От кишнаган оқшом (қисса) 49-қисм

49

Биродарлар, ҳамсоямиз Қулмат полвон бозорлаб келди. Майиз сотиб келди.
Деворимиздан авайлаб бўйладим. Нарх-навони сўрадим.
— Қани, полвон, — дедим, — майиз қанчадан бўлди?


Полвон қўлларини кўкси баробар қилди. Кафтларини катта-катта очди. Ўнта бармоғини ёйиб кўрсатди. Оғзини тўлдириб:
— Ўн сўм! — деди.
— Йўғ-е?
— Чиним, ўн сўмдан бўлди. Майизингиз бўлса, армонда қолманг!
Майиз бизда бор-да! Олти унхалта! Саратондай сариқ майиз!
Қўчқордай-қўчқордай ўғилларим бор! Катта бўлса отнинг Тарлонини минаман деяпти! Майизни шуларнинг тўйига босиб ётибман! Бу қиш кучим етмайди, келаси қишда катта тўй бераман!
Насиб бўлса!
Шанба оқшоми омбордан бир халта майиз судраб чиқдим. Супадаги гиламга ёйдим. Ғалвирда элаб-елаб, чангдан покиза этдим.
Субҳи содиқда Тарлон билан бозорладим.
Қизилсувга дохил бўлдим. Дарёдан кечиб ўтиб, юқориладим.
Мол бозори олдида тевараги сим билан ўралган ер бўлади. Бозорлаб келувчилар от-уловларини ана шу ерга боғлаб қўяди. Тарлонни-да шу ерга боғлаб қўйдим.
Майизимни орқалаб, бозор ораладим.
Димоғим манти ҳидини туйди.
Букилиб-букилиб юрдим.
— Пўшт-пўшт! — деб юрдим.
Бозорчилар қаторидан жой олдим. Майиз халтамни очдим. Майизимни мақтаб-мақтаб ўтирдим.
Ўн сўмдан пастга тушмадим!
Чипор гулстукли бир одам майизимни кафтига олиб кўрди. Салмоқлаб-салмоқлаб кўрди.
— Сал тушинг, деҳқонсиз-ку! — деди.
— Нима, деҳқон майизни кўчадан топиб оладими? — дедим.
— Ток тугган ноз-неъматни ўн сўм деб ўтирибсиз-а!
— Ноз-неъмат дегани деҳқоннинг пешона тери дегани!
— Кўп миннат қилманг! Шусиз ҳам ой битсаям, кун битсаям, деҳқонга битиб ётибди!
— Битади-да! Уст-бошларингдан тортиб, еган-ичганларинггача деҳқоннинг пешона теридан келаяпти! Идорада ўтириб қоғоз қоралаганларинг билан осмондан ейдиган, ё, киядиган бирор нима тушмайди! Деҳқон топганининг тўқсон фоизини сизларга жўнатиб, қолган ўн фоизинигина ўзи ейди!..
Чипор галстукли одам ундай деса, бундай дедим, бундай деса, ундай дедим. Ишқилиб, галстуклидан қолишмадим!
Биродарлар, сочим бўлмаса-да тароғим тиллодан!
Қарадим-қарадим, савдонинг маъқули бўлмади.
— Бор-е, етти сўмдан бўлди! — деб юбордим.
Шу заҳотиёқ бир майизжаллоб диконглаб келди. Кўтарасавдо қилиб олиб кетди.
Халтамни тиззамга уриб қоқдим. Буклаб-буклаб қўлтиғимга қисдим.
Бозор оралаб, бозорлик қилдим. Ноз-неъматлар олдим. Жийдага бошқоронғи аёлимизга Хоразм жийдаси олдим. Ўғилларимизга хўрозқанд, қоғозида кучуги бор қанд, тешиккулча олдим.
Барини халтамга солиб, чойхонага йўл олдим.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 48-қисм

Эртасига  пешинга  яқин  қутқарувчилар  бирин-кетин  тизилишиб  Ола  Мўнгу  довони  томон кўтарилиб борардилар. Бўстонни қўшиб ҳисоблаганда, улар олти киши эдилар. Машина ...

Бўтакўз (иккинчи боб)

Эртаси куни одатдагидан барвақтроқ, тонготарда турдим. Кеча ўтовда ётиб ўзимча шундай аҳд қилган эдим: бор кучимни ишга солиб шундай ишлайинки, бирон киши койишигина эмас, ...

Истиқлол дарди

20. ИСТИҚЛОЛ ДАРДИ Етмиш кунлик бир муҳосарадан кейин уч минг сипоҳни бир ярим мингга тушуриб, бир ярим минг сипоҳни Тошканд қўрғонлари остида қурбон бериб, Нормуҳаммад ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400