Яккабоғ туман ҳоким ўринбосари жазоланиши керак

Куни кеча Яккабоғда экскаватор билан бинони бузишга уринган ҳоким ўринбосарини тадбиркор томонидан ёқиб юборишга уриниш акс этган видео ижтимоий тармоқларни ларзага солди. Дарҳақиқат, ушбу ҳолатга шу вақтга қадар юз берган “самосуд”лар ичидаги энг ғайритабиий ва шов-шувлиси, дея таъриф берсак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки воқеанинг ҳар иккала иштирокчиси ҳам “самосуд”га уринди.

Айбдор аслида ким?

Бош прокуратура берган маълумотга кўра, тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 25-97-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Маълумот ўрнида айтиб ўтишим лозимки, Жиноят кодексининг 25-97-моддаси деганда қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш, яъни бунда қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охирига етказилмай қолиши тушунилади.

Терговчи, прокурор ёки судья эмасман ва бу вазиятни уларчалик яхши тушунмайман. Бироқ, комил ишонч билан айта оламанки, ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган шахснинг нияти қасддан одам ўлдириш эмас эди. Воқеа тафсилотларига синчиклаб назар солсангиз, тадбиркорнинг нияти асло ҳоким ўринбосарини ўлдиришга қасд қилмаганига, шунчаки муқаррар бузилиб кетиш арафасида турган мулкини азбаройи ҳимоя қилиш учун шу йўлни танлаганига гувоҳ бўласиз.

Шахсан мен тадбиркорнинг ҳаракатларини зарурий мудофаа деб ҳисоблайман. Зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган, яъни мудофааланувчи (тадбиркор)нинг шахси ёки ҳуқуқларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовуз этувчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида қилинган ҳаракат жиноят, деб топилмайди. Ҳа, гувоҳи бўлганингиздек бу ҳолатда ўнлаб ички ишлар идоралари ходимлари қуршовида турган тадбиркорнинг мансаб ваколати доирасидан четга чиқаётган ҳоким ўринбосарини шу йўл билан тўхтатиб қолишдан бошқа чораси қолмаган эди.

Тўғри, тадбиркор ўзининг мулкий ҳуқуқларини қонунга хилоф равишда тажовуздан шу йўл билан ҳимоя қилди. Негаки унинг бошқа чораси ҳам қолмаганди, назаримда. Қонунлар ва инсонлар тақдирига тупуриб қўйган, давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатнинг моҳиятини тушунмайдиган, саводсиз ва ибтидоий тузумнинг вакили бўлган ҳоким ўринбосарининг бу қилмишлари шунга муносиб эди, аслида.

Ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатларига баҳо берадиган бўлсак, аслида ҳақиқий жиноятчи у эканлигини англашимиз мумкин. Чунки, бирор бир ҳоким ёки унинг ўринбосари шахснинг розилиги ёки тегишли суднинг қарорисиз, хоҳ у қонуний бўлсин, хоҳ ноқонуний бўлсин, мулкини, жумладан, бино-иншоотини бу йўсинда бузиб ташлашга ҳаққи йўқ.

Жиноят кодексининг 205-моддасига кўра, ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда (энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача) зарар ёхуд жиддий зиён (ҳозирча қонунчилигимизда жиддий зиёнга таъриф берилмаган) етказилишига сабаб бўлса уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодекснинг 206-моддасига кўра ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар бузиб ташланиши лозим бўлган ўша мулкнинг бозор қиймати 60.819.000 сўмдан кам бўлмаган миқдорда баҳоланса, Мансур Туймаев Жиноят кодексининг биз юқорида айтиб ўтган 205 ва 206-моддаларини содир этишга суиқасд қилган, деб топилиши ва тегишли тартибда жазоланиши шарт.

Қонунларга тупуриб қўйган ҳокимлару уларнинг ўринбосарлари қаердан пайдо бўлишмоқда?

Сўнгги вақтларда тадбиркорларнинг мулклари амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда тортиб олинаётганлиги ёки бузиб ташланаётганлигига оид кўплаб хабарларни эшитяпмиз, гувоҳи бўляпмиз. Нега бундай бўлмоқда, маҳаллий ҳокимлик вакилларини бундай йўл тутишларига ким ҳуқуқ берди, муаммонинг илдизи қаерда? Нега раҳбарлар халқдан, ҳатто Худодан қўрқмай қўйди. Нима учун бу ишларнинг жавоби борлигини унутиб қўйишмоқда? Бу каби қонунсизликларнинг авж олиши маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Халқ билан мулоқот қилишни, уларнинг дарду ташвиши билан яшашни билмайдиган, аксинча халқ устига бульдозер ҳайдашдан-да тоймайдиган “инсон”ларнинг ҳокимият тепасига келиб қолиши ушбу соҳага кадрларни танлаш тизимини ислоҳ қилиш зарурати мавжудлигига ишорадир.

Зеро, улуғ мутафаккир айтганидек, олимлари беамал, амалдорлари беилм миллат таназзулга юз тутмоғи муқаррардир.

Манба: Human

Хуршид Далиев
журналист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

50 нафар муҳожирни олиб кетаётган кема ўрта ер денгизида ағдарилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича агентлиги ва Ливия соҳил қўриқчиларининг маълум қилишича,  Европага йўл олган қайиқ Ўрта Ер Денгизида ағдарилган. Унинг ...

“zo’r tv”ни судга беришмоқчи

Қорақалпоғистонлик журналист Даўлетмурат Тажимуратов “Zo’rTV” канали бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ариза билан мурожаат этди. Бу ҳақда “EVERYDAY.UZ” сайти ...

Қурбон ҳайити арафасида тожикистонда нархлар кескин ошиб кетди

Тожикистонда Ийди Қурбон ҳайити арафасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бирдан кўтарилди, деб ёзади “Соф.уз” сайти. Хусусан, Душанбедаги Марказий бозорда қовун ва тарвузлар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400