўл кўтарсам, тўхтайдиган кўнгли бор.
— Ай, Ҳамидов муаллим, бу қандай машина бўлди? — дедим.
— Трамвай, — деди муаллим.
— Кўча юзида симёғочдай бўлиб турамизми? Ана шу трамвайни кира қиламиз! Харажати мендан! — дедим.
Ҳамидов муаллим кулди.
— Трамвай қиммат, — деди.
— Қиммат бўлса бўлар! Кетса, бир қўйнинг пули кетар! — дедим.
— Унда, ўзингиз кира қилинг.
Чопқиллаб бордим. Трамвай олдини олдим. Ўнг қўлимни бошим узра кўтардим.
— Ай, трамвай, остановка! — дедим.
Трамвай жиринг-жиринг этиб оёқ илди. Трамвайчи деразадан қаради. Менга ияк қоқди. Ҳа, нима дейсан, деган бўлди.
Мен ўнг қўлимни олға сермадим.
— Тўғрига! — дедим. — Айтган пулингни берамиз! — дедим.
Трамвайчи бош-адоғимга қаради-қаради-да, бош ирғади. Майли, деган бўлди. Бошмолдоғи билан трамвай эшигига ишора берди.
— Айда! — деди.
Шунда эшик тарақ этиб очилди. Мен лип этиб трамвайга миниб олдим. Кетимдан аризабозлар минди.
Аризабозларга ҳаволаниб-ҳаволаниб қарадим.
— Ана, бир оғиз гап! — дедим.
— Ҳа, кучингдан, Зиёдулла кал! — деди Ботир мироб.
Трамвай бир юрди, бир тўхтади. Чайқалиб-чайқалиб хийла юрди.
Бир жойда Ҳамидов муаллим:
— Ҳозир тушамиз! — деди.
Биринчи бўлиб мен тушдим. Трамвай кира қилишга қилдим, энди кира ҳақини тўлайин, дея қўйнимни ковладим.
Шунда Ботир мироб:
— Мен тўладим, — деди.

— Ҳа-а, бинойи, — дедим.
Шу, Ботир мироб кўпга тушиб кетдиёв. Тўрт одамга кира ҳақи тўлашнинг ўзи бўладими. Тушса тушар! Нима, миробга мени эргаштириб кел, дедимми! Эргаштириб келдими, тўласин-да!
Аризабозлар катта бир идорага кириб кетди. Мен остонадаги қоровул олдида қолдим.
Аризабозлар ўргатган гапларни ичимда бот-бот қайтариб ўтирдим.
Ниҳоят, аризабозлар чиқиб келди. Катталар мени йўқламабди. Аризабозлар гапига ишонибди.
Яхши бўлибди. Тағин катталар салобати босиб, дудуқланиб қоламанми, дея қўрқиб эдим.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-50

3 Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 7-қисм

7 Биродарлар, бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар ...

Чингиз айтматов:қиёмат 33-қисм

Мана энди улар Авдий Каллистратовни суд қилишарди. Улар деганимиз — беш ароқхўр — Обер-Кандалов,  Мишаш,  Кепа,  Гамлет-Галкин  ва  Абориген-Узуқбой.  Тўғрироғи,  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400