Юлдузли тунлар-67

ЛАХЎР. ПАНИПАТ. ДEҲЛИ
ЯНГИ ҚИРҒОҚЛАР
1

Қўшин илгарилаган сари ўрмон қалинлашиб борар эди. Чинордай баланд банъян дарахтларининг очиқ илдизлари шохларидан пастга осилиб тушиб, ерга кириб кетган. Йўғон чирмовуқлар дарахтдан дарахтга ўтиб, ҳаммаёқни ўраб-чирмаб ташлаган. Оёқ тагида ўсиқ буталар. Ҳаво дим ва рутубатли.
От устида келаётган Бобур енгил шоҳи кўйлак кийган бўлса ҳам терлаб-пишиб кетган. У банъянларнинг шамолдан шовуллаётган баланд шохларига термилиб қарайди. Тепада эсиб турган шамол чангалзор ўрмон ичида бораётганларга шабадасини ҳам теккизолмайди.
Ўрмондан маймунларнинг шўх қий-чувлари эшитилиб туради. Гоҳо товусларнинг «қў-ў-ўв» деб кескин ва нохуш овоз билан қичқиргани қулоққа чалинади.
Бир пайт ўрмон ичида туя етаклаб пиёда кетаётган навкарлардан аллақайсисининг жон аччиғи билан чинқиргани эшитилди. Сўнг сафдан-сафга:
— Илон чақибди!
— Кўзойнакли илон! — деган шивир-шивир тарқалди.
Тўп ортилган аравалар томондан оти лойга ботган уста Алиқул ташвишланиб чиқиб келди-ю, Бобурга арз қилди:
— Подшо ҳазратлари, оғир тўпларни бу чангалзор ўрмондан ўтказиб бўлмас! Оёқ таги лой! Тўп ортилган аравалар ҳаммаси тиқилиб қолди!
Бобур орқароқда келаётган Тоҳирга ўгирилиб қаради:
— Раҳнамони чорланг, бек!
Йўл бошловчи Лаъл Чанд олдинда фил миниб бормоқда эди. Тоҳир уни чақириб келганда Бобур минган саман от филдан ҳуркиб асабий пишқирди. Лаъл Чанд филини тўхтатиб, унинг қулоғига бир нима деган эди, фил хартумини юқорига чўзиб, пастга тушириб қўйди.
Лаъл Чанд кафтларини бир-бирига қўйиб, кўзи аралаш пешонасига теккизди-да, Бобур-га таъзим қилди. Бобур унга форсча гапирди:
— Бу йўл бизга тўғри келмади. Бошқа йўл топиш керак.
— Ҳазрат олийлари, бошқа йўлларни сув босган. Бу ер Панжоб. Бешта дарёмиз бор. Ҳаммаси тошган.
— Панжобда аравалар ўтадиган йўл кўп деб эшитганмиз. Бу йўлда аравалар тиқилиб, юролмай қолди. Биз адашдикми?
— Адашганимиз йўқ, ҳазратим. Аравалар қаерда тиқилди?.. Рухсат беринг, фил билан чиқарай.
Бугун юрсак, эртага яхши йўлларга чиқамиз. Лахўр яқин.
— Филни бошлаб боринг, араваларни чиқариб берсин, — деди Бобур уста Алиқулга. Кичкина жуссали озғин Лаъл Чанд тоғдай баланд қора филга яна унинг хартуми ёрдамида минди. Сўнг филнинг супрадай катта қулоқларига тиззалари билан ниқтаб, қўлидаги учи қайрилган темир хилла — кажак ёрдамида уни ўнгу сўлга йўналтириб, тўп ортилган араваларга қараб кетди.
Туялар тортолмай қолган араваларни фил бирпасда балчиқдан чиқариб берди.
Араваларнинг бирида оёғини илон чаққан навкар кўм-кўк кўкариб, инграб ётибди. Унинг тирик қолиши гумон бўлса ҳам яланг оёғининг илон заҳар солган жойига доривор барглар қўйиб боғлашган, заҳар баданга кўп тарқалмаслиги учун тиззасини ола чилвир билан танғиб ташлашган эди.
Аравалар қўзғалди. Фил минган йўл бошловчи яна олдинга ўтиб кетди. Йўл юрганлари сари рутубат кучайиб, нафас олиш оғирлашиб борар эди.
Кун оққанда Рави дарёси томондан юзтача қуролли одами билан Ҳиндубек чиқиб келди. Хос навкарлар уни яхши билишарди. Асли деҳлилик сипоҳийлардан бўлган Ҳиндубек Иброҳим Лоди билан келишолмай бундан етти йил олдин Кобулга борган ва Бобурнинг хиз-матига кирган эди. Қирқ ёшлардан ошган бу йигит Бобурнинг Ҳиндистонга қилган аввалги юришида кўп жасорат кўрсатган эди. Бобурга унинг довюраклиги билан бирга ватанидаги ички парокандаликни тугатиш йўлида кўп қон тўкмасликка, иложи бўлган жойларни жангсиз олишга астойдил интилиши ҳам жуда маъқул тушган эди. Ҳиндубек туркий, форсий тилларни ҳам мукаммал ўрганган, илмли, маърифатли, дилкаш киши бўлганлиги учун Бо-бурнинг энг яқин мусоҳиб беклари қаторига кирган эди. Бундан олдинги юришда Кашмирдан оқиб келадиган Жилом дарёси бўйидаги Бҳира Ҳиндубекнинг ҳаракатлари билан жангсиз олинганда Бобур бу обод вилоятга Ҳиндубекнинг ўзини ҳоким тайинлаб, Кобулга қайтиб кетган эди. Ҳозирги юришда Бобур Лахўрни ҳам қон тўкмасдан жангсиз олиш умидида эди ва Ҳиндубекни воситачи қилиб Лахўр амирлари билан музокара олиб бормоқда эди.
Бобур Ҳиндубекни узоқдан таниди ва у билан яккама-якка гаплашиш учун отини йўлдан
четроққа бурди. Ҳиндубек отдан тушиб, таъзим қилди.
— Сўзланг, бек!
— Ҳазратим, Давлатхоннинг авзойи бузуқ. Мени туттирмоқчи бўлганини сезиб қочиб келдим.
— Нечун? Ахир Кобулга ўғли Диловархонни юбориб, биз билан иттифоқ тузган эди-ку. Мен уни отам деган эдим! Қанча яхшиликлар қилган эдим.
— Давлатхон ҳаммасини унутган. Белига иккита қилич тақиб олган. Мен бунинг сирини ўғли Диловархондан сўраб билдим. Бир қилични Деҳли султонни Иброҳим Лодига қарши таққан эмиш. Иккинчи қилични сизга қарши.
— Ўғиллари ҳам ёғийлик мақомидами?
— Диловархон сизга хоҳон, келиб мулозамат қилмоқчи, Лахўрни жангсиз бермоқчи. Отаси мени туттирмоқчи эканини Диловархон айтиб, бир фалокатдан қутқарди. Лекин катта ўғли Ғозихон отаси томонида.
— Оламхон-чи?

— Оламхон Иброҳим Лоди билан урушиб мағлуб бўлгандан бери қайта урушишга журъати йўқ.
Лахўрга борганингизда чиқиб мулозамат қилишга сўз берди. Агар Ғозихон шикаст еса, кўпчилик беклар бўйин эгурлар, Лахўр жангсиз олинур. Лекин… ҳазратим, нечун Лахўрга бундай ёмон йўллардан бормоқдасиз?
— Панжоблик иттифоқдошларимиз пешвоз чиқарган раҳнамо бизни шу йўлга бошлади.
— Қани ўшал раҳнамо? Ижозат беринг, мен бир тафтиш қилиб кўрай.
Фил минган йўлбошловчини яна чақириб келдилар. Лаъл Чанд филини чангалзорга яқинроқ бир жойда тўхтатди ва яна жуфтланган қўлини пешонасига қўйиб, эгилиб саломлашди.
Ҳиндубек ҳам кафтини жуфтлаб, пешонасига теккизди-да, ўзини осойишта тутиб, ҳиндча гапириша бошлади:
— Асли қаерликсиз?
— Аграликман, соҳиб.
— Панжобга қандай келиб қолгансиз?
— Иш излаб келганман.
— Шундай зўр филингиз бор экан, Иброҳим Лоди сизга иш топиб бермадими?
— Иброҳим Лоди хасис. Бутун мамлакатнинг олтинларини йиғиб, хазинасига яшириб қўйган.
Қурилишга сарфлаш йўқ. Одамларни ишлатиб, рози қилиш йўқ! Безор бўлдик!
— Тўғри айтасиз, — деди Ҳиндубек. — Мен ҳам Лодиларнинг зулмидан қочиб келганман.
Искандар Лоди* менинг отамни саркашликда айблаб, қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб ўлдирган.
Филбон Ҳиндубекка мароқ билан тикилди-ю:
— Кшатрий*ларданмисиз? — деди.
— Ҳа, асли отим Индри. Бобур ҳазратлари Ҳиндубек деб атадилар. Бу ном ҳаммага маъқул бўлди. Хўш, сизнинг отингиз нима?
— Лаъл Чанд.
— Сиз ҳам Иброҳим Лодининг зулмидан қочиб келган экансиз. Энди бу зулмдан бизни ким қутқаради, деб ўйлайсиз?
— Худо.
— Бандаларидан-чи?
Лаъл Чанд ўйланиб қолди:
— Давлатхонми? — деди Ҳиндубек.
— Давлатхон сахий одам. Ғозихон ҳам Иброҳимдан яхши.
Ҳиндубек овозини пасайтириб сўради:
— Ростини айтинг, сиз бу қўшинни нега бу йўлдан бошлаб боряпсиз?
— Ғозихон айтган йўл шу.
— Ғозихон нега ўтиб бўлмайдиган ёмон йўлдан юргин деган, биласизми?
— Булар учун яхши йўл шу.
— Нега? Булар сизга нима ёмонлик қилди?
— Битта золим подшоҳ — Иброҳим бизга озмиди? Яна биттаси келяпти!
— Ғозихон сени алдаган!
Лаъл Чанд филини чангалзор томонга кескин бурди-ю, қичқирди:
— Булар босқинчилар! Булар Бажур қўрғонида уч минг йигитимизни қиличдан ўтказган!
Шаҳар-қишлоқларимизни талатган!
Лаъл Чанд шундай деяр экан, филини чоптириб, ўрмон ичига қараб қочди.
— Ҳазратим, бу раҳнамони туттиринг! Бу ёғий кишиси! Сизни хароб қилмоқ учун ёмон йўлга бошлаган!
— Тутинг уни! — қаҳрланиб қичқирди Бобур. — Нобакорни олдидан тўсиб чиқинг! Тез!
Отлиқлар филнинг кетидан интилдилар. Улардан учтаси катта банан дарахтини айланиб ўтиб, филнинг йўлини тўсиб чиқдилар. Филбон қўлидаги темир кажак билан филни қаттиқ хиллалаб, бир нарса деб қичқирди. Фил отларнинг бирини оёғи билан тепиб йиқитди, иккинчи отнинг бўйнига хартумини ўраб, силтаб итқитиб юборди. Буни кўрган учинчи отлиқ дарахт панасига
қочиб, зўрға қутулиб қолди.
Қаҳри келган фил баҳайбат товуш билан наъра тортиб, йўлида учраган йўғон чирмовуқларни узиб ўтар, катта-катта шохларни қарсиллатиб синдирар ва отлиқлар киролмайдиган қалин чангалзорда тобора узоқлашиб борар эди.
— Ўқланг! — деб қичқирди Бобур.
Лаъл Чанд филнинг улкан бўйнига бағрини бериб, унинг баланд сағриси ва қулоқлари панасида биқиниб ётар эди. Орқадан ёғдирилган ёй ўқларининг кўпини дарахтларнинг шохлари ва чирмовуқлар ўтказмади. Уч-тўртта ўқ шохлар орасидан ўтиб филнинг орқасига урилди, лекин пўлатдай қаттиқ ва қалин фил терисига ботолмай, ерга учиб тушди.
Уста Алиқулнинг тўфангдозлари милтиқларини ўрмонга тўғриладилар. Бироқ барқандозлар чақмоқ чақиб, то милтиқ пилтасини ёндиргунларича Лаъл Чанд минган фил йўғон ва қалин дарахтлар панасига ўтиб кўзга кўринмай кетди. Фил зарбасидан йиқилган ҳар икки от ердан туролмай уялаб ётар, уларнинг устидаги навкарлар ўлган бўлмаса ҳам оёқ-қўллари шикастланган эди.
— Ярадорлар аравага олинсин! — буюрди Бобур.— Бизни адаштириб ҳалок қилмоқчи бўлган нобакор жазоланмоғи керак! Тўфангандозлар отланиб, ўрмонни айланиб ўтсинлар!
Тўфангандозлар шоша-пиша отланиб, айланма йўл излай бошладилар. Аммо ҳаммаёқ чангалзор, ботқоқлик эди.
— Қани, Ҳиндубек, энди бизга сиз раҳнамолик қилинг!
— Бош устига, ҳазратим!
Ҳиндубек кечки пайт уларни кенг бир кўкламзор водийга бошлаб чиқди. Беҳад чарчаган Бобур шу кўкаламзорга чодир тикдирди.
Ўрмонда кийимлари тирналиб йиртилган, отлари лойга беланган тўфангандозлар Лаъл Чандни тополмай қайтдилар. Шунинг устига Лахўрдан амир Давлатхон, унинг ўғли Диловархон эллик-олтмишта мулозим ва навкарлари билан Бобурнинг қароргоҳига яқинлашишди. Диловархоннинг аввалдан хайрихоҳлигини яхши биладиган Бобур хиргоҳда уни ўрнидан туриб кутиб олди ва ўнг томонда ўтирган эътиборли беклари орасидан жой кўрсатди.
— Жаноб Диловархон, падари бузрукворингиз нечун иттифоқни бузиб, бизга ёғийлик мақомида қилич қайрамишлар?
— Ҳазрати олийлари, отамни оғам Ғозихон йўлдан урди. «Ёт қўшин келса Лахўр биздан кетади, булар ҳам бизга Иброҳим Лодийдай душман», деб ишонтирди.
— Шунинг учун Давлатхон алдамчи раҳнамо юбориб, бизни ўрмон ичида адаштирган экан-да?
— Аммо бу фитнадан отамнинг хабарлари йўқ, ҳазрати олийлари! Бу — Ғозихоннинг иши. Агар отам шундай қилганларида бу ерга ўзлари келмас эдилар. Лахўрда қон тўкилмасин деб, сиздан иноят истаб келдилар.
— Бизнинг иноятларимизга фақат сиз муносибсиз, жаноб Диловархон! Аммо отангиз қилмишларига яраша жазо олгусидир! — Бобур шиғовулга юзланди: — Давлатхон сўнгги пайтларда белларига иккита қилич тақиб юрган эмиш. Қани, ўша қиличларини биз ҳам бир кўрайлик… Ҳар икки қилични бўйнига осиб киритинглар!
Кўп ўтмай икки зўр навкар оппоқ соқолли кекса Давлатхонни икки билагидан маҳкам ушлаб чодирга олиб кирди. Чол навкарларнинг қўлидан бўшамоқчи бўлиб асабий силтанар, унинг бўйнига осилган иккита узун қилич кўкрагига урилиб селанглар эди. Давлатхон Бобурга алам билан тикилиб деди:
— Подшоҳ ҳазратлари, мен асир олинган эмасмен, ўзим келдим! Бу қандай шафқатсизлик?
— Сиз мендан элчи бўлиб борган Ҳиндубекни туттирмоқчи бўлибсиз! Агар ниятингизга етганингизда Ҳиндубек омон қолмас эди! Кейин биз ҳам чангалзорда балчиққа ботиб, Ғозихоннинг қопқонида жон берармидик? Бизга шафқат қилганларинг шуми? Шафқатсизларга биз ҳам шафқатсизмиз! — Бобур шиғовулга буюрди: — Бу одам оиласи билан бирга Лахўрдан Бҳирага бадарға этилсин. Бҳиранинг Милват қўрғонида ҳибсда сақлансин!
Бўшашиб ҳеч нарса деёлмай қолган Давлатхонни олиб чиқиб кетдилар.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* И с к а н д а р Л о д и — Иброҳим Лодининг отаси. 1517-йилда ўлган.
* К ш а т р и й — ҳиндлардаги асосий тўрт табақанинг бири, ҳарбийлар.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-орзу тасбеҳи

Ажойиб кунларнинг бирида уйғониб кетаман уйқудан, юракнинг энг чуқур ерида оғриққа айланган туйғудан. Бир қўшиқ бўламан дарёдай юракнинг энг чуқур ерида, боқаман дунёга ...

Юлдузли тунлар-18

1 Бобурнинг қўшини Самарқандни бутун ёз ва куз бўйи қамал қилди. Бойсунқур мирзо етти ой шаҳар дарвозаларини беркитиб ётди-ю, ахири очлик ва танқисликка бардош беролмай, ...

Мусулмонқул

23. МУСУЛМОНҚУЛ Аркони давлат йиғилиб, Худоёр тахтига минган, Мусулмонқул хон бўлмаса ҳам хонлиқдан-да юқори бир кучка молик бўлған сиёсат курсисига ўлтирган эди. Бошлаб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400