Чол ва денгиз (4)

— Ёшинг нечада?—деб ундан сўради чол.—Ҳойна-ҳой, бу сенинг биринчи саёҳатингдир?
Қуш жавоб ўрнига чолга қаради. У жуда ҳам чарчаган эди, ҳатто чилвир ўзини кўтарадими, йўқми, шунга ҳам қараб ўтирмади, мурғак панжалари билан уни чангаллаб олганча, чайқалибгина турарди, холос.
— Қўрқма, калава маҳкам тортилган,—деб уни юпатди чол.—Ҳатто ҳаддан зиёд маҳкам. Сокин тунда сен бу қадар ҳолдан тоймаслигинг керак эди. Эҳ, эндиги қушлар, эндиги қушлар!
«Лочинлар бўлса-чи,— деб ўйлади у,— денгизнинг ҳар қаричида сизларнинг тумшуғингиз тагидан чиқиб қолиши мумкин». Аммо буни қушга айтиб ўтирмади, айтганда ҳам, у барибир тушуниб етармиди. Ҳечқиси йўқ, ўзи тезда лочиннинг нималигини билиб олади.
— Яхшилаб дам олгин, митти қуш,— деди у.— Кейин соҳилга қараб учгин, ҳар бир одам, қуш ва балиқ сингари сен ҳам чинакамига ҳаёт учун қаттиқ туриб курашгин.
Қуш билан бўлган бу суҳбат ўзига андак мадад бергандай бўлди. Чунки туни билан елкасининг акашаги чиққан ва у энди росмана зирқираб оғриб турарди.
— Агар хоҳишинг бўлса, қуш, мен билан яна пича бирга бўл,— деди у.— Нима қилайки, шабада ғимирлаб қолган бўлса ҳам, елкан ўрнатиб, сени қирғоққа олиб бориб қўёлмайман. Бу ерда эса дўстим ҳам бор. Уни ташлаб кетолмайман.
Худди шу онда балиқ тўсатдан қаттиқ юлқинди ва чолни қайиқ қуйруғига юмалатди; агар у қўли билан бортга таянаб қолмаганда, чилвирни бўшатмаганда, балиқ уни илаштириб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эди.
Чилвир юлқинган пайтда қуш учиб кетган эди. Унинг қандай ғойиб бўлганини чол ҳатто пайқамай қолди. У калавани ўнг қўли билан пайпаслаб кўрганида, қўлидан қон оқаётганини кўрди.
— Балиқнинг ҳам жони роса қийналгандир,— деди у ўзига-ўзи ва балиқни бошқа томонга буриб бўлмасмикин деган ниятда, чилвирни алдаб тортди. Охирига-ча тортиб бўлгач, аввалги ҳолатида тек қотди.
— Мазанг қочяптими, балиқ?— деб сўради у.— Худойим кўриб турибди, менга ҳам осон эмас.
Ким билан бўлмасин жуда ҳам гаплашгиси келди. Атрофга аланглаб қушни излади. Аммо ундан ном-нишон ҳам қолмаган эди.
«Дарров кетиб ҳам қолибсан,— деб ўйлади чол. Аммо сен кетган ёқда шамол хийлагина кучлироқ ва у то соҳилга довур эсиб боради. Бир силташда балиққа ўзимни ярадор қилишга йўл қўйиб берганимни қара-я? Ростдан ҳам, жуда меров бўлиб қопман. Ёки бўлмаса, шундай ўзим, қушга маҳлиё бўлиб, фақат у тўғрида ўйлаб қолгандирман? Энди мен мана бу ҳақда ўйлайман ва мадор бўлсин деб, тунецни тамадди қилиб оламан».
— Афсус, ёнимда бола ҳам йўқ, туз ҳам йўқ,—деди ў ўзига-ўзи.
У балиқнинг оғирлигини чап елкасига олиб, оҳиста чўккалади-да, қўлини ювди, уни бир муддат сув ичида тутиб тураркан, ёйилиб бораётган қон изи ҳамда ўткин-чи оқимнинг қўлни ялаб, айланиб ўтишини кузатди.
— Балиқ боягидан хийла секин сузяпти,— деди у. Чол шўр сувда қўлини узоқроқ тутиб туришни истарди-ю, аммо балиқ яна тортқилаб қоладими, деб қўрқди: шунинг учун ҳам у ўрнидан туриб, чилвирни елкаси билан тортиброқ қўйди ва қўлини офтобга тутди. Чилвир қўлнинг бор-йўғи биргина, аммо худди ишга энг асқатадиган юмшоқ жойини тилиб кетган эди.
Иш долзарбга келишда қўли ҳали тоза ҳам керак бўлишини чол тушунар, келиб-келиб, бошданоқ унинг дардисар бўлиб қолганлигидан ғижинарди.
— Энди,— деди у қўли қуригач,— тунецни еб олишим керак.— Уни бу ёққа чангак билан тортиб ололаман, кифтини келтириб қорин тўйдириш ҳам қўлимдаи келади.
Чол яна чўкка тушди ва қуйруқ тагини чангак билан тимирскилаб, тунецни топди. Чилвир ўрамини авайлаб тутганча, тунецни ўзига томон сурди. Балиқнинг бутун оғирлигини яна чап елкасига олиб, сўл қўли билан қайиқ четига таянди-да, тунецни қармоқдан ажратиб олди ва чангакни ўз ўрнига қўйди. Балиқни тиззасига сиқиб олди ва унинг қорамтир қизил тусли гўштини бўйнидан тортиб то думигача узунасига тилимлаб чиқди. Тилим-тилим қилиб олти бўлак кесиб олгач, уларни қайиқ бурнининг тахталарига териб қўйди, пичоқни почасига суртди, тунец склетини думидан ушлаб олиб денгизга итқитди.
— Ҳойнаҳой, бутун бир бўлакни ея олмасман — деди у ва бўлаклардан бирини иккига бўлди.
Чол улкан балиқнинг тин олмасдан, кучдан қолмай тортиб бораётганини, чап қўли эса тамомила айилиб кетаётганийи сезиб турарди. Бу қўли оғир арқонни титраб-қақшаб тутамлар эди. Чол унга ижирғаниш билан сарасоф солди.
— Худо ҳақи, шу ҳам қўл бўлдию!— деди у.— Кўнглинг суст кетаётган бўлса майли, айилиб тушавер! Менга деса, қушпанжасидай бўлиб қолмайсанми, барибир бунинг сенга нафи тегмайди.
«Бироз тотиниб ол,— деб ўйлади у қоп-қора сув ва унга қиялаб кетган ўрамга назар солар экан,— билагинг бақувватроқ бўлади. Бу қўлда нима гуноҳ бор? Ахир, сен қаторасига неча соатдан бери балиқни ушлаб турибсан ўзинг. Аммо барибир охиригача ундан айрилмайсан.
Ҳозирча тотиниб ол».
У балиқнинг бир бўлагини олиб, оғзига солди, ва оҳиста чайнай бошлади. Мазаси у қадар кўнгил айнитар даражада эмас эди.
«Ҳатто увоғининг ҳам тамини йўқотмаслик учун яхшилаб чайна,— деб ўйларди у.— Қани энди буни лимон ёки жуда бўлмаса, туз билан қўшиб туширсанг, додига ким етсин».
— Хўш, қалай, ўзингни яхши сезяпсанми?—деб сўради у худди мурданики сингари тарашага айланиб кетган қўлидан.— Сени деб, яна бир бўлакни ейман.
Чол боя ўртасидан бўлинган тилимнинг иккинчи бўлагини оғзига солди. Эринмай чайнаб, кейин пўстини тупуриб ташлади.
— Хўш, нечук, енгил тортдингми? ёки ҳали ҳам ҳеч нима сезмаяпсанми?
У яна бир бўлакни олиб, уни ҳам еб олди.
«Ажойиб, этли балиқ экан, – деб ўйлади у.— Яхшиямки, қўлимга макрель эмас, тунец тушди. Макрель ўлгидай чучмал бўлади. Бу балиқда бўлса, шира деярли йўқ ва бунинг устига таом сифатида бақувват. Айтгандай, бекорчи хаёллар билан мия чалғитишнинг нима ҳожати бор,— деб ўйлади у.— Қиттаккина бўлса ҳам тузнинг бўлмагани чатоқ бўлдида. Бу қолган бўлаклар офтобда нима бало бўлади — қоқланадими, ёқи ҳидланиб қоладими, билмайман.
Шунинг учун, оч бўлмасам ҳам, яхшиси уни еб қўя қолай. Улканвой ҳам ўзини мулойим ва мўмин тутяпти. Мен тунецни охиригача еб тугатаману, сўнг бошга тушганини кўришга ҳозир бўламан».
— Сабр қил, қўл,— деди у.— Кўряпсанми сени деб, ўлар-тириларимга қарамай ҳаракат қиляпман.
«Катта баликни ҳам меҳмон қилишим керак эди аслида,— деб ўйлади у.— Ахир, у менга йўлдош бўлиб қолди. Аммо мен уни ўлдиришим керак. Бунинг учун эса куч-қувват лозим бўлади».
Чол тунецнинг ҳамма тилимларини оҳиста ва пок-покиза еб битирди. Қўлини иштонига сурта-сурта, қаддини ростлади.
— Хўш, энди, қўл,— деди у,— сен чилвирни қўйиб юборсанг ҳам бўлар. Майнавозчилигинг тугамагунча, ўнг қўлим билан эвини қилиб тураман.
Олдин сўл қўли билан ушлаб турган йўғон ўрамни, энди чол чап оёғи билан қисиб олди ва балиқнинг оғирлигини елкасига оларкан, ўзини орқага ташлади.
— Худоё, ишқилиб, бу томир тортиш ўтиб кетса бўлгани!—деди у.— Ким билади, ҳали бу балиқнинг бошига нима хаёллар келмайди.

«Кўринишдан ҳозирча ипакдай,— деб ўйлади у,— бамайлихотир ҳаракат қиляпти. Аммо хаёлида нима бор? Ва мен нима қилишим керак? У шунчалик улкан-ки, мен ўз режамни унинг режасига мувофиқлаштирмасам бўлмайди, ахир. Агар у сузиб чиқса, мен уни ўлдира оламан. Мабодо у бутунлай чиқмай қолса-чи? Унда мен ҳам у билан бирга қоламан».
У томир тортишишдан чангак бўлиб қолган қўлини иштонига суртиб, бармоқларини ёзишга уринди. Аммо қўл очилмас эди. «Эҳтимол, у офтобдан ёзилиб кетар,— деб ўйлади чол.— Эҳтимол, хом тунец ҳазм бўлгандан кейин ёзилиб кетар. Агар у менга керак бўлиб қолса, қандай бўлмасин уни ишга соламан, вассалом. Бироқ, ҳозир мен бунга куч сарф қилиб ўтиришни истамайман. Майли, у ўзи очилсин, ўз ихтиёри билан жонланиб кетсин. Нима бўлганда ҳам, кечаси жамийки калаваларни кесиб, бир-бирига улаш керак бўлганда, у шўрли мендан кўп азият чекди».
Чол олис-олисларга боқиб, энди ўзининг нақадар ёп-ёлғиз эканлигини тушунди. Аммо бу тубсиз сим-сиёда синиб аксланган рангин қуёш нурлари, пастга кетган таранг чилвир ва денгиз сатҳининг ажабтовур тўлғоқларини кўриб турарди. Пассат бўлишидан хабар бериб булутлар тўдаланарди. Чол олдинга қараб, осмон бетида яққол кўзга ташланиб учган ёввойи ўрдаклар тўдасини кўрди; ана тўда хираланиб ёйилди, кейин яна аввалгидан ҳам тиниқ бўлиб кўзга ташлаиди ва чол денгизда киши ҳеч қачон ёлғиз ўзигина қолмаслигини тушунди.
Баъзи одамларга кичкина қайиқ билан очиқ денгизда қолиш жуда ҳам қўрқинчли кўринади. Чол шу ҳақда ўйлар экан, уларнинг бу қўрқинчлари ҳаво тўсатдан айниб қоладиган ойлардагина асосли деган фикрга келди. Аммо, ҳозир довуллар уввос тортадиган фасл киргану, довулнинг ўзидан дарак йўқ экан, демак йилнинг энг сара вақти ҳам худди шунинг ўзи бўлади.
Довул яқинлашганда, унинг ҳаводаги белгиларини денгизда туриб ҳар доим бир неча кун олдиндан кўриш мумкин. Қуруқликда эса уни пайқамай қоладилар, деб ўйларди чол, чунки нимага қараш кераклигини ўзлари ҳам билишмайди. Бундан ташқари қуруқликдаги булутнинг кўриниши ҳам тамомила бошқача. Нима бўлганда ҳам ҳозир довул туриб қолади, деб кутишга ҳожат йўқ.
Осмонга қараб, у оппоқ тубсиз сентябрь кўкида ўзи суйиб ейдиган мороженоега ўхшаш укпар булутларнинг ҳарир пардаларини кўрди.
— Тезда енгил эпкин туради,—деди чол.— У бўлса, балиқ, сенга қараганда, менга кўпроқ қулайлик туғдиради.
Унинг чап қўли ҳали ҳамон тарашадай қотганча турар, аммо энди сал-пал қимирлатса бўладиган эди.
«Қўлимнинг томир тортишини шундай ёмон кўраманки,— деб ўйлади чол.— Тана ўзингники бўлса-да, яна мана бундай дард устига чипқон бўлиб турса! Балиқ еб заҳарлансанг-да, одамлар ичида ҳадеб бурнинг оқиб кетаверса ё қайт қилгинг келаверса, қанчалик шарманда бўласан киши. Аммо томир тортиши (буни у хаёлида calambre деб атарди) ундан ҳам ёмон шарманда қилади ва яна, айниқса, бир ўзинг бўлсанг».
«Агар ёнимда бола бўлганда,— деб ўйлади чол, — қўлимни тирсакдан бошлаб уқалаб қўйган бўларди. Майли, ҳечқиси йўқ, шундай ҳам яхши бўлиб кетади». Қўққисдан чол ҳали сувга тушган чилвирнинг қиялиги ўзгариб қолганини пайқаб улгурмасдан, унинг ўнг қўли тортиш кучи сусайганини сезди. У ўзини орқага ташлади, кучи борича чап қўли билан сонига тушира бошлади ва шунда чилвирнинг аста-секин юқорига кўтарила бошлаганини кўрди.
— Кўтариляпти,— деди у.— Қани, қўл, бўла қол, қимирла! Ўтинаман сендан!
Чилвир узунасига борган сари чўзилгандан чўзилиб борар ва ниҳоят, қайиқ қаршисидаги денгиз сатҳи бўртиб кетди, балиқ сувдан чиқди. У чиққандан чиқиб борар, чиққандан чиқиб борар, гўёки бош-кети йўққа ўхшар, сув эса унинг ёнларидан дув-дув оқиб тушарди, Балиқ бутун борлиғи билан қуёшда товланиб ёнар, боши ва усти тўқ бинафша рангда, энли ён тасмалари эса, тиниқ шуълаларда майин сафсар рангда кўринар эди. Унинг тумшуғи ўрнида худди бейсбол чавғонидай узун ва учи рапира сингари ўткир тиғ турар эди. У сувдан бор бўйи билан кўтарилди, кейин худди моҳир сузувчидек жим шўнғиди, унинг ўроқ тиғига ўхшаш ҳайбатли қуйруғи сувга ботиб улгурмасдан, калава шитоб билан бўшала бошлади.
— У менинг қайиғимга қараганда, икки футча узунроқ,— деди чол.
Чилвир денгизга тез, аммо бир меъёрда кетиб борар, балиқнинг ҳеч бир нарсадан чўчимаганлиги яққол кўриниб турарди. Чол чилвирни икки қўллаб охиригача тортишга уринар эди. Агар балиқнннг ҳаракатнни бир меъёрдаги қаршилик билан секинлатишга муваффақ бўлмаса, у ҳолда балиқ бор-йўқ калавасини тортиб, узиб-юлқиб кетажагини чол биларди.
«Ўзи ҳам балиқмисан балиқ экан. Энди мен унинг ўзида қандай куч яширинганини билиб олишига йўл қўймайман,— деб ўйларди у.— Агар жуфтакни ростлаб қоладиган бўлса, мени нима кўйларга солиши мумкинлигини унга билдириш керак эмас. Унинг ўрнида мен бўлганимда, ё ўлиш, ё қолиш деб, то ўпка тушгунча олға силжиган бўлардим. Аммо, минг қатла шукурки, балиқлар ўзларини қирувчи одамлар сингари ақлли эмаслар; ваҳоланки, улар бизга қараганда ҳам энчил, ҳам олижаноброқдирлар».
Чол ўз умрида жуда кўп катта балиқларга дуч келган эди. Вазни минг қадоқдан ҳам оғирроқ келган балиқлардан талайини кўрган, ўзи ҳам бир маҳал шундай хилидан иккисини тутган, аммо ҳеч қачон бундай ишни бир ўзи қилишига тўғри келмаган эди. Мана энди умрида кўзи билан кўрмаган, қулоғи билан эшитмаган бу қадар катта балиққа очиқ денгизда, ёлгнз ўзи чамбарчас боғланиб ўтирибди, чап қўли эса бояги бояги, акашак. Гўё бургутнннг юмуқ панжаларига ўхшайди.
«Бе, қўлим ёзилиб кетади ҳали,— деб ўйлади у.— Жилла қурса, ўнг қўлимга кўмаклашиш учун, албатта ёзилиб кетади. Бор эканда, йўқ экан, кўк денгиздан нарида уч оға-ини: бир балиқ ва менинг икки қўлим: бўлган экан… Албатта ёзилиб кетади. Лўқ бўлиб туриши шармандалик-ку, ахир».
Балиқ секинлашди, энди у аввалги тезликда борарди.
«Қизиқ, нима сабабдан у кутилмаганда юқорига чиқиб қолди,— фикрлай бошлади чол.— Ё ўзини қандай эканлигини менга кўрсатгани чиқдими. Ҳай, бу ҳам ёмон эмас, энди уни биламан. Аттанг, унга мен ўзимнинг қандай одам эканлигимни кўрсата олмайман. Айтайлик, бунда у менинг мана бу расвойи олам бўлган қўлимни кўрган бўларди. У мен ҳақимда аслида ўзим арзимасам ҳам яхшироқ фикрда бўлишини истайман. Ўшанда мен чиндан ҳам яхши бўламан. Мен балиқ бўлишни, унинг нхтиёрида нимаики бўлса, менда ҳам бўлишини, ёлғиз чидам ва калла билан чекланиб қолмасликни хоҳлардим».
Қайиқнинг тахта қопламаснга суяниб, чол ўзини бетўхтов қийнаган оғриққа ғинг демай дош бернб, жимгина, хотиржам ўтириб олай, балиқ бўлса, бояги-бояги, ҳеч тўхтамай олға сузиб борар, қайиқ ҳам қорамтир сувда аста ҳаракат қнларди. Шарқдан эсган шамол пича йирик тўлқин кўтарди.
Тушга келиб чолнинг чап қўли асл ҳолига қайтди.
— Шўринг қуриди энди, балиқ,—деди у ва елкасидаги чилвирни бир оз суриб қўйди.
Оғриқ ўша-ўша, жондан ўтиб турганига қарамай чол ўзини яхши ҳис қиларди; фақат оғриқдан қанчалик азият чекаётганлигини хаёлига келтирмас, тан олмасди.
— Мен худога ишонмайман.— деди у.— Аммо бу балиқни тутиш учун ўн қайта «ё падар»ни ва яна шунча маротаба «Биби Марям» дуосини тиловат қилишга тайёрман. Агар уни чини билан тутсам, онт ичаманки, бир кўп табаррук жойларга топинмоққа бораман. Сўз бераман.
Чол дуо ўқий бошлади. Айрим ўринларда у ўзини шундай ҳам ҳорғин сезар эдики, айтиладиган сўзларни унутиб қўяр, шунда улар ўз-ўзидан, қироат ичида ай-тилиб кетсин учун, иложи борича тез ўқишга ҳаракат қиларди. «Ё падар»га қараганда «Биби Марям»ни қайтариш осонроқ,— деб ўйлади у.


Эрнест ХЕМИНГУЭЙ

Чол ва денгиз (Қисса)

Давомини ўқинг

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-махдумнинг таҳдиди

Анвар  ўртаға  дастурхон  ёзиб,  икки  лаган  манти  чиқариб  қўйди,  уч  киши  қамти  ўлтуриб, манти тановул қилишдилар. Таом асноси Шаҳидбек секин-секин мақсадға ёндашиб ...

Мeҳробдан чаён-дўстлиқ “каромати”

Эрталаб  хоннинг  ҳарамдан  чиқиш  вақти  яқинлашқан,  салом  ва  истиқбол  учун  хослардан саккиз-тўққузи йиғилған эдилар. Шу кутиш асноси эшикда ҳовлиқиб Султонали кўринди. ...

Юлдузли тунлар-27

ТОШКEНТ, НАМАНГАН, АНДИЖОН ЧИНГИЗИЙЛАР ЯНА ҲУКМРОН БЎЛМОҚЧИ 1 Қирчиллама қишда самур* пўстин ва қундуз телпак кийган Маҳмудхон хонаи хосда эшик оға Тилба Султон билан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400