Солиҳбой фалсафаси ёхуд пул ҳақида куюнчак мулоҳазалар

пулПулни ўйламайдиган, пулга иши тушмаган, пул билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган одам бўлмайди. Бундоқ қараганда, ҳамма пул учун, пул топиш учун яшаётгандек туюлади. Аслида ундай эмас, албатта. Пулнинг ғалати бир хусусияти бор — у кашф этилганидан буён етишмайди. Агар камбағал тонг саҳардан бир бурда нон ғамида куймаланса, пулдор пулини янада кўпайтириш ташвишида ўзини ўтга-чўққа уради. Пули камайиб қолишидан чўчийди, одамларнинг қарз сўрашидан юраги безиллайди. “Ҳаммага қарз бераверсам бой бўлармидим?”, дея иддао қилади. 
Хўш, дунё дунё бўлгандан буён ҳад-ҳисобсиз фожеалар, урушлар, турли кўнгилсизликларга сабаб бўлган, яқин дўстлар, ҳатто туғишган оға-инилар ўртасига раҳна солган, айни чоғда хайрли, бунёдкорлик ишларига восита бўлган, кўпгина мушкулотларнинг осонгина ечимини топган пулнинг биз билмаган, биз яхши илғамаган сир-синоати борми? Нега кўп нарса айланиб келиб яна пулга тақалаверади? Нега? Нега?..
Ўзбек тилининг янги нашр этилган беш жилдлик изоҳли луғатида пулга шундай таъриф берилган: «Пул (форсча — пул, ақча, балиқ тангаси) 1. Олди-сотди ёки тўлов муомалаларида нарх, баҳо, қиймат ўлчови бўлган металл ёки қоғоз белги, ақча. 2. Сармоя маблағ. 3. Иш ҳақи, маош. 4. Баъзи ерларда ярим тийинга, баъзи ерларда бир тийинга тенг бўлган пул ўлчов бирлиги ва шу қийматдаги майда пулнинг ўзи».
Доно халқимиз пул ҳақида кўплаб ривоятлар, пурҳикмат мақоллар тўқиган: “Пул — белга қувват, бошга тож”, “Пул бўлса чангалда шўрва”, “Пул жигардан бунёд бўлар”, “Пул кетса кетсин, ор кетмасин”, “Пул кўпайса, одам бузилар”, “Пули куйган қалампир чайнар… ”.
Пул ҳақида ҳазиломуз иборалар ҳам пайдо бўлган: “Бахт пулда эмас, пулнинг миқдорида”, “Пулинг бўлса халтада, дам оласан Ялтада”, “Пул ўлсин-а пул ўлсин!”…
Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасидаги Солиҳбойнинг ўша машҳур гапи эсингиздадир. Пулнинг кучига, қудратига ишонган бой шундай дейди: “Ҳали шундайми? Ҳа-ҳа… Кўрамиз… Ким зўр экан? Сендаги севги билан вафоларми ёки менинг чўнтагимдаги олтинларми?”.
Дарвоқе, Солиҳбой ролининг моҳир ижрочиси Обид Жалилов вафот этгач, ўрнига муносиб артистни узоқ қидиришади. Ахийри Амин Турдиев номзоди маъқул топилади. Амин ака рози бўлишдан олдин бир шарт қўяди:
— Менга кўп пул берасизлар.
— Ие, пулни нима қиласиз?
— Рол ижро этишдан олдин пулни белимга боғлаб оламан. Ана ўшанда ўзимни ростдан ҳам бойдек ҳис этаман, ижром ҳам зўр бўлади.
Хўш, пулнинг луғавий маъносини бир четга қўя турайлик, пул нима ўзи? Бу саволга ҳар кимнинг ўз жавоби бор, албатта.
Россия эстрадасининг юлдузи Алла Пугачёва мухбирнинг юқоридаги саволига шундай жавоб беради: “Пул — менга ўзимни камситилгандек ҳис қилмаслигим учун керак бўладиган восита”.
Яхши жавоб, албатта. Бундай ақида билан иш тутадиган одамни пулга ортиқча ружу қўйишда айблаш қийин.
Драматург Шароф Бошбековнинг бир ҳажвиясини ўқигандим. Қисқача мазмуни шундай: бир одам эрталаб ишга жўнайди. Йўлда садақа сўраб турган гадойга йирикроқ пул беради, қайтимини олмайди, ғурури йўл қўймайди. Такси ҳайдовчисига ҳам катта пул узатади, яна қайтимини олмайди, ғурури йўл қўймайди. Ишга келгач, пештахта ортига ўтиб, халатини кийгач, енг шимариб …ғурур тўплашга киришади.
Миллиард-миллард пули бўлса ҳам тинимсиз бойлик тўплашга ружу қўйган кимсаларнинг дунёқараши, фалсафаси, психологиясини мен яхши тушунавермайман, шу боис уларнинг юқоридаги саволга қандай жавоб беришини тасаввур қилиш қийин. Фикримча, аксарият одамлар учун пул, аввало яшаш, тирикчилик воситаси, фаровон турмуш, эмин-эркинлик муқобили. Айни чоғда пул топиш ягона мақсад, ҳаётнинг асосий маъноси бўлиб қолмаслиги керак. Қадимги донолардан бири ҳукмдорга қарата: “Сен ейиш учун яшайсан, мен яшаш учун ейман, фарқимиз шунда!” дея бежиз айтмаган.
Хўш энди асосий саволга келсак — пул одамни бузадими?
Бу саволга ҳар ким ўз тушунчаси, дунёқарашидан келиб чиқиб, турлича жавоб бериши мумкин. Аввало, пул одамни бузиши учун ўша ортиқча пулнинг ўзи бўлиши керак. Аммо пул шундай нарсаки, у ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Шу боис, назаримда, пул одамни бузади, деб ҳисобловчилар у қадар кўп эмас.
Агар одам пулни жонини койитмай, осонлик билан топса, амалини бойлик орттириш манбаига айлантирса, пул воситасида ҳамма нарсага осонлик билан эришса, шунинг оқибатида унда калондимоғлик пайдо бўлса, одамларга паст назар билан қарай бошласа, нопок ишларга қўл урса, ундай кимсаларни халқ “Пул қутуртирган!” деб ҳисоблайди, улардан нафратланади ва тўғри қилади. Халқ ҳеч қачон адашмайди.
Ақл — энг катта бойлик. Ҳалол, пешона тери билан, ақл билан топилган бойликнинг қадру қиммати ҳам бўлакча бўлади. Қариялар, пенсиячиларнинг пули баракалироқ бўлиши ҳам бежиз эмас. Ҳаром-ҳариш йўллар билан топилган пулнинг эса баракаси бўлмайди. Кимларнидир норози қилиб, қон қақшатиб топилган пул ҳам эгасига юқмайди. Пулнинг бундай хусусиятида бир ҳикмат бор, албатта.
Сармоядорлар, пулдорларнинг ҳаммасига шубҳа билан қараш, уларни қинғирликда, ноҳалолликда айблаш тўғри эмас, албатта. Афсуски, бизда бойларни, бойликни тўғри тушуниш маданияти ҳали шаклланмаган. Ҳавас эмас, ҳасад кучли. Ҳасад одамнинг ичини кемиради.
Бойларга, ҳар қандай бойликка қандайдир бир шубҳа, гумон билан қараш шўроларнинг манфур сиёсати туфайли (Бой бўлиш айбгина эмас, катта жиноят ҳисобланган, шу боис бойлар бола-чақаси билан аёвсиз қатағон қилинган, сургунларда азоб чекиб ўлиб кетишган) онгу шууримизга сингдирилган.
Шўролар сиёсатини қўя турайлик, мустақиллигимиз арафасида ўша қадимий Наврўз байрамимизни эскилик сарқити, диний байрам, дея қатағон қилган калтабин сиёсатчилар моддий жиҳатдан озгина қаддини ростлаб олган, ўзларига ёқмаган айрим шахсларга озмунча зуғум ўтказдими? Раҳматли устоз Озод Шарафиддиновнинг ҳалол, пешона тери эвазига қурган далаҳовлиси аёвсиз буздириб ташлангани жамоатчиликка яхши маълум. Хайриятки, истиқлол тафайли бундай ўзбошимчаликларга барҳам берилди.
Инсон ҳаётга бир марта келади. Ҳаёт инсонга берилган энг олий неъмат. Шундай экан, ҳаётда ҳамма нарса — рўшнолик, фаровон турмуш ҳам ўз вақти соатида бўлгани яхши, албатта. Аммо гоҳо ҳамма нарсага эришиб, бола-чақаларни уйлаб-жойлаб, энди оғзинг ошга етай деганда Оллоҳ омонатини сўраб қолади. Шуниси ачинарли. Шуниси алам қилади. Кечагина бағримизни тўлдириб, давраларга файз киритиб юрган акахон ва укахонларимиз бугун орамизда йўқ. Беихтиёр шоирнинг “О, инсон қисмати, бунчалар чигал…”, деган сатрлари эсга тушади. Шу боис, ҳамиша ҳаётни ғанимат деб билишимиз керак. Ўлчовли умрни эзгу ишларга сарфламоқ жоиз. Бу китобий гап эмас. Ўтмишда яшаб ўтган улуғларимиз, табаррук сиймоларнинг шахсий ҳаётлари бу жиҳатдан катта ибратдир. Буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Алишер Навоийнинг улуғ бунёдкорлик ишлари, кўплаб кошоналар, мадрасалар, кўприклар, ҳаммомлар, боғ-роғлар барпо этгани, илм ва ижод аҳлига ҳамиша ёрдам қўлини чўзиб, ҳомийлик қилишгани жаҳон миқёсида қайта-қайта эътироф этилган. Уларнинг эзгу, савобли, хайрли ишлари Третьяков, Нобелларнинг хизматидан кўра улуғворроқ, ибратлироқ. Биз гоҳо ҳамма нарса пулга бориб тақалаётганидан, ҳамма нарса пул билан ўлчанаётганидан нолиймиз. Тўғри, бу гапларда жон бор. Айни чоғда, ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ эканини ўйламаймиз. Ҳақиқат ташқарида эмас, ўзимизнинг ичимизда экани эсимизга келмайди. Ҳаёт, кундалик туриш-турмушимиз кун тартибига қўяётган муаммоларни ҳеч ким четдан келиб биз учун ҳал қилиб бермайди. Қуръони каримдаги “Феълингизни ўзгартирмагунингизча тақдирингизни ўзгартирмайман“, деган пурҳикмат калимани унутишга ҳаққимиз йўқ.

                                                                                                            Шодмон   ОТАБЕК

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қаршида аёл шифокор калтакланди

Жорий йил 16 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига қўнғироқ қилган фуқаро Ш. Г.ҳушидан кетгани ...

Рухсат берилмаган клипни чиқарганлар учун жазо борми ёки кимларнингдир «шохи» борми?

ОАВларда ёзилишича, Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги ўта савиясиз қўшиқ ва унга ишланган маддоҳона клип учун «Ўзбекконцерт» бадиий кенгаши томонидан расмий рухсат олинмаган ...

Багама ороллари

  БАГАМА ОРОЛЛАРИ (Bahamas), Багама Ороллари Ҳамдўстлиги (Commowealth of the Bahamas) — Mapказий Америкадаги давлат. Кариб денгизида, Флорида ярим оролининг жунубий- ...