От кишнаган оқшом (қисса) 75-қисм

75

Бир вақтлари Қорахонда Хидир дегич бўлди. Одамлар уни Хидир мироб, деди. Ўзи, мироблик қиларди-да!
Ана шу Хидир мироб чиққан суякларни жойига солди, синган суякларни даволади.
Шу одам кетди! Қаёққа? Қаёққа бўларди, қиёматга-да!
Шундай одам-да кетди-я! Ҳеч ишонгим келмайди! Мен, бундай одамлар дунё тургунча туради, деб ўйладим. Кейин-кейин билсам, биров-да бу дунёга устун бўлолмас эди…
Шу одамдан Қурбонназар деган ўғил қолди. Қурбонназар отасининг қўлини олиб қолди. Отаси оғзига тупурган бўлса ажаб эмас!
Ўзи, раис! Лекин мен раисман, демайди! Каттага-да бир, кичикка-да бир!
Шу одамнинг дарвозасини қамчи дастаси билан тақ-тақ урдим. Ичкаридан бир заифа чиқди.
— У киши ишдалар. Кириб ўтириб туринг, ҳамзамат келиб қоладилар, — деди заифа.
Қурбонназар меҳмонхонасига салом бериб кирдим.
Заифа дастурхон ёзиб кетди.
Чойни ўзим қуйиб, ўзим ичиб ўтирдим.
Қурбонназар укамиз келди.
Қучоқлашиб кўришдим. Таомлардан кейин дардимни айтдим.
Қурбонназар дастурхон четини қайириб қўйди. Олдимга силжиб келди.
— Қани, ечинг қани, — деди.
Қўлимни яланғочлаб тутдим. Қурбонназар қўлимни айлантириб кўрди, уёқ-буёғини кўрди.
Елкамдан бармоқларим учигача силади. Бўғинларим қўшилиш ерида сабр қилди. Айниқса, тирсагимда кўп сабр қилди. Кўзларини юмиб турди.
Хаёлимда, Қурбонназар тирсагимдан бир нималарни эшитди. Ўзича бош ирғади. Яна эшитди.
Кўзларини юмиб эшитди.
Ҳайрон бўлиб қолдим. Авваламбор, тирсагим нағма чалаётган радио эмас, телевизор-да эмас!
Бор-йўғи эт билан суяк! Яна айтсам, эшитган одам қулоғи билан эшитади-да! Нима, қўли билан эшитадими?

Лекин бу гапларни Қурбонназарга айтмадим. Ичимда айтдим. Қани, нима деяр экан, деб сабр қилдим.
— Бекор овора бўлибсиз-да. Сағал лат еган экан, яхши бўп кетибди. Дўхтирларнинг гипси тузатибди, — деди Қурбонназар.
— Мен сизга айтсам, келмас эдим, Ҳасан бобо қўймади, бор-чи бор, деб.
— Ҳа, майли, Келганингиз яхши бўпти. Шу баҳона бир меҳмон бўп кетасиз. Қани, ётинг, бир муолажа қилиб қўяйин. Яна қайтиб лат емайдиган бўлади.
Мен кўрпачага чўзилдим, ёстиққа бош қўйдим. Қурбонназарга қўлимни бериб, шипга қараб ётдим.
Қурбонназар бармоқларим учидан бошлаб уқалади.
— Кўзингизни юминг, яхши бўлади, — деди Қурбонназар. — Ҳа, ана шундай! Энди, пинакка кетинг! Гўё, ухлаётган бўлинг. Қўлингиз пишиқ суякли экан. Илгарилариям отдан йиқилиб, лат еганмисиз?
— Йўқ, — дедим.
— Нимага келиб-келиб, энди шундай бўлди?
— От ўзимники эмас эди. Жўра бобонинг оти менга тушунмади, мен отга тушунмадим. Оқибати мана шундай бўлди.
— Ҳа-а, ўзингизнинг отингиз қаерда эди?
— Бизнинг Тарлонга сув тушиб эди.
— Отга сув тушишини-ку, биламан. От оёғига ем тушди, дегани нима дегани?
— От оёғига ем тушса, оёғи қотиб қолади. Пайлари дириллаб-дириллаб учади.
— Ҳа-а, ҳар икковидаям кўпкарига чопиб бўлмайди-я?
— Эса-чи.
— Қора от яхши бўладими, ёмон бўладими?
— Ёмон бўлади. Қора от ўжар, сержаҳл бўлади.
— Ҳа-а. Сетон-Томпсон ҳам шундай ёзган. Демак, чин экан-да.
— У чавандоз қаердан?
— У чавандоз эмас, канадалик ёзувчи. Ўзининг «Ёввойи йўрға» деган китобида шундай ёзган.
— Ким бўлса-да, отни билар экан.
— От хомлаб қолди, дейди, у нима дегани?
— Унда, от мой ташлайди. Кейин, кўпкарига ярамай қолади. Боқилган отни билиб-билмай чопиб қўйсангиз, от ичида мой тўлиб қолади. Бундай отни-да бир йилгача кўпкарида чопиб бўлмайди.
— Ҳа-а, От одамни босмайди, нимага шундай?
— Боиси, от одамзотни улуғлайди. Одамзотга вафо қилади. Ҳайвонлар ичида от билан ит шундай. Пишакни-да шундай дейишади. Мен бу гапга қўшилмайман. Пишак суюқоёқ аёлдай гап. Ким қорнини тўйғазса бўлди, пиш-пиш, дея бошини силаса бўлди, кетидан эргашиб кета беради. Эшик эгасини танимайди, пишак бекасини танимайди. Кейин от жойида таққа тўхтай олади. Энг яхши машина қайси машина? Ўлманг! От тормози, ана шу «Чайка» тормозидан-да яхши ишлайди. Олдида одам борлигини кўрдими, бўлди, таққа тўхтайди. Борди-ю, довдираб қолса, одам устидан ошиб ўтади.
— Ҳа-а. Айтишларича, аёл боққан от яхши бўлар эмиш. Шу чинми?
— Эса-чи. Боиси, от сағали кам одамдай бўлади. Қонида пичагина девнинг қони бор, холос.
Отга ем бергани борсак, у ҳамиша бизга суйканади, эркалик қилгиси келади. Бизни искайди, думи билан елкамизга уради. Шунда биз уни тек ўтир-е, сабил қолгур, деб қамчилаймиз. Бу қилиғимиз отга малол келади. Аёл бизга нозланиб суйкаласа, шунда уни жеркиб ташласак, аёлга қандай малол келади? От ҳам шундай-да! От кўнгли аёл кўнглидай нозик бўлади. Аёллар бўлса, отни урмайди, отнинг эркасини кўтаради. Аёлнинг мулойим табиати отга хуш келиб қолади. Аёл боққан отнинг яхши бўлишига яна бир сабаб, аёл ҳамиша уйда бўлади. Аёл ичкари киради, ташқари чиқади. Отнинг кўзи эртадан кечгача аёлга тушиб туради. Аёл от кишнаганда дарров емини беради, сувини беради. Биз эркакларнинг бўлса, уйда борлигимиздан, уйда йўқлигимиз кўп бўлади. А-а-ай, ўлдим-е!…
Тирсагимда бир нима қирс этди. Вужудим қизиди, пешонамдан тер чиқди. Қурбонназарга қарадим. Қурбонназар кулимсиб турибди.
— Ана энди қўлингиз яхши бўлди, — деди Қурбонназар.
Ана шундагина Қурбонназар мени жўрттага гапга солиб, мени гап билан алаҳситганини билдим.
Мени, алдаб-авраганини билдим…
Хийла ётдим. Оғриқ тинди. Шундан кейин жойимдан турдим.
Қурбонназар қўлимни ипга солиб, бўйнимга осиб қўйди. Дори-да ичирмади, игна-да суқмади, расмга-да туришмади.
— Врачлар қўлингиз чиққанини кўриб-билиб гипсга солган, — деди. — Врачлар ҳамиша шундай қилади. Китобларида шундай ёзилган-да. Агар келмаганингизда қўлингиз ҳадеб қўзғала бериб-қўзғала бериб, ўйнама бўлиб қоларди. Энди бутунлай битиб, аслидай бўлади.
Оз-оздан мўмиё тановул қилиб туринг, суякка мадад бўлади…
Оқшом қўнгунча гурунглашиб ўтирдим.
Кейин, отланиб қайтдим. Қайтаётганимда Қурбонназар бот-бот тайинланди:
— Тағин, қўлингизни солганимни бировга айтиб юрманг. Яхши бор, ёмон бор… — деди.
Уйга боргунимча ўйлаб бордим. Ай, дўхтирлар-е, нимага қўлим чиққанини кўра-била туриб гипсга солдинг? Кўра-била туриб қотириб ташладинг? Биласан, чиққан суяк жойига тушмаса, ҳадеб қўзғала беради! Одамни яримжон қилиб қўяди! Умр бўйи қийнади! Билмасанг, Қурбонназардан сўраб бил! Ё Қурбонназар табибга бор, де! Чопиб кела бераман!
Бовужуд, Қурбоннзарлар бор… Ҳали-ҳали Қурбонназар бор, кейин-кейин нима қиламиз?


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 55-қисм

55 Отар адирда ёйилиб ўтлади. Тўдалагунимча кеч бўлди. Уйга қош қорайганда келдим. Участка милитсионеримиз бир парча қоғоз ташлаб кетибди. Аёлимизга қайта-қайта ...

Юлдузли тунлар-38

ТОШКEНТ, ЎРАТEПА, СЎХ КЎЧКИ БОСГАН БУЛОҚ 1 Тошкент... Ўн беш-йигирма йилдан бери урушнинг совуқ нафаси тегмаган бу шаҳар Самарқандга нисбатан осуда ҳаёт кечирмоқда эди. ...

Мeҳробдан чаён-рўмоннинг мавзуъи тўғрисида

Туркистон феодалларининг кейинги вакили бўлған Худоёрнинг ўз хоҳиши йўлида деҳқон оммаси  ва  майда  ҳунарманд — косиб  синфини  қурбон  қилиши,  мамлакат  хотин-қизларини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400