Юлдузли тунлар-72

4

Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб кетган Бобур кечки пайт салқинроқ жой излаб Жамна дарёсининг бўйига келди.


Куннинг иссиғидан ташқари пешиндан сўнг ичилган ароқнинг тафти ҳам унинг ичини ёндирмоқда эди. Кобулда кўп ичиб ўрганган беклар Панипатдаги ғалаба шарафига ҳар куни бир-икки жойда зиёфат беришиб, уни таклиф қилишарди. Иссиқ ва сернам ҳавода устма-уст ичилаётган чоғир ва ароқлар Бобурнинг юрагини беҳаловат қилиб, кечалари уйқусини қочириб юборарди. Кўп ичиб ётган кунлари эрталаб туриб йўталса балғамга қон аралашиб чиқарди. Буни кўрган ҳиротлик хос табиб Юсуфий:
— Ҳазратим, ўтинамен ичкиликни ташланг! — дея ялинарди.
Бобурнинг ўзи ҳам уйқусиз беҳаловат бўлиб ётган кечалари «енди ташламасам бўлмас», дерди. Лекин кундуз бирон ташвишдан кўнгли ғаш бўлса ёки аксинча, кайфини чоғ қиладиган яхши воқеа юз берса, яна ичгиси келиб қоларди. Айниқса, илк қадаҳларни ичиб, кайфи энди кўтарилиб келаётган пайтларда беклари бундан кейинги ичкилик мажлисга таклиф қилсалар осонликча розилик бериб қўярди. Бугун пешиндаги ўлтиришда ҳам худди шундай бўлган, «кечаси кемада базм қилурмиз» деб бекларни ўзи зиёфатга таклиф қилган эди.
Ҳолбуки тушда ичилган майнинг ғубори ҳалигача тарқамасдан борлиғини лоҳас қилмоқда эди.
Бобур мулозимлари ва хос навкарлари билан Жамнага яқинлашганда дарё бўйидаги кўкалам ялангликда дафн маросими ўтказаётган бараҳманлар, аёллар, кекса-ёш юздан ортиқ одамларни кўрди. Бобур дафн маросимини яқинроқдан кузатмоқчи бўлди-ю, отини ўша томонга бурди.
Панипатдаги жангнинг даҳшатли тафсилотларини эшитган одамлар отлиқлардан қўрқиб, маросимни бузиб қоча бошладилар. Бобур яқин борганда ёндиришга тайёрлаб қўйилган ўлик олдида битта мотамсаро келинчак, кекса аёл ва мункайган бир бараҳман чол қолган эди. Ўтин устида чалқанча ётқизиб қўйилган жасаднинг пешонасини тўфангдан мерганларча отилган ўқ қорайтириб тешиб ўтган эди.
Бу ражпут йигитни Бобур қаердадир кўргандай бўлди. Ҳа, Панипат жангидан бир кун олдин Ҳумоюн Ҳамидхон деган афғон саркардасини енгиб, унинг уч юз навкарини асир олиб келган эди. Иброҳим Лоди билан бўладиган жанг ҳали олдинда. Унинг қўшини саккиз баробар кўп. Шунинг таҳликаси таъсирида Бобур асирларга нисбатан аёвсиз бир сиёсат ишлатганини эслади.
Иброҳим Лоди қўшинларида тўфанг йўқ. Асир олинганлар ҳам тўфангдан одамни отиб ўлдириш
мумкинлигини билишмайди. Улар кўпроқ ҳинд худоларидан бўлмиш Шиванинг қаҳридан қўрқишади. Ражпутларнинг эътиқоди бўйича, агар Шива астойдил ғазабланса, икки кўзидан ташқари пешонасида учинчи кўз пайдо бўлади. Шива кимгаки шу учинчи кўзининг қип-қизил оловини сочса, ўт теккан одам тил тортмай ўлади…
Бобур мана шу диний эътиқоддан ҳарбий мақсадда фойдаланмоқчи бўлди-да, асирлардан юзтасини бир четга саф қилдирди. Уларнинг қаршисига юзта тўфангандозни қўйди ва йигирма қадам жойдан ўт очишни буюрди. Ўша тўфанглардан отиб ўлдирилган асирларнинг бири — пешонасидан ўт теккан мана шу йигит эди.
Тирик қолган асирлар тўфангдан отилган оловли ўқ одамни қандай ўлдиришини умрларида биринчи марта кўриб даҳшатга тушдилар. Улардан бири осмонга қўл чўзиб:
— О Шива! Раҳм қил, Шива! — деб бақирди.
Бобур ваҳимадан титраётган юзта асирга таржимон воситасида мурожаат қилди:
— Ҳа, бизда Шиванинг кўзидай шафқатсиз олов сочадиган қурол бор! Сизларни ҳозир озод қилгаймиз. Бориб юртдошларингизга айтинглар! Биз билан урушганлар мана шу оловнинг зарбидан ҳалок бўлурлар! Урушмай таслим бўлганлар сизлар каби омон қолурлар!
Тирик қўйиб юборилган юзта асир бу гапларни шаҳару қишлоқларга тарқатдилар. Ҳозир Жамна бўйида дафн этилаётган жангчи йигитнинг яқинлари ҳам унинг Шива оловини эслатадиган бир балодан ҳалок бўлганини эшитган эдилар.
Марҳум жангчининг ёшгина хотини ўзини эрининг жасади билан бирга оловга ташлаб куйдиришга тайёрланмоқда эди. Бобур сочлари ёйилиб елкасига тушган келинчакнинг юзида ўлим шарпасини кўрди-ю, ҳиндлардаги сати одатини эслади.
Агар келинчак тирик қолса, умр бўйи азадорлик кийимида юриши, кунига фақат бир марта овқат еб, бошқа эр қилмай, то ўлгунча азоб-уқубатда яшаши керак эди. Мабодо келинчак бундай забун ҳаётни ўзига муносиб кўрмаса, сати одатига бўйсуниб, эрининг мур-даси билан бирга оловда ёниб кетиши керак эди…
Кекса бараҳман жасаднинг тагидаги ўтинларга бирдан ўт қўйиб юборди. Махсус мой сепилган ўтин ловиллаб ёниб кетди. Келинчак олов ичида қолаётган жасадга қараб бир талпинди-ю, лекин жони ширинлик қилиб, орқага чекинди.
Бобур Ҳиндубекка юзланди:
— Наҳотки шундай гўзал келинчак ўзини оловга ташласа? Бу не жаҳолат?! Бараҳманга бизнинг буйруғимизни айтинг! Келинчакни олиб кетсин!
Ҳиндубек отини чу-чулаб бараҳман билан келинчакка яқинлашди-да, ҳиндчалаб бир нарсалар деди. Келинчак Бобурга тез ўгирилиб қаради:
— Фотиҳларнинг подшоси шуми? Менинг эримга Шиванинг оловини шу одам сочганми? — келинчак икки қўлини Бобур томонга чўзди: — Агар сенда Шиванинг қудрати бўлса эримни тирилтириб бер! Ўшанда мен ҳам тирик қолурмен! Сен Шива бўлсанг, энди бизга раҳм қил! Тирилтир!
Ҳиндубек бу илтижони таржима қилганда Бобур саросима бўлиб:
— Ҳуши жойидами? — деди. — Мен Шива эмасмен! Ўлган одам энди тирилмагай! Келинчакни қутқаринг!
Бу гапларнинг таржимасини эшитган келинчак бирдан ғазабланиб қичқирди:
— Шива бўлмасанг, нечун ёлғон овоза тарқатдинг? Нечун менинг эримни ўлдирдинг?! Энди менинг ўлимимга ҳам сен сабабчи бўлурсен!
Келинчак оловга яқинлашар экан, Бобур Ҳиндубекка:
— Ушланг, ушланг! — деди.
Ҳиндубек от устидан келинчак томонга интилиб, уни ўнгариб олмоқчи бўлди. Аммо келинчак Бобурга қарата:
— Кет босқинчи! Йўқол! Юртингга кет! — деб қичқирди-да, Ҳиндубекка чап бериб, ўзини оловга отди ва эрининг ёнаётган жасадини қучоқлаб олди.
Ловуллаб ёнаётган олов дарҳол келинчакнинг ҳарир кийимларига ва елкасида ёйилиб ётган қора сочларига илашди. Бобур унинг олов ичида аччиқ оғриқдан чинқириб юборганини эшитди, шунда ҳам жангчи эрининг жасадини қучоғидан қўймаётганини кўрди-ю, ларзага келиб, отини орқага бурди.
У Жамнанинг сокин қўлтиғида лангар ташлаб турган икки ошиёнлик кемага томон отини елдириб бораётганда орқадан эсган шамол оловда куйган одам танасининг кўнгилни айнитадиган чучмал ҳидини олиб келди.
Кеманинг пастки қаватида баковул ва ошпазлар подшонинг тушлик таоми учун кабоб пиширмоқда эдилар. Бобур кеманинг «толор» деб аталадиган болохонасига кўтарилаётганда, манғалда пишаётган кабобнинг тутуни ва ҳиди бояги оловнинг чучмал ҳидини эслатди-ю, бирдан кўнглини беҳузур қилди. У баковулга ўгирилиб:
— Манғални ўчиртиринг! — деди.
— Ҳазратим, сизга тушлик…
— Тушлик керак эмас.
— Аммо кечқурунги зиёфат…
— Зиёфат қолдирилсин!..
Бобур ғамгин юз билан толорга бир ўзи чиқиб келди. Ҳадемай пастки қаватга ҳам жимлик чўкди. Шу жимликда ўзини оловга ташлаган келинчакнинг чинқириғи гўё қайта эшитила бошлади… Панипатдаги ҳарбий ғалаба бу чинқириқ таъсирида Бобурга маънавий мағлубиятдек туюлиб кетди. Шива ҳақидаги ривоятдан сиёсат учун фойдалангани илгари ҳарбий ишда хатарли аснода жоиз бир чорадек кўринган бўлса, энди оловда ёнган гўзал келинчак бунинг қанчалик ғайриинсоний шафқатсизлик эканини унинг кўзига баралла кўрсатди.
Панипат зафари… Тақдир унга шундай улкан ғалабани нега Мовароуннаҳрда бермади? Ватанида жанг қилса, ҳеч ким уни босқинчиликда айблай олмас эди-ку!

Узоқларда қолган Моҳим бегим эсига тушди. Кўрмаганига олти ойдан ошяпти. Сўнгги марта суҳбатлашганларида Моҳим бегим бугунги даҳшатларни олдиндан сезгандай, қанчалик изтиробга тушган эди!..
Бояги келинчакнинг: «Кет, босқинчи! Кет!» деб қичқиргани унинг қулоғи остидан кетмас эди. Бобур ичида: «Ёраб, бу не кўргилик!» деди-ю, хаёлини бошқа бирон нарса билан банд қилиш учун дафтар-қалам олди. Севган ёридан ва туғилиб-ўсган диёридан узоқда у ўзини беҳад толесиз, бахтсиз сезган пайтлари кўп бўлар эди. Ҳозир ҳам шу оғир туйғу юрагини чулғаб олди. Бобур кўнглини дафтарига бўшатгиси келиб, биринчи сатрни ёзди:

Толеъ йўқи жонимга балолиғ бўлди.

У кенг қирғоқлар орасидан товушсиз жим оқиб ўтаётган Жамнага тикилди. Ботиб кетган қуёшнинг қуюқ шафағидан дарё суви қизғиш кўринади. Бобурнинг назарида, дарё сувини шафақ эмас, жангларда тўкилган қонлар қизартириб юборгандай туюлди.
У изтироб билан кейинги сатрларни ёзди:

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди!
* * *


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Кундаш — кундашдир

12. КУНДАШ — КУНДАШДИР Кумуш қайин отаси билан қайин онасига уч-тўрт куннинг ичидаёқ ўзини кўрсатиб қўйди, ширин ва ақллик муомалалари билан уларни ўзига мафтун қилди. ...

Қовоқ дeвонанинг бeлбоғи

3. ҚОВОҚ ДEВОНАНИНГ БEЛБОҒИ Оч қоринға салимсоқ еб, кўкчой ичишдан зериккан кишилар чойхонага Қовоқ девонанинг кириши билан унга сўз қота қолдилар: — Келинг-келинг, девона! — ...

Юлдузли тунлар-70

3 Деҳлига отасидан олдин кириб келган Ҳумоюн Жамна дарёсининг ўнг қирғоғидаги қизил деворли улкан қалъани жангсиз эгаллади. Иброҳим Лодининг қалъадаги хазинала-рини муҳрлаб, ...