От кишнаган оқшом (қисса) 62-қисм

  • 62

Назир жувозкаш кўпкарига Олмакўз байталини миниб келди.
Ўзиям, байтали Олмакўзмисан, Олмакўз бўлди-да! Кўзлари бўталоқ кўзларидай катта-катта, дум-думалоқ, олмадай-олмадай келади! Яна тағин, чуқур-чуқур, қоп-қора! Сағринлари энлик-энлик! Сағринлари лўмбиллайди, билиқ-билиқ этади!
Тарлонимиз кўзи ана шу Олмакўзга тушди! Тарлонимиз бир бошқа бўлиб қолди! Тарлонни улоққа солдим — Тарлон Олмакўз тарафга юрди. Жиловни тортдим — Тарлон Олмакўзга қараб талпинди. Тарлонни улоқчи от кетидан қўйдим — Тарлон Олмакўз тарафдан чопди! Нима қилишимни билмадим.
Назир жувозкашга айтгичимни айтдим:
— Ай биродар, шу байталингизни кўздан пана қилинг, барака топинг!
Чавандозлар ҳингир-ҳингир кулди. Шўхчан-шўхчан гаплар отди.
Назир жувозкаш кўпкаридан кетди.
Шукур қилиб, Тарлонни улоққа солдим. Тарлон тағин тайсаллади. Бўлмаса, кайфияти бинойидай бўлди.

Тоқатим тоқ бўлди. Зардам қайнади. Қамчи дастаси билан Тарлон бошига солдим.
— Падарингга лаънат, мана сенга, мана! — дедим.
Тарлон олд оёқларини кўтариб-кўтариб фалакка сапчиди. Бўғилиб-бўғилиб пишқирди.
Олисларни айланиб чопди. Ғарқ терга ботди. Пешонасидан терлар оқди. Балиқ оғзидай каппа-каппа очилиб-ёпилаётган бурнига сизиб тушди.
Чоти аралаш қамчи солиб-солиб, тағин улоққа қўйдим. Тарлон тағин ўзини кейинига олди!
Бу сафар қамчи дастаси билан қулоқлари орасига урдим, юзларига урдим…
— Ҳали камми? Мана бўлмаса, мана! Еганинг бурнингдан чиққур! — дедим.
Тарлондан эгар-абзалини, юганини шилиб олдим. Калласига бир урдим.
— Кет, ҳайвон, кет! Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан! Тортдинг, аслингга! Кет! — дедим.
Тарлон ёллари селкиллаб-селкиллаб қочиб қўя берди.
Биродарлар жаҳл келганда ақл кетади, деганлари шу-да!
Кўпкари охирини қарамадим. Эгар-абзалларни қўлтиқлаб, уйимизга жўнадим.
Аёлимиз алағда бўлиб, Тарлонни сўради.
— Сўрама аёл, сўрама, — дедим. — Термиздан артистлар келиб, клубда театр қўйгани эсингдами? Ўша театрда Алишер Навоий нима деб эди? Ҳайвонни қанча тарбия қилма, ит бўлади, эшак бўлади, асло одам бўлмайди, деб эди! Навоий ҳақ экан, аёл! Бекорга Навоий, Навоий, демас эканлар! Кўкайим қуриб от боқдим. Ўзим емадим, Тарлонга едирдим, ўзим ичмадим, Тарлонга ичирдим. Болалар ризқидан-да уриб, Тарлонга едирдим. Тарлон барибир одам бўлмади! Уриб-уриб ҳайдаб юбордим! Баҳридан ўтдим! Тарлон кўр бўлади, Тарлонни тузим кўр қилади…
— Бекор қилибсиз-да, кўп пуллик мол эди, — деди аёлимиз.
— Э-е, пули бошимдан садақа! Аёл зоти бошдан адоқ зарга ўралган билан, шойи-шомилага беланган билан, ўзи ёмон бўлса, ундай аёлнинг кимга кераги бор? ундай аёлни зари билан қўшиб, шойи-шомиласи билан қўшиб, уч талоқ қўймоқ лозим! От ҳам шу-да! Ёмон от — ёмон аёлдай гап! Эркакни эл орасида шарманда қилади! Мана, Тарлон юзлаб чавандозлар олдида юзимни ерга қаратди!
Шундай дейишга дедим. Ана, дедим. Аммо кўнглим туб-тубида нимадир… нимадир бир нима майда-майда ушоқ бўлиб-бўлиб кетди. Тарлон учун ич-ичимдан раҳмим келиб-келиб кетди…


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ёрлиғ бериш маросими

 Ёрлиғнинг  кимнин  исмига  ёзилғанлиғини  эрталабданоқ  ўрдада  ҳар  ким  сезиб  қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ...

От кишнаган оқшом (қисса) 84-қисм

84 Тарлон-ай, нима кунларга қолдинг-а?... Тушда бўлаяптими, ё ўнгда бўлаяптими? Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон... Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон! ...

Тошканд қамалда

15. ТОШКАНД ҚАМАЛДА Бу кун Тошканд қамалининг элли биринчи куни. Совуқ бир оз юмшаб тушкан, қуёш очиқ ҳавода ҳаракат этмакда эди. Ерлар эриб, ҳамма ёқ шилт-пилт лой, қўрғон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400