От кишнаган оқшом (қисса) 54-қисм

54

Во дариғо, шундай кунлар-да бўлади!
Босган қадамимиз кетимизга кетади. Жамики ишларимиз чаппасига юради. Омад деганлари саломини-да бермайди. Оғзимиздаги ошимизни-да олдириб қўямиз.


Биродарлар, насиб этса, келар Шом-у Ироқдан, насиб йитса, кетар қош-у қабоқдан!
Хуррам солиқчининг кўпкарисида шундай бўлди. Тўдага киролмадим, кирсам, улоқни ололмадим. Борди-ю олсам, биров ё қўлимдан юлиб кетди, ё ерга тушиб кетди. Тақимимдаги улоқларни-да олдириб қўйдим.
Биродарлар, давлат-да эгиз-егиз, меҳнат-да эгиз-егиз!
Тарлон мендан ҳайрон бўлди, мен Тарлондан ҳайрон бўлдим.
Ундай қилдим бўлмади, бундай қилдим, бўлмади. Пуф сассиқ, дея кетиб қолмоқчи бўлмадим.
Яна тағин шайтонга ҳай бердим. Элан-қаран келдим, энди кетмайин, дедим.
Тарлонни қамчилаб-қамчилаб тўдага солдим.
Отлар ғиж-ғиж бўлди. Осмондан телпак ташласа ерга тушмади.
Тўдани ёриб, улоққа келдим. Улоққа ҳар алвонда узалдим. Қўлим етмади. Яна-да узалгани, отлар қўймади.
Қуюқ чангда кўриб турдим, бир қўл улоқни ушлади. Шунда, Тарлон улоқни ўнг туёғи билан таппа босиб қолди. Тарлон буни илкисдан қилмади. Йўқ, билиб-кўриб қилди. Улоқни бергиси келмади!
Улоққа ҳавойиларча ёпиша бериш Тарлонимиз жонига тегди. Тарлон улоққа ташна бўлди!
Мен қамчи сопидан тишладим. Тарлон қопқоғига шапатиладим. Тарлон бошини сарак-сарак этди. Теварагидаги отлар бошини ўзидан холислатди. Ўзига кенглик яратди, эркинлик яратди.
Кейин, Тарлон олд тиззаларини букди. Улоқ олдида чўк тушди! Тарлон улоқ олдида чўккалади!
Қуюқ чангда кўзларимни аранг очдим. Тарлон кўкраги олдида ётган улоқни қўшқўллаб ушладим. Панжаларимни ботириб ушладим.
Тарлон кўз қири билан қараб турди. Барини кўриб турди, билиб турди. Улоқни маҳкамлаб ушлаганимга амин бўлди.
Шундан кейин, бир силкиниб, тиззаларидан турди. Сонсиз отлар пойлаб турган олдига эмас, йўқ, кетига тисарилди. Кетига тис бўлиб, тўдадан суғурилди. Очиқликка чиқиб олиб, бирдан олдига бурилди. Жойидан зарб билан учди, елдай учди! Кўрганлар кўриб қолди, кўрмаганлар армонда қолди!
Тарлон қоралик чуқурчани ёнлаб келди. Улоқни тақимимдан ташлаб юбордим. Қўлларимни кўтариб чопиб кетдим.
Аммо баковул овозидан дарак бўлмади. Ҳайрон бўлдим.
Қоралик жойга қайтиб келдим. Чуқурчага қараб… тарс этказиб тиззамга урдим. Улоқ чуқур ичига эмас… лабига тушибди!

Аламимдан, аразлагим келди!
Барчага, инчунун, баковулга эшиттириб айтдим:
— Биз кетдик! Бизга қачон ҳақ берилиб эди-да, энди берилади! — дедим ўзимча, кўпкарига қўл силтаб жўнадим. Тарлонни тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, одамлар биз сағирларга қайишмайди! — дедим.
Тўдадан олислаб бордим. Тарлонни тағин тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, бизнинг калламиз кал! Биз калларга ҳақ йўқ! — дедим.
Кетимга қайрилиб қарадим. Узанги йўлдошларим йўлдан қайирар, дея умидландим. Тарлонни имиллатдим. Тағин ўгирилиб қарадим. Изимдан биров-да келмади!
Деворда тизилиб ўтирган томошагўйларни ёнлаб юрдим. Бирови йўлдан қайирар, дея ўйладим.
Шунча одам олдидан ўтдим, қани энди бировгинаси миқ этса! Ақалли, йўл бўлсин, Зиёдулла чавандоз демади! Шулар ҳам одам бўлди-ю! Суф-е!..
Энди томошагўйлардан аразладим!
— Кўр бўлиб кўпкарини томоша қилиб ўтира беринглар, мен уйга бориб, маза қилиб ётаман, — дея пичирладим.
Қишлоққа олиб борадиган йўлдан юрдим. Йўлни кесиб ўтадиган ариқ бўйида оёқ илдим.
Тарлон сувга талпинди. Сув ичирмадим. Шокирқулнинг томидан чиқиб турган дастак учига боғладим.
Уст-бошларимни қоқдим. Юзларимни ювдим. Қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув ичдим. Энтикиб-энтикиб сувга термулдим.
Шунда, ариқ бўйида сувга куча ботириб еб ўтирган болага кўзим тушди. Эътибор бериб қарадим. иштони ҳўл.
— Кимнинг ули бўласан? — дедим.
— Отамнинг.
— Отанг ким?
— Шокирқул.
— Ҳа-а, отинг нима? Карим? Ўлма! Бу, иштон ҳўл-ку, Каримбой?
— Энам тўйда.
— Ҳа-а, ўзим киёлмайман денг. Биздан сўрасангиз, Каримбой, биз кўпкаридан қайтдик, ҳа!
Кўпкарида адолат қолмади, Каримбой. Бари ошна-оғайнигарчилик бўлиб кетди!
— Кўпкари тамом бўлдими?
— Йўқ, ҳали бўлаяпти.
— Унда, боринг-да.
Мен сергак бўлдим. Болага эътибор бериб қарадим.
— Бир нима дегандай бўлдингизми, Каримбой?
— Сув ичиб бўлдингиз-ку.
— Ҳа, сув ичиб бўлдим, Каримбой. Энди нима қил дейсиз, Каримбой?
— Кўпкарига боринг.
— Борсам деган эдим, Каримбой. Бизга ҳақ йўқ!
— Бормасангиз адо бўлади.
— Кўп қўймадингиз-қўймадингиз-да, Каримбой. Борсам-борайин, садқайи суханингиз.
Тарлонни ечиб, тағин отландим.
— Каримбой, сизнинг сўзингиздан ўтолмай қайтаяпман. Бўлмаса қайтмас эдим, — дедим.
Қайтишимда томошагўйларни қоралаб юрдим. Томошагўйларга хўмрайиб-хўмрайиб қарадим.
— Сенлар ҳам одам бўлдинг-у, ана, ҳақиқий одам Каримбой экан, — дея пичирладим.
Тўда четига бориб турдим. Баковул менга ажабланиб қаради. Билдим.
Баковул менга қараб-қараб қўйди. Кейин, ёнида турган чавандозга бир нима деди.
— Итга ўхшаб, ўзи кетиб, ўзи келди. — Билдим, шундай деди. Бошқалар-да шундай деди.
Энди, мен нима десам экан?

Каримбой қайтарди десам, қайси Каримбой десалар-а? Шокирқулнинг иштони ҳўл ўғли дейманми? Ҳа йўғ-е… суриштириб бораяптими. Борди-ю, суриштирсалар, Карим муаллим, дейман…
Самад чавандоз узанги йўлдошимга айтдим, барча-барчага эшиттириб айтдим:
— Йўлда Каримбой жиловни ушлади! Қайтинг-чи қайтинг, деб қўймади! Одамнинг юзи иссиқда, юзидан ўтолмадим!..


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил турон: йўлдаги ўйлар, фикрлар, мулоҳазалар (давоми)

(Давоми) Юқорида сиз “31 миллионли элдан 99 фоизи”... дедингиз. Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри  келмайди. Келади. Ҳаёлан ҳар бир ўзбекнинг уйига бирма-бир кириб чиқинг. ...

Висол (шеър)

Аста-аста эриб боради нарсаларнинг зарралари ҳам, икки қушча бир-бирин суяр япроқларнинг ораларида... Шаббодалар олиб келади райҳонларнинг ўткир нафасин, япроқларнинг ...

От кишнаган оқшом (қисса) 21-қисм

21 Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим. Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди! Ўзлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400