От кишнаган оқшом (қисса) 78-қисм

78


Узанги йўлдошларим уй-уйига кетди.
Аёлимиз дастурхон йиғиштирди.
Кенжамизни қўлимга берди.
— Манавини пича ушлаб турсин, қозон-тобоғимни ювиб олайин, — деди. Кенжамизни тиззамга олдим.
Кенжамиз дастурхон олиб кетаётган онасига жимит қўлларини чўзиб ингиллади.
— Инг-инг-инг!… — деди.
— Бўлди, энанг ҳозир келади! — дедим. — Ҳай, анави суратдаги ким? Ака-я? Ака де, ака!
Кенжамиз овунмади. Ингиллай берди.
Шунда кенжамизни тиззамда тебратиб суйдим:

Келгин, болам, тиззамга,
Ёл бўларсан ўзимга,
Қулоқ солгин сўзимга,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

Биродарлар, куйган — ўланчи бўлади, суйган— лапарчи бўлади?
Ўз-ўзимдан куйиб-куйиб, ич-ичимдан куйиб-куйиб, кенжамизни суйиб-суйиб, ўланимни айтиб қўя бердим:

Жоним болам от чопсин,
Отига бахмал ёпсин,
Ҳуйё солсин отаси,
Орқасидан ёл топсин,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

— Ай, энаси-я, кел, улимга мамма бер! Улим маммасираб қопти. Ана, айтдим, энанг келади, мамма беради!

Болам, сен ҳам ботирим,
Чопиб келаётирим,
Чўпон бўлсанг қўйларга,
Боқарсан ўтлоқ, сойларга,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

— Бўлди-е, энағар! Оғзим бор деб ингиллай берасанми! Оғиз бир сенда борми? Мана, бизда-да бор! Нимага биз ингилламаймиз? Иззатингни бил-да! Ё, отига бахмал ёпсин, қўйларини боқсин, дега- нимга ўзингдан кетаяпсанми? Қани ўша отларинг, қўйларинг? Ҳовлидагиларни айтаяпсанми? Эб-ей, эб-ей, улар сенинг бовангдан қолдими? Улар менинг отамдан қолди! Улар меники, билдингми?

Ҳуйё-ҳуйё, ҳуйё қани?
Бованг берган туянг қани?
Бованг берган туянг бўлса
Боқиб юрганларинг қани?
Боқиб юрган туянг бўлса
Адир ҳам чўлларинг қани?

— Ана бўлмаса, уккағарнинг кенжаси! Мард бўлсанг жавоб бер, уккағарнинг кенжаси! Ана, сасинг чиқмай қолди-ку! Ингиллайсан-а, ингиллайсан! Ҳа? Ҳа-ҳа-ҳа! Шўхлашдим, уккағарнинг кенжаси, шўхлашдим! Шўхлашишни-да билмайсанми. Улим, манави уйлар-да, қўтондаги қўйлар-да, осмондаги ойлар-да, кўпчиб ётган ерлар-да, бари-бари сеники! Бор-е, Тарлонни-да бердим, бор-е! Ол-е, уккағарнинг кенжаси-е, ол-е!..

Ҳуйё қилай ҳуйдад
Отинг солгин тўдага

Ҳуйё қилсам ухлагин
Отанг сендан садаға
Ҳуйё, болам, ҳуйё-и-и-и!..

— Улим, бир нима эсингда бўлсин. Гагариндай бошинг осмонга етса-да, олим бўлиб етти иқлимни сўрасанг-да, сен авваламбор Зиёдулла чавандознинг ули бўл! Менинг улим бўл!
Мендай бўл, мендай! Мендай бўласан-а, мендай бўласан-а?..


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-14

Кеча отхонада раис Тиналиев билан Чекиш бригадир Оқсой десантини синовдан ўтказишди. Ҳамма плуглар номерлаб қўйилиб, қўшчиларга биркитилди. Султонмуротга биринчи номерли плуг ...

Ўзгалар дарди…

Қушчалар, сайроқи қушчалар қафасда бўғилиб сайрашар, бетоқат потирлаб симларга ўралган оламга карашар... Қушчалар, озодруҳ қушчалар оламдан кўзларин узмайди, чирқираб ўзларин ...

От кишнаган оқшом (қисса) 65-қисм

65 Самад чавандоз кўпкарининг олган-олганини— охирини олди. Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қолдим. Мендан бўлак ...