От кишнаган оқшом (қисса) 57-қисм

57

Икки кун деганда участка милитсонеримиз тағин қоғоз олиб келди.
Тарлон билан азонда йўл олдим. Бу сафар Тарлонни қичаб ҳайдадим. Вақтида етиб келдим.
Капитан катта тўртта бўзболнани рўпара қилди.
— Йўқ, булар эмас эди, — дедим. — Уларнинг сочи узун-узун эди, — дедим. Капитан катта кулди.
— Хўш, эслай олмайсизми, ака, уларнинг юзида бирон жароҳат изи йўқмиди?
— Эса-чи, капитан катта. Изиям гапми, яранинг ўзи бор эди, капитан катта.
— Хўш, қанақа жароҳат?
— Икковининг юзидан қон оқди. Беқасам чопонлик калла қилиб эди-да.
— Э-е-е, шуни эртароқ айтмайсизми, ака. Ана бу бошқа гап!
— Кейин, бир майдароғининг уст-боши лой бўлди, капитан катта.
Капитан катта ёза-ёза, бош чайқаб кулди. Нимага кулди — фаросатим етмади.
— Хўш, айтинг-чи, ака, шу воқеани кўрганлардан ақалли биронтасини танийсизми?
— Мен сизга айтсам, капитан катта, лоф бўлсада, юздан ошиқ одам бор эди. Қайси бирини танийман. Ҳатто иккита мелиса-да бор эди.
— Ким-ким? Мелиса? Хўш, формадами?
— Эса-чи, капитан катта. Мелисалар шундай бурчакда ўтириб чой ичди.
— Хўш, улар шу воқеани кўрдими?
— Эса-чи, капитан катта. Барини кўриб турди, капитан катта.
— хўш-хўш!
Капитан катта темир сандиғидан бир қалин қоғоз олиб ёйди. Ичи тўла ғиж-ғиж сурат бўлди.
— Қаранг-чи, ака, шунинг ичида сиз кўрган мелисалар борми.
Суратларга бармоғимни югуртириб қарадим. Охири, кўрганларимдан бировини танидим.
Пешонасига бармоғимни нуқиб турдим.
— Ҳайла, анави! — дедим.
Капитан катта энкайиб қараб, бош ирғади. Суратларни тахлаб, яна сандиғига солди. Ташқарилаб қайтди.
— Хўш, сиз, ака, мана бу хонага кириб туринг. Ўзим чақираман.
Ён хонага кириб ўтирдим. Хона эшиксиз бўлди.
Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди. Ўзи, ўз хонасида қолди.
Хиёлдан кейин капитан катта олдига биров кириб келди. Капитан катта ундан сўради.
— Хўш, сиз йигирма тўртинчи январ якшанба куни соат ўн иккиларда қаерда эдингиз? — деди.
— Қайси январ, бу йилги январми? Участкада эдим, — деди келган одам.
— Хўш, аниқроқ айтинг!
— Винзавод атрофини назорат қилиб юрган эдим!
— Хўш, демак, заводда?
— Ҳа, заводда!
— Хўш, шу куни чойхона олдида бўлган воқеадан хабарингиз бўлмадими?
— Қанақа воқеадан?
— Ўша ерда бўлган тўполондан?
— Ўлимдан хабарим бор, бундан хабарим йўқ!
— Хўш, буёққа бир қаранг, Қурбонов ака!
Капитан катта олдига қайтиб чиқдим. Келган одам худди ўша милитсионерларнинг бирови бўлди. У мени кўрди-ю, ранги оқариб жўнади. Капитан катта мени кўрсатиб сўради:
— Шу одамни бирон марта кўрганмисиз?
Милитсионер менга тикилиб турди-турди-да, елкасини қисди.
— Эслаёлмаяпман, — деди.
Кулгим келди. Балки танир, дея чойхонани эслатдим. Милитсионер шипга қараб ўйлаб-ўйлаб, кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқиди.
— Э, ҳа! Бўлди, бўлди! Энди эсладим. Ўша ердан участкамга ўтиб кетаётган эдим. Кўчада одамлар тўпланиб турган экан. Бирон нима сотаётган бўлса керак, деб ўйладим.
— Эб-ей, икковимиз гапиришдик-ку, иним! Мен сизга…
— Мен билан-а? Бекорни айтибсиз! Туҳмат! Соқолингиз бор, оғзингизга қараб гапиринг! Сиз мени бошқа одамга адаштираяпсиз!
Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди.
— Ана, бўлмаганман деяпти-ку? — деди.
Мен ёқамни ушладим.
— Ё тавба, ё тавба! — дедим.
— Хўш, яна бирон кишини эслай олмайсизми, ака?
— Эса-чи, капитан катта. Шу гапларни чойхоначи-да кўрди.
— Чойхоначи? Яна?
— Кейин, балиқпаз-да билади.
— Хўш чойхоначи, балиқпаз… Бугунча бўлди, ака, қолганини бошқа кун гаплашамиз.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-8

Бешинчи боб Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди... Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил — кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ...

Чингиз айтматов:қиёмат 52-қисм

VI Баҳор  кунлари  ўтиб,  ёз  яқинлашмоқда  эди.  Чорвадорлар  ёзги  яйловларга  кўчадиган  пайт келди. Тоғ ёнларида қишлаган қўйбоқарлар тоғ ичкарисидаги водий ва дараларга ...

Юлдузли тунлар-28

2 Архиён қўрғонини қамал қилаётган Бобур энди асосий кучларини Косонсой томонга буришга мажбур бўлди. У Аҳмад Танбалга келадиган ҳар қандай кўмакнинг йўлини тўсмоқчи, керак ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400