От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51

Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди.
— Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар.


Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам қувиб келди.
Бола кўчани кесиб чопди. Юқоридан келаётган қизил машинага бел бўлди. Машина «шиғғ» этиб, тойиб келиб тўхтади. Бола ўзини йўлнинг бериги бетига отди. Қоп-қора сувли ариққа шалоплаб тушди. Лой бўлмаган ери қолмади.
Қувиб келаётган одам машина кетидан ўтди. Боланинг лой ёқасидан жуфтлаб ушлади. Бола типирчилади, аммо беқасам чопонлик чангалидан чиқолмади. Беқасам чопонлик, боланинг оёқларига қўшиб, қоқиб, ерга юмалатди.
— Пулни чиқар! Қани пул?! — деди беқасам чопнлик.
— Мен эмас! — деди бола.
— Сен! Қўлингни киссамда ушладим-ку! Яхшиликча чиқар, бўлмаса энангни Учқўрғондан кўрсатаман!
— Мен эмас деяпман-ку!
— Унда ўзим топаман! Торт қўлингни! Манави киссангни кўрсат!
Йўлдан ўткинчи-кеткинчилар оёқ илди. Чойхонадагилар бориб қаради. Тумонат одам бўлди.
Мен сўрида тик туриб қарадим.
Беқасам чопонлик боланинг киссасини ковлади. Қўйнига қўлини тиқди. Қўйнидан бир даста пул олди. Боланинг тумшуғига олиб борди.
— Бу нима, энангнинг қалиними? — деди.
Бола бошини елкалари ичига олди. Юзини лой кафтлари билан пана қилди.
Беқасам чопонлик боланинг қулоқ-чаккасига қулочкашлаб солди. Бола балчиқ сувга шалоп этиб тушди.
Беқасам чопонлик боланинг ёқасидан жуфтлаб ушлади. Сувнинг оқишига қараб судради.
— Сенга киссавурлик қилишни кўрсатиб қўяман! Юр мелисага!
Бола оёқларини тиради, гавдасини орқасига ташлади.
Шу вақт, оломон орасидан иккита новча бўзбола суғурилиб келди. Икковининг-да сочлари елкасида бўлди. Уст-бошлари баданларига чиппа ёпишиб турди. Ботинкалари товони от туёғидай-от туёғидай қалин-қалин бўлди.
Бўзболалар беқасам чопонлик кетидан келди. Бир бўзбола беқасам чопонлик тирсагидан ушлади. Беқасам чопонлик, болани қўйиб юборди. Кетига қайрилиб қаради. Шунда, бўзбола беқасам чопонлик иягига қулочкашлаб бир урди.
Беқасам чопонлик зуваласи пишиқлардан бўлди. Кетига гандираклаб-гандираклаб борди. Аммо Оломон ҳайбаракаллачи бўлди:
— Ур! Сол, тумшуғига!
— Ур! Мушт турганда муомала нима керак!
Беқасам чопонлик бир бўзболани қўшқўллаб бир урди. Бўзбола чалпак бўлиб тушди.
Омон турган бўзбола беқасам чопонлик кетидан келди. Биқинига созлаб бир тепди.
Беқасам чопонлик энкайди. Биқинини ушлаб-ушлаб, энкайиб қолди.
Оломон ҳайбаракаллачи бўлди:
— Ур! Калла қил, калла!
Шунда, майдагина бир қора кучук вангиллаб-вангиллаб чопиб келди. Келди-ю, беқасам чопонликни ураётган бўзбола бутига ёпишди. Бўзбола кучукка оёғини сермади.
Кучук кетидан сермўйлов балиқпаз чопқиллаб келди. Кучугини уришиб-уришиб, олдига солиб ҳайдаб кетди.
Чалпак бўлиб йиқилган бўзбола жойидан сапчиб турди. Беқасам чопонликни тепа кетди. Лойга белангани-да қўшилиб тепди. Бўзболалар кўзларига қарамай тепди. Беқасам чопонлик юзлари буришди. Бир ичини, бир биқинини ушлади. Кейин, ерга чўк тушди.
Мен олазарак бўлдим. Теварак-атрофимга алангладим. Бурчакда ўтирган милитсионерларга қарадим.
— Ай, анавиларни орача қилинглар-ай! —дедим.
Милитсионерлар парвойи фалак бўлди. Беғам-беғам чой ичди. Бошларини сарак-сарак этди.
— Бизга алоқаси йўқ! — деди.
— Бу ер бошқа бировнинг участкаси! Бизнинг участкамиз винзавод тарафда! — деди.
Оломон якун ясади:
— Тамом, нокдаун!
Йўқ, тамом бўлмади.
Беқасам чопонлик чўккалаб ўтирди-ўтирди-да, бирдан сапчиб турди. Биқинига тепган бўзбола юзига калла қилди.
Бўзбола юзларини кафтлари билан ёпди. Хиёл энкайди. Бармоқлари орасидан қон сизиб чиқди.
Шунда, бирови кафтига бир қора нима қўйди. Шу қора нима билан беқасам чопонликнинг пешонасига қулочкашлаб бир урди.
Беқасам чопонлик:
— Воҳ, ўлдим-а! — дея бақирди. Пешонасини ушлади. Талтанглади, гандираклади. Ана йиқиламан, мана йиқиламан деди.
Калла еган бўзбола турган жойида сапчиб, беқасам чопонликнинг кўкрагига тепди.
Беқасам чопонлик баргдай учиб тушди. Қўлларини ёнларига ёйиб, қимирламай қолди.
Бўзболалар беқасам чопонликни ўртага олиб тепди. Оёқлари остига олиб тепди. Кўзларига қарамай тепди.
Биродарлар, эзилиб кетдим, ич-ичимдан эзилиб кетдим! Жоним ҳалқумимга келди!
Алам ҳам армон билан бурчакка қарадим. Йўқ, милитсионер йўқ. Теварак-атрофга алангладим.
Милитсионерлар олдинма-кейин бўлиб, чойхона ёналаб писиб-писиб кетаяпти.
Қаҳр билан, нафрат билан сўридан таппа ташладим. Беқасам чопонлик билан бўзболаларни орача қилайин, дедим. Оломонни қулочларим билан ёриб, ўртага кириб бордим.
Бир бўзболани билагидан қўшқўллаб ушладим. Кетига сермаб юбордим. Бир бўзболани сочларидан ғижимлаб ушладим. Сочларидан четга тортдим.
— Имонинг куйгурлар! Бир мўмин бандани ўлдирасанми! — дедим. Сочларини ғижимлаб тургандим, юлқинди. Бўлмади. Тағин юлқинди. Яна бўлмади. Кейин, чотларим орасига ўхшатиб бир тепди.
Биродарлар, орачига — олти таёқ!
Эсанкираб қолдим, довдираб қолдим. Жон ширин-да! Жон аччиғида қўлим юзаси билан бўзбола кўзларини оралатиб бир солдим.

Бўзбола чинқириб юборди.
Шу вақт, машина овози эшитилди. Катта кўчадан беморхона машинаси келди.
Оломон ўзини четга олди. Кўча юзида тўп бўлди.
Машинада ўтирган оқ кийимлик одам кўзойнагини устидан қаради. Сулайиб ётган беқасам чопонликни кўрди.
— Нима бўлди бунга? — деди.
Хўрлигим келиб… йиғлаб юбордим…
— Бечорани қаранг… Улар учов бўлса, бу бечора биров бўлса! — дедим.
— Тушунарли! Дам олиш куни деб, ўзидан кетиб қолмай, камроқ ичсин!
— Буни олиб кетинг, биродар, ўлиб қолади…
— Бизнинг заказимиз бор! Бошқа «Скорий помош» чақиринглар! Кетдик, ҳайданг!
Беморхона машинаси шундай олдимдан ўтиб кетди. Кетидан қараб қолдим. Кейин, қонига беланиб ётган беқасам чопонликка қарадим. Қарадим-қарадим…
Биродарлар, ўпкам тўлиб келди. Тўлиб-тўлиб келди… Енгларимга йиғладим, чопонимнинг ёқаларига йиғладим, ўнгирларимга йиғладим…
Оломонга алангладим.
— Ай, биродарлар, бир бечора инсон шундай ўлиб кета берса яхшими? Уйида бола-бақраси бордир! — дедим.
Биров овоз берди:
— Танишингиз бўлса, олиб кетинг! — деди.
Шундай кўча юзида турган майдагина машина хўжасига эландим. Бир амаллаб кўндирдим.
Беқасам чопонликни елкасидан судраб келдим. Қучоқлаб кўтариб, машинага солдим. Ерда шалвираб қолган оёқларини ичкари олдим. Ўзим қабатида ўтирдим. Бир қўлим билан билагидан ушлаб олдим.
Биров энди келиб, шу ердагилардан сўради:
— Нима бўлди-а, нима бўлди? — деди.
— Зўр томоша бўлди! Уччаласи биттасини шунақанги солди! Пақ-пақ! Нокдаун!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хушрўйбиби ва зайнаб

14. ХУШРЎЙБИБИ ВА ЗАЙНАБ Хушрўйбиби Зайнабнинг эгачисидир. Моҳирабону-дан икки ўғул ва икки қиз дунёға келиб, тўнғучи Азимбек, ундан кейингиси Хушрўй (ёшлиғида Хушрўй ўрнига ...

Чингиз айтматов:қиёмат 41-қисм

—  Бўлди  қилинг,  отаси,  юрагимни  чиқарманг!  Нима,  мени  бола  фаҳмлаяпсизми? — ишонмай илжайди Гулимхон.— Худди болаликдан улар билан бирга ўсгандай гапирасиз...Ҳеч ...

Чингиз айтматов:қиёмат 28-қисм

Бу  юк  машинаси  бўлиб,  тепасига  қўлбола  қилиб  юпқа  тахтадан  айвонча  ишланган  эди. Шофёрнинг ёнида қўлида бола кўтарган хотин ўтирарди. Машина дарҳол тўхтади. Шофёр, ...