Сизлар қайси сайёрада яшаяпсизлар?

Сизлар қайси сайёрада яшаяпсизлар? Ёки қайси сайёрадан келиб қолгансизлар? Нимага, қандай мантиққа асосланиб бундай – отнинг калласидек жарима миқдорларини белгилаяпсиз?

2019 йил 1 августдан кучга кириши мўлжалланаётган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун таклиф қилинган жарималар миқдорини “Қонуний” қароқчилик” деб аташдан бошқа ном тополмадим.

Ҳурматли қонун чиқарувчи хонимлар ва жаноблар!

Сизлар қайси сайёрада яшаяпсизлар? Ёки қайси сайёрадан келиб қолгансизлар? Нимага, қандай мантиққа асосланиб бундай – отнинг калласидек жарима миқдорларини белгилаяпсиз?

Жарима миқдори нимадан келиб чиқиши керак ўзи?.. Аҳоли олаётган ойлик-маошлар миқдориданми? Ундай бўлса, нега маошлар чивиндек кичигу жарималар филдек катта? Қани мутаносиблик?..

Сизларнинг мақсадларингиз нима ўзи? Юртимизда норозилик кайфиятини келтириб чиқаришми? Одамлар қалбига мавжуд ҳукуматга нисбатан ишончсизлик уруғини сепишми?.. Бу яхши иш эмас! Мен, шу юртнинг бир зиёли ватандоши, ёзувчиси сифатида, ўлкамда доим тинчлик, осойишталик ҳукм суришини истайман! Демак, сиз овоз бераётган бу ва бу каби оқибати яхши ўйлайман олинаётган қарорлар менинг, ватандошнинг истакларига зиддир!

Сиз жарималар миқдорини белгилаётганингизда дунёнинг илғор мамлакатларидаги стандартлардан келиб чиқаётган бўлсангиз, марҳамат қилиб, халққа ўша стандартлар бўйича маош тўлаб қўйинг! Ана ундан кейин кўринг ўз халқингизнинг тантилигини: сиз ўрнатиб берган жарималарингизни миқ этмай тўлайди. Мен бунга ишонаман!

Яна, дунё стандартлари бўйича йўлларни қачон қурасиз?! Машиналар тўхтайдиган жойларни-чи?! Қайси ташкилотга борма, ўша ташкилот атрофида машина билан камида икки карра айланиб чиқасан. Чунки тўхтагани, машинани қўйгани жой тополмайсан. Сен эса айланаверасан, чунки бу вақт мобайнида кимдир машинасини ҳайдаб кетару ўша ерга суқилиб олармиканман, деб умид қиласан. Бу нима дегани? Ҳайдовчининг хато қилишга ва ДАН ходими томонидан жарима ундиришга атайин сабаб яратиш деганими? Уят деган нарса борми? Ҳар нима бўл, инсофинг билан бўл, дермиди халқимиз? Қайси асрда, қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Нега замонавий бир дунёда варварлик қонунларини қабул қилмоқдасиз?..

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Сиз ҳам шу юртнинг фарзанди бўлиб, ўз ватанингизга хизмат қилмоқчи бўлсангиз, эсингизни йиғинг! Ҳаётга, реал вазиятга, халқингизнинг маънавий, иқтисодий аҳволига мос, муносиб қарорлар олинг! Токи, мамлакатда тинчлик бўлсин, ҳукумат ўз ватандошидан, ватандош эса ўз ҳукуматидан рози яшасин! Бизга шу керак, сизга-чи, сиз нима истайсиз?!..

Инсон дунёга бир марта келади. У “бахтли келажак”ни бир умр кутиб яшолмайди. Шундоғам 27 йил кутди. Кута-кута ўлиб кетганлар қанча! Сиз нега унинг келажагини ортга сурмоқдасиз? Ким сизга бундай ҳуқуқни берди!?.. Сира келмаётган “эрта”ни ҳадеб ваъда қилавермай, халқингиз кутаётган тўкин ҳаётни сиз унга бугун беринг! Эшитяпсизми, бугун! Эртага бундай имкон сизда бўлмаслиги мумкин. Бинобарин, яхшиликлар, эзгуликлар қилиш имконидан бугун фойдаланиб қолинг!

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон автомобиль саноатида монополияни қандай йўқотиш мумкин? 

Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналарни ташкил этиш юзасидан ўз фикрини билдирди, деб ёзади “Кун.уз” сайти. «Ростини айтганда, ...

Андижоннинг сўконғич ҳокими устидан тергов бошланди

Андижон вилоят прокуратураси Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев иши бўйича тергов ишини бошлади.  (more…)

Вояга етмаган фарзанди бор аёлларнинг хорижга чиқишини чеклаш таклифи билдирилди

Халқ депутатлари Пискент тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида туманни комплекс ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400