Юлдузли тунлар-84

2

Секри тоғининг шимолий ёнбағрида салқин боғнинг тўрида жойлашган уч хонали шинам хилватхона мавлоно Хондамирга берилган эди. Бобур ўша куни Аграга жўнаб кетди. Мавлоно хилватхонанинг ўймакор айвонига чиқиб, ундан яхши кўринадиган шишадай тиниқ кўлни томоша қилиб ўтирганида хонаи хоснинг савдарбошиси Бобурнинг қўлёзмасини унга олиб келиб берди.
Қўлёзма хаттот томонидан зарварақларга бениҳоя чиройли қилиб кўчирилган эди. Хондамир уни хона ичига олиб кириб, миз устига қўйди. Тепада ёнаётган шамларни миз устига яхши ёруғ берадиган қилиб ўрнатгач, кўзойнагини тақди ва асарни эҳтиёт билан варақлаб ўқишга тушди.

Бундан ўн йилча аввал Бобур Ҳиротга иккинчи марта борганида Хондамирга «Вақоиъ»дан ўқиб берган бобнинг услуби мавлонони хиёл таажжубга солган эди. Мана бу қўлёзмада ҳам Бобур қаламга олган воқеалар жуда мураккаб бўлса-да, муаллиф уларни оғзаки ҳикояга яқин бир тарзда хийла оддий услубда ёзган эди. Кўп жойларда Хондамир ҳатто Бобурнинг сўзлаш тарзини, оҳанги, баъзи бир шахсий хислатларини пайқаб: «Ғалати-ку!» — деб қўйди. Чунки отаси Мирхонд Хондамирни ёшликдан бошқача эътиқодлар билан тарбиялаб ўстирган эди. Бу эътиқодга биноан, насрнавис муаррих ўз шахсий услубини давр услубига бўйсундирмоғи, ўз «мени»ни давр уммонига қўшиб билинтирмай юбормоғи керак эди. Агар асарда муаллиф ўзини намоён қилаверса, бу — нокамтарлик белгиси ҳисобланарди. Катта тарихий китоблар ҳукмдорлар учун ёзилар, асосий таърифу тавсиф ўшаларнинг ишларига бериларди. Назокатли ўхшатишлар, жимжимадор мажозлар ва шоирона кўтаринки услуб ҳукмдорларга хуш келар ва барча муаллифлар бўйсунадиган бир қонун ҳисобланарди.
Бобур мана шу қонунни бутунлай инкор этувчи услуб билан асар ёзгани Хондамирга ортиқ даражадаги бир шаккокликдек туюлди. Бобур ўғли Ҳумоюнга ёзган хатини ҳам китобида келтирган эди:
«…Хат битирда такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ* бўладур. Бетакаллуф пок алфоз била бит, сенга ҳам ташвиш оз бўлар ва ўқиғувчиға ҳам».
«Ажабо! — ўйланди Хондамир, — бетакаллуф тил билан асар битмоқ Бобур мирзо учун пок услуб белгиси ҳисобланур экан-да!» Хондамир ўзининг ўн йилдан бери ёзаётган «Ҳабиб ус-сияр»ида назокатли такаллуфлар кўплигини эслади-ю, ўзини ўнғайсиз сезиб, ўқишдан тўхтади ва айвонга чиқди.
Осмонда саккиз кунлик ой сузиб юрар, унинг нури қаршидаги кўлнинг ўртасида ойдин йўлка ҳосил қилган эди. Кўлнинг нариги четидан тоғ этагигача келган бу нур йўлкасида тўлқинлар жимир-жимири гавҳар жилвасига ўхшаб кўзни қамаштирарди. Лекин Хондамир шу нур ўйинида ҳам Бобур тасвирлаган воқеаларни кўрар, уларнинг таъсирини хаёлидан узоқлаштиролмас эди. Сертакаллуф, сербезак услуб Хондамирдан жуда кўп куч, вақт, меҳнат талаб қилар эди. Бундай жимжимадор услубда асар ёзиш қанчалик қийин бўлса, уни ўқиб тушуниш ҳам шунчалик қийин эди. Бобур икки томонни ҳам бу қийинчиликдан қутқаришга интилса нимаси ёмон? Ўғлига ёзган хатида «сенга ҳам ташвиш оз бўлар, ўқиғувчига ҳам» деганда у ҳақли эмасми? Унда Хондамирнинг юксак шоирона услубга оид эътиқодлари пучга чиқадими? Йўқ, бу мумкин эмас!
Хондамир қайтиб ичкарига кирди-ю, ўзининг ҳақлигига далил қидириб, очиқ қўлёзманинг давомини ўқишга тушди.
Ҳали ҳеч бир муаррих қаламга олмаган ғаройиб воқеалар бу қадар кўп! Хондамир китобнинг мазмуни янги ва мароқли эканига тан бермай иложи қолмади. Бобур ўзини-ўзи очиқчасига муҳокама қилган, ўз хатоларини рўйи-рост ёзган жойлари ҳам Хондамирга жу-да илиқ туюлди. Охирги бобларида яна ажиб бир хат учради. Бобур Аградан Кобулга юборган бу мактуб Моҳим бегимга атаб ёзилганини Хондамир сезди. Бобурнинг заҳарланиш тафсилотлари шу ерда битилган эди: «Дастурхон устида икки-уч марта кўнглум барҳам уриб қусаёздим. Охир кўрдумким бўлмас, қўпдум… Обхонага бориб қалин қусдим. Ҳаргиз ошдин сўнг қусмас эдим, балки ичганда ҳам қусмас эдим. Кўнглимга шубҳа кечди.
…Жон мундоқ азиз нима эмиш: мунча билмас эдим, ул мисраъ борким:

«Ким ўлар ҳолатга етса,
Ул билур жон қадрини».

Тенгри таолонинг инояти бор экандир, манга янги бошдан жон бағишлади».
Бобур ўз ҳаёти ҳақида бу қадар очиқчасига ёзгани Хондамирни ҳайрон қолдирди. Кейинги бобда яна бир тафсилот унинг эътиборини тортди. Ичкиликни бундан икки йил один ташлаган Бобур уни ҳалигача қайтиб оғзига олмас эди. Бунинг осон бўлмаганини Хондамир қуйидаги сатрлардан билди: «Бу ўтган икки йилда чоғир мажлисининг орзу ва иштиёқи беҳад ва ғоят
эди, андоқки, чоғир иштиёқидан борлар* йиғламоқ сарҳадига етар эдим».

Ўз истагига қарши курашиб, йиғлаш даражасига борганини очиқ ёзиш тождорлар орасида мисли кўрилмаган бир соҳибдиллик эканига Хондамир ич-ичидан тан берди. Очиқчасига айтган мана шунақа оддий тафсилотлар туфайли Бобур унга ўзи каби бир инсон фарзанди бўлиб туюлди. Аммо бошқа тождорлар тарихий китобларда оддий одамларга ўхшаб кўринишдан қанчалик чўчийдилар! Улар эл-юртдан мумкин қадар баландда бўлишни, оддий инсондан кўра худога яқинроқ туришни қанчалик яхши кўрадилар! Шунинг учун ҳам Хондамирдек муаррихлар подшолар ҳақида оддий одамлар тушунмайдиган баландпарвоз, сертакаллуф тилда китоб ёзишга мажбур бўладилар. Бобур ўзи подшоҳ бўлгач, бундай такаллуфларни ким учун ёзади? Ҳамма томонидан қабул қилинган давр услубининг қонунларини бузиб чиқиб, ўз ҳаёти ҳақида шундай эркинлик ва ростгўйлик билан асар ёзиши — ҳеч кимга қарам эмаслиги туфайли эмасмикин?
Бу фикр Хондамирни Бобурнинг услубидаги ўзгачалик билан гўё яраштирди. Шундан кейин Бобурга хос оддийликнинг теран бир шеърий нафосати ҳам борлигини, бу нафосат одамни сеҳрлаб олишини сезди. Тун ярмидан ошганда эса асарда тасвирланган воқеаларга қизиқиб, услубини бутунлай эсдан ҳам чиқарди.
Тонгга яқин озгина ухлаб, сўнг яна ўқишни давом эттирди-ю, қўлёзманинг охирига етмагунча ундан ажралолмади.
Бобур Секрига учинчи кун эрталаб қайтиб келди— кундузи ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун йўлни тун сал-қинида босиб ўтган эди. У Хондамирни яна боғда учратди, иккови пиёда ўша булоқ бўйига келдилар.
Бобур йўл юриб чарчаган, уйқусиз ўтган яна бир тун юзини жуда сўлитиб қўйган бўлса ҳам у ўзини хушҳол тутиб:
— Мавлоно, менсиз дилгир бўлмадингизми? — деди.
— Ҳазратим, мен туну кун сиздан айрилмай суҳбатингизда бўлдим, сиз ёзган асар саҳифаларида унутилмас дамларни бошдан кечирдим.
— Ҳали охирига етмагандирсиз?
— Кеча пешинда охирги саҳифасини ёпганимча ҳамон унинг таъсири билан яшамоқдамен.
— Мени аяманг, мавлоно, ростини айтинг.
— Ростини айтсам, сиз мени чил-чил синдирдингиз!
Хондамир бу гапни шундай жиддий туриб, ички бир дард билан айтдики, Бобур таажжубланиб тўхтади:
— Нечук синдирмишмен, мавлоно?
— Услубингиздаги нафис бир соддалик қаршисида менинг юксак шоирона услубим ортиқча бир такаллуфдек туюлди.
— Э, такаллуфми? Аммо менинг аҳволим ўзингизга маълум. Жумлаларни такаллуф билан безашга фурсатим йўқ эди.
— Асли гўзал бўлган юзга ортиқча зеб-зийнат не ҳожат? Ҳазратим, сиз адабиётимизда ҳали ҳеч ким қилмаган улуғ бир ишни қилмишсиз. Муборак бўлсин!
— Миннатдормен, мавлоно. Бироқ ҳали мен бу ишнинг йўқолган саҳифаларини тикламоғим керак.
— Тиклашингизга аминмен. Охири яна бошқа нек ишларингиз ёзилгусидир. Бироқ шу туришда ҳам мен бу улкан асарингизни туркий тилда айтилган янги бир сўздек қабул қилдим. Мен аминменки, авлодларимиз сизнинг бу шоҳ асарингизни Алишер Навоийнинг «Хамса»си каби эъзозлагайлар. Чунки шу вақтгача туркий тилда битилган энг улуғ шеърий асар «Хамса» бўлса, шу вақтгача туркий тилда битилган энг улуғ насрий асар, менимча, «Бобурнома» бўлғусидир.
— Мавлоно, гарчи муболаға қилган бўлсангиз ҳам, дил сўзларингиз учун ташаккур. Мен бу асарни ниҳоя-сига етказиш учун бугун яна Секрига қайтиб келдим. Агар нуқсонлари бўлса очиқ айтинг.
— Фақир баъзи саҳифалардаги саналару номларда ноаниқликлар учратдим. Хусусан, Ҳиротга Ҳусайн Бойқаро саройига оид боблар хиёл таҳрирталаб.
— Мана шу нуқталарда менга сизнинг кўмагингиз даркор.
— Бажонидил, ҳазратим. Неки ноаниқлик бўлса, барчасини алоҳида қоғозга ёзиб қўйдим. Асарингиз билан бирга бермоқчимен.
Шу пайт тепадан ўтаётган қушлар кескин ҳуштак чалганга ўхшаб нохуш овоз чиқаргани эшитилди. Бобур осмонга қараб, қорамтир-қизғиш калхатлар галаси қанот қоқмай учиб бораётганини кўрди. Сўнг уларни Хондамирга кўрсатиб:
— Бу йиртқичлар жанглардан сўнг ўлакса еб мазахўрак бўлмишлар, — деди. — Рано Санго билан бўлган жангдан сўнг мана шу кўл атрофларида, боғнинг ўрнида ўлиб ётган одамлар, готлар, туялар, филлар беҳисоб эди. Калхатлар қон ҳидини сезиб, узоқлардан гала-гала учиб келганлари ёдимда бор…
Бу хотира Бобурда нохуш туйғулар қўзғаганини сезган Хондамир:
— Начора, ҳазратим, — деди. — Ҳанузгача ҳеч бир улуғ давлат жангу жадалсиз барпо бўлган эмасдир.
— Сўзингиз чину, аммо… Сўнгги йилларнинг воқеаларини қоғозга туширганимда, барча қурбонлар, тўкилган барча қонлар кўз ўнгимда шундай тўлиқ гавдаландики уйқуларим ўчиб кетди… Бажур қўрғонида уч минг кишининг қиличдан ўтказилгани… Панипатда бир неча юз асирнинг тўфангдан отиб ўлдирилгани… Бизнинг одамлар ҳам калла-миноралар қўнаргани…
— Ҳаммасини умр китобингизда рўйирост битмишсиз.
— Чунки авлодлар ҳақиқатни билсинлар, бизни фаришта деб ўйламасинлар. Қилган гуноҳларимиз ўзимизга нечоғлиқ оғир тушганидан огоҳ бўлсинлар.
Бобурнинг руҳида дам-бадам сезилиб қолаётган ички бир дард — фақат хасталик ёки чарчоқликдан эмаслигини Хондамир энди сезди. Бобур ижодий ишга берилган сари унинг қалбидаги шоҳ билан шоирнинг муроса қилиши қийинлашиб кетарди.
Хондамир беихтиёр Ҳиротни ва Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро орасидаги мураккаб муносабатларни эслади. Бу икки зот ёшликдан бир-бирларини яхши кўрар эдилар, аммо подшоҳнинг шафқатсиз ишлари шоирнинг нафис туйғуларига шу даражада зид келар эдики, Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро билан бир шаҳарга, ҳатто бир мамлакатга сиғишмай қоладиган ва Хуросонни ташлаб ҳажга кетишга астойдил интиладиган пайтлари бўларди.
Ҳатто бир шаҳарга ва бир мамлакатга сиғмайдиган катта шоир билан подшоҳ Бобурнинг қалбида бирга яшашга мажбур эканини ва бу уни қанчалик қийин аҳволларга солишини Хондамир ҳозир яқиндан кўргандай бўлди. Унинг ёдига Бобурнинг:

Юз хайфки, зоеъ ўтадир умри азиз,
Афсуски, ботил* борадир умри шариф!

деган сатрлари тушди. «Шоир бу сатрларни подшоҳлик ташвишларидан тўйиб кетган пайтда ёзган бўлса керак!» деган ўй кўнглидан кечди.
Бобур булоқ бўйига чўнқайиб ўтириб, кафтини муздай тиниқ сувга тўлдириб олди-да, уни симириб, хиёл тафти босилгандай бўлди.
Хондамир гапни ёқимлироқ мавзуга бургиси келди:
— Ҳазратим, Ҳиротда учрашганимизда сиз ўз ҳаётингизни… кўчки босган булоққа ўхшатган эдингиз. Ёдингиздами?
— Ёдимда бор.
— Фақир ҳозир тахмин қилдимким, Мовароуннаҳрда кўчки босган булоқ балки шу ерга келиб қайта кўз очгандир?
— Ақл бовар қилмайдир. Орада шунча узоқ масофалар бор.
— Лекин чинакам зўр истеъдодлар — ўлмас булоқларга ўхшар эканлар. Уларнинг кўзини ўн жойда бекитсалар, ўн биринчи жойдан яна ёриб чиқар эканлар!
— Лутф қилдингиз, мавлоно. Ҳозир ижодий иш мени худди шу тоза булоқдек ўзига тортадир.
Жангларнинг қонли селлари, салтанатнинг бетиним тўфонлари жонимга тегди. Тожу тахт бевафолигини кўпдан бери сезиб юрибмен. Менга вафо қилса фақат ёзган асарларим вафо қилгусидир. Ота юртим Туркистонга ўзим қайтолмасам ҳам, асарларим қайтиши мумкин.
— Иншооллоҳ, сиз ота юртингизга зафар билан қайтурсиз. Тошкентда, Самарқанду Ҳиротда сизнинг қайтишингизни кутиб юрган ихлосмандларингиз кўп.
— Аммо ғанимларимиз улардан кўпроқдир, мавлоно. Улар билан жанг қилиб ватанга қайтгунча яна қон дарёсида сузмоқ керак… Мен бундан жуда безганмен… Қилич билан олинган эллар вафо қилмас эканлар. Фақат маънавий зафарлар умрбоқий бўлишини кейинги даврлар бизга кўрсатди.
— Ҳазрат Алишер ҳам маънавиятни ҳамма нарсадан баланд қўяр эдилар. Сиз чиндан ул зотнинг буюк ишини давом этдирмоқдасиз.
— Афсуски, ҳазрат Алишердек даҳолар турк оламида анча кеч пайдо бўлмишдир. Жаҳон бўйлаб от ўйнатиб, қилич топган турк баҳодирлари минг йиллар давомида Чин-Мочиндан Мисргача, Ҳинддан Фарангистонгача қанчадан-қанча қудратли давлатлар барпо этганлар. Аммо улар ўз давлатларини умрбоқий қиладиган туркий алифбою она тилига, яхлит бир туркий маънавиятни яратишга яхши эътибор бермаганлар. Қилич билан тикланган давлатларнинг маънавий пойдевори мустаҳкам бўлмаса, улар бошқа қиличлар зарбидан тез қулаб тушаркан.
— Рост, ҳазратим, турк оламининг бу тарихий нуқсони ҳақида сиз билан Ҳиротда ҳам кўп дардлашган эдик.
— Ана ўшал дардларнинг турткиси билан мен Кобулу Самарқандда туркий алифбони тикламоқчи бўлдим. Бундан мақсад — барча давлат ишини туркий тилда юритмоқ эди. Аммо… бу ҳаракат қандай фожеа билан тугагани маълумингиздир.
— Э-воҳ, шундай улуғ жасорат увол бўлди-я! Жоҳиллар яна ғолиб келдилар!
— Аммо туркий алифбо билан туркий маънавиятга оид орзулар мени ҳамон тарк этган эмас. Ўғилларим Ҳумоюн билан Комрон хатти Сиғноқийни мукаммал ўрганибдир, менга ўшал алифбода мактублар битурлар. Ҳозир мен туну кун туркий тилда ўйлаймен, шу тилда ижод қилмоқдамен. Чунки бизга она сути билан кирган тилимиз — бизнинг маънавий ватанимиздир. Туркий тилда ёзганимда руҳим яна Андижону Самарқандга қайтгандек таскин топур. Маънавият оҳанрабоси билан туркий элларни руҳан яқину иноқ қилиш менинг эзгу ниятимдир. Бу ниятга биз етолмасак, шояд келгуси авлодлар етса!
Бобур кўпдан бери уйқусиз юрганиданми ёки соғинч ҳиссининг зўриданми, кўзлари беихтиёр ёшга тўлди.
— Мен ҳам Ҳиротни беҳад соғиниб юрибмен, ҳазратим. Лекин… ўзингиз айтган эдингизки, Ҳинд ҳам энди биз учун ватан. Ёзган асарларингиз Ҳинднинг шавкатига ҳам шавкат қўшғусидир. Ҳиндда барпо қилган улуғ давлатингиз эса сизни вояга етказган Мовароуннаҳрга ҳам шуҳрат келтиргусидир.
— Зора шундай бўлса! — деди Бобур.
У Хондамир билан кечгача дардлашиб юрди-ю, кўнглини бўшатиб, ўзини анча енгил сезди. Бироқ кечаси яна уйқуси қочиб, тонг отгунча мижжа қоқмади.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* М у ғ л а қ — тушуниб бўлмайдиган.
* Б о р л а р — «баъзи пайтлар» маъносида.
* Б о т и л — қалбаки йўлдан бориш, адашиш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-алдаш учун бола яхши

Бир  неча  кунлардан  бери  Сафар  бўзчи  хурсанд  эди.  Мулла  Абдураҳмоннинг  хизматдан чиқишиға ўзим сабаб бўлдим, деб ўйлар; ўз сўзи билан мулла Абдураҳмон каби бир ...

Бахт ва бахтсизлик

8. БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК Ошни сузиб келтиргач, меҳмонни ошға таклиф қилишдан бурун яна тоқчадаги кўвачани олиб бир пи-ёлани тўлдирди ва Отабекка узатди. — Ичинг буни ҳам, ...

Дилмурод  саййид: муҳаббатнинг мунгли қиссаси

КРИМИНАЛ — ФОЖЕАВИЙ ҲИКОЯ «Ҳақиқат кутиб тураверади, чунки у қаримайди, доимо  навқирон; эҳтимол, уни таниб ҳам қолишар!»        (Ж.Гюго) СУД ҳукми ўқилди. Шоҳрух тамоман ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400