Ўзбекистонга лўлилар қаердан келиб қолган?

Ўзбекистон лўлилари баъзи сабабларга кўра Европа, Яқин Шарқ ва Россиядаги “циган” суперэтноси билан қиёсланган бўлиб, уларнинг таркибий қисми сифатида кўрилади. Лекин аслида келиб чиқиши жиҳатидан улардан фарқ қилади.

Циганлар, кўпгина тахминларга кўра, VI–VII асрларда Ҳиндистондан Эронга юборилган минг нафар санъаткор ва циркчининг авлодларидир. Ўрта Осиёдаги лўлилар эса бир қанча гуруҳлардан иборат ва уларнинг бари турли асрларда турли ҳудудлардан кўчиб келган.

Улар бешта катта гуруҳга бўлинади: лўли (бошқа номлари – мугат, жўги, мазанг, мўлтони), парья (ҳиндистоний), кавол, чистони ва соғутарош.

Шулардан фақат парьялар Ҳиндистондан келгани исботланган – улар ўз тилини сақлаб қолган. Лўлиларнинг ҳам иккита номи уларни Ҳиндистон билан боғлайди: жўги – кўриниб турибдики, “йога” сўзининг маҳаллийлаштирилган варианти; мўлтони – Покистондаги Мўлтон шаҳридан келганлар маъносида.

Шундай қилиб, лўлилар ва парьялар Ҳиндистон билан боғлиқ. Қолган гуруҳлар араб истилосидан сўнг ислом динини қабул қилмай, чекка ҳудудларда қолиб кетган оташпараст аҳолининг қолдиқлари деган тахмин ҳам бор. Бунда чистони ва каволлар амирлик даврида Афғонистондан бугунги Тожикистоннинг тоғли ҳудудларига кўчган, соғутарошлар эса азалдан шу ҳудудларда яшаган маҳаллий аҳоли вакиллари деган фикр мавжуд.

Россия Империяси даврида бу гуруҳларнинг бари умумийлаштириб “цигане” деб кетилган. Кейинчалик СССР пайтида кўпгина гуруҳлар ўзлигини йўқотиб, “бир миллатмиз” деган фикрга келган. Шу боис бу гуруҳлар турли ҳудудлар турли номлар билан аталса ҳам, ўзларини битта халқ деб билади, ёки бўлмаса бошқаларга тушунарли бўлиши учун “биз ўша сиз билган лўлилармиз” деган маънода кенг тарқалган битта ном айтади. Шунингдек, Тожикистоннинг чекка ҳудудларида кавол, парья, чистони каби этногуруҳлар алоҳида ўзлигини сақлаб қолган.

Тил масаласига келсак, бу гуруҳларнинг асосий қисми тожик тилида гапиради. Ҳиндистондан келганлари ҳам, маҳаллий ўзакка эга бўлганлари ҳам араб истилосидан сўнг бу тилни қабул қилган. Фақат парьялар ўзларининг алоҳида ҳинд-орий тилига  эга. Самарқандда оз миқдорда ўзбек тилли лўлилар ҳам бор.

Шундай қилиб, лўлиларни битта-ягона элат деб билиш, барчаси Ҳиндистондан келган деб ҳисоблаш хато экан. Уларни ёппасига тиланчи деб ҳисоблаш ҳам нотўғри. Азалдан лўлилар ҳамда уларга яқин гуруҳлар ҳунармандчилик билан шуғулланган. Хусусан, Пастдарғомда ва Ургутда тавоқтарош деган ҳунарманд гуруҳни учратганман. Бундан ташқари, улар орасида қурувчилар, косиблар жуда кўп бўлган.

Тахминан охирги 70–80 йил ичида улар орасида тиланчилик кенг тарқалган, бунга сабаб совет даврида уларнинг анъанавий касблари ва жамиятда эгаллаган ўринлари ўзгартириб юборилгани, колхозлаштириш, мажбурий ўтроқлаштириш сингари сиёсатлар уларнинг анъанавий турмушини йўқ қилгани, натижада кўпчилиги тирикчилик учун янги соҳалар қидиришга мажбур бўлганидир. Уларга нисбатан паст назар билан қараш ҳам, менимча, шу охирги ўн йилликларда шаклланган.

Шуларни инобатга олган ҳолда, барча ўқувчиларимни лўлиларга ҳурмат билан қарашга чақираман. Улар ижтимоий ҳимояга ва кучли рағбатга муҳтож фуқароларимиздир. Вақтида ривожланган давлатларда қора танлиларга ёки аёлларга ижтимоий ҳолатини тиклаб олишга ёрдам берилганидай, бизда ҳам лўлиларга, ёрдамга муҳтож яна қанча гуруҳларга шундай ёрдам кўрсатилиши керак. Вақти келиб улар ҳам жамиятда ўрнини эгаллаши керак.

Муаллиф:Эльдар Асанов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ватанига қайтган ёзувчи нурилло отахонов тошкент аэропортида қўлга олинди

Тошкент аэропортида Туркиядаги муҳожиротдан ватанига қайтган 63 яшар ëзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) учоқдан тушганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари ...

Қувада сув йўқ, жўмрак йўқ, қарздорлик ҳисобланмоқда

Қува туман “Пахтакор” МФЙ, “Ўзбек” кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишди, деб ёзади ...

Қишлоққа элтувчи йўллар қачон таъмирланади

Сиз тасвирларда кўриб турганингиз Қашқадарё вилояти Касби туман Қорахўжа қишлоғига элтувчи йўл. Ушбу йўлдан Касби туман амалдорлари бир марта ҳам ўтмаса керак, дея ўйланиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400