Юлдузли тунлар-71

* * *

Деҳлида тўп-тўп бўлиб айланиб юрган ғолиблар орасида ёғли ўлжа излаётганлари ҳам бор эди. Синд дарёсининг бўйидан Бобур аскарларига қўшилиб келган Ёр Ҳусайнбек илгари Хайбар довонининг жанубида йўлтўсарлик қилган қароқчилардан эди. Ҳозир унинг навкарлари шаҳар четидаги бир ибодатхонага киришиб, ҳиндлар сиғинадиган худоларнинг ҳайкалларига ўрнатилган қимматбаҳо тошларни кўчириб олишга тушдилар.


Деворлари оқ-сарғиш мармардан ишланган ибодатхонада кекса бир бараҳман* кўзларига ёш олиб, будданинг улкан тош ҳайкалидан нажот сўрамоқда. Ибодатга келган аёллар, чоллар, ўсмирлар, худолари олдида бош эгиб жим туришибди.
Ёр Ҳусайнбекнинг навкарлари эса тўрт қўллик худо Шиванинг баланд ҳайкалига нарвон қўйиб чиқишган, Шиванинг пешонасига катта қизил ҳолга ўхшатиб ўрнатилган ёқутни ханжар билан кавлаб олишга уринишарди.
Шу ҳодисанинг устига келиб қолган Ҳумоюн нар-вондаги навкарга қаҳр билан қичқирди:
— Подшоҳ ҳазратлари номидан буюрамен. Ҳайкалга тегма! Туш пастга!
Ёр Ҳусайнбек нимқоронғи ибодатхона ичида Ҳумоюнни аввал танимади:
— Кофирларнинг ҳайкалини ҳимоя қиладиган подшонг ўзингга! — деди-да, нарвондаги навкарга буюрди: — Олавер!
Навкар ханжар билан ҳайкалнинг пешонасини кавлашда давом этди. Шунда Ҳумоюн отган ёй ўқи унинг билагига тегди. Ханжар ерга тушиб кетди. Навкар билагини чангаллаганича орқага ўгирилди.
Ёр Ҳусайнбек қиличини суғуриб:
— Ким у? — деб ўшқирди-ю, Ҳумоюн томонга ҳамла қилди.
Ҳиндубек ҳам қиличини суғуриб олдинга чиқди:
— Сиз Ёр Ҳусайнбек бўлсангиз, бу олий зот Бобур подшоҳнинг ўғиллари мирзо Ҳумоюндирлар! Ёр Ҳусайнбек бу гапга ишонгиси келмай Ҳумоюнга кўзларини олайтириб тикилди. У энг аввал Ҳумоюннинг эгнидаги арғувоний тўнни таниди. Ёқаларига дурлар қадалган бу тўн — Бобурники эди. Ҳумоюн Панипат жанги арафасида Иброҳим Лодининг Ҳамидхон деган лашкарбошиси билан олишиб, уни енгган, уч юздан ортиқ одамини асир олиб келган эди. Бобур ўғлининг бу жасоратига қойил бўлиб, эгнидаги шоҳона тўнини ўғлига кийдирган, буни ҳамма беклар, шу жумладан, Ёр Ҳусайнбек ҳам кўрган эди. Ўша тўн ҳозир ҳам Ҳумоюннинг эгнида эди — унинг хипча гавдасига бир оз катта келиб, елкалари осилиброқ турар эди.
— Амирзодам, мен сизни танимабмен! — Ёр Ҳу-сайнбек қўлида қиличи билан бир қадам орқага чекинди.
— Қилични топширинг! — буюрди Ҳумоюн.
— Амирзодам, мен ҳазрат отангизга содиқ хизмат қилган бекларданмен!
— Ибодатхонада суғурилган қилични мен подшоҳ ҳазратларига элтиб топширишим керак! — деди Ҳумоюн.— Сиз йўлтўсарликдан тавба қилиб, ҳазрати олийнинг хизматига кирган экансиз. Бугун яна талончилик кўчасига қайтмишсиз. Подшоҳ ҳазратлари зиёратгоҳларда ножўя ҳаракат содир бўлмасин деб, буюрмаган эдиларми? Нечун назарни бунчалик паст қилдингиз, бек? Ёғий хазиналаридан барча жангчилар ўз улушларини олгайлар! Бу хазина сизга ҳам етиб ортгай! Иброҳим Лодининг одамлари шу ҳайкалнинг пешонасидаги ёқутга тегмаган эканлар. Улар қилмаган пасткашликни қилиш бизга иснод эмасми? Олинг қиличини! Мана бу нокас йигитларни тутиб ҳибсга элтинг! Токи бошқа йигитларимизга ибрат бўлсин!
Хос навкарлар бу буйруқни бажарганларидан кейин Ҳумоюн Ҳиндубекка бараҳманни ва унинг қавмларини кўрсатди-да:
— Жаноб бек, подшоҳ ҳазратлари бизга тайинлаган гапларни буларга таржима қилиб беринг, — деди. Буларнинг дини бошқа. Лекин биз барча ғайридинларни бир худонинг бандалари деб билурмиз. Биз Ҳиндистонга яхши ниятлар билан келдик. Бу муаззам кишварни ҳиндлар билан бирга обод қилмоқчимиз. Кимки бизга ҳамкор бўлса, ҳамкорлик қилурмиз!
Ҳиндубек таржима қилган бу сўзларни бараҳман ва унинг қавмлари бош ирғаб, таъзим қилиб эшитдилар. Шаҳзода ва унинг одамлари чиқиб кетгандан кейин эса бараҳман яна будданинг ҳайкали олдига ибодатга келиб, бутун миннатдорчилигини унга айта бошлади. Муқаддас ёқутни олмоқчи бўлган нокаснинг қўлидан ўқ еб жазоланиши будданинг иродаси билан бўлганига бараҳман ўз қавмларини ишонтириши зарур эди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Б а р а ҳ м а н — ҳиндларнинг руҳонийси.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 30-қисм

30 Eндиги улоқни мен олиб чиқдим. Отлар олдимни олди. Йўлимни ёпиб чопди, ёнларимни ёпиб чопди. Отлар мени қораликка йўлатмади. Биродарлар, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, ...

Юлдузли тунлар-30

САМАРҚАНД ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ОЛИШУВ 1 Бўстонсаройнинг бир четида ранг-баранг тошлар билан сангфарш* қилинган мармар ҳовузли ҳаммом бор эди. Кечки пайт шу ҳаммомга Султон Али ...

Мeҳробдан чаён-ҳаёт шамъи

Неча  йиллар  Анварнинг  кўнглини  машғул  эткан  бир  муаммо  ниҳоят  орзуға  мувофиқ  ҳал қилинғандек, яъни шубҳа ичида қизарған муҳаббат ғунчаси висол хабари билан ...