40 ЁШДАН ОШГАНЛАРГА ИШ ЙЎҚМИ?

“Ишга қабул қиламиз, фақат 25 ёшдан 40 ёшгача!” Бу нимани англатади. Бу албатта, 40 ёшдан ошганлар бизни безовта қилмасин, иш сўраб келмасин деган маънода. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун шундай эълонларни газеталарга беришади, ёки эълонлар тахтасига осишади? Тўғрисини айтсам бундай эълонларга кўпчилик эътибор ҳам беришмайди. Ёшлигимни — студентлик олтин давримни эсладим.

Мен ҳозирги Миллий университетнинг журналистка факультетига тўрт йил уриниб, тест бошланган йили биринчилардан бўлиб кирганман. Тестнинг илк қалдирғочиман десам янглишмайман. Онамга “Ўзим ишлаб, ўзим ўқийман, сизни ташвишга қўймайман” дея сўз бергандим. Шунинг учун сўзимниг устидан чиқиш учун ҳам ўқиб, ҳам ишладим. Тақдир тақозосими ёки тасодиф туфайлими бир домламиз мени университетнинг газетасига ишга таклиф қилди. Унинг таклифи билан бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишга кирдим. Бироз ишлаганимдан сўнг домла менга 2-3 та қўлидан ёзиш келадиган талабаларни ишга олишини, курсдошларимиз ичидан топишимни айтди. Воҳалик қийналиб юрган, аммо қалами ўткир Адолатни (исмини ўзгартирдим) таҳририятимизга олиб бориб, домламга таништирдим. Домлам унга бошдан-оёқ разм солиб “Ҳмм” деб қўйди. Адолат ўзини ўнғайсиз сезди чоғи “Чақирсангизлар келаман” дея кетди. Домламга юзланиб “Бўладими? Яхши ёзади. Ёзганларини ўқиганман” дедим. Домлам бўлса “Келиб-келиб мен шу хунук қизни ишга оламанми? Ректор тадбирга мухбирингни юбор деса, шуни жўнатаманми?” деди қош-қовоғидан қор ёғиб.

“Нимага ундай дейсиз. Ахир у яхши мақола ёзади. Шуни ўзи кифоя эмасми? Мен ҳурлиқоманми?” дедим жаҳлимни босолмай. Шунда домлам “Сиз чиройлисиз! Мен ходимларимнинг чиройига ҳам қарайман” деганда лол қолгандим. Ўшанда илк маротаба одамнинг чиройи ҳеч нарсани билмасангиз ҳам қайсидир раҳбарнинг ёнида муҳим ўрин тутишини англагандим. Нимагадир ўша курсдошимни бошқа газета ва журналлар ҳам ишга олишмади.

“Ватанпарвар” газетасига дўстлик ҳақида бўлган воқеани ёзиб бергандим, газетада чоп этилди. Уни ўқиган Мудофаа вазирлигининг вазири газета муҳарририга “Шу муаллифни топиб, ишга олинг!” дебди. Шу тариқа “Ватанпарвар” газетасида ишладим. Онажонимнинг соғлигини тиклайман дея у ердан кетишга мажбур бўлдим. Онамни шифохонага жойлаштириб, дори-дармонига югурдим. Волидам оёққа тургач, уйга кузатиб бошқа жойда ишимни давом эттирдим. Мен ҳеч қачон таниш-билиш орқали ишга жойлашган эмасман. Доим ўзимнинг меҳнатим, қаламим ортидан ишга кирдим.

Бугунги кунга келиб айрим раҳбарлар ёшга қараб ишга олаётганини эшитиб қолдим. Бир нуфузли газетанинг редактор ўринбосари мени ишга таклиф қилиб обективкамни сўради. Олиб бориб бердим. Бош муҳарририга обективкани бериб, мени тажрибали журналист эканлигимни таъкидлабди. Бироқ бош муҳаррир “Ёши 40 га борибди. Ундан кўра ёшларни оламиз” дея ўринбосарини ранжитибди. Ўринбосар бу гапларни минг афсус билан менга таъкидлади. Ҳаттоки мени хафа бўлмасин дея “Мақолаларингизни олиб келаверинг. Тўхтатмасдан бериб бораман. Гонарарни ҳам яхшилаб ёздираман” деди кўзларини ерга тикканича ўзини айбдордек санаб. Мен ўринбосар билан хайрлашиб, у газетага бошқа мақола олиб бормадим. Тўғриси бош муҳаррирнинг гапидан хафа бўлдим. 40 ёшга етганлар кечагина келгана ёшларча ишлолмайдими? Ҳаттоки ундан ортиқроқ ишласа керак! Чунки уларнинг тажрибаси кўп. Кечагина университетни тугатиб келган талаба билан тажрибали журналист орасида осмон билан ерча фарқ борку! Наҳотки шуни айрим раҳбарлар тушунишмайди!

Бир танишим нуфузли газетада ишлаганини, ойлик маоши яхшилигини, хоҳласам гаплашиб беришини таъкидлади. Мен ўзим у айтган газетага бориб кўришимни айтдим. Бордим, бош муҳаррир билан учрашдим. У ҳам таниш чиқиб қолди. Бир пайтлар ётоқхонанинг учинчи қаватида қўшни бўлиб турган эдик. У ҳозирги ёшлар ҳаттоки оддий бир хабарни ҳам ёзолмаслигини айтиб ранжиди. Менга дарҳол керакли ҳужжатларни тўлдириб, котибага бериб, душанба кунидан ишга чиқишимни тайинлади.

Душанба куни зўр иштиёқ билан таҳририятга бордим. Котиба бош муҳаррирга учрашишимни таъкидлади. Унинг хонасига кирдим. Бош муҳаррир кўзларимга қаролмасдан “Узр, сизга штат йўқлигини билмасдан иш ваъда қилиб қўйибман” дея алдади.

“Майли, хижолат бўлманг. Зоримиз бору зўримиз йўқ” дея у ерни тарк этдим. Эртаси куни ҳамкасбларимдан бири мен борган таҳририятга ёшгина жувонни ишга олганлигини айтди. Ҳафсалам пир бўлди.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида республика бўйича каратэ мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Иштихон туманининг Шайхлар қўрғонидан Эльвира деган қиз учинчи ўринни олишга муваффақ бўлди. Дарҳол бу қиз ҳақида ёзиб, суратлари билан эски “Туркистон” ҳозирги “Ёшлар овози” газетасига олиб келиб топширдим. Йўл-йўлакай иш ҳам суриштирдим. “Мақолалар ёзиб келинг, кейин ўйлаб кўрармиз” дейишди. Мақолалар олиб бордим. Энди улар “Узр, ёшларни ишга олмоқчимиз” деган важни баҳона қилишди. Ҳаттоки бир неча маротаба каратэчи қиз ҳақидаги мақоламни тақдирини суриштирганимда аниқ бир жавоб ҳам беришолмади. Хуллас, бу мақола газета юзини кўрмади. Унга обуна бўлган қизнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди.

Шундай қилиб бошқа таҳририятда ишимни давом эттирдим. Аммо айрим ҳамкасбларим ёшидан қирқдан ошганлиги учун ишга олинишда таъқиққа дуч келаётганлигини айтиб хафа бўлишди. Аслида нима учун қирқ ёшдан ошганларни ишга олишни пайсалга солишади. Ахир уларда катта тажриба мавжудку. Шунинг билан бирга улар ишлашни ҳам, вақтида дам олишни ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳам билишади. Ҳақ-ҳуқуқини билган ишчи эса раҳбарларга ёқмайди. Ёшлар эса керак бўлса 24 соат ҳам иш топилганига шукр қилиб ғиқ этмасдан ишлайди. Агар салгина “закончи”лик қилишса ўша заҳотиёқ у ердан думи тугилиши тайин. Буни кўпгина раҳбарлар билишади. Катта ёшдаги ходимдан кўра ёшларни ишга олгани улар учун айни муддао. Шунинг учун бирон ташкилот иш ҳақида эълон бермоқчи бўлса “Ишга қабул қиламиз. Фақат 20 ёшдан 35 ёшгача” деб ёзишади. Президентимиз “Пенсияга чиққанлардан ҳам фойдаланинг. У иш тажрибасини бошқаларга ўргатсин. Лозим топса яна ишласин” дея бир маърузасида таъкидлаганди. Ҳаётда эса қаерга борсанг ёшингни пеш қилиб ишга олишмайди. Қирқ ёшдан ошганлар энди уйда ўтириши керакми? Бу аҳволда улар қандай қилиб пенсияга чиқишади? Бу ҳам долзарб ва оғриқли мавзу бўлиб қолди.

Айниқса, журналистларга иш топиш амри маҳол бўлди десам муболаға қилмайман. Чунки жуда кўп газета-журналларда ҳақиқий журналистлар эмас, институтларнинг тил адабиёт ёки филология факультетини битирганлар ёки умуман соҳаси бошқалар ишлаяпти. Уларга дарс бераман деса мактаб, лицей, коллеж ҳаттоки институтнинг ўзида ҳам иш бор. Аммо қўпол бўлсада айтаман журналистларнинг нонини яримта қилиб, журналист деган номга сазовор бўлиш учун бизнинг орамизга кириб олган. Яна бир тоифаси умуман институтда ўқимаган, зўрға мактаб ёки коллежни тугатган. Таниш-билиш қилиб таҳририятга ишга жойлашиб олган. Вилоятма вилоят хизмат сафарига чиқиб, журналистларнинг номига доғ тушириб юришади. Журналист этикасининг э ҳарфини ҳам тушунишмайди. Айримларининг қўлидан икки қатор жумла ёзиш ҳам келмайди. Аммо давраларда ҳеч кимга гап бермайди. Яна бир тоифаси уялмасдан (уялиш учун ҳам бет керакда!) журналистнинг мақоласини кўчириб олиб, ўзининг номидан чоп этади. Шармандага шаҳар кенг деганларидек ундайларга гап ҳам ҳайф! Ёзаман десам гап кўп. Бундай шароитда муҳаррирлар ҳам ҳақиқий журналистларни саралаб ишга олишса айни муддао бўларди. Кимнингдир қўнғироғи ёки таниш-билишининг ҳурмати учун ўқимаган, саводсиз, ёки қўлидан умуман ёзиш келмайдиган “журналистча”ларни ишга олиб нимага эришади? Журналистларнинг сарагини саракка пучагини пучакка ажратадиган вақт келмадимикин?

Ишга таклиф — ОLХ.uz.даги эълонлардан айримларини атайлаб кўчириб олдим. “Салонга ишга таклиф қиламиз. 20 ёшдан 33 ёшгача бўлган қизлар”, “Ишга таклиф қиламиз. 35 ёшдан 45 уборшитсаликка (қандай ёзилган бўлса шундайлигича кўчирдим) ишга таклиф қиламиз”, “19-30 ёшгача аёл ва қизларни ишга таклиф қиламиз”, “Кийим дўконларига 18 ёшдан 30 ёшгача сотувчи-консултант лавозимига қизлар ишга таклиф қиламиз”, “Қандолат цехига 20 ёшдан 25 ёшгача бўлган қизларни ишга таклиф қиламиз”, “Компаниямизга 18 ёшдан катталар ва нафақадагиларни ҳам ишга таклиф қиламиз”, “18-55 ёшгача бўлган ўғил ва қизларни ишга таклиф қиламиз”, “30 дан 40 ёшгача фақатгина бева ёлғиз аёллар учун ҳар хил турдаги иш ўринлари мавжуд”.

Хулосани эса ўзингиз чиқаринг!

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Москва полицияси ўзбекистон фуқаросини отиб ўлдирди

Россиянинг Москва бўйича ИИВ ББ матбуот хизматининг маълум қилишича полиция ходими қочиб кетишга уринган ўзбекистонликни отиб ўлдирди, деб ёзади “Соф.уз” сайти. “7 июнь куни ...

Тарихнинг оғир синовлари

Қудратли СССР давлатида бошланган “Қайта қуриш” ва сал ўтиб келган миллий мустақиллик иттифоқ таркибидаги 15 республикадан бири бўлган Тожикистон учун ҳам қимматга тушди. ...

Юртимизда чаласаводлар кўпаймоқда, энди келажагимиз нима бўлади?

Мен 1984 чи йилда туғилганман, Наманганинг энг яхши мактабларида ўрта маҳсус таълим олганман, мен билан бирга 14та одам битирган, у болларни ичида 4 киши илмга қизиққан, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400