Юлдузли тунлар-69

* * *

Жамна дарёсининг чап томонидан чиққан офтоб найза бўйи кўтарилганда ёв қўшинининг тиғиз сафлари аниқ кўрина бошлади. Охири уфққа бориб тақалган беҳисоб кўп қўшиннинг ҳар ер-ҳар еридан ҳарбий филларнинг улкан гавдалари чўққиларга ўхшаб чиқиб турарди. Энг катта оқ филнинг устида ўтирган Иброҳим Лоди атрофга худди тепалик устидан қараётгандек ҳаммаёқни баҳузур кўрар эди.


Бобур бир-бирига боғлаб ташланган аравалар ортидаги тепаликда туриб, ёвнинг яқинлашишини кутмоқда. Унинг ўнг қанотига ўғли Ҳумоюн жавобгар эди. Хўжа Калонбек, Ҳиндубек каби энг синалган беклар барча навкарлари билан Ҳумоюннинг ихтиёрига берилган. Марказни тўпчилар ва тўфангандозлар эгаллаган. Ҳар икки қанотнинг икки четида тўлғама учун ажратилган отлиқлар тайёр турибди. Иброҳимнинг ҳарбий филлар ҳимоясига таяниб урушадиган қўшинида пиёдалар кўплиги ва сафлар тиғиз бўлиши маълум эди. Бундай ҳолларда Шайбонийхон тажрибадан ўтказган тўлғама усули қўл келишини Бобур яхши биларди. У ҳам Шайбонийхонга ўхшаб тўлғамага ажратилган аскарларга отларнинг энг чопқирларини саралаб берган эди.
Тоҳир ички беклар ва хос навкарлар билан бирга подшоҳдан орқада турибди. Бобурнинг икки ёнини алоқачи беклар, ясовуллар ва чопарлар эгаллаганлар. Бобур уларга иш буюрар экан, овози ички бир куч ва ишонч билан жаранглаб эшитиларди. «Шу одамнинг паноҳида неча қирғинлардан омон чиқдинг, — деди Тоҳир ўзига-ўзи тасалли бериб. — Бобур мирзо бор экан, сенга ҳеч нима қилмайди».
Дарё билан шаҳар оралиғини тўлдириб ваҳимали қора булутга ўхшаб келаётган Иброҳим Лодининг қўшини қаршисида ҳаракатсиз тек туриб кутиш оғир эди. Кўпчилик бек ва навкарлар фурсатни бой бериб қўяётгандек сабрсизланишар, лекин Бобур:
— Ҳеч ким буйруқсиз қўзғалмасин! — деб ҳаммани қаттиқ тутиб турарди.
Иброҳим Лоди Бобурнинг қўзғалмасдан кутиб турганини, икки орада юзлаб аравалардан ясалган мустаҳкам девор ва чуқур хандақлар борлигини кўрди-ю, қўшинини тўхтатди. Лашкарбошиларни чақириб, асосий зарбани ёвнинг ўнг қанотига бериш ва шаҳар томондан айланиб ўтиш ҳақида буйруқ берди. Бироқ юз минг қўшинга то янги буйруқни тарқатиб, уни шаҳар томонга бургунча анча вақт ўтди.
Бобур дарҳол мана шу вақтдан фойдаланди. Унинг буйруғи билан тўлғамага ажратилган икки минг отлиқ жойидан қўзғалди. Чопқир отлар ёв қўшинининг икки қанотига тегмай ўтди-ю, бехавотир келаётган орқадаги отлиқлар ва пиёдаларга ҳамла қилди.
Ҳумоюн бошлиқ тўрт минг отлиқ ўнг томондан ёвнинг йўлини тўсиб чиқди. Чап қанот ҳам жангга тушди. Марказдаги араваларнинг ора-орасидан тўплар устма-уст ўқ ёғдира бошладилар.
Тўрт томондан яшин тезлигида бирваракайига қилинган ҳамлани тепадан кузатиб турган Тоҳир Бобурнинг саркардалик тажрибасига ўзича қойил бўлиб қўйди. У ҳарбий санъатни фақат дўстларидан эмас, душманларидан ҳам ўрганган эди. Бобур тўп ва милтиқ ишлатишнинг аҳамиятини биринчи марта иттифоқдош Шоҳ Исмоилга қараб билган бўлса, тўлғама ишлатишда ашаддий ёвлари Шайбонийхон ва Убайдуллахоннинг тажрибасини ўзлаштирган эди. У аччиқ мағлубиятлар жараёнида орттирган барча ҳарбий тажрибаларини бугун гўё ягона бир муштга тугиб, майдонга усталик билан ташлади-ю, ташаббусни дарҳол қўлга олди.
Бобурнинг бутун режаси — ёв қўшинини тўрт томондан ўраб олишга ва қанотларини ичкарига қайириб ташлашга қаратилган эди. Лекин ўраб олинган ёв Бобур қўшинига нисбатан етти-саккиз баробар кўп эди, чопқир отлар баҳайбат филларнинг бир зарбасидан юмалаб йиқилиб кетарди. Шу сабабли Иброҳим Лоди аскарлари ҳали ўнгда, ҳали сўлда Бобур қўшинининг ҳалқасини ёриб чиқарди. Бобур ёнида турган алоқачи беклар ва ясо-вулларни кетма-кет жанг майдонига чоптирар, ёвнинг қўли баланд кела бошлаган қанотларга марказдан кўмак юбортирар эди. У марказни ёвга атайлаб очиқ қолдирмоқда эди, чунки ҳали ҳаракатсиз турган аравалар ва тўфанглар марказга қўйилган эди.
Икки томондан ва орқадан устма-уст зарба берилавергандан кейин Иброҳим Лодининг асосий кучлари ва ҳарбий филлари марказга ташландилар. Шунда Бобур араваларнинг ғилдираклари тагидаги ёғочларни олишни буюрди.
Етти юз арава жойидан қўзғалиб ёв қўшинининг рўпарасидан чиқди. Аравалар устидан тўплар, ора-орадан эса тўфанглар яқин келиб қолган ёвга ўқ ота бошлади. Тўпларнинг гумбурлаши, милтиқларнинг қарсиллаши, борут тутуни, ҳар қандай қалқонни тешиб ўтадиган оловли ўқлар зарбаси ва яна бунинг ҳаммаси беҳисоб аравалар шаклига кириб ўз-ўзидан юриб келаётгани ёв қўшинини даҳшатга келтирди. Филлар ярадор бўлиб бўкира бошлади. Филбонлар талвасага тушиб, филларни орқага бурдилар. Орқада эса ғуж-ғуж отлиқлару пиёдалар бир-бирига аралашиб кетган эди. Итар-итар, ур-сур бошланди. Яраланиб қутурган филлар отлиқларни йиқитиб, пиёдаларни босиб янчиб ўта бошлади.
Тўплар ва милтиқлар ҳамон ўқ отмоқда. Тўп ўқи теккан филлардан бир қанчаси пиёдалар устига ағанаб тушди. Орқадан келаётган отлар ва филлар ўзларини тўхтатолмасдан ағанаб ётган филларга суриниб йиқилишарди. Кетма-кет бир-бирини итариб, суриб келганлари олдин йиқилганларнинг устига қулашар ва ўтиб бўлмайдиган тўсиққа айланишарди.
Бу қиёмат ур-йиқитдан қочиб қутулушнинг иложини топган филбонлару отлиқлар жон-жаҳдлари билан қочишга тушдилар. Орқада тўлғама ишлатган отлиқларнинг сафи анча сийраклашиб қолган эди. Филлар бу сафни бирпасда ёриб ўтдилару Деҳли томонга интилдилар.
Тепалик устидан бунинг ҳаммасини кўриб турган Бобур:
— Ёғий Деҳлини бекитмоқчи! — деди ва алоқачи беклари турадиган ўнг томонга ўгирилди. Бироқ алоқачи беклар, чопарлар ва ясовуллар ҳаммаси бирин-кетин жанг майдонига махсус топшириқлар билан юборилганича қайтиб келишмаган эди. Эҳтимол, уларнинг баъзилари ўлгандир ёки яралангандир — жанг бусиз бўлмайди. Бобур отини буриб, ички беклари ва навкарлари томонга юзланди. Шунда унинг кўзи Тоҳирга тушди. Тоҳир махсус фармонларни ҳамиша яхши адо этиб келганини эслади:
— Тоҳирбек, Иброҳим Лоди қочдими ёки жанг майдонида қолдими, шуни аниқламоқ керак.
Агар қочган бўлса хосса тобин* дан қувғинчи юборгаймиз.
Тоҳир чанг-тутунга бурканиб жаҳаннам бўлиб ётган жанг майдонига кўзи жавдираб қаради-ю, синган бошмалдоғини эслаб, овози қалтираб деди:
— Бош устига, ҳазратим!
Шу пайт жанг бўлаётган томонда оёғига ўқ тегиб, узангисидан қон сирқиб оқаётган бир ясовул от чоптириб келди.
— Ҳазратим, зафар бизники! — деди у ҳансираб.— Ёғий қочди!
— Иброҳим ҳам қочдими?
— Қочган филлар орасида Иброҳимнинг оқ филини кўрдим! Қочди!
— Бўлмаса дарҳол изига тушмоқ керак! Тоҳирбек, сиз тўхтанг! Жаноб Қосимтой мирзо!
— Лаббай, ҳазратим! — деб қирқ ёшлардаги норғул бек сафдан олдинга чиқди. Туркистонда туғилиб-ўсган бу бекнинг Улуғбек мирзога узоқ қариндошчилиги бор эди. У ўн беш йилдан бери Бобур ҳузурида хизматда эди.
— Агар Иброҳим Лоди Деҳли ёки Аграга етиб, бу қалъаларни бекитса, муҳорибаю муҳосара қайтатдан бошланур, — деди Бобур Қосимтой мирзога. — Ҳолбуки, биз Деҳли билан Аграни жангсиз олиш умидидамиз. Ёғийнинг бизга ҳамла қилиш эҳтимоли энди бартараф бўлди. Жаноб Қосимтой, хосса тобиндан минг кишини олинг. Беклардан Бобочуҳра… Тоҳирбек навкарлари билан… Иброҳимни қувланглар. Агар Деҳлида тўхтамай яна қочса, Аграгача кетидан қолманглар, токи бу шаҳарларни беркита олмасин. Кетларингиздан биз изма-из етиб борурмиз!
— Фармони олийга жонимиз фидо! — деди Қосимтой мирзо.
— Сиз бизнинг илғоримизсиз. Тангрим ёрингиз бўлсин! Енгингу енгилманг!
— Омин!
Шундай ғолибона жангда илғор сафда бўлиш Тоҳирнинг кўнглини кўтарди-ю, синган бошмалдоғининг оғриғи ҳам сезилмай қолди. У навкарларини ёнига олиб, жанг майдонига ҳаммадан олдин кириб келди.
Офтоб тиккага келган. Кун иссиқ. Чекинаётган ёв беш-олти бўлакка бўлиниб кетган. Баъзиларини Ҳумоюннинг одамлари, баъзиларини Хўжа Калонбекнинг навкарлари таъқиб этмоқда. Лекин уларнинг отлари эрталабдан бери у ёқдан-бу ёққа чопиб, чарчаб қолган. Тоҳирларнинг тобинда дам олиб турган отлари жангдан толиқиб қолган отлиқлардан ўтиб, ёвга бирпасда етиб олди.
Енгилган қўшин бўлиниб-бўлиниб қочаётган бўлса ҳам чўғи жуда катта экани Тоҳирга яқин борганда билинди. Ҳар тўпда етти минг-саккиз минг келадиган қўшин. Уларга нисбатан қувиб келаётганларнинг тўпи жуда кичик. Ёвнинг ҳар тўпида қатор-қатор филлар келаяпти. Лекин уларнинг орасида оқ фил йўқ. Балки Иброҳим филдан тушиб, от миниб кетаётгандир?
Қосимтой билан Тоҳир ўзаро маслаҳатлашишди-ю, ёвнинг кичикроқ кўринган бир тўпини икки ёнидан айланиб ўтиб, олдиларидан тўсиб чиқишди ва бир сурув филни эгалари билан асир олишди. Уларнинг орасида Иброҳим Лоди йўқ эди.
Қосимтой филбонларни ҳинд таржимон орқали сўроқ қила бошлади.
— Айт, Иброҳим Лодининг қайси тўпда кетаётганини кўрсатиб берса озод қиламен!
Филбонлардан бири орқада қолган жанг майдонини кўрсатиб, куйиб-пишиб алланарса деди:
— Иброҳим минган фил яраланиб йиқилган эмиш, унинг ўзи ўлганмиш, — деди таржимон.
Лекин Қосимтой бунга ишонмади:
— Бизнинг одамлар Иброҳимнинг қочганини кўрган. Сўра, ростини айтсин, бўлмаса боши кесилгай!
Биринчи филбон яна аввалги гапини такрорлади. Чиндан ҳам Иброҳим жанг майдонида ўлган эди. Лекин Қосимтой филбоннинг гапидан кўра боя Бобурга ахборот берган ясовулнинг гапига кўпроқ ишонар эди. Қосимтой сиқиштира бергандан кейин бошқа бир филбон тусмол билан Иброҳимнинг дарё бўйлаб кетиб бораётган катта тўпда эканини айтди. Учинчи бир филбон ўнг томонда кетаётган тўпни кўрсатди.
Қосимтой ҳамма филбонларни филлари билан бирга махсус навкарларга топшириб, Бобурнинг ихтиёрига юборди. Кейин дарё бўйлаб чекинаётган тўпнинг кетидан тушдилар. Бу тўпда фил минган, от минган ва Лоди қўшинининг энг жанговар қисми ҳисобланадиган ражпутлар кўп эди. Қосимтой дарё томонда, Бобобек билан Тоҳир ўнгдан айланиб ўтиб, уларнинг йўлларини тўсиб чиқдилар. Ражпутлар таъқиб этаётганларнинг нисбатан оз эканлигини кўрдилару камонларига ўқ ўрнатиб, қилич яланғочлаб, дадил жанг қила бошладилар.
Тоҳир камонига ўқ ўрнатиб отаётганда синган бармоғининг жонсизланиб, ишламай қолганини сезди. Ўқнинг учини бошқа бармоқлари билан тутиб, камонни тортиб отди. Ўқ қилич яланғочлаб келаётган қора бир одамнинг кўзи аралаш юзига тегди. Ўқ еган ражпут бир қўли билан юзини чангаллаб, отдан йиқилиб тушди. Бу орада полвонтахлит бир ражпут Тоҳирга яқин келиб қолди. Тоҳир камонига қайта ўқ ўрнатишга улгурмаслигини сезди-ю, қиличини суғурди. Ражпут полвони олтита кескир тиғи бор чакра деган қуролини кўтарди. Тоҳир унинг чакра тутган қўлига қараб қилич сермади. Қилич чакрага қарсиллаб текканда Тоҳирнинг синган бошмалдоғидан баданига шундай оғриқ тарқалдики, вужуди зирқираб кетди. Шишиб кетган бошмалдоқ қиличнинг дастасини қўлидан қандай чиқариб юборганини билмайди. Фақат қилич ерга учиб тушганини кўриб, белидан ханжарини олмоқчи бўлди, лекин улгурмади. Олти тиғли кескир чакра унинг бўйни ва ўнг елкасига шундай бир зарб билан урилдики, кифтидан энгагигача ҳамма жойини қиймалаб ташлагандай туюлди. Тоҳир кўзи тиниб отнинг ёли устига кўкраги билан тушганда чакранинг яна бир зарбаси унинг зирҳли кийимига қарсиллаб урилди. Тоҳир даҳшатли оғриқ ичида: «Eнди бу мени отдан йиқитмагунча қўймайди! — деб ўйлади. У отдан йиқилса жасади туёқлар тагида қандай мажақланишини тасаввур қилди-ю: — Тезроқ ҳушимдан кетсам эди!» — деди.
Шу пайт Мамат етиб келиб, дастаси узун ойболтани чакра кўтарган ражпутнинг қўлига урди.
Чакра ерга тушиб кетди. Мамат қонга беланиб, эгардан сирғалиб туша бошлаган Тоҳирни тез ўнгариб олди-ю, жанг майдонидан қочиб чиқди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Т о б и н — резерв.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-34

5 Тоҳир кечаси билан ухламай югуриб-елиб юрган бўлса ҳам ғалабанинг шодлигидан чарчаганини сезмас, фақат қорни очқаб, Самарқанднинг новвойлик ва ошпазлик расталари дам-бадам ...

Юлдузли тунлар-49

2 Убайдулла Султоннинг бир ярим минг навкари ўн кундан бери Ихтиёриддин қалъасининг атрофида ғивирлар, аммо ўқ ҳам, оти ҳам етмайдиган баландликдаги қалъани олишнинг ҳеч ...

Юлдузли тунлар-73

* * * Ғира-шира қоронғиликда ўнг қирғоқдан катта бир қайиқ чиқиб, кемага қараб кела бошлади. Кеманинг пастки қаватидан қўрчибоши: — Ким у қайиқдаги? — деб сўраганини Бобур ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400