Чол ва денгиз (2)

Одатда шу бўй димоғига кирди дегунча, чол уйғониб кетар ва кийиниб, болани уйғотгани жўнарди. Аммо бугун ўша қирғоқ ҳиди жуда эрта димоғига урилди ва бу тушида бўлаётганини билгач, денгиздан туртиб чиққан қояларнинг оқ чўққиларини, Канар оролларининг гавань ва кўрфазларини яна бир бор кўриш учун уйқусидан бош кўтаргиси келмади.


Сўнгги пайтларда унинг тушига на тўфонлар, на хотинлар ва на буюк воқеалар, на улкан балиқлар ва на жанжал-суронлар, на куч синаш мусобақалари ва на ўз хотини кирарди. Энди тушида узоқ ўлкалар ва қирғоққа чиқаётган шер болаларинигина кўрарди, холос. Улар худди мушукчалар сингари ғира-шира тун қўйнида ғужғон ўйнашар ва чол болага қанчалик муҳаббат қўйган бўлса, буларни ҳам шунчалик севар эди. Аммо бола ҳеч қачон тушига кирмасди.
Чол уйғониб кетди, очиқ қолган эшикдан ойга назар ташлади ва кийиниб ташқарига чиқди, ёзилди, болани уйғотиш учун йўлдан юқорига қараб кетди. Тонгги салқиндан жунжикди. Аммо бу вақтинча эканини ва тезда қайиққа ўтириб, эшкак эша бошлаши билан исиб кетажагини чол билар эди.
Бола яшайдиган уйнинг эшиги очиқ эди, чол оёқ учида ичкари кирди. Бола олд хонадаги каравотда.ухлаб ётар, ойнинг синиқ нурида чол уни таниб ола биларди. У боланинг оёғидан оҳиста ушлади ва у то уйғониб, елкасига ағдарилиб ўзига қарамагунча, тутиб турди. Чол унга имо қилди; бола каравот ёнидаги курсидан чолворини олиб, ўтирганича кийиб олди.
Чол уйдан чиқди, бола ҳам унга эргашди. У ҳамон чала уйқуда эди ва чол унинг елкасидан қучиб, деди:
— Мени кечир.
— Qu e Va! — деди бола. — Биз эркакларнинг қисматимиз шунақа ўзи. Нима ҳам қилию бўларди.
Улар чолнинг кулбасига тушиб боришди. Бутун йўл бўйлаб, қоронғида ўз қайиқларининг мачталарини кўтариб олган оёқ яланг кишилар боришарди.
Кулбага келишгач, бола қармоқ калавалари солинан сават, чангак ва гарпунни кўтарди, чол эса, мачта ва унга ўралган елканни елкасига ортди.
— Қаҳва ичасанми? — сўради бола.
— Аввал мана буларни қайиққа элтиб қўяйлик, кейин қаҳва ичамиз.
Улар балиқчилар учун жуда эрта очиладиган тамаддихонада консерва банкада қаҳва ичишди.
— Яхши ухлаб турдингми, қария? — сўради бола; унинг иссиқ ўринни саҳару мардон
бўлмасдан тарк қилганидан қийналаётгани кўриниб турса ҳам, ҳар қалай, у, боягига қараганда анча тетик тортган эди.
— Жуда яхши, Манолин. Бугун омадимиз келишига ишонаман.
— Мен ҳам, — деди бола. — Энди мен сардинларимизни ва сенинг ҳўракларингни келтирай. Менинг шеригим майда-чуйдасини ўзи ташийди. Нарсаларига бошқаларнинг қўл уришини ёқтирмайди.
— Сен билан биз бўлсак, ундай эмасмиз. Ёшинг бешларда эканлигидаёқ, сенга у-буни ташитиб ўргатганман.
— Биламан, — деди бола. — Тўхтаб тур, ҳозир қайтаман. Қаҳва ичиб ўтир. Бу ерда бизга қарз беришади.
У маржон рифлари устидан яланг оёқлари билан шилп-шилп одим ташлаб, хўраклар сақланадиган совуқхона томонга кетди.
Чол майдалаб оҳиста қаҳва ҳўплади. Ҳозир қониб қаҳва ичиб олиш кераклиги, чунки шу билан энди уззу-кун туз тотмаслиги чолга аён эди. Овқатланишнинг ўзи аллақачоноқ унинг жонига теккан ва чол ҳеч маҳал денгизга ўзи билан егулик олиб чиқмас эди. Қайиқнинг бурнида сув тўлдирилган шиша сақланар — чолга кечгача шунинг ўзи кифоя эди.
Бола сардинлар ва газетага ўралган хўракларни кўтариб қайтиб келди.

Балиқчилар сўқмоқ бўйлаб майда тошларни шовдирата-шовдирата сув бўйига тушиб келишди. Улар қайиқнинг тагидан кўтариб, сувга силжитишди.
— Ишинг ўнгидан келсин, қария.
— Сеники ҳам.
Чол эшкакларнинг арқондан қилинган халқасини қайиқнинг икки четидаги қозиқларга ўрнитиб маҳкамлади-да, олдинга энкайиб, қайиқни қоронғида гавандан олиб чиқа бошлади. Бошқа ерлардаги қайиқлар ҳам денгизга қараб йўл олган, ой тепаликлар ортига ўтиб кетганидан чол уларни кўрмас, аммо эшкакларнинг сувга урилган овозини баралла эшитарди.
Ўқтин-ўқтин қулоққа кишиларнинг гоҳ у қайиқдан, гоҳ бу қайиқдан чиқаётган товуши чалинарди. Аммо аксар қайиқларда сукунат ҳукм сурар ва ўша ёқдан фақат эшкакларнинг чўпиллагани эшитиларди. Кўрфаздан чиққач, қайиқлар турли томонга тарқаб кетди, қайси балиқчи қаердан балиқ топишга умид боғлаган бўлса, ўша ёққа йўл тутди.
Чол қирғоқдан анча олисга кетишни аввалданоқ ўйлаб қўйган эди; у ернинг анвойи бўйини ортда қолдириб, тўғри салқин тонгги океан қучоғи сари эшкак ура бошлади. Океаннинг балиқчилар «буюк қудуқ» деб аташган еридан ўтиб кета туриб, чол океан қаърида ялтираб турган сув ўсимликларини кўрди. Бу ерда чуқурлик деярли етти юз денгиз саржини С а ж е н ь – саржин – 2,13 м га тенг узунлик ўлчови (тарж). миқдорида тиккасига тушиб борар ва бундай оқим океан тубининг ўткир дўнгларига урилиб, айлана ҳосил қилганидан турли-туман балиқлар тўпланишар, хусусан, криветка ва майда балиқларнинг беқиёс тўдалари йиғилиб қоларди, жуда катта чуқурликларда эса, гоҳо кўпдан-кўп каракатицалар ғужғон ўйнашади: улар тунда океан юзига чиқишади ва дайди балиқларга ем бўлишади.
Чол қоронғида тонг яқинлашаётганини сезди, эшкак ураркан, қулоғига титроқ товуш чалинди — учар балиқлар сувдан чиқар ва темирдек қанотлари билан ҳавони кесиб аллақаёқларга ғойиб бўларди. Чол учар балиқларга меҳр қўйган, улар бу ерда, океанда унга энг яхши ҳамроҳ бўлиб қолган эдилар. Чол қушлар ва айниқса, бетиним озиқ ахтариб учган, аммо деярли ҳеч қачон уни тополмайдиган жимит ва нозик денгиз қалдирғочларига ачиниб кетар ва «Қушлар турмуши, қиринқора ва катта, кучли қушларни ҳисобга олмаганда, бизнинг кун кечиришимизга қараганда ҳам жуда оғир. Океан гоҳида шу қадар ҳам бераҳм бўлар экан, нима учун қушларни мана бу денгиз қалдирғочлари сингари нозик ва шикаста қилиб яратганлар. Океан сахий ва гўзал, аммо у гоҳо тўсатдан шундай шафқатсиз бўлиб кетадики, унинг устида озиқ илинжида чарх уриб шўнғиб, ожиз ва мунгли овоз билан бир-бирларига жўр бўлиб учган бу қушлар унга нисбатан бениҳоя заиф ва мўрт кўринади», деб ўйларди.
У ҳар доим денгизни, унга муҳаббат қўйган ҳамма кишилар каби хаёлидан испанчасига la mar деб атарди. Айрим пайтларда денгизга меҳр қўйган одамлар, у ҳақда бадхазм гаплар айтишади, аммо доимо бу гаплар денгиз эмас, гўё аёл устида бораётганга ўхшайди. Акула жигарининг нархи ошиб бораётган кунларда сотиб олинган моторли қайиқларда юриб, қармоқларига пўпак ўрнига буйБ у й – бакен (тарж). ишлатадиганлар хилидан бўлган ёшроқ балиқчилар эса денгизни Vel mar деб атайдиган ва унга эр кишига қарагандай қарайдилар. Уларнинг наздида денгиз гўё, ҳудудсиз бир сайҳон, гўё бир рақиб, гоҳида эса, ҳатто бир душман бўлиб кўринади.
Чол бўлса, доимо денгиз тийилганда, гоҳ тенги йўқ саховатлар инъом этиб, гоҳ тумтайиб туриб олувчи хотин кишини кўз ўнгига келтиради. Агар у енгилтак ёки хунук ишлар қилиб қўйса, нима ҳам қилиб бўларди, табиати ўзи шунақа демоқликдан бошқа иложи йўқ. «Ой хотин кишининг қитиғига тегиб, жўштириб юборгандай, денгизни ҳам жавлон урдиради», деб ўйларди чол.
У кучанмасдан, бир меъёрда эшкак урар, чунки оқим гирдоб ҳосил қилмаган жойлардан ташқари, океан сирти теп-текис, силлиқ эди. Чол ўзи бажариши керак бўлган ишнинг учдан бир қисмини оқимга қўйиб берган ва кун ёришганда, у худди шу маҳалда етишни мўлжаллаган ердан ҳам анча олисга кетиб қолганини кўрди.
«Жуда чуқур жойларда бутун бир ҳафта ов қилиб, ҳеч нарса тутганим йўқ, — деб ўйлади чол, — бугун мен бонито ва альбакоре тўдалари қаерда бўлса, ўша ерда бахтимни синаб кўраман. Худодан бўлиб, йирик балиқ учраб қолса-я?»
Ҳали тонг оқармасдан, хўрак қистирилган қармоқларини сувга ташлади ва қайиқни оқимда оҳиста бошқариб борди. Хўраклардан бири қирқ денгиз саржинича чуқурликда эди, бошқаси етмиш беш саржин пастга тушди, учинчи ва тўртинчилари эса юз ва юз йигирма беш саржин чуқурликка чўмди. Хўракларнинг бош қисми пастга осилиб турар, қармоқнинг ўқи хўрак-балиқ ичидан ўтказилиб, мустаҳкам қилиб қўйилган, қармоқнинг ўзи — букламаси ва суйриси янги сардинлар билан қопланган эди. Сардинлар қармоққа иккала кўзидан ўтказилган ва улар пўлат букламада маржондек тизилиб турарди. Йирик балиқ қармоққа яқинлашганда, унинг ҳар бир луқмаси нечоғлиқ тотли ва иштаҳа қўзғайдиган даражада мазали эканлигини сезарди-қўярди.
Чол, бола бериб юборган иккита янги тутилган йиртқич балиқ — тунецни энг узун чилвирларга хўрак қилди, қолган икки чилвирга эса, каттакон зангори макрель билан сариқ умбрицани илди. Булардан аввалги овда фойдаларган бўлса-да, улар ҳали ҳам янгидек турар, ажойиб сардинлар эса, уларни хуштаъм қилар, балиқларнинг нафсини қитиқларди. Йўғонлиги катта қаламдай бўлган ҳар бир чилвир пишиқ, эгилувчан чивиққа тортилган эдики, балиқнинг емга сал бўлса ҳам тегиб ўтишидан чивиқ сувга эгиларди. Бундан ташқари, чилвирлар ҳар бири қирқ саржин узунликда бўлган навбатдаги калава учларига уланган, бу калавалар яна бошқа эҳтийт шарт калаваларга уланиши мумкин эди. Керак бўлганда, илинган балиқни уч юз саржин узоқликка қўйиб юборилса ҳам бўлаверади.
Энди чол кўк чивиқлар бортга эгилмасмикин, деб кузатиб ўтирар ва чилвирнинг сувга тик ҳамда лозим бўлган чуқурликка тушишига эътибор бериб, оҳиста сузарди. Ҳаммаёқ ёришиб кетди, қуёш мана-мана чиқаман дерди.

Қуёш денгиздан билинар-билинмас кўтарилди ва бошқа қайиқлар ҳам чолнинг кўзига ташланди, улар қирғоққа анча яқин бўлиб, бутунлай оқим бағрида сувга паст чўккан ҳолда турар эдилар. Кейин офтоб шуъласи ўткирлашди, сувда унинг ёлқини акс этди, қуёш уфқдан батамом кўтарилганда, денгизнинг сип-силлиқ сирти ёлқин нурларини тўғри кўзга келтириб урди-ю, қаттиқ азоб бера бошлади: чол сувга қарамасдан, эшкак тортишга ҳаракат қилди. У ўз чилвирлари чўзилиб кетган сим-сиёҳ денгиз тубига тикилиб ўтирарди. Унинг чилвирлари сувга бошқа балиқчиларникига қараганда тикроқ тушар ва емишлар ҳар хил чуқурликларнинг тайин бир ўрнида ўз ўлжасини кутарди. Бошқа балиқчилар ўз қармоқларини оқимга бепарво қўйиб беришар, натижада юз саржинга ташладим деб ўйлаган қармоқлари айрим пайтларда олтмиш саржин чуқурликка зўрға етган бўларди.
«Мен қармоқларимни доимо бехато ташлайман,— деб ўйлади чол.— Ўзи ишим ўнгидан келмаяпти. Яна ким билади? Эҳтимол, бахт бугун менга ҳам кулиб боқар. Ҳар куннинг ўз таомили бор. Албатта, кишининг иши юрашиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг пухта бўлишини маъқул кўраман, Бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман».
Қуёш кўтарилгандан бери икки соат атрофида вақт ўтди, энди шарқ томонга бемалолроқ қараш мумкин эди. Узоқда ҳозир фақат учтагина қайиқ кўзга ташла-нарди. Бу ердан қараганда, улар сувдан зўрға кўтарилиб тургандай туюлар, қирғоқдан ҳеч бир узоқлашмаганга ўхшарди.
«Кўзларимни бир умр тонг ёғдуси қамаштириб келади,— деб ўйлади чол.— Аммо улар ҳали ҳам ўткир. Кунботарда қуёшга бемалол қарай оламан, бироқ шун-да ҳам кўзим жимирлашиб кетмайди. Кечқурун бўлса, қуёш кучлироқ нур сочади. Аммо эрталаблари у менга азоб беради».
Шу пайт у қаршисида узун қора қанотларини ёзиб, кўкда чарх урган думдор қуш — фрегатни кўрди. Қуш қанотларини йиғиб, ўзини ўқдек сувга урди, кейин яна гир айланиб уча бошлади.

— Ўлжа сезганга ўхшайди,— деди чол ўзига ўзи.— Бекорга айланмаяпти.
Чол қайиқни қуш кезаётган томонга қараб оҳиста ва бир меьёрда бошқариб борарди. У чилвирлар сувга тиккасига тушиб борсин деб, шошмасдан уларни кузатиб келарди. Шундай бўлса ҳам қайиқ, ҳарқалай оқимдан кўра пича тезроқ борар ва чол ҳамон расамади билан ов қилаётганига қарамасдан хатти-ҳаракатлари қуш кўрингунга қадар бўлгандан кўра, бирмунча тезлашган эди.
Фрегат баландроққа кўтарилди ва қанотларини муаллақ ташлаб, яна чир айлана бошлади.
Бирдан у шўнғиди ва чол учар балиқнинг сувдан отилиб чиққанини, денгиз сирти бўйлаб жон-жаҳди билан қанот шопириб уча кетганини кўриб қолди.
— Макрель,— деди чол баланд овоз билан.— Йирик тилла макрель.
У эшкакларни сувдан кўтариб қўйди ва қайиқ бурнидаги тахта кат остидан чилвир олди.
Чилвир учига ингичка сим билан маҳкамланган майдароқ қармоққа у сардинлардан бирини илди. Чол чилвирни сувга ташлаб, бир учини қайиқнинг қуйруғига бўраб ўрнатилган ҳалқага боғлаб қўйди. Кейин у бошқа чилвирга ҳам хўрак ўрнатди-да, калавани ёймасдан катнинг соясига ташлади. Эшкакни қўлга олди ва сув устида энди паст учиб ов қилаётган узун қанот, қора қушни кузатишда давом этди. Қуш қанотларини йиғиб яна сувга шўнғиди. Сўнг учар балиқ ортидан қуваркан, ожиз ва уқувсиз қанот қоқди. Чол сув сал-пал тўзғиётганини кўрди,— тилла макрель ўзидан қочаётган балиқни таъқиб этарди. Балиқ сувга тушадиган онда, худди унинг остида пайдо бўлмоқлик учун, макрель шиддат бнлан сузиб, балиқ қаршисидан кесиб чиқишга интиларди
«У ерда жуда катта макрель тўдаси борга ўхшайди,—ўйлади чол.— Улар бир-бирларидан анча нарида сузишади, балиқнинг қочиб қутулиши амри маҳол. Қушнинг бўлса, уни чангалга олишга ҳеч қандай умиди йўқ. Учар балиқ фрегатга ҳаддан ташқари йириклик қилади. У қушни ўзига етказиб бўпти».
Чол учар балиқнинг сувдан қайта-қайта отилиб чиқаётганини, қуш эса уни тутиш учуп ношуд ва ўнғайсиз ҳаракатлар қилаётганини кузатиб борарди. «Мак-рель қўлдан чиқди,—деб ўйлади чол.—У жуда ҳам узоққа жуда ҳам тез сузиб кетади. Аммо, балки менга тўдасидан айрилиб қолган макрель дуч келиб қолар, ажаб эмас, яна унинг яқинида менга аталган катта балиқ ҳам сузаёттан бўлса! У қаердадир бўлиши керак-ку, ахир».
Ер устида булутлар энди худди тоғ тизмалари каби юксалиб кўринар, қирғоқ эса узун яшил
қийқага ўхшар, унинг ортида оч зангори тепалар чўзилиб кетган эди. Сув тўқ кўкимтир, деярли
бинафша ранг тусга кирди. Чол сувга қараган кезларда, у зим-зиё океан қаърида
планктонларнинг қизғимтир жилвалари, ҳамда қуёш нурларининг ажиб товланишларини кўрарди. У чилвирлар сувга тик кириб бораётибдими, йўқми деб кузатиб турар ва атрофида планктоннинг кўплигидан, бу эса балиқ иноят қилиши мумкинлигидан шодланар эди. Ҳозир, шу тобда, кун кўтарилиб қолганда, нурнинг сувдан аксланиб чиқаётган ажиб товланишлари ҳам худди қирғоқ тарафда осилиб турган булут авзойи каби яхши ҳаво бўлишидан дарак берарди.
Айтгандай, қуш аллақачон узоқлаб кетган, сув бетида эса, офтобда куйиб кетган саргасс сув йўсинларининг сап-сариқ тутамлари, ҳамда қайиқдан пича нарида сузиб юрган нофармон, жилвагуй шилимшиқ ҳубоб – португал физалиясидан бошқа ҳеч вақо кўринмасди. Физалия ён томонига ағдарилди, кейин яна ўзининг авввалги ҳолатини тиклади ва ўз ортидан деярли бир метрча масофада ажал ташувчи узун сиёҳ ранг панжаларини судраб келаверди.
— Вой, қанжиғ-ей!—деди чол
Енгилгина эшкак эша туриб, у денгиз тубига қаради ва у ерда жуда ҳам майда, сувда судралиб юрган мана шу қисқичпанжалар қандай рангда бўлса, шундай тус олган балиқларни кўрди; улар панжалар орасида ва сув оқизаётган хубоб соясида сузиб юришарди. Буларга панжалардан чиқадиган заҳар таъсир қилмас эди. Одамларга бўлса, бошқа гап: худди мана шунга ўхшаган шилимшиқ ва нофармон панжалар чилвирга ёпишиб олган маҳалларда, чол балиқни чиқариб олгунча, қўллари то тирсагигача, худди заҳарли чирмовуқдан ҳосил бўлган жароҳатлар сингари яралар билап қопланарди. Заҳарланиш жуда тез рўй берар ва худди қамчи билан ургандек баданда қаттиқ сирқироқ оғриқ уйғотарди.
Анвойи жилолар билан товланувчи хубоблар беқиёс рангин кўринади. Бироқ улар денгиз махлуқлари орасида энг ашаддийси ҳисобланар эдики, чол улкан денгиз тошбақаларининг уларни ямлаб ютишидан завқланар эди. Физалиялар кўринган замоноқ, тошбақалар кўзларини юмиб, ҳар қандай хавф-хатардан холи бўлган ҳолда уларга қаршидан яқинлаб боришар ва зум ўтмай, физалияларни чангал-пангаллари билан қўшиб ютиб юборар эдилар. Тошбақаларнинг физалияларни ғипиллатиб туширишларини томоша қилиш чолга жуда ёқар эди. Унинг ўзи ҳам тўфондан сўнг, қирғоқда улар устидан юриб, қадоқ товонлари билан мижиғлаб ўтаркан, пуфакларнинг ёрилишига қулоқ солишни яхши кўрарди.
У яшил тошбақаларни кўркам ва эпчил бўлгани, қолаверса, савдода қадрга эга эканлиги боисидан ёқтирар ва сап-сариқ қалқон косасига бурканиб олган, ишқий можароларда инжиқ, португал физалияларини кўз юмиб ютадиган ланж ва ландавур, қалбаки кареттларга бир қадар нафрат билан қарарди.
Жуда кўп йиллар давомида тошбақа овловчилар билан бирга эшкак тортишган бўлса-да, ўзида бу жониворларга нисбатан хурофий бир қўрқинч сезмас эди. Чол уларга ачинар ва ҳатто, териси қалин, узунлиги қайиқ бўйича келадиган, бир тонна чамаси оғирликдаги лут деб аталувчи улкан тошбақаларга ҳам раҳми келар эди.
Кўпчилик одамлар тошбақаларга бераҳм муносабатда бўладилар. Ахир, бу жониворни ўлдириб, нимта-нимта қилганларидан кейин ҳам, унинг юраги анчагача уришдан тўхтамай туради-ку. «Аммо лекин,— деб ўйлади чол,— юрагим юрагидан фарқ қилмайди, қўл-оёқларим бўлса, унинг панжаларига жуда ҳам ўхшаб кетади». У ўзига қувват бўлсин деб, оппоқ тошбақа тухумидан ерди. Ҳақиқий йирик балиқлар кўпаядиган сентябрь ва октябрь ойларида бардам бўлиш учун бутун май ойи шуни истеъмол қиларди.
Чол ҳар куни кўпчилик балиқчилар ўз асбоб-ускуналарини асраб қўядиган саройдаги каттакон бочкада сақланувчи акуланинг жигар мойидан ҳам керагича ичиб олар эди. Мойдан кимлигидан қатъий назар, истаган балиқчи фойдаланиши мумкин эди. Аксар балиқчилар бу мойнинг тамини ўлгудай қўланса деб топишар, бироқ уни ичиш каллаи саҳарлаб туришга қараганда ёқимсиз эмасди, устига устак у шамоллаб қолинганда қўл келар, кўзга ҳам фойдали эди.
Чол кўкка қаради ва яна денгиз устида фрегат айланиб учаётганини кўрди.
— Балиқ топибди,— деди у овоз чиқариб.
На бирон учар балиқ сокин сув бетини безовта қилар ва на атрофда майда чавақлар кўринар эди. Аммо чол шу онда унча катта бўлмаган тунец ҳавога сапчиб кўтарилиб, бир ўмбалоқ ошганча, яна денгизга калла уриб ғойиб бўлганини кўрди.
Тунец офтобда кумушдай ярқираб кетди, унинг кетидан майда балиқларга сапчиб-сапчиб отилиб, бошқа тунецлар ҳам чор атрофда сувни мавжлантириб ди-кирлаша бошладилар. Улар майда балиқлар ёнида чир айланишар, олдиларига солиб қувлашар эди.
Тунецларнинг сувни кўпиклантириб чарх уришию, фрегатнинг тунецлар даҳшати юзага чиқишга мажбур қилган балиқчаларни тута туриб, шўнғиганини кузатар экан: «Агар улар жуда тез сузиб кетишмаса, мен бутун тўдани қувиб етаман»,— деб дилидан ўтказди. — Қуш балиқчининг садоқатли кўмакчиси,— деди чол.
Шу пайт қуйруқдан туширилган бир ўрами оёғи остида бўлган калта чилвир таранг тортилди. Чол эшкакларни ташлади ва калаванинг учидан маҳкам ушлаб олди-да, жон аччиғида қармоқни тортқилаётган ўрта миёна тунецнинг залворини ҳис қилган ҳолда, уни йиғиштира бошлади. Чилвир қўлида борган сари кучлироқ юлқинарди. У ўлжани қайиққа чиқариб олиб, бортдан ошириб ташламасиданоқ, балиқнинг зангори сирти ва олтинсимон жилва қилган биқинларини кўрди.
Миқтидан келган, худди қуйиб қўйилган ўқдек тунец қайиқнинг кунгай саҳнида ётар ва маънисиз катта кўзларини ола-кула қилиб, сип-силлиқ, серҳаракат қуйруғини жонҳолатда биланглата-биланглата ҳаёт билан видолашарди. Раҳми келиб кетган чол унинг бошига уриб ўлдирди ва ҳали жони тамом чиқиб ул-гурмаган балиқни катнинг тагига, сояга оёғи билан итқитиб юборди.
— Албакоре,— деди у овоз чиқариб,— ундан ажойиб хўрак чиқади. Ўзиям ўлдим деганда, ўн қадоқдан кам эмас.
Чол қачондан бошлаб ўз-ўзи билан овоз чиқариб сўзлашадиган бўлиб қолганини энди эслолмас эди. Авваллари танҳо қолганда, у хиргойи қиларди. Катта елканли кемаларда сузиб, вахтада турган ё тошбақа овига борган кезлари гоҳо-гоҳо у кечалари ҳам қўшиқ айтарди. Эҳтимол, бола ундан кетгандан кейин, ёлғиз ўзи қолгач, ўзи билан ўзи гаплаша бошлагандир. Ҳозир буни эслай олмайди. Аммо бола билан бирга ов қилган маҳалларида ҳам, бунга зарурат туғилган чоғдагина галлашар эдилар. Гаплашганда ҳам кўпинча кечалари ёки бузуқ об-ҳаво туфайли мажбуран бўш қолганларидагина гаплашар эдилар.
Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган эди.
— Агар ўзим билан ўзим гаплашётганимни битта-яримта эшитиб қолганда, у мени жинни-пиннига чиқариб қўярди,—деди чол. Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчи-да: қайиқларида радиолари бор, уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.
«Ҳозир бейсбол ҳақида ўйлашнинг вақтимас,— деди чол ўзига.— Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради. Эҳтимол, қаердадир, мана бу тунец галалари билан ёнма-ён бўлиб менинг улкан балиғим ҳам дайдиётгандир. Ахир, мен бор-йўғи биргина албакоре ушладим, у ҳам тўдасидан айрилиб қолгани. Улар бўлса соҳилдан анча йироқда ов қилишади, яна жуда ҳам тез сузишларини айтмайсизми. Бугун денгизда нима учраётган бўлса, ҳаммаси ҳам жуда тез сузиб, шимоли шарққа қараб боряпти ёки куннинг мана шу пайтида доимо шундай бўлармикин? Балки, бу ҳавонинг ўзгаришидандир ва мен унинг белгисини билмасман».
Кўм-кўк соҳил сатҳи чолга аллақачон кўринмай қолган эди; узоқда бу ердан худди қор билан қоплангандек оппоқ бўлиб кўринувчи зангори тепаликларнинг бошларигина кўзга ташланар эди. Уларнинг устида турган булутлар ҳам юксак қорли тоғларга ўхшаб кўринарди.
Денгиз қоп-қора тусга кириб, қуёш нурлари сувда сина бошлади. Энди планктоннинг сон-саноқсиз жилвалари тиккага келган қуёш туфайли сўниб қолган, чол ҳозир фақат қорамтир сувда синиб қайтаётган қуёш нурларидан ҳосил бўлган йирик ва рангин доғлару, пастга қараб типпа-тик кетган чилвирларнигина кўрарди. Чуқурлик эса бу ерда бир милга етиб қоларди.
Тунецлар (балиқчилар бу туркумга кирувчи ҳамма балиқларни тунец деб аташар ва уларнинг асл номларини бозорга сотиш учун олиб борган ёки хўрак ўрнида пуллаган пайтларидагина фарқ қила бошлардилар) яна денгиз тубига тушиб кетишди. Қиздиргандан қиздириб бораётган қуёш энсасини куйдириб ўтаётганини чол сезиб турарди. У эшкак тортаётганда, тер елкасидан дувиллаб оқарди.
«Қайиқни оқимга қўйиб беришим, вақтида уйғониш учун эса чилвирни оёғимнинг бошмалдоғига боғлаб қўйиб, мизғиб олишим мумкин эди,— деб ўйлади чол.— Аммо бугун — саксон бешинчи кун, шунинг учун ҳам ҳушёр бўлиш керак».
Шу пайт у яшил қармоқлардан бирининг қимирлаб кетиб, сувга эгилиб тушганини пайпқаб қолди.


Эрнест ХЕМИНГУЭЙ

Чол ва денгиз (Қисса)

Давомини ўқинг

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-рамз

  Анвардан бир оз илгарироқ қайтқан Султонали оғилхона айвонида сигир соғиб ётқан хотини устида тўхтади. — Бордингми, Рузвон? — Бордим, — деди Рузвон ва эмчакдан ...

От кишнаган оқшом (қисса) 40-қисм

40 Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади. — Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди. — Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим. Ботир мироб шаҳодат ...

От кишнаган оқшом (қисса) 57-қисм

57 Икки кун деганда участка милитсонеримиз тағин қоғоз олиб келди. Тарлон билан азонда йўл олдим. Бу сафар Тарлонни қичаб ҳайдадим. Вақтида етиб келдим. Капитан катта тўртта ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400