Чол ва денгиз (3)

— Ана холос,— деди у.— Айтмовдимми!—ва қайиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эшкакларни сувдан тортиб олди.
Чол чилвирга томон энкайиб, уни ўнг қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари билан авайлаб тутди. У балиқнинг зўр бериб кучанмаётганинн сезиб турар, шун-дан бўлса керак чилвирни сиқимламай, енгилгина ушлаб олган эди. Бироқ чилвир мана яна қалтираб кетди. Бу сафарги силтов олдингисига қараганда эҳтиёткорона ва заифроқ эдики, чол бунинг нима маъно англатишини аниқ билар эди. Яъни, юз денгиз саржинича тубанда марлин қармоқ илгагининг учи билан букламасига тизилган сардинларни ямламай туширар, қўлбола қилиб ясалган қармоқ илгагининг ўзи эса майдароқ тунец калласидан тешиб ўтказилган эди.
Чол калавани енгилгина тутиб туриб, чап қўли билан уни қармоқ дастасидан ечиб олди. Энди калава бармоқлари орасидан балиқни сескантирмай сирғалиб чиқа олар эди.
«Қирғоқдан шунчалик олисда, яна йилнинг мана бу фаслида, балиқ жуда ҳам катта бўлса керак. Еявер. Егин энди, ол, егин. Сардинлар бирам мазали, сен бўл-санг жуда совқотгансан, олти юз фут чуқурликда сув жуда ҳам совуқ ва қоп-қоронғи бўлади. Қоронғида яна бир марта айланиб кел, орқангга қайт ва ол, е, еявер!» У енгил, сергак силтов сезди, сал ўтмай бу кучлироқ бўлиб такрорланди — битта-яримта сардинни қармоқдан юлиб олиш мушкулроқ бўлаётгани кўриниб турарди. Кейин жимжит бўлиб қолди.
— Бўла қолсанг-чи,— деди чол овоз чиқариб,—яна бир бурилиб кел. Ҳидини қара, ҳидини. Қандай ажойиб-а, тўгри эмасми? Тўйиб-тўйиб еб ол! Кейин қараб-санки, тунецни тотиб кўриш гали келади! Ахир у шундай ҳам сўлқиллаган, муздаккина, бир ширинки, қўяверасан. Қисиниб-қимтиниб ўтирма, балиқ. Егин, ол, есанг-чи, ўтинаман сендан.

У, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан калавани тутиб, балиқнинг жойдан-жойга сузиб ўтиш эҳтимоли борлигидан бир пайтнинг ўзида бошқа чилвирлардан ҳам кўз узмай кутарди. Бирдан у яна қармоқ ипининг енгил, билинар-билинмас тортқиланганини пайқади.
— Чўқийди — деди чол овоз чиқариб.— Чўқийди, худоё дард кўрмагур!
Аммо у чўқигани йўқ. Кетиб қолди. Чилвир ҳам қимир этмасди.
— Унинг бутунлай кетиши мумкин эмас,— деди чол.— Худо шоҳид, унинг кетиши мумкин эмас. У бор-йўғи қайрилиб келяпти. Эҳтимол, у бирон марта қар-моққа тушиб чиққан ва бу ҳали хаёлидан кўтарилмагандир.
Шунда у яна қармоқ ипининг оҳиста тортқиланганини сезди ва дили таскин топди.
— Айтмовдимми, у фақат қайрилиб келяпти деб… — деди чол.— Мана энди чўқийди!
У балиқнинг ҳуркиб-ҳуркиб чилвир тортқилашидан ўзини қўярга жой топмасди. Тўсиндан, чол қандайдир, фавқулода бир зилу замбил оғирлик сезди. Сезди-ю, чилвирни бўшатиб, эҳтиётдаги калавалардан бирини чуватганча, унинг борган сари қуйи, қуйи, қуйига тушиб бориши учун имкон берди. Чилвир бармоқлардан осонгина сирғалиб чиқиб пастга кетиб борар, уни ушлар-ушламас тутиб турганига қарамасдан, чол ўрамни ямлаб кетаётган ғоят зўр оғирликни ҳис қилиб турарди.
— Асти қандай бало балиқ бўлди ўзи!—деди у овоз чиқариб.— Қармоқни ямлаб олиб, энди узоқроққа жуфтакни урмоқчи.
«У барибир орқасига қайрилади, қармоқни ҳам ютиб юборади»,— деб ўйлади чол. Бироқ бир кори ҳол бўлиб ўтирмасин, деб чўчиди шекилли, овоз чиқармади. Чол бу балиқнинг қанчалик тотли эканини билар, хаёлан унинг лунжида кўндаланг тиқилган тунец билан қоронғида борган сари узоқроққа кетаётганини кўз ўнгига келтирарди. Қандайдир бир муддат ичида ҳаракат тўхтади, аммо чол ҳали ҳам балиқ вазнини ҳис қилиб турарди. Кейин тортиш авжга чиқди, чол яна ўрамни бўшатди. У бир нафас чилвирни тўхтатиб кўрди, тортим бирдан кучайиб кетди ва ўрам тиккасига пастга юлқинди.
— Чўқиди,— деди чол.— Энди бир бурнидан чиққунча тўйиб еб олсин-чи.
У чилвирни ўз ҳолига қўйиб берди-да, чап қўли билан икки эҳтиёт калаванинг бўш учини, бошқа қармоқнинг икки эҳтиёт калавасига улади. Шу билан ҳаммаси тахт бўлди. Ҳозир қўлидагидан ташқари, унда яна ҳар бирининг узунлиги қирқ саржиндан келадигаи учта эҳтиёт шарт калава ипи ҳам бор эди.
— Яна пича есанг-чи,— деди у.— Еявер, уялма. «Шундай егинки, токи қармоқ илгаги нақ юрагингга бориб етсину, тил тортқизмай гумдон қилсин сени,— деб ўйлади у.— Ўзинг ёнимга чиққин, бу ёғига гарпун санчишни менга қўйиб бер. Шундоқ бўлсин. Қалай, тайёрмисан? Роса тўйиб олдингми?»
— Бошладик!— деди у овоз чиқариб ва чилвирни қаттиқ юлқиб, бир ярдча Я р д – (узунлик ўлчови) – 0,95 м га баробар. тортиб чиқарди, кейин эса қайта-қайта юлқиб, ҳар юлқишда қўллари ва жисмининг бор қувват-мадорини ишга солиб, ўрамни сигир соққандай, гоҳ у қўли, гоҳ бу қўли билан тортиб чиқара бошлади.
Ҳамма уринишлари зое кетди. Балиқ эринмайгина илгарилаб борар, чол уни ўзига бир дюйм ҳам яқин келтира олмасди. Унинг чилвири катта балиқларга мўл-жалланган, пишиқ эди. Чол уни елкасига олиб, шундай ҳам таранг тортдики, ҳатто сув зарралари сачраб-сакрашиб кетди. Кейин чилвир сувда заиф вишиллади, чол бўлса, ўриндиққа тираниб, ҳамон уни бўшатмас эди. Қайиқ бирмунча шимоли-ғарб томонга оға бошлади. Балиқ сузгандан сузиб борар, улар зилол сув бўйлаб оҳиста узоқлаб кетишарди. Бошқа хўраклар денгизга қандай ташланган бўлса, ҳамон шундайлигича турар, чол уларни нима қилишни билмасди.
— Қани энди, ёнгинамда бола бўлса!—деди у.— Балиқ мени шатакка олди, ўзим-ку буксир битенгигаБ и т е н г – кеманинг олд қисмига ўрнатилган пўлат ёки чўян ғўла. Кема шатакка олинганда арқон шунга боғланади. ўхшаб қоляпман. Ўрамни асли қайиққа боғлаб қўяверса ҳам бўлаверарди. Аммо бунақада балиқ, худо кўрсатмасин, узиб қочиши мумкин. Мен уни маҳкам ушлашим ва керагича бўшатиб туришим керак. Худойимдан ўргилайки, у чуқурликка кетмайгина сузиб юрибди. Мабодо у чуқурроқ тушишни хоҳлаб қолса, мен нима қилдим? Агар у тош бўлиб денгиз қаърига кетса, ўша ерда ўлиб қолса, нима қиламан? Билмайман. Ўшанда маълум бўлар. Нималар қилмаслигим мумкин менинг!
У ўрамга елкаси билан тиркалиб тураркан унинг сувга қандай оғаётгани-ю, қайиқнинг шимоли-ғарбга томон оҳиста жилиб боришини кузатар эди.
«У кўп ўтмай ўлади,— ўйларди чол.— Доимо сузиб юравериш мумкин эмас».
Бироқ тўрт соат ўтса ҳамки, балиқ ҳамон қайиқни ўз ортидан судраганча, тиним билмай, очиқ денгизга кетиб борарди, чол эса, ўша-ўша, елкасида сиртилган чилвир, оёғи банкага тироғлиқ ўтирарди.
— Уни ушлаганимда, айни пешин эди,— деди чол.— Шу пайтга довур ҳам ўзини кўрганимча йўқ.
Балиқни ушлаш олдидан пешонасига бостириб кийиб олган сомон шляпаси манглайини қийиб юборганидан, оғриқ турган эди. Чол ташна бўлган, сув ичкиси келарди. У ўрамни тортқилаб юбормаслик учун, оҳиста тиззалаб, қайиқ бурнига иложи борича яқин борди ва бир қўли билан шишани олди. Унинг оғзини очиб, бир неча қултум ютди. Сўнг шу ерга ёнбошлаб, нафас ростлади. У елкан ўралган мачтага ўтириб, ҳеч нарсани ўйламасликка ва ҳуда-беҳуда куч сарф қилмасликка ҳаракат қилиб дам оларди.
Кейин чол келган йўлига назар ташлади ва ер аллақачон кўринмай кетганини кўрди. «Ҳечқиси йўқ,— деб ўйлади у.— Мен ўзим истаган маҳалда, Гавана чироқ-ларини қора қилиб, орқага қайтишим мумкин. Кун ботишига иккн соат қолди, у шу пайт ичида сузиб чиқса, ажаб эмас. Агар чиқмаса, ойдинда юқорига кўтарилар. Бу ҳам бўлмаса, балким, тонг билан чиқар. Қўлим ҳам айилиб кетаётгани йўқ, бардам-бақувватман. Қармоқни мен эмас, у ютган-ку. Аммо тортиши шунчалик бўлса, ўзи қандай балиқ бўлдийкин! Афтидан, чилвирни ҳам маҳкам қисиб олганга ўхшайди. Унга шундай бир қараб ололсам эди, ўшанда у билан қандай муомала қилишни ўзим билардим».
Чолнинг юлдузларга қараб қилган тахминига кўра, балиқ ўз йўлини ўзгартирмасдан тун бўйи сузиб чиқди. Қуёш ботгандан сўнг совуқ турди, бутун орқаси, елкалари, кексалик асар қилган оёқларида тер қотиб қолди, у совқотди. Кундузи чол хўракли яшик устига ташлаб қўйилган қопни олиб, қуритиш учун офтобга ёйиб қўйган эди. Кун ботгач, у қопни бўйни атрофига ўради-да, ўрам ипи остидан оҳиста ўтказиб, орқасига туширди. Энди ўрам залворидан елкаси аввалгидек қийилиб-қирчилмас, қайиқ бурнига ёнбошлаганча, қулайгина ўрнашиб олганидан, анчайин енгиллик туғилган эди. Тўғрисини айтганда, бу енгиллик номигагина ади. Аммо у ўзини буларнинг бари гўё шоҳона бир қулайлик деб ишонтирарди.
«Мен уни бир ёқли қилолмайман,— лекин у ҳам мени бир ёқли қилолмайди,— деди чол ўзига.— У бошқача бирон лўттибозлик ўйлаб чиқармагунча, шундай бўлади».
У бир марта ўрнидан турди, бортоша ёзилди, юлдузларга қараб, қайиқнинг қаёққа йўл тутаётганлигини белгилади. Чилвир унинг елкасидан тўппа-тўғри сувга тушиб турган нозиккина нур бўлиб кўринарди. Қайиқнинг ҳаракати энди секинлашган, Гавана чироқлари ҳам пилпиллаб хира кўринар эди, оқим уларни шарқ томонга суриб кетаётганга ўхшарди. «Гавана чироқлари кўринмай кетяптими, бас, демак биз борган сари шарққа қараб боряпмиз,— деб ўйлади чол.— Агар балиқ йўлини ўзгартирмаган бўлганда, мен уларни ҳали яна бир неча соат кўриб турган бўлардим. Қизиқ, бугунги ўйинларнинг натижаси қандай бўлдийкин? Қани энди қайиғингда радио бўлса!» Аммо ўз ўйини ўзи бўлди: «Ҳадеб алаҳсийверма! Қилаётган ишингни ўйла. Қовун тушириб қўймаслик учун, ўйла».
Кейин овоз чиқариб деди:
— Боланинг ёнимда йўқлиги ёмон бўлди. Ҳарна мадад эди. Ҳам буларнинг барини ўз кўзи билан кўрган бўларди.
«Кексайганда, киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан,—деб ўйларди у.— Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди. Тунец ҳидланиб қолмасдан бурун еб олишни унутмасам бўлгани, ахир, мен кучдан қолмаслигим керак. Унчалик очиқмаган тақдиримда ҳам, уни эрта билан еб олиш хотирамдан кўтарилмаса бас. Ишқилиб, нима бўлганда ҳам унутмай-да, унутмай»,— деб такрорларди у.
Тунда қайиқ ёнига икки денгиз чўчқаси сузиб келди. Чол нар чўчқанинг пишқирганини, модасининг гўё ҳомуза тортгандай, эшитилар-эшитилмас, пишиллаётганини эшитди.
— Қурғурлар-э,— деди чол.— Ўйнашади, шўхлик қилишади ва бир-бирларини яхши кўришади. Улар бизга худди учар балиқлар сингари яқин.
Кейин у қармоғига тушган катта балиққа жуда ҳам ачиниб кетди. «Турган-битгани мўъжиза-ку бу балиқнинг. Унинг дунёда неча йил умр сурганини худойим-нинг ўзи билади. Менинг қўлимга ҳеч қачон бунақанги кучли балиқ тушмаган. Ўзини тутишини қаранг, ақл бовар қилмайдия бунга. Эҳтимол, унинг сакраб чиқ-маётгани ҳам бениҳоя ақлли бўлганидандир. Агарда у бор кучи билан олдинга интилса ёки сапчий қолса борми, тирик қўймасди мени, ахир. Аммо, балки бу унинг қармоққа биринчи марта тушиши эмасдир ва у жонини сақлаш учун мана шу алпозда курашмоқни аъло билар. Ўз мухолифи ёлғиз бир киши, у ҳам бўлса, чол эканини қаердан билсин. Лекин бу балойи азим балиқ экан, агар унинг гўшти мазали бўлса, қанчадан-қанча пул келтиради! У хўракка ҳам нордай ташланди, нор-дай судраяпти, бунинг устига мен билан қўрқув нима билмасдан олишяпти. Қизиқ, у ўзининг нима қилиши кераклигини билармикин ёки худди менга ўхшаб, бош-кетига қарамай сузяптими?»
У, бир сафар қармоқда мода марлин тутганини эслади. Нор балиқ доимо модасини емишга биринчи бўлиб қўяди. Қармоққа тушган мода даҳшат ичида жон-жаҳди билан зўр бериб олиша бошлади, бу уни ҳаш-паш дегунча ҳолдан тойдириб қўйди, нор балиқ бўлса, ундан бир қадам ҳам орқада қолмасдан, денгиз юзида ёнма-ён сузар, чарх айланар эди. У шундай яқин келиб сузардики, чол, балиқ худди ўроқ каби ўткир, кўриниши ҳам деярли ўроқникидан қолишмайдиган думи билан чилвирни қирқиб юборадими, деб қўрқарди. Чол мода балиқни чангак билан санчиб олиб, худди қилич сингари кескир, ғадир-будур оғзидан ушлаб туриб, тўқмоқ билан миясига туширган пайтида ҳам, то унинг ранги ўзгариб, кўзгулар тошига суртиладиган амальгама тусига кирмагунча савалаган чоғларида ҳам ва ниҳоят, бола ёрдамида уни қайиққа тортиб чиқарган кезларида ҳам нор балиқ шу ерда эди. Кейин, чол чилвирни ўраб, гарпун тайёрлаётганда, нор балиқ ўз йўлдошига нима бўлганини кўриш учун қайиқ ёнида ҳавога баланд сакраб кўтарилди, шундан сўнг, тиниқ сафсар ранг кўкрак қанотларини ёйиб, умуртқаси узра чўзилиб кетган кенг оч пушти, йўл-йўл тасмалари равшан кўринганича, денгизга чуқур шўнғиб кетди. У қандай фусункор бўлганини чол сира унутолмасди. Бунинг устига ўз йўлдошини то сўнгги дамгача ташлаб кетмаган эди.
«Денгизда мен бунчалик қайғули бўлган бошқа ҳеч нарсани кўрмаганман,— деб ўйлади чол.— Бола ҳам маъюс бўлиб қолганди ва биз мода балиқдан кечирим сўраб, кўз очиб юмгунча сарагини саракка, пучагини пучакка ажратган эдик».
— Афсуски, ёнимда бола йўқ,— деди у овоз чиқариб ва елкаларини босиб тушган ўрам орқали ўзининг қандайдир нуқтаси сари оғишмай бораётган улкан ба-лиқнинг қудратли кучини муттасил ҳис қилган ҳолда, қайиқ бурнининг думалоқ тахталарига қулайроқ ўрнашиб олди.
— Менинг ҳийлам туфайли у ўз фикрини ўзгартишга мажбур бўлди, ақл ҳам бовар қилмайди бунга!
«Унинг пешонасига турли-туман тузоқлар, тўрлар ва инсон ҳийла-найрангларидан узоқроқда, зим-зиё океан тубида яшамоқлик ёзилган эди. Менга эса, ёлғиз бошим билан унинг кетидан тушиб, ҳали ҳеч ким келиб етмаган жойда топиш насиб бўлди. Ҳа, ҳеч зот келиб етмаган жойда. Энди бўлса ҳар икковимиз тушдан бери бир-биримизга боғланиб қолдик.
Шундай. На унга ва на менга ҳеч ким ёрдам қўлини чўза олмайди».
«Эҳтимол, мен балиқчи бўлмаслигим керак эди,— деб ўйларди у.— Лекин худди шу касб
учун туғилганман-ку, ахир. Тонг отиши билан тунецни еб олиш ёдимдан чиқмаса бўлгани».
Қуёш кўтарилмасдан сал бурун орқа томондаги қармоқлардан бирига балиқ илинди. У қармоқ дастасининг синган товушини ва чилвирнинг қайиқ зийи оша сирғалиб тушаётганини эшитди. Қоронғи ичида у пичоғини ғилофидан суғуриб олди ва балиқнинг бутун оғирлигини чап елкасига туширган ҳолда, орқасига эн-кайди-ю, зийдаги чилвирни кесиб юборди. Кейин у ёнидаги чилвирни қирқди ва эҳтиёт калаваларнинг учларини тусмоллаб топиб бир-бирига маҳкам боғлаб қўйди. Чол тугунларни ечиб бўлмайдиган қилиш учун калаваларни оёқлари билан тутиб турганча, бир қўллаб чаққон ишларди. Энди унинг ихтиёрида олти эҳтиёт чилвир ўрами бор эди — ҳар бир кесилган чилвирдан иккитадан тўртта ва балиқ илинганидан иккита, ҳар бир ўрам бир-бирига уланиб кетар эди.
«Тонг ёриша бошлаши билан,— деб ўйларди чол,— қирқ саржинча ташланган чилвирни олишга ҳаракат қиламан-да, уни ҳам кесиб, эҳтиёт калаваларига улаб қўяман. Тўғри, бундай қилганда, икки юз саржинча пишиқ каталон арқонидан маҳрум бўламан. Илмоқлару, чўктиргичларни ҳисоблаб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳечқиси йўқ, бу нарсаларни қайта топиш мумкин. Аммо агарда қармоққа бошқа қандайдир балиқ илиниб, мана бунисидан бенасиб қилса, ким менга яна худди шунақасини топиб бера оларди? Ҳозир чўқигани қандай балиқ экан, билмайман. Балки, марлиндир, балки найза балиқ ёки акуладир. Нима бўлганини ҳатто пайқамай қолдим. Ундан тезроқ қутулиш керак эди».
Овоз чиқариб деди:
— Эҳ, ёнгинамда бола бўлсайди!
«Аммо ёнингда бола йўқ,— деб ўйларди у.— Сен фақат ўзинггагина ишонишинг мумкин.
Шундай зкан, ҳозирнинг ўзидаёқ қоронғи бўлса ҳам, анави охирги чилвирни олиб, кесишинг керак-да, икки эҳтиёт ўрамини улаб қўйганинг маъқул».
У шундай ҳам қилди. Қоронғида ишлаш оғир эди, Бир гал балиқ шундай силталадики, у юз тубан йиқилиб тушди ва кўз остини ёриб олди. Қон ёноғидан оқиб туша бошлади, аммо ҳали иягига етиб улгурмасдан қуюлиб тўхтади ва қотиб қолди. Ўзи бўлса, нафас ростламоқ учун қайиқ бурнига қараб сургалди ва етиб келиб ёнбошлаб олди. Чол қопни ўрнаштириброқ қўйди, чилвирни эҳтиёт билан елкасинннг ҳали лат емаган қисмига ўтказиб, бутун оғирликни елкасига туширди-ю, балиқнинг қанчалик куч билан тортаётганини аниқлашга уринди, сўнгра, қўлини сувга тушириб, қайиқ тезлигини билишга ҳаракат қилди.
«Нега у бунчалик силтандийкин, қизиқ,— деб ўйлади у.— Ҳар нечук чилвир елкасидаги катта ўркачдан сирғалиб тушган бўлса ажаб эмас. Унинг елкаси ме-никичалик оғримайди, албатта. Аммо у қанчалик йирик бўлмасин, қайиқни бир умр тортиб юролмайди-ку, ахир. Энди халақит бериши мумкин бўлган нарсаларнинг баридан қутулдим. Бундан ташқари, чилвирни ҳам керагича ғамлаб қўйдим, кишига шундан бошқа яна нима керак ўзи?»
— Балиқ,— деб чақирди у секингина,— ўлсам ўламанки, сендан ажралмайман.
«У ҳам, ҳар ҳолда мендан айрилмаса керак»,— деб ўйлади чол ва тонг ёришини кута бошлади. Бу азон палласи ҳаво совуқ эди ва у сал бўлса ҳам исиниш учун қайиқ тахталарига бағрини бериб қаттиқроқ ёпишди. «У чидаётибдими, мен ҳам чидайман».
Кўп ўтмай тонг шафағи денгиз қаърига кетган таранг чилвирни ёритди. Қайиқ тўхтовсиз илгари силжирди: қуёш ҳам уфқ бетида тирноғини кўрсатди-да, чолнинг ўнг елкасига нур тўкди.
— Шимолга қараб сузяпти,— деди чол.— Оқим-ку, бизни анча шарқ томонга суриб кетганга ўхшайди. У оқимга қараб бурилса қанийди. Унинг ҳолдан тойга-нини шундан билса бўлади.
Аммо қуёш яна ҳам юқори кўтарилганда, балиқ чарчашнн ҳатто хаёлига ҳам келтирмаётганлиги чолга аён бўлди. Кўнглига фақат бир нарса таскин бериб ту-рар, у ҳам бўлса, балиқнинг энди анчагина юзада сузаётганлиги эди, буни чилвирнинг сувга қандай қияликда кетаётгани аниқ кўрсатиб турарди. Аммо бу — балиқ, албатта сув, юзига қалқиб чиқади деган гап эмас эди. Бироқ, ҳар қалай у чиқиб қолиши ҳам мумкин.
— Э худо ўзинг уни бу ёққа чиқиш мажбур қил!— деди чол.—Суробини тўғрилаш учун эса, худога шукур, етарли калавам бор.
«Ёки чилвирни андак тарангроқ тортсаммикин, оғриқ жонидан ўтса, отилиб чиқиб қолармиди дейман-да,— деб ўйлади чол.— Мабодо чиқадиган бўлса, кун ёруғлигида чиқиб қўя қолсин. Ўшанда умуртқаси ёқалаб кетган пуфаклари ҳаво билан тўлиб қолади. Кейин у денгиз остида ўлиш учун ҳеч қачон у ерга тушол-майдиган бўлади».
У чилвирни яна ҳам тарангроқ тортишга уриниб кўрди, аммо чилвир бусиз ҳам аввал бошдан шундай таранглашган эдики, ҳозир уни тортай деб, ўзини орқага ташлаши билан елкасини чунонам ўйиб юборди-ки, бунақада чол ҳеч вақо чиқара олмаслигинн билди. «Силтаб тортиш мумкин бўлмаса, бу фалокатни,— деб ўйлади чол.— Ҳар силтовда қармоқ тишлаган жой кенгайиб бўшашаверади, мабодо балиқ юзага чиқиб қолса, қармоқ ҳам айилиб кетиши мумкин. Ҳар ҳолда ўзимни ҳозир, қуёш чиқиб турганда, яхши ҳис қиляпман. Бу сафар офтоб ҳам кўзимга тушмаяпти».
Чилвирларни сариқ сув ўтлари чирмаб олди. Аммо чол шунга ҳам хурсанд эди, чунки улар қайиқ ҳаракатини секинлаштириб туришарди. Бу ўша, тунда ялтираб кўринадиган сариқ сув ўтларининг ўзгинаси эди.
— Балиқ,— деди у,— сени жуда ҳам яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. Аммо билиб қўй, кун ботмасдан сени гумдон қиламан.
«Ҳар ҳолда, мен бунинг уддасидан чиқсам керак»,— деб ўйлади у.
Тирноқдаккина қуш шимол томондан қайиққа яқинлашди. У сув бетида пасайиб учарди.
Чол унинг ниҳоятда ҳолдан тойганини кўрди.
Қуш нафас ростлаш учун қайиқнинг қуйруғига қўнди. Кейин у чолнинг боши устида айланиб учди-да, ўзи учун қулайроқ бўлган чилвир устига қўниб олди.


Эрнест ХЕМИНГУЭЙ

Чол ва денгиз (Қисса)

Давомини ўқинг

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди?

  (  Сўз  боши  ўрнида  )   “Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак...” (Қуръон ояти). (more…)

Юлдузли тунлар-11

ЎШ НАЖОТ ҚАЙДА? 1 Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб ...

Мeҳробдан чаён-қоп йўқотдинғизми?

Султонали  мирзо "Қушбеги"  маҳалласига  келиб,  бир  дарбозага  кирди.  Қоронғи  йўлакдан юриб бориб, ички эшикни тақирлатди. Ичкаридан "Ҳозир!" деган товуш эшитилгандан ...