Ўзбекистон ЖЧ-2022 саралаш ўйинида Фаластинга ютқазди

Қуддус яқинидаги Ар-Ром шаҳрида ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Фаластин ҳамда Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди.

Осиё саралаш циклининг «D» гуруҳидан ўрин олган ўйинда Ўзбекистон 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Одай Иброҳим ҳамда Ислом Батран киритган голлар Фаластинга ғалаба келтирди.

Ўйиннинг 8-дақиқасида Фаластиннинг ўнг қанотдан амалга оширган ҳужуми хавфли чиқди. Қанотдан оширилган узатмани Элдор Суюнов кичик саросимадан сўнг ушлаб олди. 12-дақиқада Шомуродов жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олиб ҳужум бошлади. Ҳужум Одил Ҳамробековнинг кучсиз зарбаси билан якунланди.

16-дақиқада Маҳмуд Ваъдий катта тезликда олдинга борди ва Егор Кримец билан курашда ғолиб бўлиб, дарвозага яқинлашди, аммо ҳакам Кримецга қарши қўполлик бўлганини қайд этди. 20-дақиқада Фаластин хавфли ҳужумни амалга оширди. Жарима майдончаси ташқарисидан тепилган тўпни бошқа бир фаластинлик футболчи Одай Иброҳим дарвозага йўллади ва Элдор Суюнов қийинчилик билан тўпни эгаллаб олди.

22-дақиқада мезбонлар яна бир хавфли ҳужумни амалга оширди. Тамер Сейямнинг кучли зарбасини Суюнов қайтарди, аммо қайтган тўпга ҳам фаластинлик футболчи етиб борди. Одай Иброҳимнинг акробатик зарбаси бироз ноаниқ бўлди. 29-дақиқада Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлаги илк хавфли зарбасини амалга оширди. Қувондиқ Рўзиевдан тўпни қабул қилиб олган Одил Аҳмедов чап оёқда тўпни дарвозага йўллади, аммо зарба ноаниқ бўлди.

33-дақиқада Ўзбекистон яна бир чиройли ҳужумни амалга оширди. Одил Аҳмедовнинг жуда аниқ узатмасини ҳимоячиларни чалғитиб дарвозага яқинлашган Икром Алибоев тўпни бош билан дарвозага йўллади, аммо зарба ноаниқ бўлди. 35-дақиқада фаластинликлар белгиланган жарима зарбасини тезда амалга ошириб, Одай Иброҳимни зарба позициясига олиб чиқишди. Ҳужумчининг зарбаси кучсиз бўлди.

45-дақиқада Ўзбекистон бўлимдаги охирги ҳужумини уюштирди. Одил Аҳмедовнинг зарбаси ҳимоячига тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак зарбасидан сўнг тўп Алибоевга келиб тушди ва унинг кучсиз зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

49-дақиқада Одил Аҳмедов жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади. Қувондиқ Рўзиевнинг кўкрак билан тўхтатиб берган тўпини жамоа сардори 3-4 метр узоқликдан дарвозага йўллай олмади.

51-дақиқада Жалолиддин Машарипов жуда чиройли ҳаракат қилди ва тўпни қанотдаги Фаррух Сайфиевга қолдирди. Аммо Сайфиев ҳужумни йўққа чиқарди. 55-дақиқада Фаластин хавфли ҳужум уюштирди. Мезбонлар 3 киши бўлиб олдинга боришди, аммо якуний зарба ноаниқ бўлди.

60-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. Фаластин қарши ҳужумда тезкорлик билан олдинга борди ва қанотдан дарвозага яқинлашган Одай Иброҳим олис бурчакни аниқ нишонга олди.

84-дақиқага келиб Фаластин яна битта гол урди. Захирадан майдонга тушган Ислом Батран қанотдан ривожланган ҳужумни бош билан голга айлантирди.

ЖЧ-2022 саралаш ўйини
«D» гуруҳи
1-тур
ФАЛАСТИН — ЎЗБЕКИСТОН 2:0

Гол: Одай Иброҳим (60), Ислом Батран (84).
Ар-Ром. «Файсал ал-Ҳусайний» стадиони
Фаластин: Муҳаммад Рашид, Ёсир Ҳамид, Мусаб Баттат, Тамер Сейям, Одай Иброҳим Даббаҳ (Исмоил Батран, 82), Абдуллоҳ Жобир, Абдулатиф Албаҳдари, Маҳмуд Ваъди, Натми Албадави, Рами Ҳамада, Муҳаммад Дарвиш.

Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Даврон Ҳошимов, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Одил Аҳмедов, Қувондиқ Рўзиев (Достон Ҳамдамов, 61), Икром Алибоев, Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов.

Огоҳлантиришлар: Тамер Сейям, Муҳаммад Дарвеш (60) — Егор Кримец (30).

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Истанбулда ўзбекистон фуқароси автоҳалокатга учраб вафот этди

11 июнь куни Истанбул шаҳридаги «Haydarpasa Numune Hastanesi» шифохонасида 1994 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Озод Ражаббоев вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ...

Равшан эрматов осиё кубоги чоракфиналнинг иккита ўйинида ишлайди

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов Осиё Кубоги чоракфиналидан ўрин олган иккита ўйинга тайинланди. Бу ҳақда Трибуна.уз  ёзмоқда. 24 январь куни у Хитой - Эрон ўйинида ...

Судан президенти мамлакатдан қочишга уринди

Судан президенти Умар ал-Башир ҳарбий тўнтаришдан олдин мамлакатни тарк этишга уринган, дея “Кун.уз” нашри Аl Аrabiyaга  таяниб ёзмоқда. Манбалар маълумотига кўра, ал-Башир ...