Сурҳондарё вилояти ҳокимлиги матбуот ҳизматининг маълум қилишича, 20 сентябрь куни Халқ депутатлари Сариосиё тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Жўраев Асқарали Чориевич Бойсун тумани ҳокими этиб тайинланганлиги муносабати билан шу кунгача Бойсун тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Тўраев Ўктам Исмоилович Сариосиё тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, Тўраев Ўктам Исмоилович 1979 йилнинг 25 октябрида Музработ туманида туғилган. 2000 йилда Термиз давлат университети, 2002 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институти, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. 2017 йилда Бойсун тумани ҳокими этиб тайинлангунга қадар Музработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.