Шавкатни эслаб…

 

Шавкат Рахмон  Шавкат Раҳмон билан 1972 йилда танишганман. Бу вақтда иккаламиз ҳам Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институти тингловчилари эдик. Шавкат учинчи курсда, мен иккинчи курсда таҳсил олардик. Бир куни бизларга рус тилидан таълим бераётган муаллимамиз Лиза Александрова Москва атрофидаги Дмитров шаҳрига, поэзия мухлислари билан учрашувга олиб борди.
Зал шеърият ихлосмандлари билан лиқ тўла. Учрашув биз ўйлагандан ҳам юқори савияда ўтди. Биринчи бўлиб эндигина биринчи курсда ўқиётган тожикистонлик шоира Зулфия Отауллаева сўзга чиқди.
Шавкат Раҳмонга навбат етганда у ўзига ярашиб турган мўйловини сийпаб, ўрнидан турди-да, сўзини поэзиядан бошлади. Ҳозирги замон шеъриятининг бир неча вакилларини эсга олиб, уларнинг ичида ўзига янада ёқаётгани Твардовский эканини алоҳида уқтириб ўтди. Кейин ўзбек тилида шеър ўқиди. Унинг овози мулойим, тингловчига хушкайфият бахш этадиган аллага ўхшаб кетарди. У рус тилига таржима қилинган ўз ижоди намуналарини оҳиста, сокин оҳангда ўқиди. Назаримда, унинг шеърларида мусиқий нолага монанд, ашула қилиб айтишга жуда қулай сатрлар силсиласи тизилгандай эди.
Залдагилар бизларни саволларга кўмиб ташлашди. Уйланганмисиз, бўйдоқмисиз, севган қизингиз борми, шуларга бағишланган шеърларингизни ўқиб беринг, деб илтимос қилувчилар ҳам кўп бўлди. Шавкат Раҳмон бир ёш рус қизининг «Сизга қандай қизлар ёқади?» деган сўроғига худди сир-асрори очилиб қоладигандай қизариб, ерга қараб туриб жавоб бергани ёдимда.
Учрашувдан электричкада қайтар эканмиз, Шавкат менга қараб:
— Қани, боя ўқиган «Туркманистон» ҳақидаги шеърингни туркман тилида ошиқмай, сўзларини дона-дона ўқиб бер-чи? — деб қолди.
Шеъримга эътибор берганини сезгач, унинг сўзларини аниқ-аниқ қилиб, она тилимда ўқиб бердим.

Тарих оталарнинг юрагин берди,
Сурат бўлиб кирди кўркинг кўзимга.
Энди мен ҳамиша сени кўрарман,
Қарасам осмонга, Ойнинг юзига…

Сенинг қисматинг-ла қисматдош бўлдим,
Қисматингдан эса бўлмасдир қочиб.
Шодлигу ғамларим барчаси — ўзинг,
Мен Сенга айландим қучоғим очиб.

Шавкат шеъримни тинглаб бўлгач, унинг рус тилидаги маъносидан жозибали эканини таъкидлади. Сўнгра сўзини давом эттириб:
— Шеъринг русчада яхши жарангламади. Ҳар бир шоир Расул Ҳамзатов сингари ўзига муносиб таржимон излаши керак экан, — деб қўшиб қўйди.
Менинг Шавкат Раҳмон билан танишувим ана шундай юз берган. Шундан кейин икки йил Шавкат билан девор-дармиён қўшни бўлиб яшадик. Ҳар куни бир неча бор кўзимиз кўзимизга тушарди.
Ана шундай тотли талабалик йилларимизнинг таътилида Шавкат уйга кетиб, у ердан нозик-ниҳол, хушрўй, Манзура исмли чиройли келинчак билан қайтиб келди. Келинчак келгач, Шавкат ва унинг курсдоши — арман йигит Ваганнинг доим бетартиб, ивирсиб ётган хонаси саранжом-саришта бўлди-қолди. Ваган курсдош дўстлариникида ётиб юрди. Кейинчалик у шаҳардан ўзига мос жой топиб, ётоқхонадан бутунлай кўчиб кетди. Шавкат аввалдан ҳам одамгарчилиги намуна бўладиган йигитлардан эди. Келин келгач, унинг бу ижобий хусусиятлари янада ортди.
Стипендия олган кунларим, албатта, суюкли таомим бўлган балиқ емасдан туролмасдим. Бир сафар балиқ сотиб олиш учун дўконга кирдим. 9 рублга бир кило балиқ олдим. Пештахтани кўздан кечирар эканман, қора увилдириққа кўзим тушди. Тагидаги 40 рақамини ўқий олдим, холос. Бир қараганда ғалатироқ таъмга эга бўлган увилдириқни армия сафида тановвул қилганим эсимда. Камина 40 рақамини қирқ тийин деб ўйлаб, ундан ярим кило беришини сотувчидан сўрадим. Сотувчи ярим кило увилдириқни тарозида тортиб, махсус идишга солиб менга узатди ва 29 рубл тўлашимни айтганда, дамим ичимга тушиб кетди. Харидни олиб тўғри ётоқхонага келдим. Увилдириқни стол устига қўйиб, унга тикилдим. Келгуси стипендиягача бир ой муддат бор. Бир ойни бир кило балиқ ва ярим кило увилдириқ билан ўтказаманми ёки бошқача йўл борми? — деб ўйлана бошладим. Кейин ошхонада ўзлари учун овқат пиширадиган талабаларни хонамга чақириб, бир меҳмон қилай, кейин ниятимни айтарман, деган ўй билан курсдошларни хонага тўпладим. Уларнинг ичида Шавкат ҳам бор эди. У столнинг устида оппоқ буханка нон билан турган увилдириққа диққат билан тикилди. Бошқа дўстларимиздай ноннинг устига увилдириқ суриб, мазза қилиб ейишга шошилмади. Менга кескин назар ташлади-да:
— Бу тантиликнинг тагида бир мақсад борга ўхшайди. Бўлмаса, сен туркман, бизларга увилдириқ тугул оддий балиқни ҳам раво кўрмасдинг. Ҳой, емоқнинг қусмоғи бор! Шошманглар, — деди.
Увилдириқни паққос тушираётганлар бир дам жим қолишди. Ҳамма саволомуз менга тикилди. Мен ўзимнинг ғалати харидимни, янаги стипендиягача шу увилдириқни еганлар навбат билан мени боқиб туришларини айтдим. Хонамга йиғилган дўстларим баралла кулиб юборишди. Шавкат Раҳмоннинг топқирлигига қойил қолишди.
Институтнинг биз яшаётган умумий ётоқхонаси адабиёт дунёсининг ўзига хос шохобчаси эди. Ўқув жараёнида эшитилган маърузалар, ўтказилган ижодий семинарларнинг барчаси ушбу масканда баҳсли кўринишларда ўзининг давомини топарди. Москва марказидаги Герценнинг уйида жойлашган Адабиёт институти келгуси адабиёт учун талантли қалдирғочларни тарбиялаб вояга етказиб берадиган ўзига хос орол эди.
Дунёнинг турли бурчакларида ушбу масканга келган билимдон, зеҳнли ёшлар Адабиёт институтининг бетакрор раҳбари Владимир Фёдорович Риминовнинг ажойиб ташкилотчилигида Л.Ошанин, Е.Долматовский, Ю.Трифонов, М.Розов, Е.Евтушенко, А.Вознесенский каби кўплаб устоз ижодкорларнинг семинарларида сабоқ олиб, адабиёт оламида тобланадилар. Жумладан, Шавкат Раҳмон иккаламиз ҳам ана шу адабиёт оламининг интилувчан тингловчилари эдик, десам муболаға бўлмас.
Шавкат Раҳмон ўқимишли, билимдон ва ўта китобхон йигит эди. Унинг қўлида ҳар куни машҳур инсонларнинг янги-янги китобларини кўрганим эсимда. Баъзан мен унга ҳазиллашиб:
— Шавкат, сен ижодкор бўлмоқчимисан ёки китобхон, — дердим. Ўша вақтда ўзига ярашган жилмайиш билан қиқирлаб куларди-да, «Бу ерда бошқа жойларда топиб бўлмайдиган қизиқарли китоблар бор. Москвада эканимиз-да, уларни иложи борича кўпроқ мутолаа қилишимиз лозим. Сен ҳам кўпроқ китоб ўқишга вақт ажрат, ёзадиганингни юртингда ҳам ёзаверасан!», деб маслаҳат берганди. У узоқни кўрган экан. Москвадан келгач, унинг айтган фикрларининг нақадар тўғри эканлигига амин бўлганман. Ҳа, у доимо келажак ҳақида фикр юрита олганлиги билан бизлардан ажралиб турарди.
Баъзан изимиздан она тилларимизда чоп этилган газета-журналлар келарди. Биз уларни алмаштириб ўқирдик. Ўша пайтлардаги болаларга атаб ёзган шеърларим Туркманистондаги газета-журналларда пайдар-пай чоп этиларди. Шавкат Раҳмон менинг «Қария» номли ҳикоя ёзганимни, уни сўзма-сўз таржимада ўқиган устозлар «Литературная Россия» газетасига тавсия қилишганини эшитиб, қутлаш учун хонамга кирди. Ҳикоянинг таржимасини ўқишга беришимни сўради. Уни ўқиб кўргач, «анча пухта асар ёзибсан. Шундай ҳикояларингнинг изи узилмасин», деб тилак билдирди.
Шавкат Раҳмон ўта зеҳнли ижодкор бўлганлиги сабабли, иқтидор билан ёзилган асарларга ҳурмат билан қарарди. Дўсту биродарларининг муваффақиятларидан доимо хурсанд бўлиб юрарди.
1980 йилнинг март ойида ҳар йили иттифоқдош жумҳуриятларнинг бирида бўлиб ўтаётган болалар ва ўсмирлар китобларининг ҳафталик анжумани Қирғизистонда ўтди. Анжуманнинг тантанали очилиши ўтгач, бизнинг гуруҳимиз Анатолий Алексиннинг раҳбарлигида Ўш вилоятига жўнадик.
Гуруҳимиз Валентин Берестев, Яков Аким, Николай Кулишов, Пўлат Мўмин каби ўнга яқин шоир ва ёзувчилардан иборат эдик. Ўшга боргач, бизга бир неча шоир-ёзувчилар қўшилди. Улардан бири Турсунбой Адашбоев бўлиб, у ўта зийрак, ҳазилкаш йигит экан. У билан танишар эканман, Турсунбой Адашбоевнинг уста таржимон, болаларнинг яхши шоири эканлигига амин бўлдим. Меҳмонхонада устоз Пўлат Мўмин билан бир хонага жойлашдим. Турсунбой Адашбоев эрта билан бизнинг ҳузуримизга келди. Уччаламизнинг ижод ҳақидаги фикримиз, баҳс-мунозараларимиз жуда самимий давом этди. Суҳбат асносида Турсунбой Адашбоев Шавкат Раҳмон ҳақида тўкис ахборот берди. Шу суҳбатдан сўнг Шавкатнинг асли ўшлик эканлигини билиб олдим. Гап орасида Турсунбой ака:
— Шавкат шу ерда эди. Яқинда отасининг қирқ кунлик маросимини ўтказиб кетди, — деди.
Биз Шавкат Раҳмоннинг хонадонига бориб, отасининг руҳини хотирлаб тиловат қилдик. Унинг онаси ва яқинларига таъзия билдириб, кўнгилларини кўтардик…
Ўшандан бир йил ўтгач, мен Шавкат билан Тошкентда, «Адабиёт — халқлар дўстлиги» мавзусидаги анжуманга келганимда учрашдим. Унинг дўстлари, ҳамкасблари билан суҳбатлашганимда, Шавкат Раҳмоннинг етук ижодкор бўлиб шаклланганлигини таъкидлашди. Курсдошим, қадрдон иним бўлган Шавкат Раҳмоннинг обрў-эътибор билан ишлаб юрганини эшитиб роса қувондим.
Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Тошкентда ўтаётган ушбу анжумандан вақт топдимда Шавкат ишлаётган Ғафур Ғулом номидаги нашриётга бориб, у билан анча гурунглашиб, курсдошларни хотирладик.
Шавкатнинг Тошкентдаги ўша хонаси, дўстларининг баҳсу мунозаралари, хона соҳибининг меҳрли қиёфаси ҳозир ҳам кўз ўнгимда гавдаланади.
…2007 йилнинг октябр ойида Ашхабод шаҳрида «Олтин асрнинг олтин нашр маҳсулотлари» мавзусида II Халқаро кўргазма бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмада Ўзбекистондан келган биродарлар билан танишдим. Меҳмонлар орасида Турсунбой Адашбоевни яхши билган, туркман тилида ҳам дуруст сўзлайдиган Машарип Сапаров деган «Шарқ» нашриётининг ходими билан суҳбатлашиб қолдим. Сўз орасида дўстим Шавкат Раҳмоннинг фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлигини эшитиб изтироб чекдим.
— У заминга қўйиладиган йигитмиди? Эй, ёлғончи фалак! Бунча бераҳмсан! — деб ёмон хабарнинг осон ёлғон бўлмаслигини билсам-да, ўкириб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Қадрдон дўстим Шавкат Раҳмоннинг вафот этганига ҳамон ишонмайман. У ҳақда ўйласам, охирги вақт кўрган жойим — унинг хизмат хонаси, қўлида қалам ушлаган ҳолдаги қиёфаси кўз олдимда намоён бўлаверади…

Оғагелди    ОЛЛОНАЗАРОВ
Туркманистон
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 24-сонидан олинди.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Музлатилган 22 млрд. доллар муҳокама қилинмади

16 январь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев АҚШдаги уч кунлик расми сафари жараёнида Оқ уйда президент Дональд Трамп билан учрашди. (more…)

Фозил жабборов:“чидагин, болам-а, чидагин!”

Болам! Туғилишинг ҳаётим(из)га чиндан қувонч олиб келди. Сенга ўзбекча, аниқроғи, соф туркийча исм қўйгим келди. Дадам, онам билан маслаҳатлашиб, сени Элгиз деб атадик. Дунё ...

Ӯқитувчини чалғитишга қачон чек қӯйилади?

Ёшлигимдан бирга ӯсган дӯстим ӯқитувчи бӯлишни орзу қиларди. Мактабни битириб олий ӯқув юртига тушиб, бугунги кунда армони ушалган инсонлар қаторида. (more…)