От кишнаган оқшом (қисса) 82-қисм

82


Шунда… шунда, от кишнади.
Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим.
От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб олдим, от кўнглини ем бериб олдим.
От авлод-аждодларини қўмсаб кишнади, от улпи-томирларини йўқлаб кишнади. Отлар овозини эшитиб кишнади, байталлар ҳавосини олиб кишнади.
Шунда, отни эгарладим, дашт-у далаларни айлантирдим, от оёғини ёздим. Отни совутдим, отни юпатдим.
От илон шарпасини олиб кишнади. Уйдан отилиб келдим. От ёнини олдим, бўйинларини уқаладим. Отга йўлдош бўлдим.
От бўри ҳидини олиб кишнади. Ҳа, жонивор, ҳа, дея овоз бериб чопдим. От бўйнига қўлимни қўйдим, от ёлларини силадим. От олдида бўлдим. Отга гапириб-гапириб турдим, биродар бўлиб-бўлиб турдим.
Кишнаш кўрдим, кишнашлар кўрдим, аммо ушбу оқшомдагидайини кўрмадим.
Во дариғо, бу қандайчикин кишнаш бўлди? Кишнаш кўнгил-кўнглимни ўйиб юборди, вужуд-вужудимни қақшатиб юборди. Танамдаги оғриқлар-да билинмай қолди.
Бизнинг Тарлонга нима бўлди, биродарлар? Нима бўлса-да, ёмон бўлди! Бизнинг Тарлон нима кўрди, биродарлар? Нима кўрса-да, ёмон кўрди!
Бизнинг Тарлон илон кўрдимикин? Йўқ, бизнинг Тарлон илон кўрса бундайин кишнамайди.
Бизнинг Тарлон бўри кўрдимикин? Йўқ, бизнинг Тарлон бўри кўрса-да, бундайин кишнамайди.
Бизнинг Тарлон илондан-да ёмонини кўрди, бизнинг Тарлон бўридан-да ёмонини кўрди!
Тарлонни йўқлаб қарайин дедим. Бошимни кўтарайин дедим. Бўлмади, бўлмади!
Кўзим осмондалигича қолди. Осмон олис, ер қаттиқ бўлди…
От узиб-узиб кишнади.
Кўзларим тинди. Бепоён осмон, беғубор осмон қоп-қора қозон бўлди!
Юзимни чапимга бурдим. Аввал-аввал бир нимада кўрмадим. Кейин-кейин оқ билан қорани фаҳмладим. Ана шунда Тарлонни кўрдим.
Тарлон бўйнини гажак-гажак қилди.
Тоғларга қаради, зорланиб-зорланиб кишнади.
Тарлон думлари ёйилиб-ёйилиб кишнади, ёллари ҳурпайиб-ҳурпайиб кишнади.
Адирларга қаради, чорлаб-чорлаб кишнади.
Тарлон қулоқлари чимирилиб-чимирилиб кишнади, пишқириб-пишқириб кишнади.
Қишлоққа қаради, ёлвориб-ёлвориб кишнади, зор-зор кишнади.
Тарлон жиловини силкиб-силкиб кишнади, юлқиб-юлқиб кишнади.
Кейин, мен сари юзланди. Оёқларини катта-катта ёйди. Бўйнини чўзди. тумшуғини чўзди.

Тарлон зинкийди!
Олд туёқлари билан тарсиллатиб-тарсиллатиб ер тирнади. Кексаклаб-кесаклаб ер отди.
Туёқлари ости чангиди.
Тарлон қаҳр ҳам изтироб билан кишнади. Оқшом кишнашдан зир титради.
Оқшом, Тарлон кишнашидан, Тарлон кишнаши, оқшомдан-да мунгли бўлди, оқшомдан-да аянчли бўлди.
Учли зарб, чап тиззам кўзига келиб тегди.
Чинқириб юбордим. Кўз олдим қоп-қора бўлди…
— Тепиб ўтирасанми, биқинига тиқиб ол!..
— Э-е-е, от!
— Қоч, от келаяпти!
Шунда, тағин ҳушимга келдим. Оҳиста кўзимни очдим.
Тарлон тумшуғини чўзиб зинкийиб, уларни қувди. Бирини қўйиб, бирини қувди.
Улар ариқдан ҳатлаб қочди. Бирин-кетин машинасига кирди.
Аммо бирови Тарлондан қочиб қутулолмади. Уёққа буриб солди, бўлмади, буёққа буриб солди, бўлмади. Нима қилишини билмади. Охири ердан нимадир олиб, Тарлонни бошига бир урди.
Тарлон бошини силкиб-силкиб оҳисталади.
Униси-да ариқдан ҳатлаб ўтди.
Тарлон-да ариқдан ўтди. Машина олдига келди. Олд туёқлари билан ер тирнаб-ер тирнаб кишнади.
Машина ғизиллаб жўнади.
Тарлон машина кетидан хийла йўлгача чопиб борди. Кейин, изига қайтиб келди.
Ариқдан ўтиб, бошимга келди. Юзларимга тумшуғини теккизиб-теккизиб кўрди. Юзларимни искаб-искаб кўрди.
Мен Тарлон нафасини туйдим. Тумшуғини қўшқўллаб қучоқладим. Жағлари, пешонасини силадим.
Шунда, кафтим ҳўл бўлди. Тер, от тери деб ўйладим. Кафтимни кўзларимга олиб келиб қарадим. Кейин, Тарлонга тикилиброқ қарадим.
Тарлон пешонасидан қон сизди…
Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ўпкамни босайин дедим, босолмадим…


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил турон: мустақиллик қаҳрамони (давоми)

ТАХТИ ҚОРАЧИ ДОВОНИ (иккинчи қисм) Шуни алоҳида урғу билан айтаман. Чингизхон ва унинг бола-чақалари, қисқаси, авлодлари мўғилчани билмаганлар. Хат-саводларини ҳам эски турк ...

Чингиз айтматов:қиёмат 5-қисм

Кун оғди. Ботиб бораётган қуёшдан оташин ҳарорат ёғилар, унга кун бўйи қизиб ётган ердан кўтарилаётган  тоқат  қилиб  бўлмайдиган иссиқ  ҳовур  қўшилар  эди.  Қуёш  ва  чўл  ...

Муҳаммад юсуфга ўхшагим келар

Шеър ёзганида шоирлар, Замонга ҳам қарашади. Такрор-такрор сўзларини ўқиб, Маъносига ҳам қарашади. Билсанг укам шеър ёзишга, Хаваскорман даъвогарман. Қачонлардир мен ғариб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400