Тошкент шаҳар прокуратураси Абдурасул Ваҳобовга жиноят иши қўзғатишни рад этди

Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов жорий йилнинг 14 август куни Kun.uz таҳририяти ходимларига таҳдид қилган эди. Орадан бир кун ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан А.Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилинди ва унда ҳоким ўринбосари Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф этгани ҳақидаги даъвони илгари сурди.

А.Ваҳобовнинг мазкур даъвосидан сўнг Kun.uz зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказган, мухбир Р.Исроилов ўзига нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловларни рад этган эди. Шунингдек, Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганди.

Кейинроқ, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётгани, ушбу текшириш жараёнлари эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан назоратга олингани маълум қилинди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 сентябрь куни мазкур терговга қадар текшириш ҳаракатлари ниҳоясига етказилган ва А.Ваҳобовнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли ЖПКнинг 83-моддаси иккинчи бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу қарорда таъкидланишича, Олмазор туман ҳокимлиги томонидан ҳоким ўринбосари А.Ваҳобовнинг хатти-ҳаракатлари қонунийлиги юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, у касб этикаси ва хизмат лавозими мажбуриятларига тўлиқ риоя қилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари»нинг 12-бандида давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шартлиги, давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида айтилган қарорининг 4-бандида одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки бошқача жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб ҳисобланиши мумкин.

Бироқ Kun.uz мухбирларига нисбатан содир этилган ҳоким ўринбосари А.Ваҳобовнинг видеолавҳаларга муҳрланган хатти-ҳаракатлари касб этикаси ва хизмат лавозими мажбуриятларига тўлиқ риоя қилинган, дея топилгани бизни ҳайрон қолдирди.

Аммо энг муҳими бу эмас. Гап шундаки, жорий йилнинг 11 сентябрь куни шаҳар прокурори ўринбосари А.Пулатов тасдиқлаган жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорда фақат А.Ваҳобовнинг ҳокимият биносида Kun.uz мухбирларига тажовузи бўйича ҳуқуқий баҳо берилган ва ҳоким ўринбосарининг ушбу ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, дея топилган.

Аммо А.Ваҳобовнинг видеомурожаатидаги Р.Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги масала ҳамда Р.Исроиловнинг А.Ваҳобов унга туҳмат қилаётгани ҳақидаги Бош прокурор номига йўллаган мурожаати бўйича лом-мим дейилмаган. Ахир Kun.uz мухбири Р.Исроиловнинг Бош прокурорга йўллаган мурожаатининг асосий мазмуни айнан туман ҳокими ўринбосари унга оммавий ахборот воситалари орқали оғир жиноятни содир этишда туҳмат қилаётгани ҳақида эди-ку?

Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати, Р.Исроиловнинг мурожаати Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилган бўлсада, унинг натижалари ҳақидаги жавоб хати Олмазор туман прокуратураси томонидан берилган.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 27-моддаси бешинчи қисмига кўра жавоблар мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни инкор этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак.

Қабул қилинган қарор ва Р.Исроиловга берилган жавоб хатида номувофиқликлар мавжудлиги, мурожаатдаги важлар мазмунан кўриб чиқилмагани боис мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қайта кўриб чиқилса ва очиқ қолаётган қатор саволларга ойдинлик киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«халқ банки» бошқарувчиси пора билан ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўз туман бўлими бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ...

Булунғурда 10 кунлик келинчакни эри аёвсиз калтаклади

Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи Зуҳра Умарова келинлигининг ўнинчи кунида эри томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига ...

Тошкентда яна бир участка нозири аёвсиз калтакланди

Шу кунларда Тошкент шаҳрида ҳеч қандай асоссиз уйма-уй юриб хонадонларни текшириш,  у ерда кимлар яшаётганини рўйхатга олиш баҳонасида «текшир-текшир» авж олди, деб ёзади ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400