Юлдузли тунлар-80

* * *

Агра қалъасидаги хилватхона девони хос билан подшоҳ ошхонасининг оралиғида эди. Бир ойдан бери давом этаётган ёмғир фасли ҳали-бери тугайдиганга ўхшамас, баъзи кунлари беш-ўн мартадан жала қуйиб ўтарди. Ёғин-сочинли кунларда Бобур кўпроқ Аграда ишлайди. Хилватхона — ичма-ич қурилган уч хонадан иборат. Бу хоналарнинг майда-чуйда ишларини тўртта савдар қилади, лавозими «офтобачи» деб аталадиган Тоҳир уларга бошлиқ. Энг ички хонада қоғоз, қалам ва Бобур тайинлаган китоблар туради. Бериги хонага дастурхон солиниб, Бобур хуш кўрадиган гулоб, норинж шарбати, анба меваси* қайла*, танбул барги* ва мағзи қизил фуфал ёнғоғи қўйилган.


Бир куни Тоҳир дастурхонга энг тоза Ғазни чоғиридан ҳам бир кўзача қўйдирган эди, Бобур:
— Чоғир мажлиси хиргоҳда бўлди, бас, — деди.
Шундан кейин Тоҳир хилватхонага ичкиликни йўлатмайдиган бўлди.
Бобур ички уйда туни билан ишласа Тоҳир ҳам тонг отгунча ухламай, унинг тинчини қўриқлаб чиқар эди. Унинг ташқи хонада уйғоқ ўтиришини биладиган Бобур гоҳо ичкаридан чиқиб келиб, ғалати саволлар берарди:
— Бадахшонда арчазорларда нафис бир ўт бўлур эди, эсингиздами? Даҳкат атрофида, Осмон Яйловда ҳам мўл эди. Ранги ҳаворанг. Мен бир дафтарга ёзиб қўйган эдим… Кобулда қолганми? Йўқ.
— От ейдими?
— Ҳа, яхши ейди. Бўйи паст-паст, ердан тўп-тўп бўлиб чиқур.
— Бетакамикин?
— Ҳа, ҳа, бетака ҳам дерлар, лекин асли бутака! Бутталаб ўсгани учун бутака дер эканлар. Мен бунинг важҳи тасмиясини* Бадахшонда эшитган эдим.
Бобур қидирган сўзини топганидан мамнун бўлиб ичкарига кириб кетди. У Тоҳир билан бирга кўрган жойлари, бирга бошдан кечирган воқеаларининг мана шунақа тафсилотларини сўраб, аниқлаб олган кунлари Тоҳирнинг ҳам кўнгли кўтарилиб юрарди. У Бобурнинг ўз кўрган кечирганлари ҳақида катта китоб ёзаётганини эшитган эди. Энди Тоҳир ҳам шу китобнинг ёзилишига бир қадар иштирок этаётгани учун «ҳар қалай, бу ерда ўтган кунларим зое кетмайдиганга ўхшайди», деб қўярди. Бир кун тун яримлаганда Бобур хилватхонадан хомуш бўлиб чиқди-ю, ҳазин товуш билан бир тўртлик ўқиб берди:

Кўпдан бериким ёру диёрим йўқдир,
Бир лаҳзау бир нафас қарорим йўқдир,
Келдим бул сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқдир.

Бу сатрлар Тоҳирнинг соғинч туйғуларини шундай қўзғатдики, кўпдан бери кўрмаган Робиясини қўмсаб, ўпкаси тўлди.
— Болалар билан қачон дийдор кўришаркинмиз-а, ҳазратим?
— Йўллар ҳали нотинч. Ҳарам учун хатар кўп. Бу ёқда Рано Санго биздан норизоларни атрофига тўплаб, куч йиғмоқда эмиш…
«Биздан норизолар» деган сўзлар Тоҳирга мана шу қалъа ҳовлисида ўтган куни юз берган бир фожиани эслатди.
Ҳинд усталари, пашкол пайтида ер қазиб бўлмайди, ишни тўхтайлик, дейишди. Лекин саркор бунга кўнмади: «Биз войинни олти ойда қуриб битиришга сўз берганмиз, ёмғир фасли икки ой давом этса, кейин қачон улгургаймиз? Подшо ҳазратлари бизни ёлғончи демасларми? Ёмғир писандмас! Қайтага салқин бўлди! Ишлайверинглар!» Хуллас, саркор ер қазувчиларни мажбур қилиб ишлата бошлади.
Муттасил ёғиб турган ёмғирлар ерни ивитиб, ҳилвирлатиб қўйган эди. Ўтган куни ер қазувчилар ўн қулоч чуқурликдаги чоҳнинг тубида ишлаётганларида жардай чуқур ҳавзанинг бир томони ўпирилиб тушди-ю, тўрт одамни босиб қолди. Уларни лой аралаш тупроқ тагидан кавлаб олгунларича учтаси аллақачон жон берган, тўртинчиси тирик бўлса ҳам бели синиб, майиб бўлган эди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

________________
* А н б а — ананаснинг бир тури.
* Қ а й л а — банан.
* Т а н б у л б а р г и — апелсин баргига ўхшаб кетади. Фуфал ёнғоғи билан бирга оғизга солиб чайналса кайф беради, тишни мустаҳкамлайди.
* В а ж ҳ и т а с м и я с и — шундай деб аталиш сабаби, этимологияси. 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-11

ЎШ НАЖОТ ҚАЙДА? 1 Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-10

Бир куни опа отхонага келди. Районга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 28-қисм

28 Кўпкари қизигандан-қизиди. Шу вақт, Жўра бобо от йўрттириб келди. — Зиёдулла чавандоз, бизнинг тўриқниям бир кўринг, укам, — деди. Жўра бобо шундай дея, отдан тушди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400