Юлдузли тунлар-73

* * *

Ғира-шира қоронғиликда ўнг қирғоқдан катта бир қайиқ чиқиб, кемага қараб кела бошлади. Кеманинг пастки қаватидан қўрчибоши:
— Ким у қайиқдаги? — деб сўраганини Бобур ҳам эшитди-ю, қайиққа тикилиб қаради.
Қайиқнинг олтитами-саккизтами эшкаги бор эди.


— Мирзо Ҳумоюн ҳазрати олийларининг ҳузурларига ижозат сўрайдилар! — деб жавоб берди қайиқдан йўғон бир товуш.
Ҳумоюн билан кўпдан бери яккама-якка суҳбатлаша олмаган Бобур бугун ўғли билан бир дардлашгиси келди-ю, пастдан савдарни чақирди:
— Айтинг, Ҳумоюн толорга чиқсин!
Кўп ўтмай толор зинасида вазмин қадам товушлари эшитилди. Ҳумоюн эшикдан кирганда Бобур унинг чақнаган навқирон кўзларига, энди лаб устини қоплаган нозик мўйловига, кучга тўлиб турган хипча, соғлом гавдасига ҳаваси келиб тикилди. Бобурни қийнаётган изтиробли туйғулар, уни беҳаловат қилган иссиқлар Ҳумоюн учун гўё йўқ эди. «Ўн саккиз ёшимда мен ҳам шундай йигит эдим-а, энди нимам қолди?» деган ўйдан Бобурнинг кўнгли қаттиқ эзилди.
Ота-бола кўришиб-сўрашганларидан сўнг, Ҳумоюн отасининг рўбарўсига чўкка тушди-да, кулимсираб қўйнидан чиройли садаф қутича олди.
— Ҳазратим, шуни бир очиб кўринг.
Бобур қутичани қўлига олиб шошилмай очди. Қора бахмал мато орасидан олмосга ўхшаш сержилва бир тош юлдуздай чарақлаб кўринди. Лекин тошнинг ёнғоқдай катталигига қараб, Бобур унинг олмослигига ишонгиси келмасди. Жуда кўп хазиналарни ва хилма-хил жавоҳирларни кўрган Бобур бунчалик катта олмосни ҳали учратмаган, олмос донасининг бу қадар улкан бўлишини тасаввур ҳам этмас эди.
— Бу қандай жавоҳир? — деб сўради Бобур ўғлидан.
— Олмос эмиш.
Бобур нур жилвасига чўмиб ўйнаётган тошни қўлига олиб салмоқлаб кўрди:
— Вазни етти-саккиз мисқол келур. Наҳот шунчалик катта олмос бўлса?
— Мен бир муқаййим*ни чақириб кўрсатдим. Маш-ҳур Кўҳинур* олмоси шу, деди. Оламда бундан катта олмос йўқ эмиш. Баҳоси сандиқ-сандиқ олтинлардан баланд эмиш.
— Мен Бангола подшоси Султон Аловиддинда улуғ бир олмос бор деб эшитган эдим. Таъриф қилган эдиларки, шу битта олмос катта бир мамлакатнинг бир ойлик сарфу харажатини кўтаргай.
— Муқаййимнинг айтишича, мана бу олмоснинг қиймати тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар экан.
— Сен буни қаердан олдинг?
Ҳумоюн ўнғайсизланиб жилмайди-ю:
— Гвалиор рожасининг хайлхонасида пешкаш қилдилар,— деди.
— Нечун?
Ҳумоюн воқеани ҳикоя қилар экан, Бобур Гвалиор вилоятида юз йилдан бери ҳокимлик қилиб, жуда катта бойлик орттирган рожа Бикрамадитъянинг ҳашаматли қасрини кўз олдига келтирди. Бикрамадитъя Иброҳим Лодига бўйсунмасдан, у билан узоқ вақт уруш қилган, охири Гвалиорни Иброҳимга бериб, ўзи Шамсобод деган жойга кўчиб кетган ва кўп ўтмай вафот этган эди. Панипатдаги ғалабадан кейин Ҳумоюн бошлиқ илғорлар Деҳлидан ўтиб бориб кўп қасрларни ишғол қилдилар. Шу қасрлардан бирида ўлиб кетган ўша рожанинг бўй етган икки қиз, бир ўғли ва уларнинг оналари яшаб турган эди.
Рожанинг йигирма ёшлардаги ўғли Ҳумоюнни яхши қарши олди:
— Сизларнинг душманларингиз бўлган Иброҳим Лоди бизнинг ҳам душманимиз эди, унинг мағлуб бўлганидан биз шодмиз, — деди. — Энди рухсат берингизлар, биз Шамсободдан она юртимиз Гвалиорга қайтиб кетайлик.
Ҳумоюн ҳам ёш рожа билан илиқ муомала қилди-ю, лекин Гвалиорга кўчиб кетиш учун ўзи рухсат бера олмаслигини, подшоҳни кутиш кераклигини айтди. Ўша кеча Вайс деган бир бек элликкача йигити билан рожанинг қасрида тунади. Ҳумоюннинг ўзи қасрнинг ҳовлисидаги боққа чодир тиктириб, кечаси чодирда ухлаб ётганда ичкарида кўтарилган тўполонни эшитиб уйғониб кетди. Қўрчиларини ёнига олиб, қаср ичига чопиб кирса, Вайсбекнинг йигитларидан бири эшик олдида қонга беланиб ўлиб ётибди. Қандилларда шамлар ёниб турибди. Иккинчи қаватнинг зинапоясида турган ўн саккиз ёшли гўзал қиз чувалиб ётган ипак сарисини титроқ қўллари билан олиб, яланғоч елкасига ёпишга уриняпти. Рожанинг ўғлини беш-олтита навкарлар ўртага олиб, қўлидаги қиличини уриб туширишди.
Маълум бўлишича, Вайсбек рожанинг шу қизини ёқтириб қолиб, навкарлари ёрдамида ўз бўлмасига куч билан олиб келтирмоқчи бўлган. Қизнинг акаси қилич яланғочлаб ҳимояга чиққан. Қизни кўтариб кетмоқчи бўлган навкарни қилич билан уриб йиқитган. Энди бунинг қасдига навкарлар ёш рожанинг ўзини ўлдирмоқчи эдилар.
Ҳумоюн гап нимадалигини суриштириб билгач, нав-карларга:
— Рожани бўшатинг! — деб буюрди. — Ўз сингилларини бунчалик мардона ҳимоя қилган йигит эҳтиромга сазовор. Подшоҳ ҳазратлари бундай кишилар билан яхши муомалада бўлишни буюрган эдилар. Фармони олийни унутган шаҳватпараст Вайсбек ҳибсга олинсин! Қизни иликламоқчи бўлган навкарлар ўн дарра калтаклансин!
Хос навкарлар бу буйруқни бажармагунларича Ҳумоюн уларнинг тепасидан кетмай турди. Бу орада зинапоядан ёш рожанинг онаси қўлида кичкина садаф қутича билан тушиб келди. У олий табақанинг ўқимишли аёлларидан эди, кўп тилларни биларди, Ҳумоюнга форсчалаб гапирди:
— Шаҳзода, менинг бисотимдаги энг катта бойлигим— мана шу қутичанинг ичида. Менга фарзандларим дунёнинг ҳамма бойликларидан азизроқ. Сиз ўғлимнинг жонини қайтариб бергандек бўлдингиз. Мана бу қутичадаги улуғ олмосни сизга пешкаш қиламан!
— … Воқеанинг тафсили шу, — деди Ҳумоюн ва отасига «Бир навкарнинг ўлгани-ю, Вайсбекнинг жазолангани учун гап эшитмасмикинмен?» дегандек термилиб қаради.
Бобур оғир тин олди-ю:
— Алқисса, бу гўзал олмос ҳам зўравонлигу хунрезлик балосини кўриб келмишми? — деди.
— Ҳазратим, мендан хатолик ўтган бўлса афв этинг. Мен ўйладимки, ўз ор-номусларини шундай бебаҳо олмосдан ҳам ортиқ қадрлайдиган одамлар ғайридин бўлсалар ҳам…
— Рост, бу мамлакатда шундай ор-номусли одамлар борлигини ўйласам, менинг ҳам кўнглим кўтарилур, ўғлим! Аммо бизнинг назари паст беку навкарларимиз зўравонлигу талончилик билан ҳинд элини биздан чўчитмоқдалар. Ахир бизнинг мақсадимиз фақат мамлакат олмоқ эмас эди-ку. Биз Ҳиндистонда катта давлат тузиш орзусини кўнглимизга тугиб келган эдик. Ягона қудратли давлат барпо этилишидан ҳинд эли ҳам манфаатдор эмасми? Барча ўлкалар бирлашса, элнинг тинкасини қуритган ички урушлар тўхтамасми? Улус тин-чиб, илму санъатнинг равнақи осонлашмагайми? Буни сезган ҳиндистонийлардан Диловархон, Ҳиндубек кабилар биз билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Биз энди бутун ҳинд элининг кўнглини олмоққа интилмоғимиз даркор, ўғлим!
— Ҳинд элининг кўнглини олмоқ?! — таажжуб билан сўради Ҳумоюн. — Қонли жанглар ваҳимасидан қўрқиб, шаҳару қишлоқларини ташлаб қочмоқда бўлган минг-минг одамларнинг кўнглини биз қандоқ олғаймиз?
Бобур Панжобда йўлни адаштириб, фотиҳларни хароб қилмоқчи бўлган филбонни ва боя «Кет, босқинчи!» — деб қичқириб ўзини оловга ташлаган келинчакни эслади:
— Ҳа, бу жуда мушкул муаммо! — Бобур миз устида турган садаф қутичани қўлига олди. — Умидвормен, шояд бу муаммони ечишга муяссар бўлсак. Ахир мана сен бир қанча ҳиндистонийларнинг кўнглини олмишсен-ку. Деҳлига келган кунинг ибодатхонада бу элнинг муқаддас туйғуларини ҳимоя қилмишсен. Бунинг ҳаммасига лойиқ мукофот мана шу олмосдир! Ол, ҳалолинг бўлсин!
— Ҳазратим, — деб Ҳумоюн қутичани олмай қўлини кўксига қўйди, — бу олмосни мен сизга атаб келтирдим. Бобур садаф қутичани яна миз устига қўйди-ю, овози хиёл товланиб:
— Сенинг бу саховатинг учун тангрига шукрлар қиламен, — деди. — Панипат жангида сен менга энг биринчи бўлиб зафар келтирдинг, қўшиннинг руҳини кўтаришга сабабчи бўлдинг. Мен ҳали бу хизматларингни кўнглимдагидек тақдирлаганим йўқ.
— Лекин сизнинг аввалги инъомларингиз менинг бутун умримга етгуликдир, — деб Ҳумоюн отасига «Мубаййин»ни эслатгиси келди. — Мен ҳам сизга арзирлик бир армуғон келтириш орзусида эдим…
— Ундай бўлса, майли, мен бу армуғонингни бир марта қабул қилай. Энди шу олмос меникими?
— Сизники!
— Лекин тақдир менга дунёдаги барча олмослардан қимматлироқ бир мукофот бермишдир. Бу мукофот — менинг сендек ўғлим борлигидир. Тождор, тахтдор ота-ўғиллар орасида қандоқ ёмон бахилликлар, қандоқ разил хунхўрликлар бўлганлиги сенга сир эмас. Мен истайменки, бу балолар сену менга ҳеч вақт ёвуқ келмасин. Худодан тилагим шуки, мендан сенга, сендан авлодларингга саховату мардлик, фидокорлигу олижаноблик мерос бўлиб қолсин. Бу фазилатлар бизни улкан тоғ силсиласидек доимо бир-биримизга боғлаб турсин. Ана ўшандагина биз Ҳиндистонга келиб кўзлаган улуғ мақсадларимизга етишгаймиз.
— Сиз айтган улуғ мақсадлар учун ўғлингиз жонини беришга ҳам тайёр!
— Бунга менинг ишончим комил. Шунинг учун бу ноёб олмосни мен фақат сенга муносиб кўрурмен. Ол!
Ҳумоюн энди ўрнидан сакраб турди-ю, садаф қутичани таъзим билан отасининг қўлидан олиб, кўзига сурди. Бобурнинг бояги беҳаловатлиги ва тушкун кайфияти энди тарқаб кетган, кўнглида яна яхши истиқболга ишонч туйғуси мавж урар эди. У Ҳумоюнга:
— Ўтир, — деди-да, қарсак чалиб савдарбошини чақирди: — Ҳиндубекни чорланг. Хўжа Халифа билан бирга кирсин.
Чақирилганлар келгунча Бобур Ҳумоюнга Аградаги аҳвол тўғрисида гапириб берди:
— Қўрғонни Иброҳимнинг онаси, ўғли, Маликдод Короний отлиқ вазири мингдан ортиқ хос аскарлари билан беркитиб олмишлар. «Сўнгги одамимиз қолгунча жанг қилурмиз» деб аҳд қилмишлар. Бу аҳдни бизнинг қўшин бир ҳамла билан кўкка совурмоғи мумкин. Аммо яна хунрезлик бўлур, шаҳар бузилиб, бизга керакли қанча одамлар ҳайф кетур!
Хўжа Халифа ва Ҳиндубек толорга таъзим қилиб киришди. Бобур уларни қаршисига ўтқазгач:
— Сизлар Аграга биздан элчи бўлиб бормоқларингиз керак, — деди. — Мақсад — қўрғонни жангсиз олиш. Молу жонлари омон қолсин. Иброҳимнинг онаси Жамна бўйидан паргана* сўраган эмиш. Майли, берайлик, Иброҳимнинг ўғли арабча-форсча ўрганган илмлик ўспирин эмиш, уни саройдаги обрўли мулозимларим қаторига қўшай. Маликдод Коронийни тадбиркор вазир деб эшитдим. Уни Ҳиндистон муаммолари бўйича ўзимга маслаҳатгўй қилиб хизматга олай. Бориб, яхшилаб сўзлашинг. Яна қандай маъқул тилаклари бўлса қабул қилайлик. Хуллас, қирғин бўлмасин, бева-бечора кўпаймасин, деб шу йўлни тутмоқдамиз… Яъни, сизларнинг вазифаларингиз — қалъа олиш эмас, балки қалъадагиларнинг кўнглини олишдир!
Оғир жангларнинг олдинги сафида қон кечиб юрган Ҳумоюн билан Ҳиндубек Бобурнинг бу тадбиридан енгил тортишиб, бир-бирларига мамнун қараб олишди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

__________________
* М у қ а й й и м — жавоҳиршунос заргар.
* К ў ҳ и н у р — «нур тоғи» демакдир. Ўша замонда бу олмос— одамзод топган олмосларнинг энг улкани бўлган. Олимлар Кўҳинур олмосининг 1304
йилдан бери борлигини аниқлаганлар. Ҳозир бу олмос Лондонда сақланади.
* П а р г а н а — кичикроқ вилоят. 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-5

Учинчи боб Ҳайвонот боғи ва кулги хонасидан чикиб улар чайқов бозори томон йўл олишди. У ердан совғалар харид қилишди. Ажимуротга янги, чиройли, ялтироқ пўкак тўппонча ...

Юлдузли тунлар-82

СEКРИ ҚАЙТА КЎЗ ОЧГАН БУЛОҚ 1 Бобурнинг махсус таклифи билан Ҳиротдан Аграга келаётган мавлоно Хондамир, шоир Шиҳоб Муаммий ва мударрис Иброҳим Қонуний уч ойга яқин йўл ...

Мeҳробдан чаён-мирзо анварнинг кейинги ҳаёти тўғрисида

Мен мирзо Анвар ҳикоясини отам марҳумдан эшиткан эднм. Мирзо Анвар Қўқондан қочиб келиб, уч-тўрт йил чамаси Тошканднинг машҳур Эскижўва маҳалласида гурган. Ул вақтларда ...