От кишнаган оқшом (қисса) 69-қисм

69

Улоққа кўнглим чопмади. Четроқда томошагўй бўлиб турдим.
Шунда, ажаб бир чавандоз кўрдим. Қўлимни қошим устига қўйиб кўрдим.
Чавандоз остидаги от майдагина, ермитти от бўлди. Сариқ жунлари бузоқникидай узун-узун бўлди.
Узангисиз шекилли, чавандоз оёғи қорга шалвираб-шалвираб турди.
Кулгим келди. Бу чавандоз ким бўлди экан, дея яқинроқ бориб қарадим. Чавандоз бетига қараб, анграйиб қолдим. Кулгим қочиб кетди. Бу чавандоз… ўша қатрон бўлди! Қатрон кал бу ёқларда нима қилиб юрибди?
Тўда нарёғида турган Жўра бобо олдига бордим. Жўра бободан сўрадим.

Жўра бобо қўл силтаб жавоб берди.
— Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор. Дарров танидингми? — деди.
— Калладош бўлгандан кейин таниймиз-да… — дедим.
Қабатимдаги биров гапга аралашди:
— Шу, бошқарманинг эски бошлиғими? Ўзим ҳам айтдим-а, бир гап бор деб.
— Нима бўпти?
— Кал деганимни кўнглингизга олманг-у, Зиёдулла чавандоз, бу калнинг юзи қурсин! Ана, халқнинг қарғиши урди!
— Индамагин калга — ўзи келар ҳолга, дейдилар.
— Отангизга раҳмат. Ана, кўчада итдай тентираб қолди.
— Нима сизларга-да келиб эдими?
— Эҳа, сиз сўраманг, мен айтмайин! Отларни қийратиб кетди! Шу тўй хўжаси ошнаси бўлади, буниям оти қолмади! Бечора ўшанда оти кетидан йиғлаб қолди! Кал энди тўйига келиб ўтирибди! Билмайман, қайси юз билан келди. Ўзи, калласи билан юзининг фарқи йўқ экан…
— Унга ўзи отни ким берди?
— Ўзи сўради. Ўзи дир-дир қалтирайди, ботинкасини ботинкасига уради. Ғирт маст!
Ҳожиқулбой ҳам боплади! Ҳурмат қилган бўлиб, бир эшакдай отни ўнглади. Сиз каттасиз, яқинроқдан бориб кўпкарини назорат қилиб туринг, деди. Бечора ишониб, кўпкарига раҳбарлик қилгани келди.
— Отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди…
Чавандозлар отини зўр бериб ниқтади, сағрисига қамчи босди. Ҳайқириқлар бериб, улоққа чорлади.
Баковул тўдани айланиб, ҳайбаракаллачи бўлди:
— От қўй! Ҳа, от қўй!
Қатрон кал, ҳайқириб чорлаётган чавандозларни тартибга чақириб турди:
— Шовқин, ўртоқлар, шовқин! Шовқин камроқ бўлсин! — деди.
Бир чавандоз оти улоққа бора бермади. Шунда чавандоз отини қамчи остига олди.
— Ҳе, падар лаънати! Мана, бўлмаса, мана! — деди.
Қатрон кал чавандозга огоҳлантириш берди:
— Сўкинманг, ўртоқ чавандоз! Бу ер жамоат жойи! — деди.
Чавандоз эшитмади.
Аммо баковул эшитди. Қатрон калга хўмрайиб-хўмрайиб қаради.
— Кал ўзини овутар — қўлтиғини совутар, дегани шу-да — дея тўнғиллади.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-қирқ қизлар

Гулшанлар  кирган  ҳавли "Қирқ  қизлар"  деб  аталар  эди.  Бунда  хоннинг  кўнгил  очишиға хизмат  қилғучи "Қирқ  қизлар"  турар  эдилар.  Бу  ҳавли  ундаги  ўюнчи,  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 34-қисм

34 Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим. Йўқ, эртаси куни тағин келди. Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради. Катталар қилиғи ...

Юлдузли тунлар-35

6 Кечаси ёққан қалин қор ҳар бир томни, деворни, ҳар бир дарахт ва гумбазни майин оқ ҳошия билан безаб чиққан. Бобур Бўстонсаройнинг юқориги қаватидан шаҳарга қараб турибди. ...