Юлдузли тунлар-68

2

Куз ва қиш ўтиб бораётган бўлса ҳам, дарахтлар яшил либосини ечмас, «дун» деб аталадиган бағри кенг, сайҳон Ҳинд водийлари йил бўйи баҳордагидай кўкалам бўлиб турар эди.


Жамна дарёси бўйлаб жанубга томон ҳаракат қилиб бораётган Бобур қўшини Деҳлидан эллик чақиримча шимолдаги Панипат шаҳрига келиб тўхтади. Деҳли султони Иброҳим Лоди юз мингга яқин аскар ва бир ярим минг ҳарбий фил билан Агра томонидан яқинлашиб келмоқда эди. Иброҳим Лоди шу филлари ва аскарлари билан бултур Деҳли бўсағасида Оламхон, Диловархон ва бошқа душманларининг қирқ минг кишилик қўшинини тор-мор келтирганди. Бобурнинг қўшини эса ўн икки мингдан ошмас эди. Ёвнинг сон жиҳатидан беқиёс даражада устунлиги кўпчилик бек ва навкарларнинг қалбига ғулғула солар эди. Агар мағлуб бўлишса, атроф ҳаммаси нотаниш ерлар, бегона юрт, қаерда жон сақлашади?
Ички беклар орасида юрган Тоҳир кўпроқ Бобурнинг ҳарбий тажрибасига ва уста Алиқул бошлиқ тўфангандозлар ва тўпчиларнинг қуролларига умид боғлаган эди. Жаҳонда ҳали жуда кам тарқалган бундай қуроллар Иброҳимнинг қўшинида йўқ эди. Бобур ўзида йўқ ҳарбий филлар ҳужумини мана шу қуроллар кучи билан бартараф қилиш фикрида эканини Тоҳир билар эди.
Улар Панипат шаҳри билан Жамна дарёсининг оралиғидан тўфанг ва тўп отиш учун қулай бўлган бир жойни топишди-ю, яқин-йироқлардан олиб келинган барча араваларни ярим доира шаклида саф қилдиришди. Етти юздан ортиқ арава бир-бирига занжирдай маҳкам тиркишлар* билан боғланди. Араваларнинг олди ва ораларига ёй ўқи ўтмайдиган темир қалқонлар ўрнатилди. Тўфангандозлар ва тўпчилар шу қалқонлар ортига бекиниб ўқ отишни машқ қилдилар.
Аравалар баланд бир тепаликнинг этагига — олди нишаб жойга келтирилди. Улар ўз-ўзларидан юриб кетмаслиги учун ғилдиракларнинг тагига ёғоч тўсиқлар тираб қўйилди.
Ҳарбий машқлар ўтказилган куни Бобур аравалар ортидаги тепаликда отлиқ туриб, ғилдираклар олдидаги ёғоч тўсиқларни бирваракайига олишни ва барча араваларни баробар юргизиб кўришни буюрди.
Мулозимлар қаторида юрган Тоҳир аравалар сафининг нариги четига от чоптириб бориб, саркарданинг буйруғини Мустафо тўпчига етказди. Ҳамма пиёдалар, тўпчилар, зарбзан ва барқзанлар* буйруқни бажаришга ҳозирландилар. Ҳаммага кўринадиган жойда турган уста Алиқул:
— Аравалар сурилсин! — деб қичқирди.
Аравалар баъзиси ҳадеганда ўрнидан жилмади, баъзилари эса бирдан тезлаб кетди. Аравалар сафи эгри-бугри бўла бошлади, ора-орага боғланган тиркишлардан бир қанчаси узилди, темир қалқонлар қулаб тушди.
— Тўхтанг! — буюрди Бобур. — Машқни такрорлатинг, жаноб Алиқулбек, токи бирорта тиркиш узилмасин, бирорта қалқон ҳам қуламасин!
Одамлар терлаб-пишиб араваларни юқорига судраб чиқа бошладилар.
Бу оғир ишдан баъзи навкарлар ўзларини четга олса, ўнбошилар аямай сўкар, ҳатто урар эдилар.

— Машқ пайтида навкарни аяманг, — деди Бобур Алиқулбекка. — Ҳозир аясангиз жангда мағлуб бўлиб ўлиб кетур.
Бобур тепаликдан тушиб, дарё томонга йўл олди. У ёқда фил ўтолмайдиган чуқур хандақлар қазилган, энди баъзи жойларга шох-шабба босиб, иҳота ясашмоқда эди.
Хизмати юзасидан Бобурга эргашиб, уни қўриқлаб юрадиган Тоҳир хандақлар ва шох-шаббаларга қараб ўзича ўйланди: «Шунча тайёргарликларга яраша ёғий тўғримиздан келса яхши-я! Агар шаҳарни айланиб ўтиб орқадан келса ҳаммаси беҳуда-да!»
Бироқ шаҳарнинг нариги томонига бориб келган чиғдовуллар у ёқдаги ботқоқлик ва чангалзорлардан катта қўшин ўтолмаслигини аниқлаб келдилар. Ўнг томонда Жамна дарёси. Чапда Панипат шаҳрининг аҳолиси тиғиз маҳаллалари. Иброҳим Лоди бу маҳаллаларни қўшинига топтатиб, шаҳар оралаб келмас. Демак, уни фақат тўғридан кутиш мумкин. Лекин салкам ўн баробар катта куч билан келаётган ёвга бу аравалару хандақлар туриш берармикин?
Бир вақтлар Кобулда Андижон ва Қуваларни эсласа юраги эзиладиган Тоҳир энди Кобулни эсласа юраги соғинчдан орзиқади. Кобулда унинг ўн беш йил истиқомат қилган уйи бор, хотини Робия, мадрасада ўқиётган ўғли Сафарбек, ёлғиз тоғаси мавлоно Фазлиддин бор. Олдиндаги жанг таҳликасидан кўнгли безовта бўлиб юрган Тоҳир: «Ишқилиб ўлим бўлмасин-да, — дейди ўзича. — Агар шу гал ҳам тирик қолсам, сипоҳийликни бас қилардимда. Ёш ҳам элликка бориб қолди. Қачонгача бегона юртларда тентираб юрамен? Сафарбек катта йигит бўлиб қолди, бу йил мадрасани ҳатм қилиб*, муҳандис* бўлади. Кейин бошини иккита қилиб қўйсам… Ё худо! Ўғлимнинг тўйини кўриш менга насиб қилганмикин-а? Робияни яна кўрармикинман-а?»
Юракка ғулғула солувчи бу изтиробли ўйларни ичкилик бир оз босар эди. Тоҳир кўпдан бери беклар даврасида юриб, кўнглининг чигалини ичкилик билан тарқатишга анчагина одатланиб қолган эди. Ҳиндистонда узум кам, шунинг учун чоғир танқис, лекин маҳва деган дарахтнинг баргидан олинадиган ўткир ароқ учраб турар эди.
Иброҳим Лоди билан жанг бўлишидан бир кун олдин Тоҳир шу ароқдан кўпроқ ичган эди. Саҳар палла бадани тиришиб уйғонди. Оғзи тахир, боши лўқиллаб оғрийди. У ёқ-бу ёққа ағдарилиб, яна ухламоқчи бўлиб кўрди, лекин ухлай олмади. Шундай кейин туриб, сопол кўзанинг тагида қолган ароқдан уч-тўрт қултум ичди-да, сабуҳий қилди.
Шу пайт бирдан довуллар ва нақоралар чалиниб, ҳаммани сафланишга чорлай бошлади.
Чиғдовуллар Иброҳим Лодининг бостириб келаётгани ҳақида хабар берган эдилар.
Сабуҳийдан яна кайф қила бошлаган Тоҳир этиги билан жибасини анча вақт имиллаб кийди. Бир қулоғи Самарқандда кесилган Мамат сўнгги йилларда Тоҳирнинг отбоқарига айланган, лекин эски қадрдонлиги ва бир-икки ёш катталиги туфайли гоҳ уни койиб ҳам қўяр эди.
— Саҳари мардондан ичиб нима қилар эдингиз, бек!— деб пўнғиллади Мамат.
— Гапни кўпайтирмай кўк отни тезроқ келтиринг!— буюрди Тоҳир.
Сўнгги йилларда хийла озиб, юз-кўзлари аввалгидан ҳам ортиқроқ бўртиб қолган Мамат отлар боғланган томонга чопиб кетди. Ёв яқинлашиб келаётгани ҳақидаги хабардан кўп одам жонсарак бўлиб у ёқдан-бу ёққа югурмоқда эди.
Мамат кечаси ечилиб кетган кўк отни тутиб олгунча анча овора бўлди. Одатда от кечаси эгарлоғлиқ қолса, айили, қоринбоғи бўшатиб қўйиларди. Тўполонда Мамат шошилиб айилни маҳкамлашни хаёлидан қочирди.
Тезроқ Бобурнинг ҳузурига етиб бориши керак бўлган Тоҳир узангини излаб ўтирмади-ю, отнинг бўйнидан олиб, устига сакраб минди. Шунда эгар бир чайқалди. Тоҳирнинг кайфи бўлмаганда эҳтимол, эгарнинг яхши урилмаганини тез сезган бўларди, отдан тушиб айилни маҳкамлаб олар эди. Лекин у эгарда чайқалганини сабуҳийдан кўрди-да, оёқ тираб, отни тез орқага бурди.
Анчадан бери боқувда ётиб кучи танасига сиғмай кетган кўк бедов орқа оёқларига тикка туриб, оғзидан кўпик сочиб, бурилди. Шунда бирдан эгар оғиб отнинг қорнига тушди-ю, Тоҳир елкаси билан ерга гурсиллаб йиқилди.
Мамат чопиб келиб, бир қўли билан отнинг жиловидан олди ва иккинчи қўли билан Тоҳирни суяб турғизди. У Тоҳирни кайфи борлиги учун йиқилди деб ўйлаб кулиб гапирди:
— Тоҳиржон, бек бўлдингизу ичадиган ҳунар чиғардингиз-да! Бу сабилни кўп ичманг демаганмидим!
Тоҳир юмшоқ ерга йиқилгани учун ҳеч қаери лат емади. Лекин катта жанг арафасида шундай аҳмоқона йиқилиши унга машъум бир фалокатнинг хабарчисидек туюлди. У қаҳр билан сўкиниб. Маматга эгарни кўрсатди.
— Айилни ким бўшатиб қўйган эди?
Мамат кечаси от дам олсин деб бўшатиб қўйган айилини эрталаб маҳкамламаганини энди пайқади.
— Тўполонда эсимдан чиқибди-я! Ҳей, мен хомкалла!
Мамат энди ўзидан кулиб, айилни торта бошлади. Тоҳирнинг ароқдан лойқаланган тасаввурида Мамат уни йиқитиб, устидан кулиш учун айилни атайлаб бўшатиб қўйгандай кўринди. Илгари иккови ҳам навкар бўлган пайтларида Тоҳир бундай ҳазилларга кулиб кетаверар эди. Лекин ҳозир…
— Сен менинг бек бўлганимга бахиллигинг келиб шундай қилгансан! — деб у бирдан Маматни сенсираб сўка бошлади: — Сен менга ўлим тилаганингми бу?
Тоҳир ғазабдан титраб, белини пайпаслади-ю, қамчисини қидирди. Қамчи ерда ётар эди.
Гуноҳ қилган навкарларни сўкиш, уриш беклар орасида кенг тарқалган одат эди. Бу одат Тоҳирга ҳам озми-кўпми юққан эди. Лекин у ўттиз йиллик қадрдони Маматга ҳали бирор марта мушт кўтармаган эди.
Мамат ерда ётган қамчинни олиб Тоҳирга узатди:
— Манг, гуноҳим учун қамчиланг, лекин бундай гапларни айтманг! Мен сизга ўлим тилайдиган бахиллардан эмасмен!
Мамат яна Тоҳирдан кулаётгандай, ўзини ундан олижаноброқ қилиб кўрсатаётгандай туюлди.
Тоҳир:
— Шундай кунда йиқитганинг — ўлим тилаганинг эмасми? — дедию унинг пешонаси аралаш бошига қулочкашлаб мушт урди.
Мамат уч-тўрт қадам нарига учиб кетди ва кўзи тиниб ерга ўтириб қолди.
Пешона суяги Тоҳирнинг қўлига тошдай қаттиқ тегди, бош бармоғи «қирс» этди-ю, ўткир бир оғриқ миясига чиқиб борди.
«Бошмалдоқ синди-ёв! — деди Тоҳир ичида. — Қилич тутадиган ўнг қўлнинг бошмалдоғи..
Бунга ҳам мана шу сабабчи!»
Бу ўйдан унинг ғазаби яна бир даражада ошди. Ўрнидан туришга интилаётган Маматни чап қўли билан ҳам уриб ерга йиқитди.
Орқадан етиб келган барваста бир йигит орага тушди.
— Қўйинг, бек оға, бир марта кечиринг! Мамат оға сиз учун жонини беради-я! Айилни мен бошқатдан тортиб берай! Мана, ҳозир, ҳозир…
Тоҳир айили тортиб боғланган отга минганда қаттиқ оғриётган қўлига тикилиб қаради. Бош бармоғи шишиб кетган, қимирлатса, оғриғига чидаб бўлмас эди.
«Мендан омад кетди!» ўйлади Тоҳир мулозимлар тўпланаётган томонга от чоптириб борар экан.
Унинг кетидан эргашган йигирматача отлиқ навкарлари орасида пешонаси ғурра бўлган, юзи бўздай оқарган Мамат ҳам бор эди. Бек минг уриб-сўкканда ҳам навкар унинг кетидан қолмаслиги керак эди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* Т и р к и ш — ҳўкизнинг хом терисидан эшилган арқонсимон нарса.
* Б а р қ з а н — чақмоқ чақиб, милтиқнинг пилтасини ёндирадиган одам.

* Х а т м қ и л и ш — тугатиш.
* М у ҳ а н д и с — инженер.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-чақангиз сийқа эмасми?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 23-қисм

Понтий Пилат Арк айвонидан қандай шаҳдам чиқиб кетган бўлса, шундай шаҳдам қадамлар ташлаб қайтиб келди. Посбонлар дарҳол кўздан ғойиб бўлдилар ва икковлари яна айвонда ёлғиз ...

Мeҳробдан чаён-рамз

  Анвардан бир оз илгарироқ қайтқан Султонали оғилхона айвонида сигир соғиб ётқан хотини устида тўхтади. — Бордингми, Рузвон? — Бордим, — деди Рузвон ва эмчакдан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400