От кишнаган оқшом (қисса) 41-42-қисм

41

Эртаси куни Душанбега учдим. Ўтирганлар шаҳодат бармоғини ликиллатиб, ўртада лайлакқушдай лўкиллаб юрган қизни имлади. Қиз уларга майда идишда сув олиб келди.


Менинг бошқалардан қаерим кам? Каллам кал бўлган билан, телпакнинг остида кўринмайди.
Дадил бўлдим, ўзимни бир синаб кўрмоқчи бўлдим. Шаҳодат бармоғимни ликиллатиб, қизни имладим. Сув, дея оғзимни кўрсатдим. Қиз бош ирғади, сув олиб келди. Сувни бир ютишда йўқотдим. Бошқалардай бош ирғадим.
— Ўлманг! — дедим. — Катта қиз бўлинг.
Кўкрагимни кердим, бақалоғимни шишириб ўтирдим.
Ойнадан пастга қарадим. Паст ўзимизнинг Вахшиворсойга келбат бериб кетди. Қатор-қатор уйларни кўрдим. Майда-майда қораларни кўрдим. Ҳамидов муаллимга, шу бизнинг қўйлармикин, дегим келди. Тағин калламга шапатилашидан қўрқдим. Гапимни ичимга ютдим.
Самолёт Душанбеда гурс этиб тушди.

42

Таксида қишлоққа келдим.
Мен қаерга бориб келдим? Одамлар буни биладими? Ана шуни одамларга билдиргим келди.
Қаерга бордим, қаерда бўлдим, барини айтиб, мақтангим келди. Уйга бормадим. Катта кўчада оҳиста-оҳиста вазмин-вазмин қадамлар босиб юрдим. Одамларга қуюқ-қуюқ саломлар бердим.
Дуч келган одам билан қалин-қалин сўрашдим. Қозон-тобоғигача қолдирмай сўрадим.
Eл оғзига маҳтал бўлиб қарадим. Эл, кўринмай кетдингиз, Зиёдулла чавандоз, дея сўрамади!
Кўчани тағин бир айланиб келдим. Эл ақалли, камнамосиз, Зиёдулла кал, демади! Уч кун-а, уч кун қишлоқда бўлмадим! Яхшими-ёмонми, шу элнинг молини боқаяпман. Одамнинг қадриям шундай бўладими. Қадримга куйдим. Ай, қадрим-а, бечора қадрим-а!
Eлдан хафа бўлиб, уйга келдим. Чой ичиб, ёнбошладим. Ўнгимга ағдарилдим — бўлмади, чапимга ағдарилдим — тағин бўлмади! Тарс ёрилиб кетгудай бўлдим!
Москвада йўл-йўлакай бир килоча қанд-қурс олиб эдим. Бола-чақа қўлимга қарайди, дедим-да.
Ана шундан бир сиқимини қўйнимга солдим. Тарлонни миниб, Мамат ошнамизникига йўл олдим. Девордан бўйлаб овоз бердим.
— Мамат! Мамат уйдами, келин? Уйғот, гап бор! — дедим.
Мамат ичкаридан уйқули кўзларини уқалаб-уқалаб келди.
Мен, теваракдаги ҳамсоя-қўллар эшитсин учун, овозимни қўйиб гапирдим:
— Яхшимисан, димоғинг чоғми? Ма, манави қандни невараларимга бўлиб бер, есин! Мозор босиб келган-да, табаррук!
— Қаерлардан сўраймиз?
— Москва!!!
— «Москва» колхозими?
— Колхоз? Қандай колхоз? Сен ўзи, мени ким деб ўйлаяпсан? Мен унча-мунча жойларга бормайман! Борсам, фақат Москва шаҳри азимларга бораман, ҳа! Фақат Москва!!. Жуда паст кетсам, Душанбеларга шунчаки, йўл-йўлакай оёқ илиб ўтаман! Менга қара, кун қиём вақти- қиём вақти уйингнинг устидан бир самолёт учиб ўтдими? Қанотларида парраги-да бор?
Мамат сергак тортди. Осмонга бир қараб олди.
— Учиб ўтгандай бўлди, нима эди?
— Ўлма! Мен сенга бир нарса айтайинми? Шу самолётнинг ичида мен бор эдим!
— Ҳа, кучингдан!
— Ўнг ёғида ўтириб учдим! Парракнинг шундай ёнида, ҳа!
— Во уккағар, Гагарин бўл-ей!
— Ким? Эб-ей, Гагарининг ким бўпти! Осмонга лип этиб учган-да, қайтиб тушган. Мен тўрт ош пиширимдан-да кўп учдим!
— Эҳ-е-е! Ёрил-е, баччағар-е, ёрил-е!
— Кўриб турибсан, чакана одам эмасман! Энди мен билан ўйлаб гапириш!
— Бўлди, бўлди, тараф йўқ.
— Яна бир гап. Самолёт осмонда варракка ўхшаган билан майда эмас экан, ҳа! Ичи Обширнинг камаридай келади!
— Кир уйга, чой ичамиз.
— Йўқ, ишим зарил. Шундай ўтаётиб, бир ҳол-аҳвол сўрашиб кетайин дедим…
Жиловни бўшатдим. Тарлон йўл олди.
Биродарлар, пардай енгил бўлдим!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ота  номи  нақадар  улуғ,  ота  номи буюк  жаранглайди!!!..

Мутолаа эҳтиёжи!..  Бунинг нима эканлигини шу дардга йўлиққан одамларгина  янаям  яхшироқ тушунишади... (more…)

Юлдузли тунлар-46

* * * Кобулда уларни бошқа хавф-хатарлар кутмоқда эди. Фитначилар Бобурни «Ҳиротда қатл этилибди» деб овоза тарқатганлари рост экан. Ўратепанинг собиқ ҳокими Муҳаммад Ҳусайн ...

Мeҳробдан чаён-чин ўртоқ

Анвар ёшлиғида бўшангғина бир бола эди. Ўз тенгги болалар билан оз алоқа қилар, уларга кам аралашар ва ортиқча ўйнаб-кулмас, ҳамиша унинг кўзида бир мунг ётар эди. Бу ҳолат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400