Юлдузли тунлар-87

3

Йигирма уч ёшлик Ҳумоюннинг йигит юраги отаси кўрсатган руҳий мададдан куч олиб, оғир касалликни ахийри енгди. Орадан бир ҳафта ўтгач, у касал кўришга келганларни ўрнидан туриб қабул қилди. Яна икки кундан сўнг отасини бориб кўриш учун хобгоҳидан чиқди.


Бобур ўғлини Оромбоғнинг тўридаги хонайи хосда қабул қилди. Ҳумоюн унинг қаршисида тиз чўкиб, кўзига ёш олиб гапирди:
— Ҳазратим, мен сизнинг илтижонгиз билан шифо топмишмен. Ўзимга келганимдан бери худодан тилайменки, сизнинг умрингиз узоқ бўлсин! Бу улуғ давлатни сиз барпо этдингиз. Ҳаммамизнинг пушти паноҳимиз ўзингизсиз. Парвардигор бизга раҳм қилсин!
Бобур ўғлини елкасидан олиб ўрнидан турғизди:
— Мана, шукр, юрибмен-ку, ўғлим. Сен кўп хавотир бўлма.
— Аммо шайхлар: «Ҳазратим ўғлига келган ажални ўзларига олдилар», деб кўнглимга ғулғула солдилар.
Бобур ўғлига ўнг ёнидан жой кўрсатди.
— Ҳумоюн, ўғлим, мардона бўл, энг оғир юклар энди сенинг елкангга тушадиган кўринадир. Хайрият, тузалиб кетдинг. Агар мутаассиб шайхларнинг гапига кириб, Кўҳинур олмосини тасаддиқ қилсам, улар ғолиб чиқмасмиди? «Ҳумоюнни биз ўшал тасаддиқ эвазига қутқариб қолдик, биз подшоҳдан ҳам зўрмиз!» деб тантана қилмасмиди? Имону эътиқод бундай ғаразлардан баланд турмоғи керак-ку, ахир!
— Илоҳим, сиз ҳаққингиздаги кароматлари ҳам ёлғон чиқсин!
— Ҳар қалай, сен Оллоҳу таолога ғаразли шайхлар орқали эмас, бевосита имону эътиқодинг орқали илтижо қилишга ўргангин. Шайхлар мудом подшоҳнинг тепасига чиқиб, унга ҳукмини ўтказишга интилурлар. Шундан эҳтиёт бўлгин.
— Токи тирикмен, бу ўгитингизга ҳамиша амал қилгаймен!.. Энди… Ҳазратим, Самбхал чегарасида яна қонли тўқнашувлар бўлмоқда эмиш. Ижозат берсангиз, мен бориб чегараларни тинчитсам…
Бобур индамай ўрнидан турди-да, хонайи хоснинг тўридаги сандиқни очди. Ҳумоюн тик турган ҳолда отасига юзланиб қўл қовуштирди.
Бобур сандиқдан оқ ипак матога ўралган қилични олди.
— Ҳумоюн, ўғлим, менинг қанча умрим қолгани худонинг ўзига аёндир. Соҳибқирон бобокалонимизнинг мана шу қиличини энди сен тақмоғинг керак. Бу қиличга «Куч — адолатдадир» деган сўзлар битилган. Доим одил бўлгину мағлуб бўлмагин!
Бобур қилични ўғлига икки қўллаб узатди. Ҳумоюн табаррук қилични тиз чўкиб олди-да, унинг муқаддас ёзув битилган жойини кўзларига суриб ўпди.
— Майли, — деди Бобур. — Самбхал нотинч бўлса, бориб тинчитгину ўрнингга Ҳиндубекни қўйиб қайтгин. Энди давлат ишини зиммангга олмоғинг керак…

* * *

Ёмғир фасли ўтиб, осмон яна булутлардан тозаланди, тунлар салқин бўлиб қолди. Бобур уйқусиз тунларда боққа чиқар ва юлдузларни томоша қилгиси келиб осмонга қарарди. Лекин танида иситманинг баландлигидан осмондаги юлдузлар жойидан кўчиб, гирдобга тушиб айланиб кетаётгандай кўринар, кўнгли беҳузур бўлиб, осмондан дарҳол кўзини оларди.
Кундуз саройда давлат ишларини қилган пайтида гоҳ шайхулисломни, гоҳ нуфузли аъёнларни учратур, улар Бобурга аввалгидан ҳам пастроқ, эгилиб таъзим қилишар, лекин ўлиши муқаррар бўлган беморга қарагандай мусибатли кўзлар билан қарашар, муомалаларидаги алоҳида мулойимлик ҳам шундан далолат берар эди. Уларнинг эътиқодига биноан, Бобур ўз ҳаётини ўғлига қурбон қилган, шунинг учун Ҳумоюн тузалиб кетган, энди кўзга кўринмас ажал қиличи Бобурнинг боши устида осилиб турар эди.
Очиқ айтилмайдиган, ҳаддан ортиқ майин гаплар, таъзиму тавозелар остига яшириладиган бу машъум ишонч Бобурга жуда оғир таъсир қилар, гоҳо атрофида айланиб юрган ўлим шарпасини унинг ўзи ҳам сезгандай бўларди.
Мезон ўтиб, қавс ойи кирганда Бобурнинг касаллиги баттар оғирлашди. Бирор жойида яра ёки шиш йўқ, нуқул ичи куяди, иситмаси кўтарилиб, ухлай олмайди, ранги кун сайин сўлиб боради. Мавлоно Юсуфий мамлакатнинг энг машҳур табибларидан уч-тўрттасини чақиртириб маслаҳатлашди. Беморнинг томиридан қон олиб кўришди. Қоннинг ранги соғлом одамникидек тиниқ эмас, алланечук ириганга ўхшаб қолган эди.
Табиблар ўзаро кенгашиб, «Малика Байда берган заҳарнинг қонда асорати қолган» деган хулосага келдилар ва қонни тозалайдиган дорилардан, анор сувидан кўпроқ беришни буюрдилар.
Лекин бу нарсаларнинг ҳеч бири кор қилмади. Бобур ҳолсизланиб ётиб қолгач, Ҳумоюнга чопар юборишди.
Ҳумоюн келса, отаси ўз хобгоҳида баланд оқ тўшакда терга ботиб ётибди. Ранги сап-сариқ бўлиб кетган. Бобурнинг бош томонида Хонзода бегим пат елпиғич билан унинг юзини елпияпти. Оёқ томонида Моҳим бегим ғам-ғуссага ботиб, ҳайкалдай беҳаракат ўлтирибди.
Ҳумоюн тиз чўкиб, отасининг тўшагини қучоқлади. Бобурнинг озғин қўлини ўпиб кўришди, сўрашди. Сўнг отасининг бу аҳволига ўзи сабабчи бўлгандай ёниб гапирди:
— Нечун бизга бунчалик жон фидо қилдингиз, ҳазратим?
Бобур мажолсиз товуш билан:
— Сен буни ўзингдан кўрма, — деди. — Иллат қонда эмиш. Билмадим… Ҳар қандай олов ҳам ёниб-ёниб ахийри бир кун… — Бобур «ўчади» демоқчи бўлди-ю, лекин аёлларни аяди: — Алангаси пасаядир. Мен умр бўйи аёвсиз ёндим.
— Биз учун ҳам куйиб-ёнгансиз! Энди бу қарзларни узишга менинг бутун умрим етмагай!
— Қарзингни менга узолмасанг… фарзандларингга узарсен…
Бобур тўхтаб-тўхтаб сўзлаётган бўлса ҳам кўнглидаги гапларини равон айтаётгани Ҳумоюнни умидлантирди. У отасининг сўзини бўлмай, жим қулоқ сола бошлади.
— Темурийларнинг кўпчилиги… фидойиликни унутиб… йўқ бўлиб кетди. Ўғил отани ўлдирди. Оға инига хиёнат қилди… Оқибатда… бари разолатнинг қурбони бўлди… Ундан кўра.. яхшиликнинг фидоси бўлган афзал эмасми?… Мана амманг Хонзода бегим… Самарқандда мени қутқариб ўзини асоратга солди. Бу фидойилик мени ҳамиша… шундай бўлишга ундаб келди… Сен ҳам энди иниларингу… авлодларингни мардликка… фидойиликка ўргатгин.
Бобур тўшакнинг орқа томонидаги ҳарир оқ парданинг ортига бошини буриб қаради. Парда ортида одам борлигини Ҳумоюн энди пайқади.
— Тоҳирбек, жуздонни келтиринг, — деди Бобур.
Шу вақтгача қимир этмай ўтирган Тоҳир энди тез ўрнидан турди-ю, токчадаги катта чарм жуздоннинг ичидаги янги муқоваланган қўлёзмаси билан икки қўллаб кўтариб келди.
— Бадахшонда, «Вақоиъ»ни сўраган эдинг, — деди Бобур Ҳумоюнга. — Мана, ёзиб тугатдим. Ол.
Тоғлар орасида Бобур: «Бу китоб битганда менинг умрим ҳам тугагай!» — дегани Ҳумоюннинг ёдига тушди. У жуздон ичидаги китобни олиб пешонасига суриб ўпар экан, кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Йирик бир ёш томчиси зарҳал муқова устига томиб тушганини Бобур ҳам кўрди.
— Сендан илтимосим, — деб давом этди Бобур. — Буни авлодларинг ҳам ўқисин.. Хатоларимни такрор этманглар. Яхши ишларим… оз бўлса, кўпайтиринглар. Бу китобдан нусхалар кўчиртириб, Самарқандга… Тошкентга… Андижонга… муносиб одамларга юборгин… Мен туғилган юрт билан алоқани узманглар. Шояд мен битган китоблар… икки орадаги алоқанинг ришталари бўлса…
Бобур ўғлига васият қилаётганини сезиб турган Хонзода бегим ўзини ортиқ тутиб туролмади.
— Бобуржон, мен эгачингиз!.. Мен… мен сиздан беш ёш каттамен! Бу дунёдан кетиш навбати аввал меники! Сиз таслим бўлманг! Бобуржон, иним!
Хонзода бегим унинг подшолигини унутиб, «Бобуржон!» деганда Бобур болалигини эслаб, кўнгли бир орзиқди. У беклардан ҳам, савдарлардан ҳам, бегоналардан ҳам, ҳатто суюкли ўғли ва хотинидан ҳам нуқул «ҳазратим» деган мурожаатни эшитар, кўп ишлатилавериб сийқа бўлиб кетган бу сўз унинг меъдасига теккан эди.
Пиқ-пиқ йиғлаётган Моҳим бегим олдинги оғир суҳбатларни эслаб:
— Менинг хархашаларим ҳам сизни хаста қилди, ҳазратим! — деди. — Мени кечиринг!
— Моҳим, сиз мени кечирсангиз бўлди… Мен сиздан розимен… фақат энди мени ҳазратим деманг…
Моҳим Бобурни: «Кўз очиб кўрган танҳо ёримсиз, жисмимдаги жонсиз!» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаб кўрди-ю, лекин атрофидагилардан уялди. Йиғи аралаш:
— Хўп, — дея олди, холос.
Бобур унинг айтилмаган сўзларини овозидан, кўзларидан сезди. Сўнг ўғлига юзланди:
— Ҳумоюн, мен сендан ҳам «ота» деган сўзни ҳали эшитганим йўқ.
«Ота» деган жўнгина сўзга ўрганмаган Ҳумоюн:
— Падари бузруквор! — деб кўрди. Бундан отасининг кўнгли тўлмаганини сезди-ю: — Отажон! — деди. — Сиз салтанатни менга бермоқcши бўлибсиз. Лекин ишонинг, мен бу тожу тахтдан сизнинг бир нафаслик умрингизни афзал кўрурмен!
— Мен сендан розимен… Энди мендан ҳам рози бўлинглар!
Хонзода бегим розилик сўрашга тили бормай ўртаниб йиғлади. Унинг йиғисига Моҳим бегим қўшилди. Бу оғир аҳволнинг устига кириб келган мавлоно Юсуфий Бобурнинг кўзлари бежо бўлаётганини, уни қаттиқ тер босганини кўрди.
— Энди ҳазратим ором олишлари керак! — деб қўлига оқ докани олиб, Бобурнинг юзидан, бўйинларидан терларини арта бошлади. Қийналиб нафас олаётган Бобур бош томонда турган Тоҳирга шивирлаб:
— Елпинг!.. — деди.
Йиғи-сиғи билан Бобурни қийнаб қўйганларини энди сезган бегимлар секин чиқиб кетдилар.
Бобур Ҳумоюнга:
— Энди эшик оға билан… аъёнлар кирсин, — деди.— Кўзим тириклигида… ҳокимиятни сенга топширай.
Ташқарида кутиб турган Муҳаммад Дўлдай ва бошқа нуфузли беклар кирдилар. Бобур уларнинг олдида подшолик тожини ўғли Ҳумоюнга топширди. Рози-ризолик сўраш пайтида беклардан бир-иккитаси кўзига ёш олгандай бўлди. Лекин чиқиб кетаётганларида ҳаммалари энди Ҳумоюннинг атрофида парвонадай айланиб, янги иноятлар умидида кўзлари тама билан ёнганини Бобур кўриб қолди.
Хонада Тоҳир билан икковлари қолгандан сўнг:
— Энди… беку султонларга менинг керагим йўқ, — деди. — Тоҳирбек, кечга… Мавлоно Фазлиддинни чақиртиринг.
Тоҳир Бобурга табиб Юсуфий буюриб кетган суюқ доридан ичиртирди, унинг қийшайиброқ қолган ёстиғини тўғрилаб қўйди. Сўнг савдарлар хонасига ўтиб, тоғасига одам юборди.
Айтилган пайтга етиб келган мавлоно Фазлиддин Бобурнинг ўлим тўшагида ётганини кўрди-ю, туғён ичида:
— Ҳазратим, худо сизга қувват берсин! — деб қўлидан ўпди.
— Мен… подшоҳликни Ҳумоюнга топширдим… Минбаъд ҳазратим, деманг, мавлоно. Муносиб кўрсангиз… мени ҳам мавлоно денг.
— Биз Навоийни улуғ ижодлари учун «ҳазрат Алишер» дер эдик. Сиз туркий адабиётимизнинг Навоийдан кейинги энг улкан сиймосидирсиз. Шу сабабли сизни шоир ва адиб сифатида «Бобур ҳазратлари» дейишга ҳақлимиз».
— Миннатдормен, мавлоно… Сиз Аграда, Секрида, Деҳалпурда ажиб кўшклар, оромгоҳлар барпо этдингиз… Худо умр берса мен… Самарқанддаги Бибихоним мадрасасидек улуғ бир… мадрасанинг тарҳини сизга… чиздирмоқчи эдим… Опа-сингилларимизнинг қадрини бошимизга… кўтарсак арзигай…
Мавлоно Фазлиддин Бобурнинг сўнгги кучларини тўплаб, қийналиб сўзлаётганини сезди-ю, унинг фикрини ўзи давом эттирди:
— Доно сўзларни айтдингиз, ҳазратим! Чиндан ҳам халқимизда бу одат азалдан мавжуд…
Самарқандда Бибихоним мадрасасидан ташқари Туркан оғо мақбараси бор. Ҳиндларда ҳам аёл зотига эҳтиром зўр экан, ҳатто сиғинадиган худолари орасида ҳам аёллар бор… Бизнинг Ҳироту Самарқанддаги энг яхши меъморчилик анъаналаримизни Ҳиндистоннинг энг эзгу ажиб анъаналарига пайванд этиб, аёл зотини улуғловчи бир мадраса қуриш менинг ҳам энг эзгу орзуларимдандир!
Бобур мавлоно Фазлиддиннинг Хонзода бегимга бўлган ёшлик меҳри замона зайли билан қандай қурбон бўлганини эслади-ю:
— Мавлоно, — деди, — менинг эгачим Хонзода бегим… инсонийликда тенгсизлар!.. Агар сиз орзу қилган… мадрасани қуриш бизга насиб бўлса… уни «Хонзода бегим мадрасаси…» деб атасак арзир эди…
Мавлоно Фазлиддиннинг кўзларида яшин каби бир олов чақнади:
— Ҳазратим, сиз ҳозир менинг кўзимга муқаддас бир мақсадни кўрсатдингиз! Агар бу мақсадни рўёбга чиқаришга менинг умрим етмаса, уни фарзандларимизнинг дилига жо этиб кетгаймен. Токи улар ҳинд меъморлари билан ҳамкорликда халқларимизнинг аёл зотига бўлган эҳтиромини улуғ бир меъморчилик обидасида ифода этсинлар!
Бобурни тер босди. Унинг ҳарир оқ кўйлаги қорайиб танасига ёпишиб қолганини кўрган Тоҳир безовталаниб ўрнидан турди:
— Мулла тоға, ҳазратимни чарчатиб қўймайлик!.. Табиб «кўп ҳаяжонланмасинлар!» деб тайинлаган эди…
Суҳбатнинг тафти чиндан ҳам баланд бўлаётганини энди сезган мавлоно Фазлиддин ўрнидан кўтарилди:
— Ҳазратим, энди ором олинг! Мен кейин яна келурмен!..
Бобур Мавлоно Фазлиддинга қараб:
— Яна бир ўтинчим бор,— деди.— Оламдан кўз юмсам… Кобулда ўзингиз тарҳини чизган боғ бор… Тоғ тепасида… Абадий оромгоҳим… ўша Гузаргоҳда бўлсин… Ортиқча даб-дабасиз… шоирона бир тарҳ чизинг…
Мавлоно Фазлиддин ўпкаси тўлиб гапиролмади. Тасдиқ маъносида бош ирғади-ю, кўзидан оппоқ соқолига оқиб тушган ёшни артиб эшикдан чиқди.
Тоҳир Бобурнинг тердан ҳўл бўлган ички кийимларини алмаштирди. У ўзини одатдагидай осуда тутиб, кундалик хизматларини қунт билан адо этар эди. Бобур чанқаса сув берадиган ҳам, нафаси қайта бошласа елпийдиган ҳам Тоҳир эди. У шу ерда бўлса, Бобур сокинроқ ётишини мавлоно Юсуфий ҳам билар, шунинг учун Тоҳирни туну кун беморнинг олдидан кеткизмас эди.
Бугун кечаси Бобур ичкарида ҳадеб беҳаловат бўлавергандан кейин Тоҳир савдарларни чақириб, уни тўшаги билан ҳовлидаги усти очиқ мармар супага чиқартирди.
Агранинг кеч кузи худди Андижоннинг баҳор пайт-ларидек салқин ва майин туюлар эди. Қоп-қора осмонда юлдузлар чарақлаб турибди. Иситмаси баланд Бобурга юлдузлар яна гирдобга тушиб айланаётгандай ва бир-бирларига урилиб кетаётгандай кўринди. Бобур кўзини юмди:
— Баданимда… қон уюшиб қолаётгандай… — деди Тоҳирга.
Тоҳир унинг елкаларини, қўлларини, кейин оёқларини секин-секин уқалай бошлади. Бобур бундан сал енгил тортгандай бўлди-ю, кўзини очиб яна осмонга қаради.
Юлдузлар энди жой-жойида тўхтаб, сокин нур соча бошлади. Ана Олтин Қозиқ. Унинг ғарб томонидаги Етти Оғайни юлдузлари уфққа оғиб тушиб кетяпти. Шарқдан эса бир тўп бўлиб Ҳулкар юлдузлар кўтарилиб келяпти.
— Бизнинг Қувада ҳам Ҳулкар худди мана шунақа бўлиб чиқар эди, — деди Тоҳир.
Бобур ҳам болалиги ўтган Андижон осмонини эслади. Мана шу Етти Оғайни юлдузлари ўша ерда ҳам Олтин Қозиқни айланиб ўтиб, ғарбга ботиб кетарди. Ўша ерда ҳам Етти Оғайни уфққа бош қўйган сари Ҳулкар юлдузлари осмоннинг баланд жойларига чиқиб борарди. Бобур ўсмирлигида Ҳулкар юлдузларини олмосдан ясалган варракка ўхшатар эди. Думини қувноқ силкитиб учадиган олмос варрак унинг хаёлини яна мусаффо болалик йилларига олиб кетди. Осмон дунёнинг ҳамма жойида бир экани, умрининг бошланишида Андижонда кўрган юлдузлари умрининг охирида Аграда ҳам чақнаб тургани унга сўнгги бир тасаллидек туюлди. Бобур осмонга қараб ётганда яна ёш, соғлом йигитга айланиб, Андижон чорбоғининг супасида ётгандай бўлди.
Бир лаҳзалик бу ширин ҳис кетидан яна шафқатсиз бир қалтироқ босиб келди-ю, юлдузли осмонни гирдобига олиб, гир-гир айлантира бошлади…
Тун ярмидан ошганда Тоҳирнинг ўкириб йиғлагани қоронғи боғни зир титратди…

* * *

Мавлоно Фазлиддин Кобулда Бобурга анвойи рангли мармарлар билан зийнатланган серфайз бир мақбара қуришга улгурди, лекин Хонзода бегим номига мадраса қуриш унга насиб бўлмади, унинг бу орзусини орадан юз йиллар ўтгандан сўнг Бобурнинг чевараси Шоҳ Жаҳон қурдирган машҳур Тож Маҳалда улуғ ҳинд меъморлари рўёбга чиқарган бўлсалар эҳтимол.
Тоҳир «Бобурнома»дан кўчирилган нусхаларни адибнинг Андижондаги, Тошкент ва Самарқанддаги мухлисларига элтиб топширгач, ўзи Робия билан бирга Қувага қайтди. Улар умрларининг қолган қисмини туғилган юртларида ўтказдилар. Бироқ ўғиллари Сафарбек мавлоно Фазлиддиннинг фарзандлари билан бирга Аграда умрбод қолдилар ва ўша ерда оила қуриб, ҳинд халқига қўшилиб кетдилар.
Бобур тузган улкан давлат ўз қудрати ва маданий ёдгорликлари билан жаҳонга танилиб, уч аср умр кўрди-ю, тарихда қолди. Унинг ўғил авлодлари бугунги кунга етиб келолмадилар — энг охирги бобурийлар ўтган асрларда инглиз мустамлакачилари даврида маҳв этилди.
Фақат Бобур ўз қўли билан ёзган асарлар ҳалигача тирик бир қалбнинг ҳароратига тўлиб, одамларга ҳамон маънавий озиқ ва завқ беряпти. Тўғри, унинг бир умри қоронғи осмонда оловли из қолдириб учган юлдуздек тез сўнди. Лекин ўлмас асарлари саҳифасида салкам беш асрдан бери давом этиб келаётган иккинчи умри— бу юлдузнинг тундан тонгга қараб учганини ва ўз нурини келажакка йўналтирганини айтиб турибди. Бобур қалб ўтига йўғириб яратган маданий мерос бугунги сернур авлодларни баҳраманд қилгани сари унинг ана шу иккинчи умри ҳам қоронғи тунлардан кейинги ёруғ кунларда астойдил обод бўляпти.

1969—1999


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-бишўй, эй хирадманд…

 — Муфтиларингиз меним орқамдан жўнаған бўлсалар керак, мирзо Анвар? Хаёли бошқа нарсада бўлған Анвар Султоналининг сўзига тушунибми, эмасми, ҳар начук бош ирғатиб қўйди. — ...

Устозим рауф парфи –“феълим заиф”

1994 йилнинг 22 май куни кечга яқин Рауф ака бизникига ташриф буюрдилар. -Тўғри қишлоғимдан келаяпман.Онажоним касал бўлиб қолдилар.Қиш бўйи қарадим.Энди сал оёққа ...

Ҳукмнома

19. ҲУКМНОМА Ўткир, қонсираған ханжарини белига осиб, ойболтасини кўтарган жаллод қушбегининг ҳукмига мунтазир эди. Қушбегининг ўнг томонида қўрбошидан тортиб шаҳар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400