Қадимги халқларнинг тили қандай аниқланади?

Баъзи халқлардан ёзма манбалар сақланиб қолган. Энг қадимги давр учун Яқин Шарқдан ва Шимоли-Шарқий Африкадан, шунингдек, Хитойдан кўплаб ёзувлар топилган ва уларнинг асосий қисми ўқилган. Дунёнинг бошқа қисмларида ҳам ўқилмаган ёзувлар бор. Шунга қарамай, барибир қадимги халқларнинг асосий қисми ёзувга эга бўлмаган ёхуд улардан ёзма манбалар сақланиб қолмаган. Бундай халқларнинг борлигини сақланиб қолган бошқа тилдаги ёзувлардан, шунингдек, археологик ёдгорликлардан биламиз.

Тасаввур қилинг, тарихий тилшунослик билан шуғулланасиз, ва олдингизда шундай вазифа турибди: ёзуви сақланиб қолмаган халқнинг тилини аниқлаш. Қандай йўл тутиш мумкин?

Биринчи навбатда шу халқ ҳақида ёзма манбаларда нима дейилгани ўрганилади. Масалан, у халқнинг тили қайсидир бошқа халқ тилига ўхшашлиги айтилган бўлиши мумкин. Бу қариндошлик назариясини тузишда қўл келади. Бундан ташқари, ёзма ёдгорликларда ўша номаълум тилдан глоссалар – алоҳида сўзлар сақланиб қолган бўлиши мумкин. Масалан, юнонлар скифлар билан алоқалар ўрнатган, скифлар ҳақида ёзганда, уларнинг подшолари, шаҳарлари, урф-одатлари ҳақида ёзиб қолдирган. Мана шундай йўл билан сақланиб қолган одам ёки шаҳар номлари ёзувсиз тиллар бўйича асосий манба ҳисобланади. Улар турли тиллар материаллари асосида этимология қилинади, этимологик тадқиқотлар якунига кўра қайси халқ қайси тилда гапиргани ҳақида хулосалар қилинади.

Скифларни олайлик. Ушбу кўчманчи халқ, юнон манбаларига кўра, ўзини Σκόλοτοι деб атаган. Бу ном эронча skuδa-ta – “ўқчи” сўзига яқин келади. Бундан хулоса қиламизки, скифлар эроний бўлган.

Албатта, битта сўз етарли эмас. Бошқа глоссаларни текшириш керак. Айниқса бир глосса диққатга сазовор – унинг таржимаси сақланиб қолган. Яна ўша юнон муаррихларига кўра, скифларда бир муқаддас шўр сув чиқадиган булоқ бўлган. У муқаддас ҳисобланган. Булоқнинг номи – Εξαμπαιος, Эксампей (юнонча талаффузда). Таржимаси – “муқаддас йўллар”. Дарҳақиқат, қадимги эроний тилларда yakšam “асл, муқаддас” ва payah “йўл” сўзлари бор.

Шундай қилиб, ҳар битта глосса ўрганиб чиқилади. Уларнинг 60–70 фоизи эронча этимологияга эга бўлса, тахмин тасдиқланади (агар камроқ бўлса, унда эронча сўзлар бошқа бир эронча тилдан ўзлашган бўлиши мумкин деган тахмин ўртага чиқади).

Энди қийинроғини олайлик. Хитойлар глоссаларни юнонларчалик аниқ олиб бермаган. Шу боис энг қадимги туркий халқ ҳисобланадиган хуннларнинг тилидан хитойча солномаларда сақланган глоссаларни этимологизация қилиш қийинроқ. Масалан, хитой тилида “р” товуши йўқ, шу боис улар чет тилидаги “р”ни “л” билан беради. Бундан ташқари, хитой тилида сўз охирида ундошлардан фақат “н” ва “нь” келиши мумкин. Шундай экан, бошқа ундош товуш билан тугайдиган ўзлашма сўзнинг охирига улар бирор унлини қўшиб юборади.

Мисол кўриб чиқамиз: cheng-li. Хитой манбаларига кўра, хуннлар осмонни шу сўз билан атаган. Юқоридаги билимларга асосланган ҳолда бу ерда туркча “тангри” сўзи яширинганини кўриш қийин эмас. Қийинроғи: wo-lu-ta – “армия”. Бу ерда, гарчи ўхшамаса ҳам, туркча “ўрда” сўзи яширинган.

Хунн подшоси Аттила ва унинг атрофидаги одамларнинг исмлари юнонча манбаларда сақланиб қолган (улар олис Хитойдан Европага кўчиб келганди). Шу боис уларнинг номларини тушуниш осонроқ. Аттиланинг хотини – Arekan; туркча “ариғ қан”, яъни “тоза (олийнасаб) хоним”. Аттиланинг амакиси – Oibarsios. Ҳатто тилшуносликдан узоқ одамлар ҳам бу ерда “барс” сўзи борлигини пайқаган бўлса керак. Қадимги туркий тилда oy bars “тулки” дегани.

Узоқ ўтмишда бошқа тилда ёзилган манбалардан ўз тилингда бугунга қадар сақланган сўзларни топволиш маза-я?

Муаллиф:Эльдар Асанов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Рухсат берилмаган клипни чиқарганлар учун жазо борми ёки кимларнингдир «шохи» борми?

ОАВларда ёзилишича, Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги ўта савиясиз қўшиқ ва унга ишланган маддоҳона клип учун «Ўзбекконцерт» бадиий кенгаши томонидан расмий рухсат олинмаган ...

Болаларни неча ёшдан бошлаб китоб ўқишга жалб қилиш керак?

Олимлар томонидан ўтказилган янги тадқиқот натижаларига кўра, ота-она ўз фарзандининг олти ойлик вақтидан бошлаб унда билим кўникмалари ва яхши хотирани шакллантириши мумкин. ...

Абдулазизхон мадрасаси

АБДУЛАЗИЗХОН МАДРАСАСИ- Бухородаги меъморий ёдгорлик. Қўш иморат ансамблнинг жануби томонида меъмор Мимхоқон ибн Хўжа Муҳаммадамин томонидан 1652 йилда қурилган. Улуғбек ...