Юлдузли тунлар-85

АГРА
ЮЛДУЗЛАР ГИРДОБИ
1

Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, лекин чанқоғи ҳеч босилмас эди.
Бир кун пешин кечроқ Тоҳир хилватхонага уч-тўрт бош оқ кишмиш узум олиб кирди. Ҳозиргина узиб ювилган олтин ранг кишмиш доналари устида сув зарралари йилтираб туради. Кўпдан бери бундай узумни кўрмаган Бобур таажжуб билан:
— Қайдан олдингиз? — деди.
— Ўзимизнинг Ҳашт Биҳишт боғимиздан. Самар-қанддан келтирилган кишмиш кўчатини ўз илкингиз билан экканингиз ёдингиздами, ҳазратим?
Бобур қувониб узумдан бир бошини қўлига олди. Бу ерларнинг тарихида биринчи марта етиштирилган оқ кишмиш сал серсувроқ бўлса ҳам, лекин унинг таъми Бобурга Самарқандни эслатди. Узум еган сари чанқоғи босилиб, ўзини бирдан тетик сезди.
— Буни Моҳимга кўрсатмоқ керак! — деб ўрнидан турди.
Бултур кузда Кобулдан Аграга кўчиб келган Моҳим бегим бу боғнинг тўридаги мармар кўшкда эди. Бобур баркашдаги узумни Тоҳирга кўтартириб, гулзор йўлкалардан кўшкка қараб кетди.
Ҳаво дим ва рутубатли. Яна пашкол фасли бошланиб, осмондан булут аримай қолган. Баркашдаги олтинранг кишмиш Бобурга шу булутларни ёриб ўтиб, узоқ Самарқанддан етиб келган ёруғ бир нурдек кўринарди.
Моҳим бегим кўшкнинг айвонида миз устига энгашиб алланарса ёзмоқда эди.
Айвонга Тоҳирни эргаштириб кирган Бобур:
— Узумимиз пишибди, Моҳим! — деди. — Бир татиб кўринг.
Моҳим бегим ўрнидан туриб, Бобурни одатдагидай таъзим билан қарши олди, лекин ўпкаси тўлиб, дуруст гапиролмади.
Сўнгги икки йил ичида ярасидан қолган асоратлар тузалиб, қўллари аввалгидай ишлайдиган бўлиб кетган Тоҳир узумни таъзим билан Моҳим бегимга тутди.
Моҳим бегим баркашни унинг қўлидан олиб, миз устига қўйди. Унинг қовоқлари шишиб, кўзлари йиғидан қизарганини пайқаган Тоҳир секин орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Эр-хотин ёлғиз қолганларида Бобур:
— Сизга не бўлди? — деди. — Йиғлабсизми?
— Нафасим қисилди…
Моҳим бегим қирқ ёшга боргандан бери юзлари тўлишиб, анчагина семириб қолган эди.
Кобулнинг енгил ва қуруқ тоғ ҳавосига ўрганган бегим Жамна бўйидаги иссиқ кунларда сернам дим ҳаводан нафас олиш қанчалик қийин бўлишини аввал ҳам эшитган, бир чеккаси шу сабабдан тўрт йилгача Аграга келмай юрган, ахири Бобурнинг юзидан ўтолмай бултур келган эди.
— Пашкол фаслида мен ҳам жуда қийналиб, нафас олурмен, — деди Бобур. — Ташвиш чекманг, ўрганиб кетурсиз. Қани, узумдан олинг!
Моҳим бегимнинг ҳеч нарса егиси келмас эди. Шундай бўлса ҳам кишмишдан икки дона олиб оғзига солдию, Бобурнинг кўнглига бўла:
— Яхши пишибдир, — деди.
— Мактуб ёзмоқчи эдингизми?
— Ҳа, Ҳумоюнга… Менинг нафасимни пашкол эмас, соғинч қисадир!
Тўлиб ўтирган Моҳим бегим бирдан йиғлаб юборди:
— Мен ҳамиша Ҳумоюннинг дийдорига зормен. Сиз мудом ўғлимни мендан узоқларга юборурсиз! Кобулда эканимда Ҳумоюн Жамнаю Ганга бўйларидан бўшамади. Мен Аграга келдим, Ҳумоюн Бадахшонга жўнаб кетди. Бадахшонни тинчитиб қайтди ҳамки, уни яна узоқ Самбхалга юбордингиз. Қаерда бир хатар бўлса, ўшанга Ҳумоюн рўбарў! Қайси узоқ юртда мушкул иш бўлса — яна Хумоюн! Мен бу ерда хавотирликда қон ютиб изтироб чекурмен!
— Бунчалик хавотирланишнинг не ҳожати бор, Моҳим!
— Сиз хавотирланмайсиз, ҳазратим, сизнинг фарзандларингиз кўп! Менинг ёлғиз фарзандим қолган! Учтасини тупроққа топшириб, шу биргина Ҳумоюн билан қолганмен!
Бобурнинг бошқа хотинлари ва улардан бўлган бош-қа болалари ҳам борлиги Моҳим бегимда қанчалик мураккаб туйғулар қўзғашини Бобур ҳозир яна бир марта сезди. Шу пайт хонага саккиз ёшли Гулбадан чопиб кириб келди. Бўйнидаги жажжи тақинчоқларини шилдиратиб отаси қаршисида эгилиб таъзим қилди. Лекин онасининг йиғлаб, ўртаниб гапираётганини кўрди-ю, хавотирланиб тўхтади.
— Моҳим, — деди паст товуш билан Бобур, — Ҳиндол билан Гулбадан ҳам сизга фарзанд-ку, ахир!
— Комрон мирзо-чи, ҳазратим? У киши сизнинг ўғлингиз эмасмилар? У киши Лахўрда оналари билан тинчгина юрибдилар! Нечун ҳамма балога Ҳумоюн балогардон бўлмоғи керак?
— Чунки Ҳумоюн — тахт вориси! Мен қилмоғим керак бўлган мушкул ишларни Ҳумоюн қилиб ўрганмоғи керак.
— Мен хавотирланиб қон ютсам майли! Сиз бунга парво қилмайсиз, чунки бошқа хотинларингиз бор!
Гулбадан ота-онасини ҳеч қачон бундай мушкул ва ноқулай аҳволда кўрмаган эди. У кўзлари жавдираб, нима гап бўлаётганини тушунолмай лол бўлиб турарди. Ахир ҳазрат онаси подшоҳ отасига ниҳоятда меҳрибон эди-ку. Кобулдан икки ой йўл юриб, кела-келгунча унинг номини тилдан қўймай эъзозлаб гапирар эди-ку! Ҳазрат отаси ҳам уларга Аградан пешвоз чиқиб, Жалоли кўли яқинида кутиб олмаганмиди? Чарчаган отидан тушиб, бошқа от келтиргунларича сабри чидамаган Бобур Моҳим бегимнинг олдига пиёда келган эмасмиди? Сўнг суюкли хотинини эъзозлаб, уни отдан тушишга қўймаган, ўзи эса Моҳим бегимнинг оти ёнида уч чақиримча жойга пиёда борган эди-ку. Буни кўрган одамлар: «Подшоҳнинг ўз хотинини бу даражада юксак иззат-икром билан кутиб олганини умримизда кўрган эмасмиз!» деганларини Гулбадан ўз қулоғи билан эшитган эди-ку. Ҳозир буларга нима бўлди?
Бобур қизчасининг ҳанг-манг бўлиб турганини сезиб, тез ўрнидан турди, баркашдаги узумдан бир бошини қўлига берди:
— Ма, қизим, е!— деб унга мулойим гапириб, эшикдан ташқарига етаклаб чиқди. — Бор, энди боғда ўйна.
У кўз ёшларини ҳамон тўхтатолмаётган Моҳимнинг қаршисига қайтиб келиб ўлтирди ва ҳазин товуш билан деди:
— Моҳим, сиз мендан ҳар қанча ранжисангиз ҳаққингиз бор. Шариат рухсат бергани билан ҳар бир мусулмон уч хотин олиши шарт эмас эди… Мендек сайёҳтабиат одам… умрининг ярмидан кўпини сафарларда, жангларда ўтказишини била туриб, уч хотин олиши… кечирилмайдиган бир хатолик бўлди. Бу хотинларнинг ҳеч бири мен орзу қилгандек бахтиёр бўлолмаганини… бугун сизга қараб кўриб турибмен… Кундошлик аламлари… Бир-бирига ўгай болаларнинг рақобати… Ота-боболаримизни ўртаган бу жаҳаннамлар бизга дахл қилмас деб ўйлаган эдим…
Йўқ, мана, ҳатто сиздек суюкли ёрим ҳам… шу жаҳаннам азобидан кўзёш тўкмоқдасиз. Мажруҳ дилим сизни кўриб, баттар хасталанди.
Моҳим бегим Бобурнинг сарғайиб қолган касалманд юзига қаради-ю, кўз ёшини апил-тапил арта бошлади.
— Ҳазратим, мендан озорланманг. Мен бир мунглик аёлмен. Сиз подшоҳсиз. Арзимни сизга айтмасам, кимга айтамен?
— Ҳа, мен подшоҳмен — бутун бало шунда. Неки хатолик, неки гуноҳ қилган бўлсам, ҳаммасининг бирламчи сабаби менинг подшоҳлигимдир. Ёшлигимда подшоҳлик занжиридан қутулиб кетмоқчи бўлдим. Лекин мени бу занжирдан халос қиладиган нажоткор топилмади. Энди умидим борки, менинг нажоткорим Ҳумоюн бўлғусидир.
Моҳим бегим Бобурнинг бу сўзларига ишониб-ишонмагандай унга термилиб қаради.
— Моҳим, мактубингизни давом эттиринг. Менинг номимдан ҳам ёзинг, Ҳумоюн Аграга тезроқ қайтсин. Кўзим тириклигида тожу тахтни эгалласин. Ёзинг, мен имзо чекурмен!

— Ҳазратим, Сиз Ҳумоюнни тожу тахтга бунчалик интиқ деб ўйламанг! Ҳеч ундай эмас! Мен фақат ўғлимиз ёнимизда бўлсин демоқчи эдим, холос!
— Ёзинг, келсин!.. Фақат подшоҳ бўлиш шарти билан келсин. Бу махфий гапни ҳозирча бошқа ҳеч ким билмасин.
Бобурнинг нияти жиддийлигига энди ишонган Моҳим бегим:
— Сиз… Кобулга қайтмоқчимисиз? — деб сўради.
— Мабодо, оламдан кўз юмсам, Кобулда дафн этинглар.
— Нечун бундай дейсиз?
— Сиздан яширадиган сирим йўқ, Моҳим. Сиз Кобулда «фотиҳликнинг қасоси қайтса ёмон бўлур» деган эдингиз. Шу гапингиз рост чиқди. Подшоҳлигу фотиҳлик балолари малика Байда берган заҳар шаклига кириб, менинг умримни кемирди. Агар мен ҳам бор ку-чимни фақат илму ижодга берсам, балки Берунийдек етмишдан ошармидим? Ёки Алишер Навоийдек олтмишга кирармидим? Бироқ мана қирқ етти ёшимда умримнинг охири кўриниб қолди.
— Ниятни яхши қилинг, ҳазратим! Худо хоҳласа, ҳали умрингиз узоқ бўлғусидир!
— Не бўлганда ҳам энди подшоҳлик бас. Қолган умримни ижодга сарфламоқчимен! Менга саройлару қасрларнинг кераги йўқ. Мана шу Зарафшон боғининг бир гўшаси бўлса бас…
Ортиқча савдару мулозимлар ҳам даркор эмас. Тоҳир офтобачининг бир ўзи менга етарлик.
Ҳумоюнга шу қароримни айтиб, икковимизнинг номимиздан ёзинг!
Моҳим бегим Бобурга жуда оғир тегадиган мавзуларда гап очганидан энди қаттиқ пушаймон бўлди-ю, эрига илтижо қилиб:
— Мени кечиринг! — деди. — Мен ҳеч хаёлимга келтирмаган гап… Бу мумкин эмас! Мен бундай
мактубни ёзолмасмен!
Бобур ўрнидан турди.
— Бўлмаса мен ўзим ёзгаймен, — деб кўшкдан чиқди.
У боғ оралаб хилватхонага қараб бораётганда гулзор йўлкада кичкина Гулбаданни учратди. Зийрак қизча отасини қийнаб юрган мушкулотларни тушунмаса ҳам унга ич-ичидан қайишиб, ҳамдардлик билдираётгандек мўлтираб қараб турарди*.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

___________________
* Бобурнинг фарзандлари орасида энг узоқ умр кўрган ва саксонга кирган Гулбадан бегим болалигида кўрган билганларини «Ҳумоюннома»да батафсил
ёзган. У отасининг охирги пайтда тожу тахтдан астойдил кўнгли қолганига, ҳокимиятни Ҳумоюнга бериб, ўзи Тоҳир офтобачи билан бир гўшада
яшамоқчи бўлганига далиллар келтирган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 73-74-қисм

73 Ўзимизнинг Тарлонни миниб, уйга келдим. — Чопиб бориб, дўхтирни айтиб келинглар! — дедим. Худойқул дўхтир бир қутича кўтариб келди. Оғриқ қўлим енгини силкиб тортди. Мен ...

Юлдузли тунлар-10

3 Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», ...

Юлдузли тунлар-42

ТАҚДИР ТАҚОЗОСИ Иккинчи қисм ҲИРОТ ДОВУЛДАН ОЛДИНГИ ОСУДАЛИК 1 Хазонрезлик пайти. Ҳирот боғларига сув берадиган Ҳирийруд дарёси ва Инжил анҳорининг қирғоқларига заъфарон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400