От кишнаган оқшом (қисса) 70-қисм

70

Биродарлар, кўнглимда армон болалади!
Тарлон яхши бўлса эди, улоққа солардим… Қатрон калга бир кўрсатиб қўярдим…
Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни силкиб, улоққа талпинди. Тўриқ улоқ айиргиси келди! Бундай вақтда отни йўлдан қайириш инсофдан бўлмайди. Отни сувга олиб бориб, қуруқ қайтариб келиш бўлади. Оқибат, от ёмон ўрганади. Улоқдан, чавандоздан кўнгли қолади.
Жўра бобонинг Тўриғи жиловни тағин силкиди. Шунда, тўдага солдим.
Улоқни бир саман Бурноч билан баравар олиб чиқдим! Саман Бурноч абжирроқ бўлди, йўлини буриб солди.
Улоққа ушлашиб бора бердим. Бир маҳал қўлим совуққа қотиб, улоқдан чиқиб кетди.
Шундай бўлса-да, Жўра бобонинг оти Бурночдан қолмай чопди. Улоқ билан орамиз бир қулочча бўлди. Кетимиздан отлар чопиб келди. Бундай вазиятда улоққа узалиш қалтис бўлади.
Боиси, кетимиздан келаётган отлар абжирроғи орамизга ёриб киради, узалган қўлни синдириб юборади…
Шу боисдан улоққа қўл узатмадим. Жўра бобонинг отини буриб кетдим.

Мен энди қизиб бошладим. Баданим жимирлаб, ваража қилди. Ғайратим келди.
Улоқни бир Буйра от кўтарди.
Жунлари қўзичоқ жунларидай жингала-жингала, кўзлари олакўз-олакўз отни кўриб эдингизми?
Ўлманг! Буйра от ана шу! Буйра от олакўз бўлади!
Бу сафар Жўра бобонинг оти улоққа жипсроқ чопди. Улоқдан бир қадамча кейинда. Чил от сағриси баравар чопдим.
Бундай вазиятда улоққа узалиш ўта, ўта қалтис бўлади! Боиси, борди-ю, улоқни юлиб олсам, улоқ келиб отимнинг кўкрагига, ундан кейин тиззаларига забтли келиб урилади. Оқибат, от қоқилиб йиқилади!
Бундай улоқни олишнинг яхши йўли бор. Ўзиб ўтаётиб, ҳа-ҳа, ўзиб ўтаётиб, улоқни юлиб олиб кетиш лозим бўлади.
Шундай қилмоқчи бўлдим. Улоқни узалиб ушлаб, Жўра бобонинг отига қамчи босдим. Аммо Жўра бобонинг оти бизнинг Тарлондайин олға эмас, ёнига буриб солди.
Улоқ менинг қўлимга ўтди. Улоқни даст кўтариб ололмадим. Улоқ Жўра бобонинг оти кўкракларига, ундан ўтиб, олд оёқларига забтли келиб урилди. Жўра бобонинг оти бир мункиди. Энди мункишида олдига эгилди.
Қўлимда улоқ билан от бошидан ошдим…


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-38

ТОШКEНТ, ЎРАТEПА, СЎХ КЎЧКИ БОСГАН БУЛОҚ 1 Тошкент... Ўн беш-йигирма йилдан бери урушнинг совуқ нафаси тегмаган бу шаҳар Самарқандга нисбатан осуда ҳаёт кечирмоқда эди. ...

Чингиз айтматов:қиёмат 6-қисм

III Мўйинқумга  қиш  тушди.  Бир  марта  қор  ҳам  ёғиб  ўтди.  Хийла  қалин  ёғди,  аммо  узоқ турмади.  Эрталаб  жамики  чўлу  саҳрони  худди  тўлқинлари  югуриб  кета  ...

Юлдузли тунлар-79

4 Аграда сершамол ёмғир фасли бошланган саратон кунларининг бирида Тоҳир саройга — Бобурнинг ҳузурига келди. Девони хоснинг мармар айвонида ўтирган Бобур уни зўрға таниди — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400